ШАЙТАНАТ… (49-қисм)

0

 

 

* * *

 

Ҳукм Манзура кутмаган ҳолда, биргина сўздан иборат бўлди:

— Аҳмоқ!

Эрининг овозида титроқ сезиб, Манзура чўчиди — бу яхшилик аломати эмас…

— Жон аччиғида айтди-да, — деди қизини оқлашга ҳаракат қилиб. — Ҳамма гапи ёлғон, аламидан айтиб юборди.

— Сен аҳмоқсан! — деди Асадбек овозини кўтариб. — Шу гапни айтгунича индамай турдингми? Уриб, оғзини ёриб юбормадингми?

— Вой, адаси…

Манзуранинг гапи чала қолди. Асадбек шу пайтгача қилмаган ишини қилди — чойи совиб улгурмаган пиёлани олиб, хотинига қараб отди. Жаҳолат билан пиёлани қўлга олганида қандайдир ғойибона бир овоз «бундай қилма!» дегандай бўлди. Аммо пиёлани отиш учун қўлга олган, демак, отмоғи лозим эди. Айни чоғда, ғойибона овоз ҳукмидан ҳам қутула олмади — мўлжални атай бузди. Пиёла Манзурани ёнлаб ўтди-да, дераза токчасига тегиб, синди. Манзура қўрқувдан сапчиб, ўрнидан турди.

— Ўтир! — деб бақирди Асадбек.

Манзура эндиги бўладиган ҳукмни, ёки ҳаракатни кутиб, титроқ бармоқларини дастурхон попуги ортига яшириб ўтирди.

— Қизинг тўғри эриникига боради. Гапни чувалайдиган бўлса ўзим осаман уни!

Манзура эрига қаради. Қўрқувдан жавдираётган кўзларида «Кимни, куёвингизними ё қизингизними?» деган савол муҳрланган эди. Асадбек бу саволни уқди:

— Қизингга тайинла, қадамини билиб боссин. У кўчадаги бир қаланғи-қасанғининг эмас, Асабдекнинг қизи! Мен қизимнинг бахтли бўлиши учун ҳеч нарсадан қайтмайман.

Асадбек ўша воқеадан сўнг, вақти келса номус ҳақида гапириб қўяман, деб ўйлаган эди. Ҳозир айтишни ҳам мўлжал қилди. Лекин хотинининг аҳволига қараб, бугунга шуниси ҳам етарли, деган тўхтамга келди.

Худди шу пайтда Элчин телефон қилди. Қўнғироқ овозини эшитиб, Манзура ўрнидан қўзғалмоқчи эди, Асадбек: «Ўтиравер, болалар олишади», деди. Манзура гап тамом бўлди шекилли, деб дастурхон устини йиғиштира бошлади. Бу орада болохонадаги йигитлардан бири деразани аста чертиб, овоз берди:

— Бек ака, Ҳофиз акам сўраяптилар.

Бу хабарни эшитган Манзура эрига савол назари билан боқиб, жойида қотди. Асадбек ўрнидан туриб «ишингни қилавер», деди-да, уй бурчагидаги юмалоқ стол томон юрди.

Садаф рангли телефон гўшагини қулоғига тутди-да:

— Ҳа, Ҳофиз, тинчликми? — деди.

Элчин мақсадни баён қилгунича унинг гапини бўлмади. Сўнг:

— Ўша ерда ўтира турсин. Ҳозир машина юбораман, — деб гапни калта қилди.

Манзура ҳануз эрига савол назари билан қараб турарди.

— Ишингни қилавер, дедим-ку! Сенга тааллуқли гап эмас, — деди Асадбек зарда билан.

Кейин хотинининг мўлтиллаган кўзларига кўзи тушиб, унга раҳми келди. Пича юмшоқроқ оҳангда унга далда бермоқчи бўлди: — Зайнабдан кўнглинг хотиржам бўлсин.

Куёвинг битта гапга ишониб кетадиган аҳмоқ эмас. Ишонганида шу пайтгача бир нарса дерди.

