ШАЙТАНАТ… (67-қисм)

0

 

 

* * *

 

… Атрофга шом қоронғуси бостириб келадир. Кеч кузнинг изғиринли нафаси сочларини аста тўзитадир. Жувоннинг вужудини эса хуфтон зулумоти босадир, юраккинаси музлайдир, танаси совуқданми ёхуд ўлим шарпасининг қўрқувиданми енгил титрайдир… Кумушбиби бўлмоқни орзу этган бокира, инжу орзулари лойга қоришган Тупроқбиби, унданда баттар қавмда сўнгги нафас сари борадир…

Отасининг кўзлари «Сен ҳур қизлар билан бирга бўласан», деди. Лекин Зайнаб ўзидайин шармандани ҳур қизлар қаторларига олмасликларини билади. Аммо бундай ҳолларда астойдил тавба қилмоғи, ҳаётдан кўз юмар арафасида бир мартагина бўлсин пешанани саждага олиб бормоғи лозимлигини билмайди. Билганида эди, титроқ бармоқлари отаси ташлаб кетган арқондан сиртмоқ ясамоққа уринмаган, Яратганнинг омонатига хиёнат қилмоққа тайёрланмаган бўларди.

Отаси арқон ташлаб кетди. Отасининг мақсадини бир қарашдаёқ англади. Доридан карахт бўлган, шармандали воқеадан чайқалган ақли ўйламоқдан, мулоҳаза юритмоқдан ожиз эди. У фақат бир нарсани идрок этди — отасининг ҳукми мутлақ тўғри! Аслида Зайнаб шармандали уйда, кийинаётган маҳалида ўзини-ўзи ўлим жазосига ҳукм этган эди. Отаси бу ҳукмни қандай ижро этишни кўрсатди халос…

Сиртмоқ ясаётган бармоқлари бирдан тўхтаб, ярим юмуқ кўзлари очилди. Уй бурчагига тикилиб қолди. Гапирай деса тили айланмади. Ўлимга шайланаётган жувоннинг уй бурчагида елкасига хуржун ташлаган қора хотинни кўриб қўрқиб кетиши сиз учун ажабланарли ҳол туюлар. Агар бу қора хотин унинг кўзига жон олғувчи Азроил сифатида кўринган бўлса-чи? Бу хотин айнан бугун эрталаб нон тилаб келган, сўнг ақлни лол қолдирадиган тарзда кўздан йўқолган бўлса-чи?!

«Чиқиб кетувди-ку? Уйга яна қандай кириб олди? — деб ўйлади Зайнаб. — Эрталаб қўлида чақалоғи бор эди. Боласи қани, қаёққа ташлаб келди?»

… Чиндан ҳам қўлида кир латтага ўралган чақалоғи бор эди…

Зайнаб эрталаб баданидаги оғриққа шифо топиш илинжида Мардонага қўнғироқ қилишдан олдин ўзини енгишга уриниб, хаёлини чалғитиш мақсадида кўчага чиқди. Биронта қўшни аёлни учратсам, озгина лақиллашиб турсам, оғриқ чекинармикин, деб ўйлаганди. Қўшнилар билан айтарли кирди-чиқди қилмайдиган Зайнаб шу тобда уларни кўргиси келди. Ҳар куни эрталаб кўча супуриш баҳонасида бошланувчи хотинлар мажлиси озгина танаффусдан сўнг кун ёйилгунча давом этар, сергап хотинларни кўриб, Зайнабнинг ғаши келарди. Ҳар қандай мажлисда танаффус бўлганидек, хотинларнинг кўча издиҳомида ҳам тахминан бир соат давом этадиган узилиш мавжуд эди. Бу вақт мобайнида хотинлар эрларини ишга, болаларини мактабга, боғчага кузатишиб яна кўчада пайдо бўлишар, «миш-миш халта», «ғийбат тўрва»лар баралла очилиб, бити тўкилиб яйраган одамдай ҳузур қилишарди. Уларнинг анжуманлари болаларидан бирининг мактабдан қайтгунига қадар ҳам давом этиши мумкин эди. Бугун «мажлис» қолдирилганми ё барвақт ниҳоясига етганми, нечундир хотинлар кўринмади.

Зайнаб бўм-бўш кўчага қараб тургач, изига қайтди. Ҳовли томон уч-тўрт қадам қўймай, бир овоз уни тўхтатди:

— Янга, ҳов янга, бирпасга тўхтанг, дардингизни олай.

