Ёзувчи, журналист, филология фанлари доктори Хуршид Дўстмуҳаммад: «Ҳар қандай соҳанинг муваффақиятини шахслар белгилайди» (+Видео)

0

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги “Гурунг” туркум суҳбатларини давом эттиради. “Гурунг”нинг бу галги меҳмони ёзувчи, журналист, адабиётшунос сифатида ҳам таниқли ижодкор, филология фанлари доктори Хуршид Дўстмуҳаммад. 

– Хуршид ака, “Гурунг”га хуш келибсиз. Бугун сиз билан адабиёт ҳақида, ундаги ўзгаришлар, янгиланишлар, шахслар ва эврилишлар ҳақида суҳбатлашамиз. 70 йиллар адабиётида ўз ўрнингиз бор. Орадан қарийб 50 йил ўтди. Ўтган давр мобайнида руҳиятингизда, қалбингизда, умуман, эьтиқодингизда, битикларингизда қандай ўзгаришлар юз берди? 
– Албатта тафаккур ўзгаради. Кишида ёш улғайгани сари, тажриба ортиб боради. Айниқса ижодкор, қаламкаш одамга бу ўзгаришлар бевосита таъсир кўрсатади. Ўтган даврда кўп жиддий ўзгаришлар бўлди. Шўролар тузуми тарқаб кетди, Ватанимиз озодликка эришди. Буларнинг бари ёзувчининг халққа, ҳаётга одамларга, жамиятга муносабати ўзгаришига сабаб бўлади, яъники, эътиоқд ўзгариб, такомиллашиб боради. Одамларни, шахсни воқеликни кўпроқ англаб борасиз. Албатта ижобий қарашлари салбий, салбий қарашлари ижобий бўлиб қолмайди. Масалан 70-80 йилларда Ўзбекистон Шўролар ичидаги бир қарам давлат эди. Мана энди Ватан деган тушунчанинг ўзи ўзгарди. Бир пайтлар бепоён ватан – совет иттифоқи, компартия деган бўлсак, мустақилликка эришгандан сўнг Ватан тушунчаси ўзгариб кетди. Миллат эътиқоди, Ватан эътиқоди, тил эътиқоди такомиллашди.
– Хуршид ака битикларингизда ўзингизга қарши борган, ўзингиздан рози бўлмаган, қалбингизга хиёнат қилган ҳолатлар бўлганми? 
– Истаймизми йўқми журналист ҳукмрон сиёсат, ҳукмрон мафкура билан ҳамкорликда ишлайди. Шу ҳаводан нафас олиб яшайди. Ўзининг фаолиятини унинг йўриқларига мослаштиради. Лекин мен ўзимга қарши бориб ёзганимни эслолмайман. Ёки жуда кам ёздимми? Билмадим. Мен биронта мақоламда, бадиий асаримда хижолат бўладиган ўрин, эътиқодимга қарши борган жойим йўқ.
– Ёзувчининг қўрқуви нимадан иборат бўлади? Хусусан, сизнинг ички қўрқувингиз нимада? 
– Қўрқув ҳамиша журналистнинг бошида қиличини ўйнатиб туради. Бу гапни айтадими йўқми, ёки қандай айта олади дегандай? Мен ҳамкасбларимга кўп айтганман, сўз ҳар қандай вазиятда имкон топади. Сўзни яхшилаб маҳорат билан ишлата олсанг, асоссиз назоратларни, асоссиз тазйиқларни айланиб, четлаб ўтади.
– Адабиётимизда кейинги йилларда пайдо бўлган шеърлар насрий, драматик асарлар ўз баҳосини олаяптими? Булар минглаб ўқувчиларда қандай акс-садо бераяпти? 
– Китоб кўп чиқаяпти. Хилма-хил, чиройли, ранг баранг чиқаяпти. Ўқийдиган китоб йўқ, деган гапга қўшилмайман. Ёзувчиларимизнинг дунёқараши ўзгарди, адабиёт ўзгарди, миллий адабиёт ўзгарди. Янги-янги асарлар пайдо бўлаяпти. Китоб дўконларига кирсангиз чиқиб кетолмай қоласиз. Афсуски, ҳозирги саволингиздан келиб чиқадиган бўлсак, мен яхши, қониқарли деган сўзни айтолмайман. Бошловчи ёзувчими, таниқли ёзувчими, асарларини яхшилаб, атрофлича таҳлил қилиб, асослаб берадиган, ўқувчини жалб қилишга ундайдиган таҳлиллар йўқ. Адабиётнинг фарқига борадиган, диди баланд, талабчан адабиётшунослар бор. Лекин мен яқин орада мароқ билан ўқиладиган таҳлилий мақолалар, эсселар ўқиганим йўқ. Ёзувчининг муҳаббати орқали пайдо бўлган асарни таҳлил қилишга танқидчининг ёзувчидан-да кўпроқ сўзга муҳаббати бўлиши керак. Сўзга муҳаббати бўлмаса, қанақа қилиб таҳлил қилади? Ёзувчи ҳатто ўзи ёзган асарини танқидчи даражасида тушунтириб беролмаслиги мумкин.
