ШАЙТАНАТ… (59-қисм)

0

 

 

* * *

 

Онаси унга: «Умид билан яшагин, қизим, Худо хоҳласа ҳаммаси яхши бўлиб кетади», деб қайта-қайта уқтирди. Зайнаб онасини ранжитмаслик учун «хўп» деб қўя қолади.

«Нимага умид қилай, нима яхши бўлиб кетади?» деб ўзига ўзи қайта-қайта савол беради. «Менинг умидларим аллақачон жон берган, кўмилган. Ёки ҳаётда бир умид ўлгач, бошқаси туғилиши мумкинми? Юрак шунақа бевафоми? Ўзи йиллаб ардоқлаб келган бир умидни бўғиб, бошқасига жой бераверадими? Мен энди нимага умид қилай?

Яна ҳомиладор бўлишни, туғишни… бола ўстиришними? Ҳаёт шундангина иборатми?

Туғиласан… туғасан… ўласан…»

Зайнаб ёлғиз қолган кезлари кўпинча шуларни ўйларди.

У тўлин ой ва осмон сингари топишмоқни истаган эди. Энди осмони тўлин ойсиз тунд бўлиб қолган дамда нимага умид қилсин? Бу осмонга янги ой чиқишигами? Бу осмонга янги ой ярашарми экан?

Зайнаб онасигагина ачинарди. Ўлмай қолганини ҳам онасининг бахтидан деб биларди.

«Худо онамни авайлаб, мени у учунгина сақлаб қолди», деб ўйларди. Кейинги ювошлиги, мўъминлиги ҳам онаси туфайли эди. Онаси айтгани учун, оёғи тортмаса-да,

Элчинга қўшилиб келди.

Орадан кунлар ўтар, Элчин гўё Зайнабнинг ўша гапини унутгандай, йўқ, худди эшитмагандай эди. На бир ҳаракатида, на бир гапида ўша воқеага ишора қилди. Бу Элчин учун осон эмасди. Ўша гап унинг юрагидан тош бўлиб жой олган, бу тошни эритиш эса мушкул эди. Зайнабнинг нима сабабдан шундай деганини англаш учун кўп ўйларди. «Балки хиёнат қилгандир, лекин буни айтишдан мақсади нима?» деган саволга жавоб топиш учун хаёлнинг минг бир кўчасига кириб чиқарди.

Элчин ҳадеб уйда ўтирмаслик учун маданият уйига ишга кирди. Мусиқа тўгарагига номигагина раҳбар эди, аслида тўйма-тўй юрувчи гуруҳи билан шуғулланарди. Шарт шу эдики, маданият уйи бирон тадбир ўтказса, улар ҳаваскор ишчилар сифатида иштирок этиб беришарди. У Зайнаб ўзига келиб олсин, деган фикрда бўш кунлари ҳам «ишга кетяпман», деб уйдан чиқиб кетарди. Унинг навбатдаги янглишиши ҳам айнан шу эди.

Зайнаб учун ёлғизлик азоб саҳросида сарсари тентираш каби эди. Гарчи Элчин билан бўлганида юраги эзилиб турса-да, унинг кўчага чиқишини истамай қолган, аммо «мен билан уйда ўтиринг», дейишга тили бормас эди. Фақатгина Мардона келадиган кунигина

Элчиннинг чиқиб кетишини хоҳларди. Фақат Мардонагина унга лаззат олиб келарди. Мардона келишидан бир кун аввал унинг вужуди зирқирай бошларди. Ҳамшира келиб, эмлагач, оғриқ таққа тўхтар, юрагидан ғубор ҳам кўтариларди. Мардонадан қизиқ-қизиқ ҳангомаларни эшитиб, мириқиб куларди.

Элчин Мардонани дастлаб кўрганидаёқ ёқтирмай қолган эди. Ўрни келса айтаман, деб юрган кезлари уйга кийимини алмаштиргани кирди-ю, Зайнабнинг шодон кулгисини эшитди.

Бу кулги Элчин учун тансиқ эди. Шу боис ҳамширанинг келишига монелик қилиш фикридан қайтди. Бу унинг яна бир навбатдаги янглишиши эди.

