АРОСАТЛАР ОРОЛИ… (45-қисм. Учинчи фасл)

0

 

 

* * *

 

Маҳалла идорасидан чиқиб уй томон юриб борарканман, бўлиб ўтган гап-сўзларни бир-бир эслаб даҳшатга тушардим. Қур-қур буюк ижодкорлардан бирининг «дарахтнинг бўшини қурт ейди доим» деган жумласи хаёлимда гавдаланар, ёруғ дунёга келиб ўз ўрнимни ҳануз топа олмаганимдан афсус чекардим. Ер юзида яшовчи ҳар бир одам менга нафрат, менсимаслик назари билан боқаётгандек туюларди.

«Қачон одам бўламан? — сўрадим ўзимдан ўзим. — Айт, қалбим, нега мен шунчалар ожиз-у нотавонман. Қай манзилга қадам қўймай, қоқилишлардан тийила олмайман. Қай томон юз бурмай, тақдирнинг тиканли тўсиқлари кўз ўнгимда намоён бўлади. Кеча-кундуз таҳқирнинг туманли дарасида сарсон кезаман. Лекин қачонгача? Йўқ, йўқ, нималар деяпман ўзим?.. Нолиш, ношукрлик гуноҳ. Яратганга беадад шукр, қўл-оёғим бут, юрак уриб турибди, кўзларим равшан… Мана, қуруқ туҳмат ботқоғига ботишим арафасида Худонинг ўзи бир мўминни юборди. У мени шу ботқоқдан тортиб олди. Демак, ҳақман. Энди қайтадан бошимни баланд кўтариб яшашим, фақат олдинга интилишим, эзгулик шамолига юз тутганча қадам ташлашим шарт ва зарур!..»

Сўнгги хаёллар руҳимни кўтарди. Ўзимни қайтадан мағрур ҳис эта бошладим.

Миямни чулғаб олган турли бўлар-бўлмас хаёллар нари чекиниб, дунё кўзларимга гўзал ва чароғон кўриниб кетди.

Ўтган-кетганга зимдан назар солиш асносида шулар қаторида қадам ташлаётганим, нафас олаётганимдан беҳад севиндим.

Умрим бино бўлиб эсимни таниганимдан бери кўрган-кечирган лаҳзаларим хаёлимдан ўтди. Қалбимда азоблар, мушкулотлар қолдирган изларни ҳис этишга уриндим. Руҳим оғриқларни қайта ҳис этди. Лекин улар илгаригидек жонимни оғритмади. Вужудимни қамраб олган шукроналик ҳисси туфайли бу оғриқлар жуда тотли туюлди. Уларни қанчадир вақт танамда кўтариб юрганимдан хурсанд бўлдим…

Қувонч ҳам худди ғамнинг бири экан. Ташриф қилишни хоҳласа қаторлашиб келаркан.

Уйга кирдим-у, Қобилжонимнинг қийқириб кулганча эркаланаётганини кўриб бир шодлигимга минг шодлик қўшилди. Азбаройи жўшиб кетганимдан жондан азиз фарзандимни маҳкам бағримга босдим-да, Сусаннанинг елкасига қўл ташлаб деразадан кўкка ўйчан боққанча дардли шивирладим:

— Яхшиям сизлар ёнимдасиз, жигарларим!

 

* * *

 

Қайноқ лаҳзаларни, кузнинг сарғайган хазонли кунларини ортда қолдириб қишга ҳам етдик.

Қаҳратоннинг илк кунида гупиллаб қор ёғиб берди. Вақт шомдан ошган маҳал энди-энди тетапоя қадам ташлай бошлаган Қобилжоним дераза токчасига тирмашганча ташқаридаги қорга талпинар, Сусанна уни тезлаб чарчамасди.

Мен бўлсам, бир бурчакда тек ўтирган кўйи сукут сақлар, ҳар замонда она-бола тарафга ҳиссиз назар ташлаб қўярдим.

Баъзан руҳимга қулоқ тутишга уринар, кўнглимдан аслида нималар кечаётганини чуқур англамоқчи бўлардим.

Вужудим фақат музликлардангина иборатдек туюларди. Исий олмасдим. Ич-ичимдан отилишга чоғланган қаҳратон заҳри ҳовури борлиғимни чирмаб олгандек эди.

Миямда фақат биргина шайтоний хаёл айланарди: «Нега у бегона эркак билан сирли жилмайиш қилиб қуюқ саломлашди?..»

Шу савол миямни борган сари чуқурроқ кемирарди. Ўша хунук, совуқдан-совуқ манзарани кўз олдимга келтирганим сари худди оғир зарба еб селтанглаган кимса каби ўтирган еримда қалқиб-қалқиб кетардим.

