МЕНИНГ МАЪЮСГИНА БОЛАЛИГИМ… (9-қисм)

0

 

 

АЙРИЛИҚ

 

Ақлли одамлар ҳадеганда ўтмишга қайтавериш яхши эмаслигини қулоғимга қуйишса-да, барибир хаёлан олис ўтмиш сари талпинавераман. Ўтмишим гўё учқур, сераланга оловга айланиб, мени таъқиб этаверади. Мен бўлсам, бу тилсиз ёвдан қочиш баҳонасида жонажон ва азиз, мукаррам қишлоғим кўчаси бўйлаб ҳаллослаганча чопавераман. Чопганим сайин ичкарилаб боравераман…

Айтишадики, худонинг бандалари пешонасидаги ёзуқни кўради. Пешонасига не битилган бўлса, ўша битиклардан четлашга қурби етмаскан.

Хўш, менинг пешонамга не битиклар битилган?..

Бу саволни кўп бора қоронғи ва зулматга қоришиқ кечаларда гоҳ хаёлан, гоҳ тилимга кўчириб барала сўрадим. Олис-олис осмонлардан-да нарироқ ёқларга хаёлан фарёдлар қилиб ёлвордим, зорландим. Пешонамда қандай битиклар зоҳирлигидан огоҳ этишларини сўрадим…

Ваҳий келди. Акс-садо худди қулоқларим остида жаранглагандек бўлди.

Мен бу ваҳий, акс-садодан пешонамдаги битикларни англагандек бўлдим.

Пешонамнинг бир чети шўрлик, иккинчи чети хўрлик, ўртаси эса жажжигина бўшлиқдан иборат экан.

— Сен бўшлиққа умринг поёнидагина етасан, — дейишди акс-садо олиб келганлар. — Қолган умрингни эса гоҳ чап, гоҳ ўнгдаги битиклар гирдобида ўтказасан…

Ҳа, улар ҳақ. Ваҳий ҳақ. Осмон-у фалак ҳақ. Пешонамнинг чапига ҳам, ўнгига ҳам кўп бор тушганман ва тушмоқдаман.

Илк бор шўрлик таъмини уч яшар эканимда тотиб кўрганман. Ўшанда онам ва отам иблис етагида қолишган экан. Ҳе йўқ, бе йўқ ажрашадиган бўлишибди. Отам тўполон кўтарибди, онам жаврабди. Отам тинчлана олмабди. Онам тинмабди. Интиҳосида суд ҳали бир ёшга тўлиб-тўлмаган синглимни отамга, мени онамга ажрим қилиб берибди…

Эс-эс биламан. Онам мени олиб моможоним, бобожонимнинг ҳузурига келганди. Кунларнинг бирида уйимиз олдига каттакон юк машинаси келиб тўхтади. Машина тўла одам онамни ўртага олишди-ю, жўнаб қолишди. Мен бўлсам, машинанинг, онамнинг ортидан қон йиғлаганча қолавердим…

Кейинчалик моможоним гапириб берган.

Онамни ўгай отам уйига олиб кетган экан.

Мен ўгай ота нелигини тушунмасдим.

Бош силкиб қўя қолибман.

 

 

МОМОЖОНИМНИНГ МАЗАЛИ ҚАЙМОҚЛАРИ

 

 

Момом ҳам, бобом ҳам мени жондан ортиқ кўришарди. Сал инжиқлансам, бобом ўзининг ка-аттакон эшагига миндираркан-у, далаларни, қишлоқ кўчаларини сайр қилдириб келаркан.

Эрталаблари эса момом олахон сигиримизнинг сутини сепараторга қуярдида, айлантирадиган тутқичини айлантираверарди, айлантираверарди…

Мен бўлсам, момомнинг ёнидан бир қадам ҳам нари жилмасдим. Ўша паллада ҳеч ким мени жилдира ҳам олмасди.

Негаки, момомнинг сепаратордаги сутни қаймоқ қилиб бўлишини кутардим. Раҳматли, гўринг нурга тўлгур моможоним сепаратор қозончасидаги сут интиҳосига етгач, оз-оздан қаймоқ ёпишган лаппакчаларни олдимга қўярди. Лаппакчалар жудаям кўп эди. Маза қилиб қаймоқхўрлик қилардим.

— Илойим умринг шу қаймоқдай оқ, мазали кечсин, — дея дуо қиларди моможоним бошимни силаб. — Сени етим қилиб қўйганларнинг уйгинаси куйсин илойим!..

Моможоним бу ёруғ дунёни ташлаб кетгандан кейин ҳам кўп бор қаймоқ ялаганман. Гоҳ дўкондан олиб ялаганман. Гоҳ синглим илинган бир коса қаймоқни паққос туширганман.

Афсуски, буларни моможонимнинг қаймоғига сира тенглай олмадим. Момом тутқазган қаймоқнинг мазаси ўзгача эди. Дардли-дардли, аммо самимийдан-самимий дуоларга лиқ тўла эди у қаймоқ.

Худойимдан сўрайман, илойим момом, бобом, отам-у онамнинг қабрлари абадул-абад худди ўша момом менга тутқазган қаймоғи каби оппоқ нурларга лиқ тўлиб турсин! Бу нурларга беланиб қолишсин! Моможонимнинг қаймоғи ҳақидаги хотиралар менга ҳамроҳлигича қолиб кетсин!

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

 

 

loading...