Мардона эндиги келишида эмлаб бўлганидан сўнг, Зайнабнинг баҳри-дили очилган дамда сумкасидан видеокассета чиқарди.

— Бир танишимникига кирувдим, зўр кино деб берди. Бирга кўрмаймизми, қанақа бало экан? — деди у. Зайнабга бу таклиф маъқул келди. Чунки уйидаги кассеталарни уч-тўрт мартадан кўриб бўлган эди.

Бир неча дақиқадаёқ филмнинг «қанақа бало» экани маълум бўлди. Мардона тўхтатармикин, деган маънода Зайнабга ўғринча қараб қўйди. Дори таъсиридан ақлига қулф урилган, лаззат булоғида чўмилаётган жувон телевизорни ўчирмади. Мардона ҳар эҳтимолга қарши:

— Вой ўлайин, вой шарманда! — деб қўйди.

Зайнаб унга қараб бир кулимсиради-ю, яна томоша билан овора бўлди.

Номи «чет эл бадиий филми» бўлган бу томошада киши ақли билан ўйлаб топиш мушкул бўлган беҳаёлик, шармандаликнинг беадад турлари мавжуд эди. Филм ўрталаганда Мардона Зайнабга яқин сурилди. Аввал елкасига ўнг қўлини ташлаб ўзига тортди. Сўнг чап қўли билан кўкрагини ушлади. Зайнаб бир силтанди-ю, кейин дугонасининг қилиғи ёқиб, қаршилик билдирмади.

Бу ҳолва эди.

Бундан бешбаттари филмдан сўнг бўлди.

 

***

 

— Эрингиз тўйдами? — деб сўради Мардона.

— Ҳа, — деди Зайнаб энтикиб.

— Бир жойга бормаймизми?

— Қаёққа?

— Сўраманг. Эрингиз маишат қилганида сиз ҳам бир айшингизни сурсангиз, осмон узилиб ерга тушмас.

— Йўқ, шу ерда ўтираверайлик.

— Мен сизга ёмонликни раво кўраманми? Хоҳламасангиз ўтираверинг, мен кетдим.

Ўзим бораман. Буни кўрганимдан кейин жойимда ёта олмайман.

Зайнаб ўйланиб қолди. Аммо бу ўй ақлга урилган қулф зулфини буза олмади. Итоаткорлик билан ўрнидан туриб, кийимини ўзгартирди. У ҳозир чўпон етовидаги қўй ҳолига кирган эди. Унинг кўнгли ниманидир тусарди, у нимагадир етишмоқни истарди. Ўша «нимадир» унинг хаёлини ўғирлаган, фикрлаш йўлларини тамом тўсиб ташлаган эди. Ўша «нимадир» томирида қонни гупиртириб оқаётган қорадори эканини, кўрган томошалари эса руҳини лойқалатиб ташлаганини ҳозир идрок эта олмас эди.

Улар катта кўчага чиқишиб, йўловчи машинани тўхтатишди. Машинада Мардона унинг белидан маҳкам қучиб борди. Мардона айтган кўчага бурилгач, ҳайдовчи «қаёққа юрай?» деб сўради.

— Ҳаммом олдида тўхтатинг, — деди Мардона амр оҳангида.

Машина тўхтаб, Зайнаб тушгач, Мардона ҳайдовчига:

— Ярим соатча пойлаб тура оласизми? — деди.

— Пулига чидасангиз, эрталабгача ҳам туравераман, — деди ҳайдовчи.

— Қойилман, ўғил бола! — деди Мардона.

— Закалат ташлаб кетинг, — деди ҳайдовчи.

Мардона сумкасидан пул олиб унга узатди:

— Сиздақа ўғил бола керак менга, кейин гаплашиб оламиз. — Мардона шундай деб бир кўзини қисиб қўйди.

Улар ҳаммомнинг ҳовузли бўлмасига кирдилар. Мардона патта ҳам олмади. Бировдан «кирсак бўладими, бўшми?» деб сўраб ҳам ўтирмади. Ўз уйида юргандай тўғри кириб борди. Зайнаб «қанақа жой бу ўзи?» дегандай атрофга бир аланглади. Одамларнинг эътиборсиз турганини кўриб, индамай дугонасига эргашди.