Телефон хабарини етказган йигит айвондан узоқлашмай, Бек акасининг амрини кутиб турган эди. Асадбек ташқарига чиқди-да: «Маҳмуд акангни топ», деб буюрди.

Жамшид йўқ бўлганидан бери айрим дастёрлик ишлари ҳам Чувриндининг зиммасида эди.

Бир неча дақиқадан сўнг йигит «телефонда Маҳмуд акасининг кутаётганини» маълум қилди.

— Маҳмуд, дам олаётувдингми? — деб сўради Асадбек.

— Хизмат бўлса айтаверинг, — деди Чувринди.

— Ҳофизникига ўтсанг, ошнаси ўтирибди. Шу йигитни тез олиб кел. Ҳа, ҳали сўраш эсимдан чиқибди: машина масаласи нима бўлди?

— Оқидан йўқ эмиш. Нол тўққизнинг оқидан бор. Одамлар ҳозир шунга ишқибоз.

— Одамлар ишқибоз бўлса олаверсин. Менга ёқмайди, ўриснинг тобутига ўхшайди.

Узоғи билан икки кун ичида бўлсин. Зайнаб шунга қараб, ё эрта, ё индин чиқади.

Эрининг ўзи ўша машинада олиб чиқиши керак.

— Яхши. Калитни ўзингиз берасизми?

— Шунга ҳам дабдабами? Машинани олиб бор. Калитни бер. Гапни калта қил.

Олифтагарчилик қилиб минғирласа эътибор берма. Ҳа, яна бир гап: йигитларингдан бирига тайинла — яхшилаб бозор қилиб, олим боланинг уйига ташлаб қўйсин. «Анжондан келувдик, бир суҳбатларини олмоқчи эдик, яна келамиз»ми дегандек гап қилсин, — Асадбек шундай деб гўшакни жойига илди.

«Олим боланинг хабарини эшитишимни сезганимдан юрагим сиқилган бўлса керак», деб ўйлаб, Анварнинг келишини кута бошлади.

 

***

 

Шариф Намозовнинг қамоқдан чиқарилиши ҳақидаги хабарни олиб кирганидан бери бу одамни Зоҳид ёқтирмай қолган эди. Кейинроқ билса, прокурор ёрдамчиси билан яқин алоқада бўлган бу терговчини бошқалар ҳам унча хушлашмас экан. «Ўзи чақа олмайди, аммо одамни сескантиради, бу — сувилон», деб аташаркан уни. Унинг қўлида тайинли иш ҳам йўқ. Ҳали у хонага, ҳали бу хонага кириб лақиллашдан бошқа нарсани билмайди. Унинг одати шуми, ё гап ўғирлаб юрадими — Зоҳид аниқ айтолмайди. Унга маълум бўлгани — «Сувилон» кириши билан тилга қулф урмоқ зарур. Қўшнингни ўғри тутма, аммо ўзингдан эҳтиёт бўл, деб бежиз айтишмаган-да.

«Сувилон»нинг суҳбатидан баҳраманд бўлиш бахти бугун Зоҳидга насиб этган экан.

Зоҳид эксгуматсия хулосаларини ўқиб ўтирганда у кириб келди.

— Ў, ёш ҳамкасбим, ишдаги ютуқлар қалай, яхшими? — деб кўришди.

Ўзидан икки-уч ёшгина катта бу «ёшулли ҳамкасб»нинг лутфи Зоҳиднинг ғашини келтирди. «Бошимни қотирмай тезроқ чиқиб кетармикин», деган ўйда рўйхуш бермай кўришиб:

— Юрибмиз, тупроқдан ташқарида, — деб қўйди.

— Қойилман, чиройли гап айтдингиз, — деди «Сувилон» кулиб. — Бизнинг соҳамизда тупроқдан ташқарида юришнинг ўзи катта бойлик! Ишдан гапиринг, ишлар қалай?

— Бўляпти.