Зайнаб ўгирилиб, дарвоза остонасида турган озғин, қора хотинни кўриб ажабланди: «Ҳозир кўчада ҳеч ким йўқ эди-ку, бу қаёқдан пайдо бўлиб қолди?» Зайнаб ажабланганини яширмаган ҳолда аёлга разм солди: қўлида кир латтага йўргакланган чақалоқ, елкасида хуржун. Киприк қоқмай тикилиб турибди.

Зайнаб уй томон юрмоқчи эди, қора хотин яна тўхтатди:

— Менга қаранг, дардингизни олай.

— Ҳозир пул олиб чиқаман, — деди Зайнаб.

— Пулингиз керакмас. Сизга мен бир гап айтай. Тўйингизда бўлганман. Ўша куни менга биров бир сўм бермади, хор бўлдим. Аммо эрингиз менга кўп пул берди. Бир хотун кўйлаклар берди. Мен дуо қилдим, бу уйдан қарз бўлиб қолдим. Қарзимни узайин деб бир гап айтгани келдим. Дардингиз оғур янга, дардингизни менгина олай, аммо бугун кўчага чиқманг. Худо, денг, дардингиз кетади. Энди сиз менга биттагина нон беринг, дардингизни олай.

Зайнаб ошхонага кириб қутини очди-да, суви қочган яримта бўлкани олиб «назарга илармикин» деган ўйда иккиланди. Сўнг «бошқа нон йўқлигини айтарман», деб изига қайтди. Қайтди-ю, ҳовлининг ўртасида тўхтади: қора хотин кўздан йўқолган эди. Тез-тез юриб кўчага чиқди. Кўча ҳам кимсасиз эди. Яримта бўлкани кўтариб кираётган Зайнабни кўрган Элчин:

— Ҳа, нима бўлди? — деб сўради.

— Гадой хотин кирувди…

— Нон бермоқчи бўлдингми, улар ҳозир нон олармиди, пул бера қолмабсан…

Зайнаб эрига қора хотиннинг гапларини тушунтириб ўтирмади. Элчин кетгач, баданидаги оғриқлар кучайди. Беихтиёр телефон гўшагини кўтарди. Мардонани топди. Қора хотиннинг гапларини унутди.

Айнан ўша қора хотин ҳозир, сиртмоқ тугилаётган дамда уй бурчагида турибди.

Елкасида хуржун, аммо боласи йўқ… Зайнаб унга тикилганича лом-мим демай қотиб қолди. «Қачон кирдинг уйга?» демоқчи бўлди, аммо тили айланмади. Қора хотин эса ундан савол кутгандай, киприк қоқмаган ҳолда ҳаракатсиз тураверди. Бу ҳолат бир неча дақиқа давом этди. Зайнаб ўзини осмай туриб, бармоқларининг жон таслим қилаётганини сезди. Яқингинада сиртмоқ тугаётган бармоқлар энди жонсиздек, ўзига бўйсунмас эди.

«… Агар Азроил шу бўлса, ўзимни осмай туриб жонимни шундайгина олиб қўя қолмайдими?.. «Ўзини осибди» дейилса, одамлар минг хил миш-миш тўқишади. «Тўсатдан ўлибди» деса, «бечора» деб қўя қолишарди. Азроил бўлса нега тикилиб турибди? Шартта чанг солиб, жонимни суғуриб ола қолмайдими? Ё арқонга осилишимни пойлаяптими?

Уйда осганимда бу қора хотин йўқ эди. Шунинг учун тирик қолганмидим? Йў-ўқ… унда ойим қутқариб қолгандилар. Энди… ойим йўқлар… Ҳозир… Ҳозир осаман… Сен қанақа Азроилсан ўзинг, осишимни пойлаб нима қиласан? Ўлимга рози бўлганимдан кейин оладиганингни олавермайсанми?..»

Зайнаб кейинги гапларни бақириб айтмоқчи эди. Бироқ, лаблари сал қимирлади-ю, овоз чиқмади.

Ниҳоят иккала томоннинг сукут билан олишувига хотима ясалиб, қора хотин тилга кирди:

— Нима қиляпсан, ўзингни осмоқчимисан?

Эрталаб қора хотин мулойим эди, энди эса сенсираяпти, овози ҳам дағал.

Зайнаб унинг саволига бош ирғаб қўйди.