Аммо бу ҳолатимни Сусаннага сездирмасдим. Фарзандимнинг қувончига шерик бўлаётганини беписанд кузатардим-у, ногаҳон мен томон бош буриб қолса, дарров юзимни терс ўгирардим. Шу баҳонада ёввойи рашк алангасини уйнинг ўзга бурчагига йўллардим…

 

* * *

 

Улар биргаликда ўйнай-ўйнай, охири чарчашди чоғи, Сусанна Қобилжонни қўлига олди-да, маҳкам бағрига босиб рўпарамдаги кўрпача устига чўкди.

Мен бир сўз демай, унга ер остидан синчиклаб тикилдим. Сусаннанинг қоп-қора қошлари камондек қайрилиб тушган, Кавказ аёлларига хос катта-катта кўзлари, узун киприклари юракни куйдиргудек жозибали эди…

«Ҳа, бу ҳуснга илк бор анча йил олдин лол бўлгандим. Ўшанда бу сирли ва тароватли аёлнинг менга бир умрлик ёстиқдош бўлишига сира ишонмасдим. Бу баҳорнинг энг нафис гули янглиғ жамол, гўзаллик қаршисида ўзимни жуда-жуда ожиз сезгандим.

Мана, ҳануз ўша ҳусн оҳанрабосини йўқотмади. Ҳали ҳамон унга тикилиб қолсам, юрагим жизиллайди, аъзойи баданим оша номаълум ҳаяжон чумоли каби ўрмалаб, мени сесканишга, энтикишга мажбур этади. Ҳар унга боққанимда, дунёнинг ҳақиқий мўъжизасини кўргандек кўзларим ёнади.

Лекин… Мен Сусаннага арзийманми аслида? Чуқурроқ ўйлаб қарасам, бисотимда қуруқ савлатимдан бўлак ҳеч вақом йўқ. У билан танишиб, бир ёстиққа бош қўйибманки, эркак бўлиб осмондаги ойни узиб олиб беролмадим. Муҳаббат изҳорлари, мақтовлар, хушомадлардан чарчамадим. Аммо уни зару кимхобларга кўмиб ташлай билмадим. Бунинг ўрнига дастлабки кунларданоқ уни қийналишга, азобланишга, кўчманчилар каби уёқдан буёққа кўчиб яшашга, кеч тушди дегунча эртанги кун ташвишига кўмилишга маҳкум этдим.

Мен туфайли кимларнингдир қаршисида айбсиз айбдорга айланди, бош эгишга, сукут сақлашга мажбур бўлди. Ахир, у бадавлат, пулдор, сўзлари кескир эркакларга муносиб эмасмиди? Ҳойнаҳой, ўзи ҳам ҳаёт қийноқлари жонидан ўтганда шу ҳақда ўйласа керак…

Ҳа, ўйлайди, фақат ўйлаган ўйларини менга ошкор этгиси келмайди. Бироқ… Нега? Атайин шундай қиладими? Нима учун? Демак, мендан бўлак учрашиб юрадигани бор экан-да! Акс ҳолда ўша эркак билан қуюқдан қуюқ салом-алик қилмасди. Ҳа-а, «Аёлнинг макри қирқ туяга юк бўлади» деб бекорга айтишмаган экан-да! У менинг муаммоларимдан чарчаганда, ўзга эркак билан учрашиб кўнгил ёзаркан… Қандай даҳшат! Қандай разолат! Ундан кўра, очиқ-ойдин ҳаммасини тўкиб солса, менда кўнгли йўқлигини айтиб кулбамни тарк этса яхши эмасмиди?..»

Миямни қамраб олган қарама-қарши хаёллар ҳушёр тортишга, ғазаб отига минишга ундади.

Сусаннага бўлган илиқ туйғулар ўрнини нафрат, алам эгаллади. Илкис бошимни кўтариб унга тик боқдим.

Сусанна худди кўнглимдан кечаётган кечинмаларни пайқагандек, мени масхараралагандек, нуқул ўғлимни эркалатиш баҳонасида мен томон қараб кулимсирарди.

Тоқатим етмади. Даст ўрнимдан турдим-у, Сусаннанинг тепасида ҳозир бўлдим.

У важоҳатимни кўриб бирдан жиддийлашди ва қўлидаги Қобилжонни кўрпача устига ўтқазди.

— Тинчликми? — сўради Сусанна билинар-билинмас титраб. — Бирор гап бўлдими? Ҳозиргина яхши ўтиргандингиз-ку!

Сўзлашга шошилмадим. Унинг кўз қарашлари, юз тузилишига яхшилаб разм солдим. Бундан асл қиёфасини илғамоқчи бўлдим.

Сусанна қошлари чимирилган, киприклари пирпираган кўйи совуққон нигоҳларини тикканча мендан жавоб кутарди.

