ШАЙТАНАТ… (68-қисм)

0

 

 

* * *

 

Танишув сўнгида улар чеккароқда ийманиб турган икки қизга яқинлашдилар.

— Менинг қоронғу осмонимни ёритиб турувчи икки юлдузим — бири Чўлпоной, бири Муштарий, — деди Музаффархон фахр билан.

Қизлар кўзларини ердан узмай, бараварига салом бердилар. Манзура алик олгач, доктор Худоёр сўз қотди:

— Иншооллоҳким, бу юлдузлар сизнинг осмонингизда ҳам нур сочажак!

Қизлар уялишиб, ўгирилдилар-да, зина томон юрдилар. Сўнг илдамлик билан юқорига кўтарилдилар.

Уларни кўрган заҳоти Манзуранинг юраги жиз этди. Қизлар бағоят гўзал, истарали эдилар.

Балки ҳазрат Навоий «Рухсорида ломаи малоҳат, гуфторида нашъаи фасоҳат» деб битик битганларида шундай гўзалларни назарда тутдиларми, Худо билади. Манзура ҳозирча уларнинг рухсоригагина банди бўлди, ҳали сўзларини эшитгач, шундай қизларни ўғилларига насиб этгани учун Яратганга шукрлар қилиши тайин.

Манзура барча билан бир сидра танишиб чиққач, Гулузор бегим илтифот қилди:

— Азизларим, Манзурахон бегим ила мени маъзур тутгайсизлар, сизларни бир неча дақиқага тарк этажакмиз.

Манзура мезбонга эргашиб, аввал шинам даҳлизга чиқди, сўнг мўъжаз меҳмонхонага кирди.

— Бунда ором олмоғингиз мумкин, Манзурахон бегим. Чанталарингиз бу ерда. — Мезбон шундай деб, ён эшикни очди. Манзура бир кишилик ётоқхонани, каравот ёнида турган жомадонини кўриб, «чанта» нима эканини фаҳмлади.

— Сиз ташрифингиз ила барчаларимизни ғоятда сарфароз айладингиз, бегим, биз бунда ота юртдан келган ҳар бир ватандошларимизнинг нафасига муштоқ яшаюрмиз. Шул боис ватандошлар ташрифингизга пешвоз йиғилдилар. Сиз ҳордиқ чиқаринг, мен пича фурсат ўтгач, ҳузурингизга қайтажакман.

Мезбон чиққач, Манзура юмшоқ курсига омонатгина ўтирди. У уйнинг ҳашами, мезбонларнинг такаллуфидан ҳайрон, гўё бегона юртга, бегона одамларникига эмас, балки бегона дунёга келиб қолгандай эди. Тўю-зиёфатларга бориб «есонмисизомонмисиз… »дан бошлаб, керакли-кераксиз гаплар билан вақт ўтказишга, кетма-кет киритилувчи овқатларга, «олинг оповси, олинг, овсин» деган меҳрибончиликларга ўрганиб қолган аёл учун бу чиндан ҳам ўзга дунё эди. Шу сабабли Манзура йўлдаги ҳолатини, қизи ташвишидаги хаёлларини, ўғилларини бағрига босган чоғдаги масъудликни бир зум унутиб, ўзини қандай тутмоқлиги лозимлигини ўйлади. Гулузор бегимнинг бу хонага бошлаб киришидан мақсади ювиниб, кийимларини алмаштириб олиш учун шароит яратмоқ эканини фаҳмлаб, ўрнидан турди. Шунда ётоқхона ёнидаги эшикнинг қия очиқ турганига, бу ернинг ювиниш хонаси эканига эътибор берди.

Манзура ювиниб, тараниб бўлгач, мезбонни яна ўн дақиқа кутди. Сўнг Гулузор бегимга эргашиб, танишув маросими бўлиб ўтган катта хонага қайтди. Давра қуриб ўтирганлар Манзуранинг ташрифини жилмайиб, бош ирғаб қўйиш билан шарафлашди. Давра тўрида, икки ўғил ўртасида икки жой бўш эди. Манзура билан Гулузор бегим ўтиришлари ҳамон хизматчи келиб қаҳва тутди.

Манзура кирганда узилган суҳбат, қаҳвадан бир ҳўплаган онда давом қилди. Доктор Худоёрнинг ёнида ўтирган озғин одам ҳам қаҳва ҳўплаб олиб, фикрининг давомини изҳор этди:

— Мен жаннатмакон Шермуҳаммадбекнинг бутун бўй-бастлари ила акс этган ҳайкални-да бориб кўрмакни ихтиёр этдим. Ахир мен Шермуҳаммадбек ҳали ҳоли-ҳаёт эканликларида бир неча бора суҳбатларидан баҳраманд бўлмак шарафига етушганман.