— Осиб овора бўлма, сен ўлмайсан.

«Ўлмайсан? Нега? Бу ким ўзи — Азроил эмасми? Ўлмаслигимни қаердан билади?»

— Гапимга тушунмадингми? Ўлмайсан.

— Нега? — Зайнаб ўзининг овозини аранг эшитди. Бу овоз худди бегонадек, тубсиз қудуқ қаъридан эшитилгандек туюлди.

— Мен биламан, сен ўлмайсан, — деди қора хотин киприк ҳам қоқмай, — Сен узоқ яшайсан. Шу қадар узоқ умр кўрасан-ки, яшаш жонингга тегиб ҳам кетади.

«Омонатингни ол!» деб Худога ялинасан. Аммо Худо сенинг нолаларингни эшитмайди.

Ўлимдан қўрқмаётган жувон қора хотиннинг бу гапини эшитиб чўчиди:

— Нега?! — Зайнаб бу сафар баландроқ авжда сўради.

— Сен Худодан узоқлаша бошладинг. Мен эрталаб келиб «Кўчага чиқма» дедимми?

Сен қулоқ солмадингми? Дарвоза остонасини ҳатлаб чиқишинг билан Худодан узоқлаша бошладинг. Энди ҳар қадаминг билан узоқлашаверасан. Сен ҳозир осон ўлим топмоқчимисан? Йўқ, бундай ўлим сенга насиб этмайди. Худо сенга узоқ умр бериб жазолайди.

Зайнаб қора хотиннинг Худодан узоқлашиш ҳақидаги гапларини идрок қила олмади. Бу гапни бошқа пайтда, руҳи тетик дамларда эшитганида ҳам дуруст англамаган бўларди.

Шу ёшга етиб, Оллоҳга яқинлашмоққа интилиб яшамоқнинг нима эканини билмаган, эшитмаган, ҳатто ота-онаси ҳам Яратганни дуруст танимаган одамнинг бу гапларни фаҳм этмоғи мушкул. Зайнабга биров шу пайтгача «Сени Оллоҳ яратган, унга қуллуқ қил, ундангина нажот кут», демаган. У ўқиган китобларининг қули эди, сурурга банди эди, ўз тасаввури билан яратган дунёда шодон яшамоқчи эди. Пойдевори сурурдан иборат ҳар қандай қўрғон ҳаёт деб аталмиш кичик бир палахмон тоши тегиши билан яксон бўлишини ўйлаб ҳам кўрмаганди. Ўзининг тасаввури билан яратган дунёси эса тутундан иборат, ҳаётнинг енгилгина шабадасиёқ уни тўзитиб юбориш кучига эга эди. Шундай бўлди ҳам. Бу сурур, бу алдамчи дунё уни шу сиртмоқ сари етаклаб келди. Қора хотин эса «узоқ яшайсан, қийналиб ўласан», дейди. «Нимага бунақа дейди? Мени лақиллатмоқчими? Битта тугун тугсам бўлди. Кейин осаман. Узоғи билан уч дақиқа кифоя…»

Ҳа, уч дақиқа кифоя эди. Зайнабга айнан шу уч дақиқа етмади. Телефоннинг қаттиқ жиринглаши қора хотиннинг гапларини тасдиқ этгандай бўлди.

 

***

 

Олмония сари учиб бораётган Манзура ўзини дорбоз каби ҳис этарди.

Уч йил аввал Асадбек икки ўғлини хорижга ўқиш учун юбориш ҳаракатига тушганида қувонган эди. «Ўғилларим оталари сингари қил кўприк устида яшамайдиган бўлишади», деб Худога шукрлар қилди. Асадбек тўнғич ўғил туғилганидаёқ «Мен буни ўқитиб, зўр одам қиламан», деганди. Орадан йил ўтиб кейинги ўғил дунёга келганида ҳам шу аҳдини айтди. Бу мақсадини тез-тез такрорлаб турса-да, Манзура ишонқирамас эди.

Фарзандлари улғайгани сайин «от ўрнини той босмаса эди» деб чўчирди.

Унинг хавотири ўринсиз эди. Асадбек фарзандларига қаттиққўл бўлмаса-да, эркалатмади, ўқишини назорат қилди. Яхши муаллимларни ёллаб, ўғилларининг вақтни бекор ўтказишига йўл қўймади. Фурсат етгач, иккала ўғлини олдинма-кейин Москвадаги ўқишга киритди.