Ичкари кириб, эшик зулфини солгач, Мардона стол устида ёпиғлиқ оқ дастурхонни йиғди.

Зайнаб тайёрлаб қўйилган емак-ичмакни кўриб ажабланди. Мардона эса пивони шартта очиб икки пиёлага қуйди-да, манзират қилиб ўтирмай, ичиб юборди. Сўнг:

— Бу ерда пиво яхши кетади, — деб лабини ялади.

Ечиниб, иссиқхонада ўтирдилар. Бу ерда ҳам Мардона уйдаги қилиғини қилди. Бу сафар унинг ҳаракатлари аввалгидай хуш ёқаётган бўлмаса-да, Зайнаб қаршилик кўрсатмади. Сўнг ҳовуз лабига боришди. Бу ерда ҳам Мардона унинг оқ баданини эҳтирос билан силаб, кутилмаганда сувга итариб юборди. Кейин қийқириб кулганича ўзини ҳовузга отди. Икки дугона анча вақтгача қийқириб, бир-бирларига сув сепиб ўйин қилдилар.

Сувдан чиқишгач, Мардона Зайнабнинг елкаларини силаб:

— Буни қара, кумушдек товланиб кетдинг. Бундай бадан катта отарчига хайф… — деди.

Иссиқхонадан сўнг салқинроқ сувга тушиб, руҳидаги лойқа тина бошлаган Зайнаб бу гапни эшитиб, енгил сесканди.

«Кумушдек… товланиб кетдинг…»

Мардона бу гапни айтганда Кумушбибини назарда тутмаган бўлса-да, Зайнабнинг кўз олдида ўзи севган, йиллар бўйи қалбининг тўрида ардоқлаб-асраган мўъмина аёл гавдаланди. Шу аснода ақлини банди этиб турган қулф бузилиб, нималар қилганини идрок эта бошлади. Идрок этгани сайин ўзидан ўзи нафратланаверди. Мардона ундаги ўзгаришни сезиб:

— Ҳм, ўртоқжон, нима бўлди? — деб сўради.

— Иссиқ ёқмади шекилли, — деди Зайнаб бир оз довдираган ҳолда. — Мен чиқиб тура қолай.

— Майли, мен яна бир шўнғиб чиқаман, — Мардона шундай деб яна пиводан симириб, ўзини сувга отди.

Зайнаб тез-тез кийиниб, ташқарига чиқди. Нима қиларини билмай довдираб турганида машина сигнали чалиниб, ҳайдовчининг:

— Мен бу ердаман, — деган овозини эшитди.

Зайнаб аввалига «сен кимсан?» дегандай унга ажабланиб қаради. Сўнг бу ерга шу машинада келганини эслаб, тез-тез юриб бориб, ўтирди-да, «кетдик», деди.

— Опохонимиз-чи? — деди ҳайдовчи.

— Уни қайтиб келиб, олиб кетасиз.

— Пулига чидасалар бўлди. Қайтиб кел, десалар қайтиб келавераман. Қаёққа қараб ҳайдай?

Зайнаб уйига қайтса, Мардона изма-из етиб келишидан хавотирланиб, ота ҳовлисига бормоқни ихтиёр этди.

 

***

 

Мардона эртасига қўнғироқ қилди.

— Ҳа, ўртоқжон, нима бўлди? — деди у ўпкаланиб.

Зайнаб унинг овозини эшитди-ю, юраги ҳаприқиб, юзлари қизариб кетди.

— Сал мазам қочди, — деди у совуқроқ гапиришга ҳаракат қилиб. У кечаги воқеадан сўнг Мардонани кўришни истамай қолган эди. Мардона унинг муомаласидаги совуқликни сезса-да, қувноқ оҳангда давом этди:

— Шундай зўр маишатдан қуруқ қолдингиз. Майиздек бўлиб борардик. Отаси ўпмаган йигитларни кўрардингиз. Сиз учун бугун бошқатдан ташкил қиламиз.

— Йўқ, йўқ, — деди Зайнаб. — Керакмас. Мени бунақа ишларга… бошламанг.