— Тезроқ бўлдиришга ҳаракат қилаверинг. Лекин сизга ҳам ҳавасим келади, ҳам ачинаман. Ҳавасим келганики, зўр ишларни сизга ишониб топширишди. Эпласангиз, тез кўтарилиб кетасиз. Ачинишимнинг сабаби шуки, ҳали ғўрсиз. Эплай олмасангиз, фишт, — у «келган жойингизга қараб жўнайсиз», деган маънода ҳуштак чалиб қўйди. — Лекин сиз тушкунликка тушманг. Қийналсангиз, мана, биз бор. Тортинманг. Сизга шаҳар «угро»сидаги Солиев ёрдам беряптими? Омадингиз йўқ экан, ланж у одам, ишни резинкадай чўзади. Ўрдакка ўхшаб, тумшуғини балчиққа тиқиб олиб, лой титкилайди.

— Чўзса ҳам пухта ишлайди. Хом ишдан пухтаси дуруст-да.

— Янглишяпсиз. Бизнинг ишимизда энг биринчи галда тезлик туради. Билиб қўйинг, янги бўлган энг каттамиз бошлиғимизни суҳбатга чақириб «суст ишлаяпсизлар» деганмиш.

Тушундингизми? Янги раҳбарнинг талаби ҳам янгича бўлади. «Суст ишлаяпсизлар» дебдими, демак, биздан оперативлик талаб қилинади. Ишни чўздингми, тамом, жойни бўшатавер. Мана, сиз: бўйнингизда иккита қотиллик турибди. Иккита ретсидивистни ушлабсиз.

Нима қилмоқчисиз?

— Нима қилардим, тергов-да.

— Зўрсиз, дедим-ку. Омад қўлингизга қўниб турибди-я! Гувоҳ борми, бор. Олдинги қотилликни ҳам уларнинг бўйнига қўйинг-да, ёпинг ишни. Уларнинг борар ери тайин, — у шундай деб бармоғи билан ҳавода сиртмоқ шаклини чизди. — Битта қотилликка ҳам шу, ўнтасига ҳам. Нима сўраса, хўп денг, ваъдани каттароқ қилаверинг. Бўйнига олади.

Ишнинг кўзини билиш керак, ука.

Унинг гапларини эшитиб, Зоҳиднинг кўнглида бир шумлик уйғонди.

— Шунақа дейсизу талабини бажариш қийин-да, — деди у, содда одамнинг ниқобига кириб.

— Нима дейди? — деди «Сувилон» сергак тортиб.

— Қотилликни биттаси бўйнига олмоқчи. Шунинг эвазига шеригини, яна икки кишини чет элга ўтказиб юбориши керак экан. Бу менинг қўлимдан келмайди-да.

— Э, сиз ваъдани беравермайсизми?

— Петрашвили дегани пихини ёрган экан. Аввал улар чет элга кетсин, ўша ердан менга хат ёзсин, кейин мен бўйнимга оламан, дейди.

— Оббо занғар-е, қалтис жойидан ушлабди. Мен бир ўйлаб кўрай-чи, йўли топилар, —

«Сувилон» шундай деб хонадан чиқишга шайланди.

Зоҳид бу гапни шунчаки қитмирлик учун айтган эди, унинг ўзгаришини кўриб, ажабландида, эшикка етган жойида тўхтатди.

— Сизда мабодо Маҳмуд Эҳсоновнинг телефони йўқми?

«Сувилон» тўхтаб, орқасига ўгирилди:

— Маҳмуд Эҳсонов? Ким у? — деб сўради талмовсирагандай бўлиб.

— Иккинчи мурдани унинг уйидан чиқаришган-да. Асадбекка яқин одам, деб эшитдим.

— Уни нима қилмоқчисиз?

— Ҳеч нима қилмайман. Фақат эксгуматсия хулосаси билан таништириб қўяй девдим.

«Сувилон» бу гапни эшитиб, ўйланди-да:

— Бир қарай-чи, бўлса айтаман, — деб хонадан чиқди.