Бир томондан зарнинг кучи, иккинчи томондан болаларнинг идроки зўр келиб, Олмонияда ўқиш имкони туғилиши билан бу имкониятдан бетўхтов фойдаланилди.

Ўшанда қувонган Манзура ўзини дорбоз ҳолига тушажагини фаҳмламаган эди. Жуда баланд тикилган, соғинч деб аталувчи бу дорнинг бир томонида ўғиллари, бир томонида эри билан қизи. У эса уқувсиз дорбоз, қўлида лангар чўпи ҳам йўқ. Дорнинг ўртасига келиб олиб, дам олдинга, дам орқага қарайди…

Уйдан чиққанидан бери юраги ғаш. Эри касал, қизининг юзларидан қон қочган, кўзларига хасталик булути кўланка солган. Қизи сездирмасликка ҳаракат қилади. Лекин онанинг юрагини алдаб бўлар эканми?

Бормайин деса, у томонда ўғиллари… Баҳона қидирса эридан балога қолади. Борайин деса…

Учоқ булутлар ҳамласидан юлқиниб чиқиб оҳиста суза бошлагач, учоқ бекаси патнисдаги биллур қадаҳларда ичимлик тутди. Манзура калта кўйлакли бекага «бу нима?» деган маънода қараган эди, у изоҳ берди:

— Пепси-кола, пиво, вино.

Манзура: «Керакмас, ичмайман», дегандай бош чайқади. Шу пайтгача қош-кўзларига зеб бераётган ёш жувон бўйин чўзиб патнисга қаради-да:

— Пиво кимники, финларникими? — деб сўради.

— Москваники, — деди учоқ бекаси.

— Вино-чи?

— Вино ҳам.

— Фу, — деди жувон, кейин Манзурадан илтимос қилди: — Пепсини узатиб юборинг.

Манзура «пепсиси қайси бири экан?» деб ўйланиб ўйига етгунича жувон унинг шундай тумшуғи остидан қўлини узатиб қадаҳлардан бирини олди. Сўнг ярмини ичди-да, сумкасидан япалоқ шиша идишни олиб, қопқоғини очди. Манзура унинг ҳаракатларини кўз қири билан кузатди. У япалоқ идишдаги ичимлик хориж коняги эканини билмас эди.

Конякдан пепси-кола устига қуйилиб, сумкадан бир қаричли найча чиқарилиб, симира бошлангач, Манзура киноларда кўрганини эслаб, хонимчанинг коктейл ичаётганини фаҳмлади. Манзура бунақа ҳолатни ҳаётда энди кўриши эди, шу боис «кинода кўрсатадиганлари тўғри экан-да» деб қўйди. Манзуранинг у билан гаплашиш истаги йўқ эди. Хонимчанинг қилиғи ёқмаганидан ёки русчани яхши билмаганидан эмас, балки хаёл ипининг бир учи эрида, қизида, бир учи ҳадемай учрашиши лозим бўлган ўғилларида бўлгани сабабли ҳам унга жим кетиш маъқулроқ эди. Баъзилар руҳи безовта пайтда ким билан бўлса бўлсин, суҳбатлашиб хаёлини чалғитишга, шу йўл билан руҳнинг эзувчи тўрларидан қутулиб чиқишга уринади. Манзура ундай тоифадан эмас. У ҳар қандай руҳий азобнинг муте чўриси. Сафарга отланганидан бери шу чўрилик либосида.

Ичимлик симириб бўлингач, хонимча сумкасидан сигарет чиқариб, бирини лабига қистирдида, сўнг қутини Манзурага узатиб, илтифот қилди:

— Олинг, чекинг!

Манзура чекувчи аёлларни кўрган-у, аммо «қачондир, кимдир менга ҳам чекишни таклиф қилар», деб ўйламаган эди. Шу боис ҳамроҳининг таклифини дарров англамади.

— Чекасизми? — деб сўради хонимча унинг дарров жавоб бермаганидан ғаши келиб.

— Йўқ-йўқ, — деди Манзура, ҳижолат бўлиб. Унинг бу ҳоли зимдан кузатилса, чекмагани учун уяляпти, деб ўйлаш ҳам мумкин эди.

Хонимча «чекмасанг баттар бўл», дегандай бир чимирилгач, сигарета тутатди. Дам ўтмай учоқ бекаси келиб:

— Аерофлот қоидасига кўра салонда чекиш мумкин эмас, — деди.