«Ҳаммасини билиб турибди, — кўнглимдан ўтказдим мен муштларим тугилиб. — Ўзини гўлликка солмоқчи. Аламлари бўғзига тиқилгани, сабр косаси тўлганини кўзлари айтиб турибди. На илож? Мен шундай туғилганман. Бошқача бўла олмайман. Қўлида жарақ-жарақ пул ўйнайдиганлар хилидан эмасман. Афсус, пешонам шўр экан. Энди-энди бахт топдим, бу бахтим мени ҳеч қачон тарк этмайди, менга хиёнат қилмайди деб хаёл қилгандим. Адашибман. Яна бир марта хатога йўл қўйибман. Аммо… Бу хато менга яна бир бор қимматга тушадиган бўлди. Хиёнат аталмиш оғу ёруғ дунёда фақат менга аталган шекилли… Худойим, нима қилай? Шундай онларда қандай йўл тутадилар?..»

Ўйларим охирига етмай қолди. Сусанна шоша-пиша ғингший бошлаган Қобилжонни тинчлантирди-да, ўрнидан турди.

— Гапирсангиз-чи, — деди у беихтиёр йиғламсираб. — Оғзингизга толқон солволганмисиз? «Ичимдагини топ» деб шундай ўтираверасизми? Бировминан уришдингизми?

Мана, бу гал ёрилмасам, ичимда йиғилиб қолган зардобларни тўкмасам, шу йўл билан аламдан чиқмасам бўлмасди.

Аксига олгандек сўз қотишга чоғланганим ҳамоно танам қизиб, кўнглим алланечук бўла бошлаганини ҳис этдим. Оғир хўрсиниқ дардлар тумани тиқилган бўғзимни тешиб ташқарига отилди.

Ўзим сезмаган ҳолда гавдамни орқага ташладим-да, жаҳд аралаш тиззамга муштлаб-муштлаб олдим.

Ким билсин? Вақт ҳакам. Шарифадан кўрган хиёнат хотираларим унут бўлибди чамаси. Ҳатто ўшанда қай вазиятда бўлганим, нималар деганим, ўзимни қандай тутганим, кўнгилнинг қай кўчасига чопқиллаганим аллақачон нари чекинибди. Шунинг учун телба қиёфасига кириб қолганга ўхшайман…

Йўқ, ўзимни дарҳол қўлга олишим шарт. Алдовлар, шафқатсизликлар, хўрликлар мени синдирмаслиги, қаддимни букмаслиги, бошимни эгмаслиги зарур. Қўйнимда асраб келган илоннинг совуқ турқидан сесканмаслигим керак…

— Сен мени севмас экансан, аввалроқ ростингни айтсанг бўлмасмиди? — сўрадим ниҳоят. — Алдаб юриш, майнавозчилик қилиш шартмиди?

— Нима? Тушунмадим! — елка қисди Сусанна тўсатдан ранги ўзгариб. — Кимни алдабман? Қачон?

— Ўзингни гўлликка солма! — дедим унга сирли қараш қилиб. — Кўчага чиқсанг, жилмайтирадиганлар, овозингни майинлаштириб салом бердирадиганлар топиларкан… Кўрдик, кўрдик!

— Тавба қилди-им! — Сусанна кутмаганмиди, қўрқа-писа ортга тисланди. Танасида зоҳир титроқлар кучайди. — Бу гапларни қаердан олдингиз? Нимани кўрдингиз?

Бу саволи жаҳлимга жаҳл қўшди. Ўзимни идора этолмай бақирдим.

— Ўтган куни ким билан ҳиринглашиб тургандинг? Ким эди у ифлос?

— Қайси? Кимни назарда тутаяпсиз ўзи?

— Эҳ-ҳ! — мен тишларимни ғижирлатганча гўё ёвуз маҳлуқ қиёфасига кирган ҳолда хонани асабий айлана бошладим. — Билиб туриб-а, билиб туриб! Ҳаммасини англаб туриб тағин савол беради, савол!

— Тушунмаганимдан кейин сўрайман-да! Хўш, ким билан ҳиринглашибман? Айтинг кўрган бўлсангиз!

— Ўтган куни дорихонага чиққансан. Мен ишдан қайтаётгандим. Дорихона эшиги ёнида ўрта яшар бир эркакминан кулишиб гаплашиб турганингни кўрдим. Тўғрими ё бунданам тонасанми?

Сусанна бу гапимни эшитгач, сукутга толди. Ора-сирада бош чайқаб ҳам қўйди. Афтидан ўз хатосини англагандек бир неча марта оғир уф тортди. Лекин бу ҳолат узоққа чўзилмай, у тағин бошини кўтарди-да, менга дардли термилди. Термилган заҳоти узун киприклари остидан икки томчи ёш юзлари оша думалаб тушди.

— Туҳмат қилаяпсиз, — дея титроқ аралаш сўз қотди Сусанна. — Мен ҳеч кимминан ҳиринглашганим йўқ.

— Йўғ-э! Унда дорихона эшиги ёнидаги эркак ким эди? Ҳарқалай, кўзим кўр эмас-ку! Кўрдим!

— Уми? — Сусанна зарда аралаш кўз ёшларини кафтига артди-да, давом этди. — Жудаям билгингиз келаяптими-а? Айтайми?