«Агар Эҳсоновнинг телефонини олиб кириб берсанг, ғирт аҳмоқ бўласан», деб ўйлади Зоҳид.

 

***

 

— Ҳа, «Сувилон»инг чиндан ҳам аҳмоқ экан, — деди майор Солиев, Зоҳиднинг гапларини эшитгач.

— Бечора довдираб қолган. Агар бу қилмишини эгалари билиб қолса…

— Билиб қолишса ҳам буни бало урмайди. Бунинг аҳмоқлигини эгалари билишмайди, дейсанми? Ҳар- ҳолда, ақлли одам уларга хизмат қилмас дейман-ов…

— Ҳар қандай идорада ҳеч бўлмаса битта аҳмоқ топилади, демак, улар истаган идораларига ин қўйишлари мумкинми? Гапингизни шундай тушунишим керакми?

— Хоҳласанг шундай тушун, хоҳламасанг ўзинг биласан. Аниқ гап шуки, улар ҳозир истаган идораларига кириб бора оладилар. Лекин бунга битта-иккита аҳмоқни сабаб қилиб кўрсатиш нотўғри. Асадбекка ўхшаган одамлар ўтган тарихда ҳам бўлган.

Бунақалар ниҳоятда зийрак, пайт пойлашади. Агар ҳокимият қаттиққўллик кўрсата бошласа, булар ин-инларига кириб кетадилар, қўйдек ювош тортадилар. Шоирларнинг тили билан айтсам, бўрилар қўй пўстинига ўралиб, пайт пойлашади. Бўрининг урғочиси қўчқордан қочса ҳам барибир бўри туғади. Булар қўй пўстаги остида урчиб ётаверишади. Ҳокимиятда бўшанглар пайдо бўлса — тамом, қўй пўстини ечилади.

Ҳозир биз шунақа даврнинг чўққисига келдик. Сен менинг «қарилик гаштини суришга» қандай кетганимни биларсан?

Зоҳид бу воқеанинг тафсилотини орқаворотдан эшитган эди, шу боис хижолатдаги одамнинг кулимсираши билан «йўқ», деб қўйди.

— Чет элда ишлаб келган икки одамнинг уйини ўғри урибди. Изига тушдим. Таппа босдим. Ишонасанми, ўн олти-ўн еттидаги болалар. Пулга муҳтож ҳам эмас.

Ўғрибошиси катталардан бирининг боласи экан. Ота-онаси дам олишга кетиб, уйида маишат қилиб ётган экан. Шериклари ҳам ўзига ўхшаган такасалтанглар. Айбларини бўйинларига қўйсам ҳам ўзларига сув юқтиришмайди. Безгина бўлиб тураверишди.

«Битта телефон қилиб олсам майлими» девди, «қани, нима қиларкин», деб рухсат бердим.

Менинг хатоим шу бўлди. Бола отасининг ёрдамчисига қўнғироқ қилди. Биз ўғирланган моллар рўйхатини олгунимизча ёрдамчи етиб келди. Аввал юмшоқ гапирди, кейин пўписа қилди. Икки соатлардан кейин боланинг отаси Ялтадан телефон қилди. Очиқ савдо бўлди. Мен болаларни қўйиб юборадиган, у эса фалон-фалон нарсаларни ундирадиган бўлди.

Савдо пишмади. Эрталаб бошлиқ чақириб турибди. Яна яхши гап, яна насиҳат, яна пўписа… Буларнинг тили бирлигини кўриб, ҳайрон қоласан. Хипчин ушлаган жойингдан эмас, эгилган еридан синаркан. Мен хипчиннинг бир учини ушлаб аҳмоқ бўлиб қолавердим.

Аввал тўрт хонали уйни бўшат, эр-хотинга бир хонали ҳам бўлаверади, дейишди.