– Хуршид ака яқинда бир гуруҳ ёшларнинг ҳақли эътирозини эшитдим. Яъники, шахс тарбияси. Ўсиб келаётган авлод шахс сифатида кимга эргашиши керак деб ўйлайсиз? 
– Ижодкор қайси соҳада бўлишидан қатъий назар шахс бўлиши керак. Ўзининг дунёқарашига, ички ақидаларига эга бўлган одам шахс дейилади. Шамол қай томонга эсса, ўша томонга кетадиган одам асло шахс эмас. Менинг дунёқарашим, ақидам, дидим, тажрибам бор. Мен ҳам бир бандаман. Бу сизга тўғри келмаслиги мумкин, лекин у меники. Шахслар кўпайса нафақат адабиёт, ҳар қандай соҳа ривожланади. Айниқса ижодий соҳанинг муваффақиятини шахслар белгилайди.
– Сохта ёзувчилар, ҳаваскорлар кўпайиб, мазмунан савиясиз китоблар урчиб кетишида адабий танқидчиликни қанчалик айбдор деб ўйлайсиз? 
– Китобларни аввал йўқ деб нолир эдик, энди кўп деб нолияпмиз. Ўқувчининг дидини ўйлашимиз керак. Ўқувчининг диди ўсса, истеъдодсиз китобларни ўқимайди. Ўқувчига китобни саралашни , саралаб ўқишни, саралаб ҳазм қилишни ўргатишимиз керак.
– Ким ўргатади? 
– Танқидчи ўргатади, адабиётшунос ўргатади. Ўқувчининг дидини тарбиялаш керак. Ўқувчи истеъдодсиз китобларни ўқимаса ўз-ўзидан қолиб кетади. Қолаверса, бунга ёзувчининг ўзи кўмакка келиши керак. Ва шуни унутмаслик керакки, юксак истеъдод билан яратилган китоблар оз бўлади.
– Сизнинг қаламингизга мансуб “Чаёнгул” телевизион бадиий фильми бундан қарийб 20 йил олдин томошабинлар томонидан илиқ кутиб олинган. Мана орадан йиллар ўтиб ўзбек киносининг уфқида ҳам ёруғликлар кўринаяпти. Яна киноценарий ёзиш ниятингиз борми? 
– Миллий киномиздаги ўзгаришлар, жонланишларни кўриб жуда хурсанд бўлаяпман. Бир нечта фильмларни кўрдим. Ўзбек экрани тили ўзгараяпти. Ҳавасим келди. Киноценарийлар ёзгим келади, албатта. Ниятлар йўқ эмас. Вақти-соати билан амалга ошиб қолар…
– Хуршид ака, турли лавозимларда ишлагансиз, ишдан кетгансиз… 
– Мен жуда армон қиладиган, оҳу нола чекадиган даражадаги вазиятга тушганим йўқ. Кулиб бориб, кулиб кетганман. Бундан ажабланганим йўқ, ҳайратланмадим ҳам. Ҳар қандай мансабнинг умри мансабдорнинг умридан узунроқ, ҳар қандай лавозимнинг умри лавозимдорнинг умридан узунроқ. Ҳаёт эса давом этаверади.
– Кейинги йилларда ижодингизда янги саҳифа очган “Жимжитхонага йўл”, “Нусхакашнинг меросхўри”, “Беозор қушнинг қарғиши” ва “Жим ўтирган одам” ҳикояларингизда давр оғриқларини, инсон қалбининг сир-синоатларини худди руҳшунос каби очиб бергансиз. Қаҳрамонларингизнинг ҳаётдаги прототиплари борми? 
– Сиз номларини тилга олган ҳикоялар ҳам, бошқалари ҳам нимадир туртки асосида ёзилган. Ижодкор, албатта, турткини қидириб юрмайди, беихтиёр содир бўлади бу. Бир даврада бўлиб қоласиз, ким биландир суҳбатлашасиз, телефонда гаплашасиз, ана шу ёзилажак ҳикоя ёки асарингизга хамиртуриш бўлиши мумкин. Тўғри, сиз айтган ҳикоялар ўзимизнинг ҳаётимиздан олинган воқеалар. Ижодкор жамиятда кечаётган воқеаларни тинимсиз таҳлил қилади. Беихтиёр таҳлил қилади. Таҳлил қилаётганда ўзига хомашё топади. Ана шу хомашёни тайёр ашёга – ҳикояга, образга айлантиради. Ва албатта, ҳаётимизнинг, тафаккуримизнинг инъикоси бўлади. Шу маънода асарларимнинг замини, асоси ўзимиз яшаб турган ҳаётдир.