— Айт тезроқ, ифлос! — баттар тутоқиб қичқирдим муштларимни ўқталганча унга яқинлашарканман. — Бардошимни, иродамни текшириб кўрмоқчимисан? Ҳозир бир уриб…

— Уриб? Ура қолинг! — менга жавобан Сусанна ҳам жазава ичида бақирди. — Нега қараб турибсиз? Урмайсизми?

— Сендақа ифлосларни уриб одам барака топмайди, — дедим ўзимни босиш ниятида лаб тишлаб. — Сендақалар…

— Ҳали мен ифлос ҳам бўлдимми? Афсус, ифлослигимни билмаган эканман. Сиз билдириб қўйдингиз. Майли, нимаям дердим? Нима бўлгандаям мен бегонаман-да! Бу юртда на қариндош-уруғим, на ҳимоячим, на дардкашим бор. Ёлғиз Худодан бўлак ҳеч кимим йўқ. Кетаман… Шу уйдан чиқиб кетаман. Минг афсус!.. Сизнинг шундайлигингизни билмаган эканман…

— Э, кетсанг ундан нарига ўтиб кет! — қўл силтадим. — Мени қўрқитмоқчимисан? Ана, катта кўча, хоҳлаган тарафингга кетавер!

Сусанна индамади. Жонҳолатда эгнига қалин кофтасини илди-да, чопиб бориб кўрпача устида жимгина ўйнаб ётган Қобилжонинг икки юзидан қайта-қайта ўпди ва ўзини ташқарига урди.

 

* * *

 

Шу тобда менга қайси дунёда яшаш-да барибир эди. Ўзим қаттиқ ишонган, ҳар нафас олганда минг бор фахрланиб зерикмаган аёлнинг хиёнатга қўл уриши, шундан кейин ҳам кўзларимга тик боқа олиши, ҳар тун хотиржам бағримга кириши, ёнимда бемалол яшаб келиши ҳали ҳануз тасаввуримга сиғмасди.

Боламни бағримга босган кўйи ўтирардим-у, нафас олишим тобора қийинлаша бораётганини, кўнгил кўзларим қоп-қора зулмат қаърида қола бошлаганини ҳис этардим. Шунча умрим беҳуда кетгани, ёруғ, чароғон, қувончга йўғрилган лаҳзалар фақат менгагина абадий ҳамроҳ бўла олмаслигидан надоматлар чекардим.

Шу тахлит ярим соатча ўтириб қолдим. Гарчи миямда чарх уриб чарчамаётган хунук тасаввурлар, бир-биридан аянчли ўйларни нари ҳайдай олмасам-да, гўдагим билан овунишга, ўзимни чалғитишга интилдим.

Уддалай олмадим. Энди Сусаннанинг ҳе йўқ бе йўқ ташқарига отилиб чиққани юрагимдаги шубҳаларни баттар аланга олдирди.

— Ана энди ҳақиқий башараси очилади, — дея ўғлимнинг иссиқ кийимларини қидира бошладим. — Ҳозир онангни ўша ўйнашиминан бирга тутамиз. Ўзидан кўрсин! Дабдаласини чиқарамиз! Ундай бевафо, юзсиз онадан воз кечиб қўя қоламиз!

Ўғлимни кийинтирардим-у, жоним ҳалқумимга келгудек ҳансирар, телбаларча нималардир дея сўзланар, тезроқ кўчага чиқиш илинжида эдим.

 

* * *

 

Ташқарида зулмат ва қаҳратон шарпаси одамни еб қўйгудек изғирди.

Рашк, алам, нафрат кўксимни кемирганча ўзим ва қора қисматим учун сўнгги манзарага гувоҳ бўлиш хаёлида анҳор бўйлаб кетавердим. Қобилжон қур-қур ғингшиб қўяр, уни тинчлантириш мақсадида қаттиқроқ қучардим.

Шу тахлит беш юз метрча нари кетдим. Изғирин заҳри оёқларимдан ўта бошлади. Аммо ортга қайтиш, тақдирга тан беришни сира хоҳламасдим. Қандай бўлмасин, ўша аблаҳ, ифлос эркакнинг кўзларига тик боққан ҳолда Сусаннани қучган, эркалаган қўлларини синдириш, муҳаббат изҳорлари кўпирган тилини суғуриб олиш илинжида дадил юриб борардим.

«Кўрдингми, — дердим хаёлан кўксимга бош қўйиб ухлаётган ўғлимга. — Ёмонлар иккимизни айирмоқчилар. Сени бахтсиз қилмоқчилар. Кўплашиб ғуруримизни оёқости қилишни мўлжаллашибди. Устимиздан кулишибди. Кўзларимизга тик боқиб бизни алдашибди. Йўқ, йўқ, сен қўрқма. Уларнинг адабини берамиз. Агар биз адабларини бера олмасак, Худонинг ўзи жазолайди ундайларни. Чунки биз ҳақмиз. Сен ва мен фақат яхшилик учун яшамоқдамиз. Қалбларимиз тоза, пок. Ҳеч кимга ғаразимиз йўқ. Шундай экан, нега ўзимизни, эркаклик ғуруримизни ҳимоя этолмаслигимиз керак? Ҳимоя қила биламиз. Ҳозир ўзинг кўрасан. Биз барибир ғолиб бўламиз!..»