Ўғлимнинг оиласи билан чет эл хизматида экани, ҳадемай қайтишига ҳам парво қилишмади. Уйни бўшатдим. Янганг билан ажралиб кетишимга сал қолди. Хуллас, иззатикромсиз қарилик гаштини суришга кузатишди. Бир ярим йилдан кейин ҳалиги каттанинг ўзи қармоққа илинди. Боласининг иши қайта қўзғалиб, мен яна ишга қайтдим. Мукофот тарзида менга энди беш хоналик уй ҳам беришди. Кўрдингми, аҳволни? Сен адолат тантана қилди, деб ўйлаяпсан, а? Бекор гап! — Солиев шундай деб қўл силтади. — Ҳали каттанинг айбини яна ҳам бўрттириш учун мени эслаб қолишди. Ҳозирги катталар ўзларини адолатли қилиб кўрсатишга уринишяпти. Улар бошқаларга жилмайиб қарашади, бармоқлари эса бўғзимизда. Бўғиб туриб «нега яхши нафас олмайсан», деб бизни айблашади.

Ўзлари эса оппоқ. Мана, кечаги раҳбарингни қара: Фарғонадаги фожианинг сабабини қулупнай бозоридан қидириб, катта минбарда лақиллатди. Энди думини тугишар, девдим, яна ҳам каттароқ амални бериб ўтиришибди. Юқоридаки шунақа аҳволми, пастдагиларга ажабланма.

— Пашшангни қўриб ўтиравер, демоқчимисиз?

— Бу энди ҳар кимнинг виждонига ҳавола. Мен кўпни кўрдим. Билганим шуки, тегирмон тоши бир хилда айланмайди. Лекин замон ўзгаргунча чидашга тўғри келади.

Ке, қўй, бу гапларни, — Солиев шундай деб тиззасига шапатилади. — Нимага чақирдинг?

— Эксгумация натижасини олдим. Дастлабки экспертиза натижаси асосан тасдиқланди.

Эксгумацияга Эҳсоновни чақиртирган эдим, келмади.

— Келади, деб ўйловдингми?

— Келишига ўзим ҳам унча ишонмаган эдим. Келмагани бир жиҳатдан яхши бўлди.

Уйига боришга баҳона излаб турувдим.

— Уйида нима қиласан?

— Бир кўрай-чи, қандай яшар экан?

— Иш учун зарур деб ўйлайсанми?

— Йўқ, ўзим шунчаки қизиқяпман.

— Қизиқмаганинг маъқул.

— Нима учун? Ахир мен ниманинг эвазига жонларини хатарга қўйганларини билишим керак-ку?

— Жонларини мол-дунё учун тикканлар, нимасига тушунмайсан?

— Тушунмайман, Мақсуд ака, тушунмайман. Хўп ҳовлисида фаввора бордир, ҳожатхонасининг деворларига чехларнинг гулли, ялтироқ кафеллари ёпиштирилгандир, шипига кийикнинг расми чизилгандир. Шуми? Жон шунинг эвазига тикилган бўлса, арзон кетмайдими? Ахир фавворасиз ҳам, кафелсиз ҳам, кийикнинг расмисиз ҳам яшаса бўладику?

Одамлар буларсиз ҳам яшаб юришибди-ку?

— Яшаяпти. Қизиғи шуки, булар ҳам бир пайтлар дабдабасиз яшашган.

— Мен ҳам шуни ўйладим. Мен баъзан ҳамма нарсадан безиб кетаман. Дадамнинг ёнларида кетмон чопиб юрганимни қўмсайман. Ҳозир бориб кетмонни қўлларидан олсам, кечагидан ёмон яшамайман.

— Сенинг яхши ҳунаринг бор экан. Мен бечора нима қилай, бирдан-бир ҳунарим — жиноятчини қувиб юриш.

Зоҳид Солиевнинг гапларида истеҳзо оҳангини сезиб, кераксиз ҳиссиётга берилганини фаҳмлади-да, кулиб қўйди.

— Сиз нима бўлсангиз, мен ҳам шу. Ҳозир биров менга кетмонни ишониб бермас, дейман. Сиз менга бир масалани ечишда кўмаклашинг: «Сувилон» аниқ мақсад билан кирган эди, мен уни бошқа йўлга буриб юбордим шекилли.

