Телеграмдаги “совчилар” ёхуд 60 ёшли онасига эр излаётган қиз орзуси

0
Келин танлаш масаласига боболаримиз жуда катта эътибор қаратишган. Зеро, бу масъулият келгуси авлодларнинг маънан ва жисмонан қандай инсонлар бўлиб камолга етишига асос бўлиши билан узвий алоқадордир. Ҳатто Соҳибқирон Амир Темур бобомиз келин танлашни давлат юмушлари билан тенг кўрган. Азалий қадриятларимизга кўра, келин бўлмишнинг етти пушти суриштирилиши, унинг мол-мулкига қизиқишдан юз карра устун бўлган.
Бир дугонам телеграмимда “Совчилик хизмати” каналининг линки бор-йўқлигини сўраб қолди. Жиянини уйлантириш ниятида қиз излашаётган экан. Зиёли оила вакили бўлган дугонамнинг ундай каналлардаги таклифларга ишониши мени ажаблантирди.
Вазиятни ўрганиш мақсадида ана шундай каналлардан бирини диққат билан кўриб чиқдим. Эълонлар бир қарашда рисоладагидек. Агар киши шу йўл билан бахтини топса, нимаси ёмон, дегингиз келади. Бироқ…
Ана шу эълонларни диққат билан ўқиб, уларни жойлаган кишиларнинг маънавияти, ахлоқи, асл мақсадини англаб олиш қийин эмас.
Каналдаги эълонларни бирма-бир ўқийман. Улардан бирида келин қидираётган талабгор унинг гўзал, муомалали, пазанда, ўқимишли, уйли-жойли бўлиши лозимлигини истаяпти. Негаки, куёв бўлмиш ҳаётда жуда кўп нарсаларга эришмоқчи экан. Яъни уйли хотин топса, бундай ташвишдан холи тарзда юксак марралар сари интилармиш.
Бошқа бир эълонда эса келин бўлмиш ташқи қиёфаси кўркам, олий маълумотли, инглиз тилида эркин сўзлаша оладиган, муомала маданияти юқори ва яна қатор замонавий билимларга эга бўлиши зарурлиги кўрсатилган. Ушбу эълон билан танишгач, унинг муаллифи ишга таклиф қиляптими ёки келинликка, деган савол пайдо бўлди.
Эълонлар орасида айниқса, иккинчи рўзғор учун хотин излаётганлар кишини ўйга толдиради. Бундай истаклар кўплаб учрайди. Энг қизиғи, талабгор эркаклар ичида ёши бир жойга бориб қолганлар ҳам йўқ эмас. Жумладан, иккинчи рўзғорга “статус”и остидаги эълонларнинг деярли барчаси кишининг ғашини келтиради. Мисол учун, ана шундай мазмундаги эълонлардан бирида келин бўлмишнинг рус тилини мукаммал билиши, келишган қоматли бўлиши, агар фарзанди бўлса, албатта, уй-жойли бўлиши лозимлиги таъкидланган.
… Фақат ажрашган, Тошкент шаҳрида якка ўзи алоҳида яшайдиган аёллар телефон қилсин, ёшининг аҳамияти йўқ, алоҳида яшамайдиганлар безовта қилмасин, деб ёзади бир “куёв” тушмагур. Бошқа номзод эса алоҳида яшайдиган, уй-жойли аёл излаётгани, ўзи эса уйдан бошқа ҳамма имкониятларни яратиб беришга қодирлигини айтади. Яна бир эълонда: “Хотинимнинг хабари бор, тўйдан кейин битта ҳовлида яшаймиз”, деб ёзилган.
Куёвликка даъвогарлардан бошқа бири иккинчи рўзғорга, дея хотин излаётган экан. “Ўйин учун эмас, ниятим жиддий, мустаҳкам оила қуриш мақсадидаман”, дея иддао қилади у. Ҳатто бир аёл, эри учун иккинчи рўзғорга келин қидираётган экан. У шўрлик: “Эримни мен билан талашмай опа-сингил бўлиб яшайдиган иймонли қиз бўлсин”, дея нола қилади.
Яна бир эълонни ўқиб, тўғриси, кулишни ҳам, куйинишни ҳам билмай қолдим. Унда бир қиз чамаси 60 ёшдаги онасини келинликка номзод сифатида кўрсатар экан, куёв бўлмиш ўзига тўқ, онасини дунё бўйлаб саёҳатларга олиб чиқадиган даражада меҳрибон ва ғамхўр бўлишини талаб қилади.
Хуллас, телеграмдаги “Совчилик хизмати”ни соғлом ақл билан ўқиган киши борки, ҳайратдан ёқа ушлаши табиий. Ачинарлиси, айни пайтда ушбу хизматга иши тушаётганларнинг ота-онаси ҳам бунга табиий қарашмоқда. Бу борада аввало, ёши улуғлар тўғри йўл кўрсатмас экан, муаммо баттар илдиз отаверади.
Дарвоқе, ушбу хизматлар балки кимлар учундир яхшиликка хизмат қилаётгандир.Бироқ гап ор-номус, шарм-ҳаё, ғурур, қадр ва андиша каби масалалар ҳақида кетар экан, бундай юксак фазилатларни оёқ ости қилишга уринганларнинг кўзларига тик қараб: “Бунга асло ҳақингиз йўқ!” деб баралла айтгимиз келади.
Феруза ЭГАМОВА
loading...