Хонимча унинг гапларига эътибор қилмади.

— Сизга айтяпман! — деди бека, қатъийроқ оҳангда.

— Тупурдим ўша аерофлотингга ҳам, қоидасига ҳам, — деди хонимча. — Бор, ишингни қил, менга халақит берма. Мен текинга учмаяпман. Пулини тўлаб қўйганман. Қандай хоҳласам, шундай учаман.

— Қоидани бузганингиз учун қўнган еримизда жарима тўлайсиз.

— Вой, вой, қўрқитиб юбординг-ку, қўнган еримизда, агар истасам, самолётингга қўшиб ўзингни ҳам сотиб оламан. Ўлаётган пайтингда ҳам оёғимни ўпиб ўласан.

— Безбет экансиз!

— Бор, ишингни қил, аммо кимлигингни унутма!

Учоқ бекаси бу бало билан баҳслашишнинг фойдаси йўқлигини билиб бир нима деб пичирлаганича бурилиб, нари кетди. Манзура унинг нима деганини эшитмаган бўлса-да эркаклар айтадиган ширин сўзлардан эканини фаҳмлаб, лабини тишлади. Хонимча ҳамроҳи эса бу сўзларни овоз чиқариб айтиб қўя қолди. Кейин япалоқ шиша чиқарилиб, икки қултумгина ичилгач, Манзура суҳбатга тортилди.

— Бу ювуқсизлар қачон одам бўларкин, а?

Манзура нотаниш аёлларнинг орасига тушмоқни лозим кўрмади, индамай ўтираверди.

Хонимчага ҳозир эшитгувчи қулоқ керак эди, шу боис Манзуранинг саволига жавоб бермагани андак ғашини келтирган бўлса-да, гапини давом этди:

— Худога шукр, булардан қутуладиган бўлдим, — у думалоқ дераза оша пастга қараб қўйиб, хитоб қилди: — Хайр, ювуқсиз Россия!

Манзура бу гапни эшитиб, сесканиб тушди. У ватанпарварлик, Ватанга садоқат, муҳаббат деган баландпарвоз гаплардан узоқ эди, аммо айни чоқда ўз юртига нисбатан бундай дейиш мумкинлигини ҳазм қила олмай, ҳамроҳига савол назари билан қаради. Хонимча бу қарашнинг маъносини уқиб, изоҳ берди.

— Бу менинг гапим эмас, Гогол деган ёзувчи ўтган, эшитганмисиз? У Россияни ташлаб кетаётганида шундай деган.

Тарихдан, хусусан Гогол тақдиридан хабардор одам унга жавобан «Эй нодон, Гогол киму сен кимсан, ўзингни кимга тенглаштиряпсан? Бу гап айтилган замон қайда-ю, бугунги замон қайда?» деган бўларди. Манзура эса бу тарихдан бехабар бўлгани сабабли «Гогол дегани ҳам ғалати экан-да» деб ўйлади. У ҳамроҳининг асл мақсадини англамади. Юртини ташлаб кетаётган бу хонимча шу гапи билан рус бўлмаган аёлнинг кўнглини қитиқламоқчи, уни ўзига ҳамдард қилиб олмоқчи эди. Унинг мўлжалича, Манзура бу гапни эшитгач, «Ҳа, чиндан ҳам ювуқсиз, булар фалон, булар пистон…» дейиши лозим эди. Шунда у «Россияни шунинг учун ташлаб кетяпман», деб баҳонасини рўкач қилган бўларди. Лекин кутган гап айтилмади. Хонимча «Булар бир нима дейишга қўрқишади», деб ўйлаб, аччиқланди. Шу топда у гапирмай келаётган аёлдангина эмас, ўзидан ҳам нафратланди: «Менинг қаёққа, нимага кетаётганимни у билмаса, унга тушунтиришим шартми?..»

Одам табиати шундай: баъзан бирон ножўя қадам қўяди-ю, кейин ўзини оқлаш мақсадида баҳоналар излайди. Биров «нимага шундай қилдинг?» деб сўрамаса ҳам баҳоналарини айтишга шошилади. Ўзи тўқиган, аммо ўзи ҳам ишонмаган баҳонага бошқаларни ишонтирмоқчи бўлади. «Иштонсизнинг ҳадиги чўпдан», деб балки шунга айтилар.