— Қани, ўша аниқ мақсадини айт-чи?

— Тушунмадингизми? Ишни ёпишим зарурлигини шипшитиб қўймоқчи бўлди.

— Сен қандай хулосага келдинг?

— Ишни-ку, ёпмайман, аммо йўналишни ўзгартираман. Қотилни эмас, Жамшид Суннатуллаевни қидираман.

— Сабаб?

— Сабаб — Суннатуллаев тирик.

— Буни улар билишадими?

— Билишмаса ишни ёпишга уринишмас эди.

— Хўш, қидирдинг, топдинг ҳам дейлик?

— Калаванинг бир учи ўша йигитнинг қўлига боғланган.

— Биринчи қотиллик-чи?

— Биринчиси ҳам.

Солиев қатъий тарзда айтилган бу фикрни эшитиб, стол устини ноғора қилиб чертиб, ўйга толди.

— Чигал, ниҳоятда чигал иш, — деди оғир тин олиб.

— Иккинчи савол худди шундан келиб чиқади. Нима учун бу чигал иш айнан менга, тажрибасиз бир терговчига топширилди. Ахир бунақа ишлар тажрибали одамга, ёки прокурор ёрдамчисининг ўзига топширилар эди-ку? Бу ғўр бола чигал ишни ечишга эриниб, қўл силтаб қўя қолар, дейишдими? «Сувилон» бу ишни ёпганимдан кейин кўтарилишим мумкинлигини шунчаки писанда қилмагандир?

— Тўғри англабсан. Бу ёғини энди ўзинг ўйлаб кўравер. Сенга бир янгилик бор, кеча заргарлик дўкони ўмарилган, шу ишни менга беришди. Ҳамдам эса Фарғонада…

— Шунга ҳайронман, Фарғонадаги ишлар билан марказдан келганлар шуғулланаятувди шекилли?

— Сен ҳайрон бўлма, ўйла. Мендан кўнглинг тўқ бўлсин, ёлғиз қолдирмайман.

Петрашвилини сўроқ қилдингми?

— Ҳа. Аммо янги гап чиқмади.

— Ундан чиқмайди ҳам. Янгисини сенга мен айтаман. — Солиев шундай деб, портфелини очиб, муқоваланган бир даста қоғозни олди-да, Зоҳидга узатди. — Танишиб чиқ, Петрашвилининг иши.

Зоҳид қоғозларни варақлаб, ажабланди. Бу жиноий ишнинг юритилиши ҳақидаги расмий ҳужжатлар эмас, балки ҳаваскор изқуварнинг кузатишини эслатарди. Солиев Зоҳиднинг ҳайрон бўлганини сезиб, изоҳ берди:

— Тўғри пайқадинг, бу расмий иш эмас. Очиқроқ гап шуки, расмий равишда жиноий иш очишга имкон беришмаган. Жиноятчилар сен билан мени бир чўқишда қочирадиган бўлиб кетишган. Мана шу Петрашвили ҳар сафар майда ўғирлик ёки безорилиги учун қамалган. Буни биласан. Ўзини кўриб, гаплашганингда ажабланмадингми? Ким эканини кўз қара- шининг ўзи айтиб турибди-ку? У асосий хизматни қамоқдалигида бажарган.

Мана охиргисида вилоят каттасининг беминнат дастёри бўлган. Демократия дегани ҳамманинг бошини айлантирмадими? Катталардан норозилар Масковга хатлар ёзишмадими? Хат айланиб келиб, яна ўша каттанинг қўлига тушдими? Ажаб ҳол, а?