Умуман… энди бизникига келманг.

— Кассетамни олгани борсам-чи?

— Кассета?.. Мен уни мажақлаб, ахлатга ташлаб юбордим.

— Шундай жонон нарсани-я! — Мардона кулди. Зайнаб гўшакни қулоғидан узди.

Аммо жойига қўймади.

— Ўртоқжон, эшитяпсизми? Майли, келма, десангиз бормайман. Лекин уч кундан кейин менсиз туролмай қоласиз. Мени ўзингиз чақирасиз.

Бу гапни эшитиб Зайнаб ажабланди-да, гўшакни қулоғига олиб борди:

— Уч кундан кейин? Нимага?

— Уч кундан кейин дорини қўмсайсиз.

— Қанақа дорини?

— Ўшанда биласиз. Мен гиначи эмасман. Телефон қилсангиз, етиб бораман. Тортинмай чақираверинг.

Бу гапдан кейин Мардонанинг нима демоқчи эканини англагандай бўлиб, Зайнаб қўрққанидан титраб кетди. Билагидаги игна изларига қаради. «Йўқ, йўқ, бўлиши мумкин эмас», деб ўзига ўзи тасалли берди. Лекин унинг бу тасаллиси ўлиб ўлаёлмай, тузалиб тузалаёлмаётган бемор каби эди. У энди ана шу ўлим тўшагидаги тасалли билан куч йиғаётган навқирон гумонга асира бўлди.

«Ҳали ҳаммомдан чиққач, яна бир шармандаликка бошлаб борар экан-да?! Мақсади нима унинг? Наҳот мени шундай шармандалик кўчасидан қайтмас жувон деб ўйласа?

Наҳот мени бузуқ деб ўйласа?! Ўзи-чи? Ўзи шу қадар бузуқми? Мен шу бузуқ билан апоқ-чапоқ бўлдимми? Ҳатто опа-сингил тутинишни фикрладимми? У менинг кимлигимни билади-ку? Наҳот бу шаҳарда Асадбекдан чўчимайдиган бир бузуқ топилса?» Зайнаб шуларни ўйлаб, отасига айтмоқни ҳам фикр қилди. Бироқ, отасининг қаҳридан қўрқди. Яна арқонни пича узун ташламоқни, Мардона билан якка ўзи олишиб кўрмоқни лозим топди.

«Шундай бир шилта билан олишиб енга олмасам, мен Асадбекнинг қизи эмасман!» деб қўйди. Шундай деб катта кетган бўлса-да, Мардона айтган уч куннинг ўтишини хавотир билан кутди. Тасалли билан гумоннинг ҳаёт-мамот жанги шу уч кун бадалида ҳал бўлиши керак…

Учинчи кунга ўтар кечаси уйқусининг тайини бўлмади. Энди кўзи илинганида босинқираб уйғониб кетаверди. Бир маҳал қаттиқроқ бақириб юбориб, Элчинни ҳам уйғотди. «Нима гап, тинчликми?» деган саволга «босинқирабман», деб қисқа жавоб бера қолди. Элчин чарчаб келгани сабабли хотинининг ҳолатига эътибор бермай яна уйқуга кетди.

Асад ойининг ўн беши. Кундузи қуёш тафтидан ҳориган осмонга тўлин ой ҳукм ўтказади. Зайнаб босинқираб уйғонганида Ой дераза рўпарасига келиб, ҳобгоҳни нурга белай бошлаган эди. Зайнаб чалқанча ётиб, Ойга тикилди. «Ой қачондир бир гуноҳ қилиб юзи шармандаликдан доғ бўлган экан. Неча минг, балки миллион йилдан бери бу доғни кеткиза олмайди. Балки Ой одамлардан уялгани учун ҳам фақат кечаси чиқар?

Мен-чи? Бир қадам қолган экан-а… Мени Кумушбибининг руҳи сақлаб қолдими?

Шундайдир. Балки деразадан тушаётган нур Ойники эмас, Кумушбиби руҳининг нуридир?