Хонимча Манзуранинг қараб туришидан тутоқди:

— Нимага қараяпсиз? Гапим ёқмадими, ё тушунмадингизми?

— Тушундим… лекин…

— Нима, лекин?

— Ўзингиз русмасмисиз?

— Хўш, рус бўлсам-чи?

— Ўзингизнинг юртингизни шундай дейсизми?

— Хўш, чиндан ҳам ювуқсиз бўлса-чи? Хўш, ўзингиз кимсиз, қозоқмисиз, тожикмисиз?

— Ўзбекман.

— Агар Ўзбекистон шунақа бўлса, индамай юраверасизми?

— Худонинг ўзи асрасин!

— Йўқ, сиз менга аниқ жавоб беринг: шу гапни айтмайсизми?

— Тилим кесилса ҳам айтмасман.

— Хўш, нимага? — Хонимча шундай деб қутидан яна бир сигарета олиб, лабига қистирди. — Фақат «Ватанимни севаман» деманг, бунақа гапларни миллиард марта эшитганман.

Манзура нима дейишини билмасди. Нима десин: киндик қоним тўкилган тупроқ мен учун муқаддас, унда ота-онам ётибди, азиз-авлиёлар ётишибди, бир куни ўзим ҳам шу тупроққа қўшиламан, қандай қилиб уни лаънатлаш мумкин? Ўз юртини лаънатлаган тилни кесиб, итга ташланса, ит ҳам бу тилдан ҳазар қилар, емас?

Манзуранинг дилида шу туйғу бор, лекин бундай сўзларни маромига етказиб улаб, айта олмайди. Бироқ, хонимча унга қалтис савол берди, жавоб кутяпти.

— Шундай дейсиз-у, эрта-индин яна шу… ювуқсиз деганингиз жойга қайси юз билан қайтиб келасиз?

— Ким қайтиб келади? Менми? Ўлсам ҳам қайтмасман. Тупурдим бунақа жойга.

— Энди… бу ёқларда яшамоқчимисиз?

— Ҳа. Ўйнашим кутиб турибди. Германияга бораману ундан Парижга учаман. Парижда яшайман!

«Ўйнашим кутиб турибди?» Бу гапни шу тарзда беҳаёлик билан айтилгани Манзурани титратиб юборди. Манзура назоратдан ўтаётганида бу хонимчанинг бир йигит билан қучоқлашиб, ўпишиб хайрлашганига кўзи тушган эди. «Демак, у боёқиш эри… бу ёқда эса ўйнаши… Вой шарманда, ё тавба…» Манзура шундай деб ўйлади-ю, бирдан ёдига Зайнабнинг Элчинга айтган сўзлари ёдига тушиб оёқ-қўлига муз югурди. «Наҳотки менинг қизим ҳам шундай бўлса?!» деган фикр миясига яшин каби урилиб, жонини суғуриб олгандай бўлди.

Жисм оғриса чидаш мумкин, руҳ зада бўлса, эзилса чидамоқ мушкул. Кўзини юмиб, инграб юборганини ўзи ҳам сезмай қолди.

Хонимчанинг бошқа гапирмай жим кетиши бир жиҳатдан яхши бўлса-да, иккинчи томондан Манзурани нохуш хаёллар ҳукмига топшириб қўйди. Омадсизлик-да, агар ҳамроҳи бамаъни бўлса, суҳбат билан овунарди, бу азоблар ҳам йўқ эди. Бундай ҳолларда банда чорасиз. Исломий илмдан хабардор бўлганида ҳам, шайтон васвасаларидан паноҳ излаб, Яратган сари интилар эди. Тангрига солиҳ банда бўлиш тизгинсиз хаёлларга банди бўлишдан қутқарарди. Бундай паноҳ йўқ экан, азобни тортаверади.

У ўзини кўнгилсиз хаёллар панжасидан қутқармоқ учун кўзини очганида хонимча Зайнаб бўлиб кўриниб яна инграб юборди. Шу бўйи яна кўзларини юмганича, то учоқ қўнгунича очмади. Учоқдан тушар маҳалида ҳам хонимчага қарамасликка тиришди. У ўзини ҳам, кўзларини ҳам ҳамроҳидан олиб қочар, аммо аксига олгандай, хонимча дам ёнида, дам рўпарасида пайдо бўлиб қоларди.