Мен лол қолдимки, айнан ўзларига ўхшабди. Яна лол қолдимки ҳайкални ўрнатмакка юрт оғаларида рағбат йўқтур.

Гулузор бегим Манзурага қараб, паст овозда: «Саъдуллохон Ватанга бориб қайтиб эдилар.

Таассуротларини айтмакни ихтиёр этиюрлар», деб изоҳ берди.

Саъдуллохон деганлари таассуротини интиҳосига етказмай, доктор Худоёр эътироз билдирди:

— Азизим, агарчи менда-да ҳукм бўлган чоғинда ҳам ҳайкални ўрнатишга изн бермас эдим.

Фикрининг қабул қилинишига ишонган Саъдуллохон бу қадар кескин эътирозни кутмагани учун ажабланди:

— Нима учун? — деди у норози оҳангда.

— Бунинг бир неча сабаблари вордур: илк сабаб шулким, ҳайкал ўрнатмаклик — Исломга тамомила ётдур. Бутпараст мушрикларнинг йўлидур. Исломдан нарида сўзламак истасак, Шермуҳаммадбек бундайин шарафга нолойиқ шахсдир.

— Ажаб! Ажаб! — деб юборди Саъдуллохон. — Шермуҳаммадбекнинг кимлигини билурмисиз ўзингиз?

— Билиюрман, азизим, — деди Худоёр, хотиржам оҳангига хиёнат қилмай. — У муҳтарам зотнинг маълум ҳаракатлари учун ҳурматимни изҳор этганим ҳолда деюрманки, сиз айтган шарафга лойиқ эмасдурлар. Яъниким, Мадаминбекни шаҳид қилмоқда иштироклари бўлганини кечирмоқ асло мумкинмасдир.

— Агар Мадаминбек хоинлик кўчасига кирган бўлсалар-чи?

— Саъдуллохон, азизим, қалбимдасиз. Сиз билан бу хусусинда аввал ҳам баҳслашиб эдик.

Мадаминбекнинг шўролар билан битимидан асл мақсади сиз билан бизга қоронғу бўлгани сабабли ажрим қилмоққа ҳуқуқимиз йўқтур. Сиз билан мен бу хусусинда бир битимга кела олмаганимиз боис, баҳсни янгиламайлик. Фикримнинг давоми шуки, Шермуҳаммадбек амиралмуслиминни шаҳид этиб қочганидан сўнг…

— Қочганлари йўқ, ҳижрат қилдилар. Ҳижрат қилмоқлик эса суннатдир. Ёинки жаноби Расулиллоҳнинг ҳижратларини-да инкор этажакмисиз?

Бу савол доктор Худоёрга ёқмагани учун заҳарли жилмайиб қўйди. Аммо гапидаги босиқлик оҳангини йўқотмади:

— Азизим, сиз мени бир тоққа, бир боққа бошламакдасиз. Пайғамбар афандимиз, саллоллоҳу алайҳи васаллам, ҳижратлари билан Шермуҳаммадбекнинг қочоқликларини тенглаштирмоқнинг ўзиёқ гуноҳ саналур. Сиз муҳтарам афандимга эслатмагим жоиздурки, пайғамбар афандимиз ҳижрат қилганларидан сўнгра улуғ ғазотнинг раҳбари бўлдилар. Шермуҳаммадбек эса, — доктор Худоёр яна жилмайди, — майли, сиз айтганингизча бўла қолсин, «ҳижрат қилганларидан» сўнгра тан оромидан ўзга нарсани билдиларми? Ўзларини амиралмуслимин, деганлари ҳолда нечун жиҳодни давом эттирмадилар?

Саъдуллохон жавобга оғиз жуфтлаган чоғда уй эгаси Музаффархон гапга аралашиб, баҳсни юмшатмоқчи бўлди:

— Доктор Худоёрнинг қаричлари узунроқ, — деди у кулимсираб, — ўлчовни ҳамиша баланд олворадилар. Росмана ўлчов билан қарасак, Мадаминбекнинг ҳам, Шермуҳаммадбекнинг ҳам оми одамлардан бўлганликларини унутмаслигимиз дурустдир.

