Энди Ўзбекистонда минилган эски автомобилни топшириб, янгисини олиб кетиш мумкин

0

7 июнь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида «Ўзавтосаноат» акциядорлик жамияти вакиллари иштирокида «Ўзбекистонда автомобилсозликни ривожлантириш стратегияси» мавзусида брифинг бўлиб ўтди. Бу ҳақда агентлик хабар бермоқда.
«Ўзавтосаноат» стратегик режалаштириш дирекцияси бошлиғи Рустам Қодиров Ўзбекистон автобозорида trade-in амалиёти татбиқ қилинишини маълум қилди.
«Мамлакатимизда автомобиллардан фойдаланиш бўйича янги тизим жорий этилиши режалаштирилмоқда, — деди Рустам Қодиров. — Масалан, сизнинг машинангиз бор, 3-5 ёки 10 йил мингансиз, уни янгиламоқчисиз. Лекин янги машина сотиб олиш учун пулингиз камроқ бўлиши мумкин. Шунда сиз эски, яъни ҳозир миниб юрган машинангизни дилерга олиб бориб топширасиз-да, янги автомобиль ўртасидаги фарқни тўлов қилиб, алмаштириб кетаверасиз, янгилаб оласиз».
Қайд этилишича, бу тизим янги автомобиллар савдосини кучайтиради. Шунингдек, аҳоли ихтиёридаги автомобиллар паркини яхшилаш имконини беради.