Қани эди шундай бўлса. Қани эди, Кумушбибининг руҳи ўзимни, уйимни садоқат, поклик нури билан ўраб, ҳимоя қилса. Қани эди. Отабек бегимнинг руҳи эримнинг юрагига муҳаббат оташини берса… Отабек бир туғилиб қолган экан. Энди Отабеклар йўқ.

Кумушбибимнинг заҳарланиб ўлгани бир жиҳатдан дуруст бўлган экан. Агар дунё айланиб ҳозир туғилсамиди… Ҳозир туғилса Кумушбиби бўла олмасди. Ўзи айтмоқчи,

Тупроқбиби бўларми эди… Худди менга ўхшаб… Мен Тупроқбиби эмасманми ахир?..»

Шу каби хаёллар оқимига берилган Зайнаб яна мудради. Сал ўтмай яна уйғонди.

Шу тарзда хавотирланиб кутгани учинчи кунга етди. Аммо хавотири ўринсиз чиқди.

Вужудида ўзгариш сезмади. Мардонани лаънатлади. Кўнглига севинч офтоби мўралади.

Лекин бу севинч нури қора булутлар чокидан аста қараб қўйган офтоб мисоли алдамчи эди.

Кун аср вақтидан ўтганида ҳовли қизиб, ўтириб бўлмайдиган даражага етди. Зайнаб ичкари кириб салқин хонадаги ўриндиққа ёнбошлаб, телевизорни ёқди. Кексароқ бир бахши дўмбира чертиб достон айтарди. Зайнаб бахшиларнинг овозини хириллатиб айтишларини ёқтирмас эди. Шу туфайли телевизорни бошқа каналга олмоқчи бўлди. Бироқ, бахшининг тилидан учган байт уни тўхтатди:

Хазон бўлган боғда гул сўлармикан,

Сўлган гулга булбул кеп қўнармикан…

«Ақлли гап экан, — деб ўйлади у. — «Сўлган гулга булбул кеп қўнармикан…» Худди мен ҳақимда айтилганга ўхшайди.»

Бахши «Барчин» исмини тилга олгач, «Алпомиш» достони айтилаётганини фаҳмлаб, диққат бериб тинглади.

«… Лочин қўнган тўшимга қарғани қўндирмайман…»

Барчин тилидан айтилган бу гап Зайнабни ларзага солди. Салқин уйда ҳаво етишмагандай туюлиб, ташқарига чиқди. Юзига иссиқлик сели урилиб, янада лохас бўлиб,

изига қайтди. Бахши дўмбирани шитоб билан чертиб, достон айтарди.

«… Лочин қўнган тўшимга қарғани қўндирмайман…»

«Лочин ким? Эримми? Йў-ўқ… у лочин бўла олмайди. Бу тўшга лочин қўнмай ўтди. Қарға қўнди…»

Зайнаб Жамшидни эслаб, юраги эзилди. Юрак тўлғоғини кутиб тургандай вужуди ҳам зириллай бошлади. Зайнаб асабини тинчлантириш учун хапдори ичиб ётди. Вужуди бир оз ором топгандай бўлди. Бахтига эри бугун тўйга кетмади. Бирга овқатланиб, сўнг гаплашиб ўтиришди. Зайнаб сабоқдош толиба дугоналарини соғинганини, меҳмонга чорлаш нияти борлигини айтди. Элчин бу фикрни маъқуллаб, «қўлбола ош биздан», деб кўнглини кўтарди.

Мардона айтган ҳолат ярим тунда тўсатдан бошланди. Зайнаб безгак тутгандай титрарди. Кўнгли айниб ўқчирди. Элчин қайнонасини безовта қилгиси келмай, «тез ёрдам»га қўнғироқ қилди. Табиб келиб, лозим текширувини ўтказгач, бир билакдаги игна изларига, бир Элчинга қараб елка қисди. Элчин унинг нима демоқчи эканини англаб, бош чайқади-да:

— Яқинда касалхонадан чиқди. Ҳамшира келиб эмлаб турибди, — деди.

— Қанақа дори, кўришим мумкинми?

— Ҳамшира дорини ўзи олиб келади, — деди Зай-наб инграб.

— Эмлаганидан кейин енгил тортармидингиз?

— Ҳа.