Уларда ҳарбий илм борми эди? Шермуҳаммадбек милтиқ отишни Мадаминбекдан ўрганиб эдими? Улар қўлларига илк марта милтиқ олибоқ ким билан олишдилар, эсланг! Жаҳон муҳорибасинда чиниққан ўрус аскарлари билан жанг қилдилар-ку?! Улар то ўша кунларга қадар сиёсат нима эканини биларми эдилар? Йўқ, азизларим, билмас эдилар. Ҳарбий илмдан узоқ, сиёсатнинг алдовдан иборат бир нарса эканини билмаган ҳолда жанг қилдилар. Ҳа, уларда на ҳарбий, на сиёсий илм бор эди. Аммо у улуғ зотларнинг муборак қалбларида Ватанни севмак туйғуси бор эди. Биз, азизларим, ана шу туйғуни шарафламагимиз шартдур.

— Афандим, — деди доктор Худоёр, унинг сўзини бўлиб, — буни мен-да дуруст англаюрман. Бироқ, Шермуҳаммадбек жиҳодни давом эттирмаги мумкин бўлмаган экан, Ватанда душман қўлидан ўлим топмоғи шарафлироқ эмасми эди?

— Ажаб! Ажаб! — деб юборди Саъдуллохон, овозини бир оз баландлатиб. — Сизнинг бу гапларингиз менга Ватандаги бир шўропарастнинг сўзларини эслатди.

— Сабр этмакни ихтиёр қилинг, афандим. Менинг-да сўзим ҳали интиҳосига еткани йўқтур.

Сиз-да, афандим, ҳижратни тилга олдингиз, аммо улуғ Бадр муҳорибасини хаёлингиздан паришон қилдингиз. Англаюрманки, улуғ Бадр муҳорибасинда шаҳид бўлганлар шарафига етмак мушкул бир вазифадур. Аммо минг тўққиз юз ўн тўрт санасинда Чаноқ қалъасиндаги муҳорибани англаюрмисиз? Бир қалъада тўрт юз эллик минг шаҳид! Уч юз эллик минги талабалар! Англаюрмисиз буни?! «Кими ҳинду, кими ям-ям, кими билмам не бало…» Улар-да шаҳид бўлдилар, аммо Туркия мағлуб этилмади. Афандим, англамак жоизки, Ватан бир боғдур. Бу боғни инсон қони ила суғармак лозимдур. Афандим, мен сизга бу хусусинда бошқа сўз айтмасман. Шўропарастлар сўзларини сиз айтинг.

Тўпланганлар ўша шўропарастнинг гапи нима экан, деган маънода кутдилар.

Саъдуллохон ҳозирги гапларга ҳам муносабатини аён қилмоқчи эди, бироқ доктор Худоёрнинг «мен сизга бу хусусинда бошқа сўз айтмасман», деб қўйиши ҳамда тўпланганларнинг тикилиб қолишлари унинг шаштини қайтарди.

— У зоти паст айтдики, — деди у бир оз ўнғайсиз аҳволда, — ит қорни тўйган ерда, одам эса Ватанда яшармиш.

Дастлаб эшитилганда қўпол туюлган бу мақол ўтирганлар этини бир сидра зириллатди. Бу ҳолатни сезган Саъдуллохон мазкур баҳсда мутлақ ғолиб бўлдим, деган қарорга келиб, атрофидагиларга мағрур назар ташлади. Аммо унинг ғолиблик супасини эгаллаши бир неча сониялик эди. Доктор Худоёр осонлик билан мағлуб бўлувчи тоифадан эмас эди. У ҳам ўтирганларга бир қур назар ташлаб олгач, «бошқа сўз айтмасман» деган ваъдасига хиёнат қилгани ҳолда жавоб берди:

— Гумраҳ улус ичра ўзин қотти, ахий,

Дунёга бировки дунёни сотти, ахий…

Ҳазрат Навоийга бир сўз қўшмакка ҳожат йўқтур. Саъдуллохон, шарафли афандим, қалбимдасиз, сиз мени бир муҳориба майдонидан бошқасига етаклаб ўтмакни ихтиёр эттингиз. Шўропарастнинг гапи бошқа, биз айтаётган дард ўзгадир, Шўропараст сизга қозоқ биродарларимизнинг бир мақолини айтибди. Буни камина ҳам эшитгани бор. Сиз шўропараст бизларни итга қиёс этмакдадир, деб ғазаб отига миниюрсиз. Менинг англамоғим бўйича, мақсад мақолнинг иккинчи бўлагида. Ҳар бир инсонни Ватанда яшамакка даъват этмакдир.