 

* * *

 

Бир маҳал анҳорнинг нариги тарафида қандайдир қора шарпага кўзим тушиб таққа тўхтадим. Шарпа анҳордан анча нарида эди. Тинимсиз уёқдан-буёққа бориб келарди.

У Сусанна эканини дарров пайқадим.

Сувнинг шариллаши билан эшитмабман. Тўхтаб кузатиш асносида қулоғимни динг қилдим. Ҳа, у сукут сақламаётганди. Нуқул нола чекарди.

— Худойим, мени мусофир юртларда қандай кунларга солаяпсан? Бу ерларда кимим бор, ахир? Ишонганим, тоғим деб суянганим менга туҳмат тошларини отиб чарчамаса! Кимга суянай? Кимга ишонай? Кимни ишонтирай? Нега мен ғариб-у нотавонга раҳм қилмайсан? Сенга нима ёмонлик қилдим?

Менга бу зорланишлар умуман таъсир этмасди. Кўнглимга илиқлик солмасди.

Жонҳолатда кўприк орқали анҳорнинг нариги юзига ўтдим-да, Сусаннага ўшқирдим.

— Ҳа-а, келмадими кутганинг? Алдадими? Яна қўнғироқ қилиб кўр! Балки бошқа бир жононникида ушланиб қолгандир?

— Ўчиринг чакагингизни! — қичқирганча келиб қўлимдан Қобилжонни юлқиб олди Сусанна. — Қачон одам бўласиз ўзи? Мен сизга кимман ўзи? Бирор буюмми ё хотинми?

— Ўзингни оқлаб қолдингми энди? — бўш келмадим мен ҳам. — Сиринг очилиб қолдими?

Сусанна аслида табиатан оғир-босиқ, кучли иродали аёл. Менинг илмоқли сўзларимни эшитгандан сўнг бироз бўшашди. Кўзларида нафрат учқунлаганча фарзандимни қаттиқроқ босган ҳолда менга яқинлашди.

— Сиз бир гапни эшитганмисиз? — сўради у титроқ аралаш. — Айтинг, эшитганмисиз?

— Менми? — унга нисбатан нигоҳларим баттар совуқ тортиб саволига савол билан жавоб қайтардим. — Ҳа, эшитганман ва кўрганман. Сен бошқасига ўтли жилмайиш қилганингни кўрганман. Ўша ифлосга кулиб сўзлашингни эшитганман.

— Аблаҳ экансиз! — дея юзини терс бурди Сусанна. — Шу кунгача сизни зиёли, тушунган, бошқаларга ўрнак бўла оладиган одам деб билардим… Ҳурматим, муҳаббатим, меҳрим чексиз эди. Мен-чи, ўзимни ахлатхонадан топмаганман дуч келганнинг қўйнига кириб кетавериб, билдингизми? Ўзимнинг қадримни, ўрнимни жуда яхши биламан…

— Шунақами? Хўп, унда ким эди ўша эркак? Гапир ростини!

— У… — Сусанна негадир тутилиброқ сўз бошлади. — У одам марҳум биринчи эримнинг акаси эди, инсон! Жуда обрўли, эътиқодли, ажойиб одам! Мен ўша билан гаплашиб тургандим. У-чи, менинг турмушга чиққанимни эшитиб, қувонганидан терисига сиғмай кетди.

— Нега ўша куниёқ менга айтмадинг унда?

— Қандай айтай? Гўрдаги эримнинг акасини кўрдим дейми? Бунинг сизга нима қизиғи бор эди?..

— Шунақа дегин? — мен ўзим сезмаган ҳолда маъюс тортиб қолгандим. Чунки Сусанна марҳум эри ҳақида менга кўп гапирган. Қариндош-уруғларининг оқибатлилиги ҳақида тўлиб-тошиб ҳикоя қилган. Айтишича, уларнинг ҳаммаси эътиқоди кучли одамлар экан…

Шу сўзларини ёдга оларканман, беихтиёр ўзимдан ўзим нафратланиб кетдим.

Юрагимни эгаллаб, ғужғон ўйнаган файзсиз, хосиятсиз рашк ҳиссини хаёлан қарғай бошладим. Шу орада яқин ўтмишимни эсладим.