— Нима экан у? — табиб ўйланиб, гарданини қашиди. — Агар истасангиз касалхонага олиб кетай?

— Дўхтир, бу Асадбекнинг қизи, — деди Элчин, унинг қулоғига шивирлаб.

— Мен учун бунинг ҳеч бир аҳамияти йўқ. Мен касал кўргани келган одамман, — у шундай деб қутисини кавлаштириб дориларни танлагач, Зайнабни эмлади-да, кетишга ҳозирланди. — Тинчлантирадиган дори бердим. Ҳозир ухлайди.

Элчин уни кўчага қадар кузатиб чиқди.

— Мен сизни танидим, — деди табиб, хайрлашиш учун қўл узатиб. — Менга шунинг ўзи кифоя эди. Асадбекни эслатиб, ўзингизни пастга урдингиз. Дард «бу Асадбекнинг қизими?» деб суриштирмабди-ку, тўғрими? Нима учун шифо суриштириши керак экан? Паст кетманг, ҳофиз оғайни, сира паст кетманг.

Элчин мулзам бўлиб қолаверди. Уйга қайтиб кирганида Зайнабнинг титроғи анча камайган, нафас олиши ҳам мўътадиллашган эди. Элчин унинг устидаги чойшабни тортиб, тўғрилаган бўлди-да, ўзи диванга ёнбошлади.

Зайнаб уйғонганида вужудини нимадир босиб тургандай ҳис этди. Тунги безгак хуружи чекингани учун оғирликка парво қилмасликка тиришиб, ўрнидан турди-да, чой қўйди, нонушта тайёрлади. Элчин хотинининг ҳаракатларига қараб «анча тузук», деб ўйласада, барибир сўради:

— Ойингни чақирайми?

— Ўзим чақираман. Йўқ, уйга бориб келақоламан.

— Унда олиб бориб қўяман.

— Йўқ, кетаверинг, бирпасдан кейин бораман.

— Сени дорилар ҳам қийнаб қўйди чамамда. Баъзи дардларни баданнинг ўзи ҳам енгиб ташлайди. Ҳадеб дори ичиб қийнаш керакмасдир.

— Тўғри айтасиз, Мардонага бошқа келманг, деганман.

— Дугона сифатида келавериши мумкин.

— Йўқ, йўқ, у менга қанақасига дугона бўлсин. Шунчаки… ҳамшира.

Зайнаб эзгин кайфиятда бўлгани сабабли Элчин гапини калта қила қолди. Ишга отлана туриб:

— Бугун раёнда контсертларимиз бор. Ойингникига борсанг, ётиб қолавер. Эрталаб ўзим хабар оламан, — деди.

Зайнаб итоаткорлик билан «хўп» деди. Эри кетгач, уйни йиғиштириб, онасиникига отланаётганида яна безгак титроғи хуруж қилди. Бу сафар оёқ-қўли акашак бўлиб қолди.

Бу ҳолатидан ўзи ҳам қўрқиб кетди. «Энди ўламан шекилли?» деб ўйлади. Бу ўй уни ҳоли қолдирмай туриб, хаёлига Мардона келди. Азоб исканжасидаги Зайнабга Мардона нажот фариштаси каби кўринди. Унинг кўз олдида шилта қилиқлар қилаётган жувон эмас, жилмайиб турган бокира қиз сифатида кўринди. У безгак титроғига ортиқ дош беролмай, телефон рақамини терди. Мардонанинг овозини эшитиб, азроил жонини қайтиб бергандай суюнди.

— Тез келинг, келмасангиз ўламан, — деди титроқ овозда.

— Сабр қилинг, жоним, ҳозироқ етиб бораман, — деди Мардона.

Чиндан ҳам у тез етиб келди. У кирганида Зайнаб уй бурчагида ғужанак бўлиб олган, бир нимадан қўрққандай титрарди. Мардона уни қўлидан ушлаб турғазиб, сўнг диванга ётқизди. Зайнаб унга мўлтиллаб қаради.

— Ёнимда дори йўқ, — деди Мардона совуқ оҳангда.

— Нимага? — деди Зайнаб.

— Дори берадиган одам «ўзини олиб кел», деди.