Қўй бўрининг зулмидан шикоят қилиб, шерга арз қилади. Шер «арзни адолатли ҳал қил», деб бўрининг ўзига оширади. Майда арзчиларнинг иши осон, бир-икки пўписа билан тинчийди. Лекин катта билан олишадиган тоифалар ҳам чиқиб қолади-ку? Каттанинг сирини биладиганлар ғимирлаб қолса-чи? Ана шунда каттанинг калласи ишлаб қолади. Қамоқдаги Петрашвилини ёллайди. Каттанинг истаги билан Петрашвили бир кунга, ёки бир кечага, ёки бир соатга қамоқдан чиқарилади. У ишни битиради-ю, жойига қайтади. Жиноят содир бўлган, жиноятчи эса йўқ. Катта эса ҳамкасбларимизнинг гирибонидан олиб, булғалайди.

Учинчи жиноятдан сўнг менинг бир қадрдоним изга тушади. Аммо уни ҳам менга ўхшатиб қарилик гаштини суришга ҳукм қилиб юборишади. У қўлидан келганича кузатган, Петрашвилининг жиноятларини исботлашга уринган. Бу қоғозлар энди тилга кириши мумкин. Ўша катта ҳозир жойини топиб кетган. Сен ишни яхшилаб ўрганиб чиқиб,

Петрашвилини сиқувга ол.

— Буниси қизиқ бўлди, — деди Зоҳид, пешонасини силаб. — Шунақа маккорлик билан ишлаган одам нима учун бу шилта ишга илашиб қолди?

— Булар меъёрни билишади. Петрашвилининг услуби эскирди. Энди у арзон-гаров қўғирчоққа айланган, қадри кетган. Петрашвилига қандайдир ваъда беришгандир. Бир нарсага зориқмаса, бунақа ишни зиммасига олмас эди. Уни бошқа қамоқхонага кўчиришга ҳаракат қилиш керак.

— Нима учун?

— Нима учун? — Солиев бош чайқади. — Сезмадингми? Петрашвили ҳам, шериги ҳам ё нашаванд, ё гиёҳванд. Бу қамоқхонада уларнинг одами бордир. Етказиб бераётгандир. Етказувчи занжирини узиш керак. Ана шунда улар хумордан тутайди.

Бошини деворга уради. Бир чеким наша учун отасини ҳам сотади. Ҳозирча «мен ўлдирмаганман, мен ёқмаганман», деб турибдими, хумордан қийналганда биринчи айтадигани «мен ўлдирганман» дейди. Қотилликни бўйнига олади. Сен уларга ишонгандай бўласан-у бошқа томондан босасан. Сен шу кунлар ичи бошлиқ билан яккама-якка гаплашишга уриниб кўр. Эшитишимча, янги раҳбар уни суҳбатга чақирган. Қаттиқ талаб қўйган. Ҳозир учрашишнинг айни пайти. Фақат бу идорангдагиларга билдирма.

Унгача турмада капитан Мусаев деган йигитга учраш. Кўрсанг, худди чумак арининг ўзи. Агар у ерда юзта ҳалол одам бўлса, юзнинг бири, биттагина бўлса, шунинг ўзи. Унга тайинласанг, кавказликларингга кўз-қулоқ бўлиб туради. Зоҳидга бу фикр маъқул туюлди.

Чувринди уйга ҳазин бир аҳволда қайтаётган эди. Бугун унга онасининг хасталаниб қолганини маълум қилдилар. У «яна ўша эски дарддир» деб ўйлаб, боришга шошилмади.

Мўлжалдаги ишларни бажа-риб бўлиб, бориб қарасаки, аҳвол у ўйлагандан ёмонроқ. Онаси айвонда шифтга тикилиб, бемажол ётибди.

— Кайфи йўқми? — деб сўради Чувринди пешвоз чиққан уй бекасига.

— Йўқ, кечадан бери сўрамайди ҳам.

— Диспансердан нима учун олиб келдингиз? — деб сўради Чувринди уй бекасидан.

— Хабар олгани борган эдим. Дўхтирлар олиб кетганингиз маъқул дейишди… — уй бекаси шундай деб лабини тишлади. У асосий гапни айта олмади.