Хонимча бошқаларни туртиб-суртиб бўлса-да, назоратдан аввалроқ ўтди. Шунда Манзура унинг ўйнашини кўрди. Камида олтмишни уриб қўйган, кал, малла башара семиз одамни кўриб, «Ўл-а, топганинг шумиди?» деб қўйди.

 

***

 

Манзура келинликка номзодлар ҳам кутгани чиқишса керак, деб фараз қилган эди. Шу сабабли соғинтирган ўғилларини бир-бир бағрига босиб, худди гўдагини эркалагани каби суйиб, ўпаётганида нигоҳи кўз ёшларининг хира пардаси орқали ўша қизларни излади.

Манзура ўғилларини қайта-қайта бағрига босгани билан соғинч саҳросида ташналик азобида қийналган кўнгли қониқмаётган эди. Бу учрашув, бу кўришув саҳро юзига уч-тўрт ёмғир томчиси тушгани каби эди. У фарзандларини бирма-бир қучоқлашга қаноат қилмай қулочини кенг ёйди-да, сўнг жўжаларини икки қаноти остига олиб авайлагандай бараварига қучоқлади.

Кўзлардан оққан соғинч, бахтиёрлик ёшлари тиниб, ҳаяжон тафти сал босилгач, улардан икки қадам нарида ўрта бўйли, қорачадан келган тилла ҳалли кўзойнак таққан одам яқинлашиб, қўлидаги бир даста гулни Манзурага узатди:

— Марҳабо, хоним афандим, хуш келдингиз, — деди у Манзура учун бегона бўлган лутф билан.

— Доктор Худоёр устозимиз бўладилар, — деди Самад, уни онасига таништириб.

— Ёдингиздадир, биз сиз ила телефон орқали сўзлашмак шарафига муяссар бўлган эдик.

Бу ташрифингиз чўх гўзал бўлмиш. Чўх миннатдорман, чўх бахтиёр бўлмишам, хоним афандим.

Манзура бундай илтифотга нима деб жавоб қайтаришни билмай, бош силкиб қўя қолди.

Эрида, хонадони атрофидагиларда бундай лутф бўлмагани сабабли ҳам у жавобга ожиз эди.

Доктор Худоёр учун бу ҳол қоронғу эди. Шу боис аёлнинг бош силкиб қўйишини унинг ҳаяжонига йўйди.

— Абдусамад, иним, сиз юклар ила машғул бўлинг, биз бора турамиз, — деди доктор Худоёр.

Тўнғич ўғлига «Самад» деб исм қўйиб, шу ёшга қадар «Самаджон», деб эркалаб чақирувчи онага «Абдусамад» дейилиши ажаб туюлди. У ўғлининг доктор Худоёрга дастлаб учраб «Исмим Самад» деганида «Ас-Сомад — Оллоҳнинг сифатларидан бири, яъниким, бутун махлуқотнинг ишини битирувчи, барча ҳожатларни сўрайдиган зот, демакдир. Сиз билан биз эса Оллоҳнинг қулларимиз. «Самад» десангиз Худо бўлиб қоласиз.

Исмни тўғри талаффуз этмак жоиздур. Сиз «Самад» эмас, «Абдусамад» сиз», деб танбеҳ эшитганини билмас эди.

Манзура «қизлар кутгани чиқмадими?» деган ўйда атрофга бир аланглади. Унинг фикрини англамоқ учун доктор Худоёрга шунинг ўзи кифоя қилиб, кулимсиради:

— Хоним афандим, узр этмагингизни сўрайман. Сизга пешвоз чиқмак учун қизларни-да таклиф этмиш эдик. Улар ташрифингиздан сарфароз эсалар-да, бунга чиқмоқдан уятдилар. Уларнинг чўх гўзал одоблари вордур. Уларни узр этмак, дуо қилмак жоиздур, хоним афандим. Буюринг хоним, Абдулҳамид, кечинг.

Бундай сўзларни эшитганида Асадбек қандай ажабланган бўлса, ҳозир Манзура ҳам шундай таажжубланди.

 

***

 

Бу шаҳарнинг бошқа ерларга нисбатан орасталиги билан ажралиб туришини ҳар қандай одам йўл-йўлакай билиб олади. Машинанинг орқа ўриндиғида, икки ўғлини икки қаноти остига олиб бораётган Манзура атрофга суқланиб боқмаса-да, буни сезди.