Биз илк бор танишган кунларимизда мана шу аёл — суюкли боламнинг онаси, менга бутун борлиғини бағишлаб улгурган ёстиқдошим бир ҳовуч ундан қозончада нон пишириб, устига помидор ва пиёз қовуриб босган-у, дастурхонга қўйган. Ўша нонларни иштаҳа билан еганмиз. Сўнгра биргалашиб Яратганга беадад шукрлар қилганмиз. Негаки, ўшанда бизнинг турли мазали таомлар пиширишга пулимиз йўқ эди…

Ажабланарлиси, у шу кунгача бир оғиз таъна қилмаган. «Сенга тегиб ит кўрмаган кунларни кўрдим» дея аюҳаннос солмаган. Мен-чи?.. Нима қилиб қўйдим? Шундай оқила, хосикор, муштипар аёлни туҳмат ботқоғига ботириб ўтирибманми? Сусаннадек бир қошиқ сут билан ютгулик ёримга мана шу анҳор бўйида қаҳратон азобини чектирдимми? Қандай қабиҳлик! Қандай бедодлик!..

Хижолатдан бошим эгилиб бир муддат нима дейишни билмай гарангсиб қолдим. Сусаннани қандай юпатиш, кўнглига йўл топишни билмай ҳайрон бўлдим.

У эса аччиқ-аччиқ йиғлар, хўрсиниқлар исканжасида аъзойи бадани кўтарилиб-кўтарилиб тушарди.

— Мени кечир, — дедим ниҳоят ўзимни қўлга олиб. — Аҳмоқ ва пасткаш эканман. Рашк кўзларимни кўр, қулоқларимни кар қилиб қўйибди. Сендай садоқатли, хокисор аёлни туҳматга булғадим. Кечира олсанг, кечир!..

Сусанна бу гапларимни эшитиб, йиғлашдан тўхтади ва кўксимга бош қўйди.

— Неча йилдан бери менинг кимлигимни билмаганмидингиз? — деди у хўрсинишдан тийила олмай. — Бирор марта хиёнат қилганимни, бегона эркакка қайралиб қараганимни кўрганмидингиз?

— Й-йўқ, албатта, ҳеч қачон… Кечир! Хом сут эмган банда эканман.

— Агар билсангиз, — давом этди Сусанна. — Марҳум эрим йиллаб мени ёлғиз ташлаб бошқа юртларда санғирди. Шундаям жимгина яшаганман. Бегона эркакларга кўз олайтирмаганман. Чунки мен…

— Жим! — унинг лабига кафтимни босдим. — Бас! Акс ҳолда афсусдан ёрилиб ўламан, жоним! Ишон, сенга сўз бераман! Мана шу ёлғиз фарзандимиз, ҳов анави шариллаб оқаётган анҳор ҳаққи, ҳеч қачон сени ноҳақ айбламайман! Сени… Севаман, ардоқлайман, еру кўкка ишонмайман, керак бўлса пойингда тиз чўкаман. Аммо туҳмат қилмайман! Сени йиғлашга, дард чекишга мажбур этмайман!..

Шундай деб Сусаннанинг қўлидан Қобилжонни олдим. У бўлса тирсагимдан тутган кўйи итоат билан менга эргашди.

Мен жуда-жуда бахтиёр эдим!

 

* * *

 

Оламни тун пардаси чирмаб, катта серқатнов йўлда машиналар, ўткинчиларнинг уни ўчибди ҳамки, мен кўз юмай демасдим. Негадир шу кеча Қобилжон уйқусини йўқотибди. Осойиш топа олмаганиданми, нуқул ўйнагиси, эркалангиси келаверди.

Унинг мен ва Сусаннадан бўлак меҳрибони бормиди. Жонимизни жабборга берсак-да, ёлғизимиз мамнун бўлсин, йиғлаб азобланмасин, меҳримизга қонсин деймиз.

Уни навбатма навбат хона айлантириб эркалар, ҳар қийқириб кулишини, ўзича нималардир дея сўзлашга интилишини кўрганда қувончдан тўкилай дердик.

Ўғлимга қараб туриб раҳматли бувим Жаннат момо ёдимга тушди. Бувижонимнинг маҳзун сиймоси, қордек оппоқ сочлари, мункайибгина қолган жуссаси кўз ўнгимда гавдалгани ҳамоно кўнглим алланечук бўлиб, ўпкам тўлди. Болаликнинг ўзим тўймаган, қонмаган орзиқишларга бой лаҳзалари бағримни эза бошлади.

Бувижоним жуда бошқача эди. Негадир тоғам, холаларимдан кўра менга кўпроқ меҳр бергиси келаверарди. Мени еру кўкка ишонмас, толиқиб, қийналиб қолишимдан қўрқиб оғир юк кўтаришга ҳам қўймасди.

Болалигимда нимжон бўлганим боис кўчада болалар билан уришиб калтак есам, меҳрибон бувижоним кексалигига қараб ўтирмай қўлига ҳассасини оларди-ю, мени дўппослаганларнинг уйига жўнарди.

Мактабдан келишимга қаймоқ шўрва пишириб қўярди. Суюқ овқатни хушламаганимни билгани сабабли билқиллаб қайнаётган шўрвага нон бўктириб қўярди.

Бувижоним шундай овқатлар жони дилим эканини биларди.