Зайнаб аввалига бу гапнинг мазмунини англамади. Тушунгач, кўзларини катта-катта очиб:

— Менга бераётганингиз қорадоримиди? — деб сўради.

— Нима деб ўйловдингиз? — деди Мардона кулиб. — Эмлагандан кейин мазза қилардингизку?

— Шундай деб Зайнабнинг кўкрагига қўл юборди.

Зайнаб ўзида қандайдир куч топиб, бу қўлни уриб юборди-да, ўрнидан турди:

— Ҳайвон! Фоҳиша! Йўқол! — деб бақирди.

Мардона заҳарли жилмайди.

— Бетаҳорат бенамозни бўйнига қўйган экан. Мен ўз хоҳишим билан келмадим. Сиз чақирдингиз, ҳайдасангиз кетаман. Аммо кейин ялинсангиз ҳам қайтмайман. Ўйлаб

кўринг, кўчада машина кутяпти. Бир неча лаҳзада етамиз. Оғриқлардан қутуласиз.

Роҳатланасиз. Роҳат ўрнига азобни яхши кўрсангиз, нима дердим, мен кетдим…

Зайнаб Мардона дарвозага етгунига қадар чидади. Сўнг оғриққа ортиқ бардош бера олмай бақирди:

— Тўхтанг!

Мардона дарвоза остонасида тўхтади. Зайнаб эса бузуқлик остонасида ўзини тўхтата олмади. Унинг остона ҳатлаши Асадбекнинг Красноярда касалхонага ётган кунига тўғри келди.

 

***

 

Машина ўрнидан жилганида биқинига икки мушт тушгач, Анвар ўзини у ёқ-бу ёққа уришнинг фойдаси йўқлигини, ҳақиқат талаб қилса яна мушт емоғи мумкинлигини фаҳмлаб, тинчиди. Унинг ғазабдан ёнаётганини тез-тез нафас олишигина ошкор этиб турарди.

Машинадан тушиб ўзини нотаниш жиннихонада кўрди-ю, ҳайратланди. Қабристон яқинида жиннихона машинаси кутиб турганидан у ажабланмаган эди. ўазаб оташида ёнаётган бўлса-да, бу ишни Холидий усталик билан уюштирганини тушунган эди. «Яна эски тос, эски ҳаммом», деган фикрда ўзини аввалги жиннихонада кўрарман, девди. Бошқа жиннихона унинг учун кутилмаган зарба бўлди.

— Нимага мени бу жиннихонага олиб келдинглар? — деб сўради у, етаклаб келаётган йигитдан.

— Сенга атаб қурилаётгани ҳали битмабди, — деди йигит дўнғиллаб.

— Мен тўғриликча сўраяпман.

— Мен қийшайтириброқ айтяпман.

— Одам эмас экансан.

— Ҳалиги мушт камлик қилдими?

Анвар унинг башарасига бир қараб олиб «Турқи совуқ одамдан илиқ гап чиқармиди», деб қўйди.

Тиббий текширув наридан-бери ўтказилди-да, икки ошёнли иморатнинг биринчи қаватидаги тўрт киши ётишига мўлжалланган хонага бошлаб келишди. Дераза ёнидаги каравотдан тик туриб олиб ўнг қўлини олға чўзган бемор Анвар кириб келиши билан унга қараб хитоб қилди:

— Яшасин, совет жиннилари, ура! — Шундай дегач, у қувониб чапак чалди-да, индамай турган Анварга ўшқирди: — Сен нима учун олқишламаяпсан? Сен совет

жинниларига қаршимисан? Ҳа, ҳа, сен жинни душманисан! — У шундай деб бармоғини бигиз қилганича каравотидан тушаётган эди, Анварни кузатиб келган йигит унга қараб бақирди:

— Жойингга қайт, қимирлама! Бу ҳам ўзингдан, душман эмас. ўиринг десанг, ейсан!

Хитобчи барвасти муштни кўргач, нафаси қайтди. У, гарчи эси оғиб қолган бўлса-да, муштнинг қадрини билар эди.