Ғилдиракларнинг дўқилламай, машинанинг чайқалмай, сакратмай оҳиста сузишини, одамларнинг йўл четларида тартиб билан юришларини, озодаликни бир неча дақиқалик сафар чоғидаёқ сезиш мумкин эди.

Олдинги ўриндиқда ўтирган доктор Худоёр шаҳар оралаб юришаётганда орқасига ўгирилди:

— Хоним афандим, биз-да олмонларнинг шул кентинда мусофирлик ичинда истиқомат этмакдамиз. Қаранг, кент чўх гўзалдир. Сизлар буларни нима деб атайсизлар? — доктор Худоёр кулимсиради. — Чириётган капитализмми? Қаранг, қандай чиримакда!

Манзура бу каби сиёсатдан беҳад узоқ бўлса-да, радиодан айтилувчи шунга ўхшаш гаплар қулоғига кириб турарди-ю, аммо мулоҳаза қилиб, фаҳм этишга уринмас эди.

Доктор Худоёрнинг ҳозирги киноясига ҳам тушунмагани сабабли жавоб ўрнига енгилгина жилмайиб қўя қолди. Бу жилмайиш доктор Худоёрга илҳом бериб, шаҳарни мақтайверди. Айрим биноларнинг тарихини ҳам баён қилишни унутмади.

Бир соатлардан сўнг баланд бинолар сафи сийраклаша бошлади. Ана шунда доктор Худоёр изоҳ берди:

— Хоним афандим, Музаффархон Марғилоний жаноблари сизни кент ҳудудидан ташқаридаги виллада кутмакдалар.

Вилла деганлари ғоятда озода боғ, уч қаватли иморат, мармар ҳовуздан иборат эди.

Вилла одам бўйи келадиган панжара билан ўралган, бу қўриқлаш мақсадида ўрнатилган девор эмас, балки кўча ҳамда қўшни вилладан чегаралаб турувчи рамзий тўсиқ эди.

Манзурани Музаффархон аҳли аёли Гулузор бегим билан пешайвонда кутиб олишди.

Ичкарида, шохона безатилган кенг хонада ўндан зиёд эркагу аёл — Олмонияда истиқомат қилувчи ўзбекларнинг юқори табақа вакиллари меҳмон кутиш баҳонасида тўпланган эдилар.

Соҳиб байт лутф қилиб, уларни бир-бир таништирди. Эркаклар енгил таъзим ҳамда жилмайиш билан меҳмонни шарафлашди. Аёллар ўзларигагина хос бўлган қизиқувчанлик, зийраклик билан Манзуранинг кийимига, бармоқларидаги узукларга, бўйнидаги дур-маржонга қараб олганларидан кейин жилмайган ҳолда қўл узатдилар. Бундай маросим, бундай танишувни энди кўриб турган Манзура қандай ҳаракат қилишни, нима дейишни билмай хижолат бўлди, ўзини ноқулай ҳис этди. Доктор Худоёр буни сезиб, таништирув чоғида гап қўшиб, ҳазиллашиб, кулгу уйғотиб, ноқулай вазиятни чекинтиришга ҳаракат қилди.

Манзурани айни чоқда қимтинишга мажбур этаётган яна икки омил мавжуд эди. Бири — уйнинг ҳашами бўлса, иккинчиси — ўзининг либоси эди. Гарчи эрининг давлати буларникидан кам бўлмаса-да, уйлари бу даражада эмасди. Бундай уйларда яшаб ўрганган одамлар Асадбекникига боришса ажабланишлари турган гап эди. Эри бу қадар ҳашамни ёқтирмасмиди, ё данғиллама уй солишдан қўрқармиди, Манзура буни билмайди. Ўзи эса ҳеч маҳал бунга қизиқмаган.

«Қизлар бизнинг уйимизни назарга илишармикин?»

Остона ҳатлаб ичкари кирган Манзуранинг хаёлига келган дастлабки фикр шу бўлди.

Дунёдаги барча аёлларда бўлганидек, Манзурада ҳам либосга қараб қўйиш одати бор эди. У бир қарашнинг ўзидаёқ, мезбонлар либосининг шоҳона эканини билди. Уларникига нисбатан ўзиники ғарибгина туюлди. Агар қимматбаҳо безаклари бўлмаса, уни шу уй хизматкорлари қаторига қўйиш мумкин эди.

(давоми бор)

Тоҳир МАЛИК

loading...