Чувринди шу пайтгача онасига салом бермаган эди. Ажабки, ўзи истамаган ҳолда, паст овозда бўлса ҳам салом берди. Онаси унинг овозини эшитиб, шифтдан кўзини олиб, у томон қаради. Лаблари титради. Бир оздан сўнг ёноғига бир томчи ёш думалади. Бу аёлни танимаган одам уни ҳали олтмишга кирмаганига зинҳор ишонмас, камида саксон йил умр кўрган кампир, деб баҳо берар эди.

Уй бекаси асосий гапни айтолмаган бўлса ҳам, Чувринди унинг нима демоқчи эканини англаган эди. Ҳозир онасига қараб «Наҳотки?» деган фикр юрагига бир лаҳзалик енгил титроқ бериб ўтди. Она дейишга ҳам арзимайдиган бу шилта хотин ўлса бир туким ҳам қилт этмаса керак, деб ўйларди. Ҳозирги аҳволига ўзи ҳам ажабланди. «Ачинаяпманми?

Нега? Бу дунёда бор бўлди нимаю йўқ бўлди нима? Ўзига ярашасини олди. Итдай хор бўлди. Энди хорликлардан қутулади. У-ку хорликдан қутулади. Мен-чи? Исноддан қачон қутуламан?»

Чувринди онасига қараб шуларни ўйларди. Шу ўйлари билан юрагида ғимирлаётган ачиниш ҳиссини бўғмоқчи бўларди.

Онаси эса… унга қараганича унсиз йиғларди.

Нима учун йиғлаётганини ўзи ҳам билмасди.

Бу дунёдан қандай армон билан ўтаётганини идрок қила олмасди…

Ўғлига бир нима дегиси келарди, аммо тили гапга айланмас эди…

Нима десин? «Болам» десинми? Ҳаққи борми шундай дейишга. Туққанидан бери бирор марта «болам» деб суймаган, энди ўлари олдида шундай дейишга тил ҳам бўйсунмайди. Юрагида «Болажоним!» деган фарёд уйғонади, аммо қотиб қолган тил, бу фарёдни эгасига етказиб бера олмайди. Юракнинг таржимони бўлмиш тил ожиз…

«Рози бўлгин», десинми? Қайси қилган яхшилиги учун розилик тилайди?

«Розиман» десинми? Ўғли зорми экан унинг ризолигига?

Бу аёлнинг ҳозирги аҳволини билган одам умр бўйи Яратганга муножот этиб, «Ё Раббим, мени бу банданг ҳолига сола кўрма» деб зорланиб ўтарди.

Чувриндининг онаси «болам» дея олмаётганидан, рози-ризолик тилай олмаётганидан ўкинмас эди. Чунки бундай тушунчалар уни аллақачонлар тарк этиб кетганди.

Тўмтоқлашган ақли жаъмики нурли туйғуларни бўғиб ўлдириб бўлган эди. У яна бир неча соатлик ёки бир неча кунлик умри қолганини билмас эди. Ўлим тўшагида азоб чекиб ётарди, дейиш ножоиздир, чунки у ароқ тополмаган кезлари бундан баттар азобга дуч келарди…

Ҳозир йиғлагиси келди. Унсизгина йиғлади. Авваллари кулгиси келарди, куларди, маишат қилгиси келарди, қиларди. Ана энди йиғлагиси келди…

Ажаб манзара: она ва ўғил… Ҳеч қачон бирга бўлмаган, ҳеч қачон бир-бирига меҳр кўрсатмаган икки тирик жон. Бу дунёда нима учун яшамоқ лозимлигини англамаган икки банда. Бир-бирларига айтмоққа сўзлари йўқ…

Мудҳиш манзара: ҳадемай жон бериши мумкин бўлган онасига айтмоққа ўғилда сўз бўлмаса?!

Онанинг айтадиган гапи бор. Узоқ йиллар асраган гапини айтиши керак. Бу ҳақиқатни гўрига ортмоқлаб кета олмайди.

(давоми бор)

Тоҳир МАЛИК