Хонадаги яна икки бемор индамаслар тоифасидан экан. Кузатувчи чиқиб кетгач, хитобчи яна Анварга қаради:

— Мен билан коммунизмга бормайсанми?

«Битта арбоб, иккита индамас жинни ҳамкорлигида яна қаёққа бориш мумкин?» деб ўйлади Анвар. Саволга жавоб бергудай бўлса бу «арбоб»дан қутула олмаслигини билиб, ўзини индамаслар сафига қўшишни маъқул кўрди. «Арбоб» бир-икки саволига жавоб ололмагач, ўзи билан ўзи овора бўлиб қолди.

Кечки овқатдан сўнг дори-дармонларни қабул қилишгач, ҳамхоналари одобли болалар каби ётиб, уйқуга кетишди. Анвар ҳам ётди, аммо остига тиконли тўшак солингандай ором топмади. Аввал қаддини кўтариб ўтирди. Сўнг туриб, даҳлизга чиқди. Навбатчи ҳамшира ўрнида барваста, ёноғида тукли холи бор аёл катта дафтарга нимадир ёзиб  ўтирарди.

— Нимага чиқдинг, кириб ёт, — деди у қўполлик билан.

— Уйқум келмаяпти, бугун олиб келишди мени. Келажаги порлоқ жиннилардан бўлсам керак. Қўрқманг, қочиб кетмайман.

— Қочиб гўрга борармидинг, бор кириб ёт, бошимни оғритма.

Аввалги жиннихонада ҳам навбатчи ҳамшира уни кириб ётишга ундаган эди. Аммо бу тарзда эмас, ялиниш оҳангида илтимос қилиб эди. Шунда Анвар унга бир шеър айтган, у «яхши шеър экан», деб бир оз суҳбатлашган эди. Анвар гарчи бу хотиндан яхши гап чиқишига гумонда бўлса-да, ўша шеърни ўқигиси келди:

Баҳорда гуркираб авж олган чечак,

Сўлар хоҳ истама, хоҳи сен иста.

Унга ёр на ўтмиш, на-да келажак,

Тупроққа жо бўлиб кетар оҳиста.

Шунинг-чун сўнгги бор куйлайди қумри

Билмам не марсия, билмам не вола.

Ҳей, менинг умримдир чақмоқнинг умри

Бир чақнаб маҳв бўлсам чекмагин нола!

Навбатчи ёзишдан тўхтаб, унга ғалати қаради:

— Нима бало, шоирмисан? — деб сўради, шеър ўқиб бўлингач.

— Йўқ, жинниман, — деди Анвар истеҳзо билан.

— Жиннилигинг билиниб турибди, кириб ёт дедим сенга.

Анвар «хўп бўлади» деди-да, орқаси билан юра туриб яна бир тўртлик ўқиди:

— Ёмғирдан сўнг очилди боғлар,

Энди еллар гирдикапалак.

Астагина титрар япроқлар,

Хайр дема, беозор малак…

Навбатчи аёл сўнгги сатрни нотўғри англаб, қўлидаги қаламни тақ этиб стол устига қўйди-да, ўрнидан турди:

— Қани, кир ичкарига, деяпман! Ҳали мен сенга малай бўлдимми, ҳув турқинг қурсин!

Анвар бу ер шеър ўқийдиган, ҳазиллашадиган жой эмаслигини англаб, шошиб ичкарига кирди. Навбатчи ҳамшира эшикни очиб, то у жойига ётгунича қараб турди.

Анварга алам қилди. Аслида у юракни сиқаётган исканжа азобидан бир дамгина бўлса ҳам қутуларман, деган ниятда даҳлизга чиққан эди. Аввалги жиннихонада айнан шундай бўларди. «Бу ер нима ўзи — жиннихонами ё қамоқхонами?» деб ўйлади у.

Аламдан ҳоли бўлмоқ учун хаёлини чалғитишга уринди. Қўлини болиш қилиб, чалқанча ётганича ўй ўйлади: «Уйимга хабар бергани ким борган экан? Ҳар ҳолда «энг кичик илмий ходим»ни югуртиришади. У бечорагина бўйнини қисиб туриб минғирлайди.

(давоми бор)

Тоҳир МАЛИК

 

 

loading...