Ўша пайтларда «шоир»лигим тутиб дўнгликларга қўлимда қоғоз-қалам билан чиқиб кетаётганимни кўрса нуқул алқарди. Маҳкам бағрига босарди-ю, «Менинг болам албатта раис бўлади» дея эркаларди.

Ҳа, раислар жуда билимли, зиёли одамлар бўлишади деб ҳисобларди бувижоним.

Бувижоним совуқ сув ўрнига ҳамиша қайноқ чой тутқазарди. Шамоллаб қолишимдан, азобланишимдан чўчирди. Башарти касаллансам, бувижоним учун гўё қиёмат қойим бошланарди. Тунлари ухламай тепамда ўтириб чиқарди. Мурғак қалб эгаси бўлсам-да, бувижонимнинг тепамда ўтириб юм-юм йиғлаганларини кўп кўрганман.

Айниқса, Тожи хола деган кампир билан бўлган воқеани эсласам, бувижонимни баттар соғинаман, юрагим орзиқаверади.

Орзи хола олтмишдан ошган жиккаккина кампир эди. Сира уйида оёқ узати-иб ўтирганини кўрмасдик. Қачон қараса, қўни-қўшниларникига қатнагани қатнаган эди. Бошқалар каби шунчаки кирди-чиқди қилса майли. Тожи хола бир қўшниникидан янги гап олиб, иккинчи қўшниникига таширди. Шунинг учун ҳамма уни «тилпон кампир» деб атарди.

Кунларнинг бирида Тожи хола кимгадир «Шу Жаннат опагаям ҳайронман. Қодир етимчани намунча «папа»ламаса?» дебди. Бу бувижонимнинг қулоғига етди.

Йўқ, Тожи холаникига жўнаб қолмади. Жанжал кўтармади. Вақт хуфтондан ошганда ҳовлига чиқди-да, дод солиб йиғлади. «Илоё неварамни етим деганларнинг уйи куйсин! Етим боламнинг уволи урсин, илойим! Қопи донга тўлмасин!» дея қарғаниб-қарғаниб йиғлади…

Бувижоним ўша тун ухламади. Кўз ёшлари қуриб, бироз тинчлангач, мени бағрига олди-да, тонгга қадар ток остидаги сўрида ўтириб чиқди.

Бувижоним ўша-ўша Тожи хола билан кирди-чиқди қилмади.

Ана шу меҳр менга ҳам бувижонимдан ўтган шекилли. Қобилжоним кўз юммадими, тамом, оромга бегона бўлмоқдаман. Бир қалбан хавотирдаман, бир қиқирлаб кулганига гувоҳ бўлсам, қувончдан ёрилай демоқдаман…

Хайрият, Қобилжон тонгга яқин чарчаб ухлаб қолди. Шундан кейингина Сусанна иккаламиз пича тинчлангандек, каравотга ёнбошладик.

 

* * *

 

Эрта тонг экан. Кимнингдир юзимни оҳиста тирмалаётганидан уйғониб кетдим.

Не кўз билан кўрайки, Қобилжоним ёнимда чалқанча ётганча бир қўли билан юзимни тирмаларди.

Билмадим… Болам дунёга келгандан бери илк бор юзларимга қўл юборганди.

Қувонганимдан ҳайқириб юбораёздим. Ахир… Менинг болам, орзум, армоним кап-катта бўлибди. Отасини таниб уйқудан уйғотмоқда. Қўлимга олишимни, эркалатишимни, қучиб-қучиб суйишимни сўрамоқда.

Ҳаяжоним ичимга сиғмай шоша-пиша дилбандимни қўлимга олдим-у, маҳкам бағримга босдим.

Қобилжон гўё шуни кутиб тургандек қиқирлаб кула бошлади. Мен бўлсам, севинчимни Сусанна билан баҳам кўриш ниятида ошхона томонга бўйладим.

У деворга суянганча тек қотиб турар, нигоҳлари маъюс, кўзларидан шашқатор ёш думаларди.

Ҳайрон бўлдим. Нима бўлди унга тағин? Наҳотки, яна бир муаммо чиққан бўлса бу уйда? Нима учун йиғлаяпти? Ўғлимиз соппа-соғ бўлса. Ё ҳануз менинг ўша хурмача қилиғимни унута олмадими? Рашкчи эрдан безорми? Мендан қаттиқ ранжидими?

Ана шундай саволлар қуршовида Сусаннага аста яқинлашдим. Суюклигим икки қўлини кўксига қўйган кўйи ер чизарди.

— Сенга нима бўлди? — сўрадим эҳтиёткорлик билан. — Йиғлаяпсанми?

Сусанна илкис бошини кўтарди-да, менга маҳзун боқди. Сўнгра ғижимланган, ҳийла эскирган бир парча қоғозни узатди. Мен шоша-пиша қоғозни қўлимга олдим-у, кўз югуртирдим. Тилхат экан.

— Ие, бу анави каззобнинг тилхати-ку!..