– Элимдан олдинроқ айтаман ғам сўзини, – дейди Шавкат Раҳмон. Сизнинг ҳам элнинг ғамини элдан олдин айтган асарингиз, сўзингиз борми? 
– Бор. Ёзганларим бор. Одамларнинг руҳида, дунёқарашида бўлаётган ўзгаришлар нимага олиб келади? Оқибати нима бўлади? Ана шу оқибатни ўйлаб, кўзлаб ёзилган асарлар бор. Дардни халқнинг орасидан олгандан кейин, шунга жавоб тариқасида, кўзига кўрсатгиси келади, эслатгиси келади, қўпол бўлса ҳам таъбир учун узр сўрайман, турткиси келади. Ижодкор туртади, тасаввур қилинг, ҳей қара, кўзингни оч, мудрама, дейдиган ҳолларга тушади.
– Устозингиз ҳақида. 
– Иброҳим Ғофуров. У киши мени шогирд, деб биладими, йўқми, мен билмайман,сўрамаганман, мен ўзимни у кишига шогирд, деб биламан. Ҳар битта мақоласини, ҳар битта таржимасини қайта-қайта ўқисангиз, қайта-қайта фикр беради, дунёқарашингизни кенгайтириб юборади. Бундай инсонлар адабиётимизга, маънавиятимизга ниҳоятда керак, деб ўйлайман.
– Хуршид ака яқин 2-3 йил олдин ёзувчи-шоирга муносабат бошқача эди. Бугун эркин нафас олаётганга ўхшаймиз… 
– Ижодкор кўнгли нозик одам. Ҳар қандай ижодкорнинг кўнглини, бир оғиз ширин сўз тоғ қилиб юборади. “Мана бу гапни яхши ёзибсиз” деса, шундан бошқа гап йўқ. Лекин чуқурроқ ўйлайдиган бўлсак, ижодкор учун муқим жамият керак. Жамиятда муқимлик, руҳий хотиржамлик бўлиши керак. Мустақилликка эришдик. Мустақилликнинг ўзига яраша тўс-тўполонлари бор эди, мураккабликлари бор эди. 27 йил ниҳоятда оғир кечди. Мамлакатда кечган ҳолатлар ниҳоятда мураккаб кечди. Ижодкор бунинг ҳаммасини кўнглидан ўтказадиган бўлса, ижод қилиши қийин.Энди муносабат ўзгараяпти, яна ўзгариши керак. Ҳали ҳамма нарса ошкор бўлгани йўқ. Жамиятни, одамларни ўз ҳолига қўйиш керак-да. Мамлакатимизнинг ҳозирги Президенти ана шунга жуда катта эътибор қаратаяпти. Жамиятда ишонч туйғусининг қарор топишига шароит яратмоқчи. Ижодкорларга, санъаткорларга, китобхонларга, ёзувчиларга жуда катта эътибор бераяпти. Китоб ўқиганларга танловлар бўлаяпти, давлат раҳбари ёш-ёш йигит-қизларга ката-катта совғалар бераяпти. Битта гапи мени жуда хурсанд қилган. Сайловолди йиғилишларидан бирида айтганди: “Битта китоб ёзиш осон эмас. Битта китоб ёзиш қанчалик қийинлигини, биламан. Тўртта одамнинг фикрига таъсир қиладиган роман ёки шеър ёзиш қанчалик мушкуллигини тасаввур қиламан”. Шу гапнинг ўзи катта гап. Бу жўн гап эмас. Воқеа бу, воқеа. Яна бир айтиш керак бўлган гап борки, ёзувчи, ижодкор марҳамат кутиб яшамаслиги керак. Ҳақиқий ижодкор учун, ялтоқлик қилиш, марҳамат, таъма кутиб яшаш энг паст, уятли, шармандали туйғулардан бири. Эътибор бўлса, марҳамат. Лекин марҳамат сўраб, сочини юлиб, дод-вой қилиш ҳақиқий ижодкорга ярашмайди. Жамиятда руҳий сокинлик, рўшнолик, фаровонлик бўлиши керак. Одамлар эмин-эркин яшаши керак.
– Эътибор кўрсатилган ижодкорлар ўзини қанчалик муносиб тутаяпти? 
– Албатта эътиборга яраша маҳсулот бўлгани яхши. Лекин бунга вақт керак. Албатта икки йилда роман ёзиб бўлмайди. 30 миллионлик халқ яшайдиган мамлакатда муаммо бўлмайдими, албатта бўлади. Ҳар қандай шароитда бўлади. Мана телевизорда “Обод маҳалла” дастури ижросини кўрсатади. Президент жуда катта ният билан қилаяпти бу ишни…
Президент ҳар маърузасида қайта-қайта “Одамларни рози қилиши керак» деб бежиз айтмаяпти, ахир.
– Хуршид ака “Гурунг”да иштирок этганингиз, фикр мулоҳазаларингиз учун ташаккур. 

 

Озода Бекмуродова, Ёқуб Мелибоев,ЎзА

loading...