Эктор Купер: «Менинг фалсафам: йиқилсанг ҳам ўрнингдан туриб, йўлда давом эт»

0
Эртага Ўзбекистон миллий терма жамоаси Сурияга қарши баҳс олиб боради. Мазкур ўйин олдидан ташкил этилган матбуот анжуманида Сурия терма жамоаси бош мураббийи Фажр Иброҳим қатнашди.

«Сурия терма жамоаси ҳозирда ўтиш даврини бошдан кечирмоқда. Биз таркибда бир қатор ўзгаришларни амалга оширдик. Миллий терма жамоага олимпия терма жамоасидан бир қатор ёшларни жалб қилдик. Асосий мақсадимиз бўлажак Жаҳон чемпионати саралашида муваффақиятли иштирок этиш. Ўзбекистон терма жамоаси Осиёнинг кучли терма жамоаларидан бири. Биз Ўзбекистон иштирокидаги сўнгги иккита учрашувни томоша қилдик. Терма жамоангизда кучли ҳужум чизиғи мавжуд. Ҳимояда ҳам ўзбекистонликлар яхши ўйин намойиш қилишмоқда. Шунингдек, футболчиларнинг жисмоний ҳолати ҳам яхши даражада эканини алоҳида таъкидлаб ўтган бўлардим. Шунга қарамай, биз эртага чиройли ва мазмунли ўйин намойиш қилишга ҳаракат қиламиз», – деди Фажр Иброҳим.
Анжуманининг иккинчи қисмида Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Эктор Купер иштирок этди.
«Сурияга қарши ўйин сентябрь ойида бошланадиган Жаҳон чемпионати саралаш баҳсларидан олдин сўнгги учрашув. Шу сабабли эртанги ўйинда иложи борича кўпроқ футболчиларни амалда синаб кўришга ҳаракат қиламиз. Ўйин услубимизда ҳам баъзи ўзгаришларни амалга оширамиз. Туркия ва КХДР терма жамоаларига қарши ўйинларда йиғинга жалб қилинган 26 нафар футболчидан 22 нафарани майдонга туширдик. Биз тажрибали футболчиларнинг нималарга қодир эканини яхши биламиз. Шу сабабли кўпроқ ёш футболчиларни синаб кўришга аҳамият қаратмоқдамиз. Сурияга қарши ўйинда фақат чиройлик ўйин билан кифояланмай, ижобий натижага ҳам эришмоқчимиз. Туркия ва КХДР терма жамоаларга қарши ўйинлардан ўзимиз учун тегишли хулоса чиқариб олдик. Энди Сурияга қарши ўйиндан кейин якуний хулосага келамиз. Футболда кўп нарсани олдиндан режалаштириб бўлмайди. Жароҳатлар, турли кутилмаган ҳолатлар рўй бериб туради. Биз ўз мақсадимиз сари илдам ҳаракат қиляпмиз. Менинг фалсафам шундай: йиқилсанг ҳам, ўрнингдан туриб, йўлда давом эт. Муаммо ҳамма ерда бўлади. Муаммосиз ишлаб бўлмайди. Биз йўлимизда учраган муаммоларни бартараф этиб боряпмиз. Ҳозирча ҳаммаси яхши кетмоқда», – деди Эктор Купер.
loading...