Шундай дедим-у, дарров рангимнинг қони қочди. Кўз ўнгимда тишлари қинғир-қийшиқ, ёқаси совун кўрмаган каби доим кир-чир кўйлакли, гапирганда оғзидан нос ҳиди уфурувчи Сотим гавдаланди. У бир неча йил олдин бизга мана шу каталакдеккина уйни сотган, аммо пулни олибоқ қаергадир номаълум тарафга қочиб қолган. Пулни олаётиб, мана шу тилхатни қолдирганди…

Аччиқ ва аламли хотиралар миямга урилиб, юрагим сиқилди. Пешонам тиришиб, муштларим тугилди. Оёқларим ўзимга бўйсунмай, беихтиёр дераза томон юрдим.

— Эсингиздами, биз ўшанда жудаям бахтиёр эдик? — сўради Сусанна йиғи аралаш дардимга дард қўшиб. — Уйли бўлдик, энди кўчманчилардек ҳаёт кечирмаймиз, бировдан кам еримиз қолмади, бошимизни баланд кўтариб яшаймиз деб роса қувонгандик. Азбаройи ҳовлиқиб қолганимиздан шу ярамаснинг бир оғиз ваъдасига ишониб катта пулниям қўлига тутқазворгандик!..

— Бас! — гапни кесдим бошимни чангаллаб. — Эсимда-а, эсимда!.. Нима қилай? Қай гўрдан топай уни?

Шундай дейишга дедим-у, юрагимни қайтадан ваҳима босди. «Бир кун келиб уйини тортиб олса-чи? Пулларимизни қайтариб бермаса-чи?» деган ўй вужудимни кемира бошлади. Шу ўй таъсирида ўзимни омонат бир буюмдек ҳис эта бошладим. Айниқса, Сусаннанинг қаршисида ўта ожиз, нотавон бандага айланиб қолгандек бўлдим. Тўғри-да, унга уйланаётганимда, кейинроқ ҳам қоп-қоп ваъдалар бердим. Ҳеч нарсадан кам кўрмай яшаши муқаррарлигига ишонтирдим. Аслида-чи? Аслида бунинг акси бўлиб чиқди. Мен бировнинг ойдек қизини бегона шаҳарда сарсон кезишга, қийинчиликлар, хўрликлар қаршисида бош эгишга маҳкум қилдим. Мени деб қай кўчаларга кирмади, не-не маломатларни бошдан кечирмади…

Нима қилай? Қайдан топай Сотим каззобни? Топсам нима бўлади? Қачон бу уйни расмийлаштириб беради-ю, яна бир тоғни елкамдан итқитиб ташлайман?

— Сен… Қайғу чекма, жоним, — бўларим бўлиб турса-да, ўзимда куч топиб Сусаннани овута бошладим. — Уни албатта топаман. Қочиб қаергаям борарди? Ундайларгаям Худонинг боққан балоси бор, ишон! Ҳаммаси яхши бўлади. Биз барибир ютиб чиқамиз…

— Мен сизга ортиқча юк бўлдим-да, — деди Сусанна йиғидан ўзини тиёлмай. — Агар мени учратмасангиз, уй-жойи бор бирор ўзбек қизини топардингиз. Манавинақанги сарсон бўлиб юрмасдингиз. Ҳар кунингиз асабий кечмасди.

— Етар! — дея унинг лабларини кафтим билан ёпдим. — Сен жинни бўпсан! Минг марта айтганман аёл кишига вассал бўлиш менга хос эмас деб! Ё эсингдан чиқдими? Мен-чи, аёлнинг миннатини ҳеч қачон кўтара олмайман. Қийналиб ўлсам ўлсам ўламанки, ўз кучим билан мақсадга эришишни хоҳлайман.

— Кечиринг, буёғини ўйламабман, — деди Сусанна дардли жилмайиш қилиб. — Сизга ишонаман. Бир кун келар, албатта ниятларингизга етасиз.

— Бўпти, сизлар ўтириб туринглар, — дея кетишга чоғландим мен. — Ўша ифлосни яна қидириб кўрай-чи! Балки топа оларман. Агар ер остига кириб кетмаган бўлса, албатта!

— Йўқ, ҳозирмас, — йўлимни тўсди Сусанна. — Яхшиси, кечқурун боринг! Ундайларни кундузи чироқ ёқиб ҳам тополмайсиз. Ишга боринг, ишланг, кеч тушгандан кейин бориб келаверасиз!

— Шунақами? Хўп, унда нонушта қилайлик! Ишга кечикмай!

Сусанна секин келиб бир муддат кўксимга бош қўйиб турди-да, шу орада Қобилжоннинг юзидан суйиб ўпганча нонушта тайёрлаш ҳаракатига тушди.

Биламан. Сусанна қачон юракдан севинса, нимадандир кўнгли тоғдек кўтарилса, ҳеч қачон мана шундай кўксимга бош қўйиб эркаланишни канда қилмайди.

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