— Ватанда бўлмак?! — Саъдуллохон чекинишни истамади. — Отам менга Ватанни қолдирдими?

Бундай баҳснинг ўрни ҳамда вақти эмаслигини билган Гулузор бегим енгил йўталиб қўйиб, меҳмонга қараб айбли кўринишда кулимсиради. Саъдуллохон енгил йўталнинг маъносини англаган бўлса-да, гапларини чала қолдиришни истамади:

— Отам менга Ватанни қолдирдими? — деб қайтарди у. — Йўқ, отам менга Ватан соғинчини мерос қолдирди. Шўропарастлар буни англамаслар! Уларда наинки соғинч, уларда Ватан туйғуси йўқтур. Буни мен англадим! Улар сўқир! Шўро етагида қайга боражакларини билмаслар!

— Сиз уларни бунда айбларсиз, улар бизларни унда айбларлар. Кун шу тарзда ўтаверар.

Ватан эса кундан-кун ботқоққа ботаверар. Афандим, агарчи улар сизни, сиз туфайли бизларни айблар бўлсалар, ҳақлидурлар. Чунки биз бунда Ватан учун бирон нима қилмакдан ожиздурмиз.

— Биз нималар қилайликки, йўллар тўсиқ бўлса. Йўллар очилса эди, мен Ватаннинг беш ерида беш улуғ мағоза очсам, Лутфуллахон яна неча еринда супермаркет очсалар…

— Ўҳ-ҳў!.. — доктор Худоёр баралла кулиб юборди. — Афандим, афандим, сиз ўн эмас, ўн минг дўкон қуринг, Ватанга нафи оздир. Мағозалар қурғувчи тужжорлар Ватанда ҳам бисёрдир. Сиз Ватанга илм олиб боринг. Ватаннинг қаддини кўтаргувчи биринчи восита — озодлик, иккинчиси эса илмдур. Дунё юртларига бир қаранг-чи, улар мағозалари ила бақувватларми ёинки илм илами? Сиз билан биз яшаб турган Олмонияни урушдан сўнгги харобликдан бу даражага илм кўтармадими? Сиз билан бизнинг айбимиз шуки, Ватан йўллари очилсин, Ватан озод бўлсин, деб бунда орзу қилиб кутиб ўтирмакдамиз. Шўроларнинг ҳукмидаги Оврупо жумҳуриятларининг хориждаги биз каби муҳожирлари эса вақтли ҳукумат тузиб, ўз Ватанларини озод қилиш қасдида курашмакдалар. Нима учун сиз билан биз курашмаймиз? Чунки бизлар — сиз меҳр қўйган Шермуҳаммадбекнинг авлодларимиз.

На-да Шермуҳаммадбек курашди, на-да амир Саид Олимхон курашди, на-да биз курашяпмиз. Сизни билмадим, шарафли афандим, аммо мен Ватан қаршисида уятлидурман.

— Сиз андак янглиш гап айтдингиз, жаноб Худоёр. Бизнинг жамиятимизни назарга илмаганингиз чакки. Биз ҳам Ватан учун қайғурмакдамиз.

— Қайғурмак дуруст, аммо курашмак лозим. Ватандан келган ашулаларни эшитиб, «ўйна ёр, ўйна!» деб ўтирмакдан наф йўқтур. Агар менинг сўзларим малол туюлса, ана, ватандошимиз муҳтарама хоним афандим айтсинлар…

Манзуранинг кутилмаган тарзда суҳбатга чорланиши фақат унинг ўзинигина эмас, ўғилларини ҳам шошириб қўйди. Иккови бараварига нажот истаб, Гулузор бегимга қарадилар. Гулузор бегим бу қарашнинг маъносини уқиб, жилмайгани ҳолда доктор Худоёрга мурожаат қилди:

— Муҳтарам доктор жаноблари, бизларга дастурхон мунтазирдир. Баҳс нонуштадан сўнг  давом этмаги дурустмикин?

Бу луқма чўкаётган одамни кемага чиқариб олиш савоби даражасига етишди. Доктор Худоёрнинг мурожаати ҳам соғинч, ҳам хавотир денгизида чўкиш азобини тортаётган аёлни янада оғирроқ аҳволга солган эди. Аввалига Манзура уларнинг суҳбатларига унчалик аҳамият бермади. Аниқроқ айтилса, баҳснинг сабабини англамади. Машойихлар бедарднинг олдида бошимни оғритма, деганларича бор. Асосан оила ташвишлари билан яшовчи аёлнинг бу одамлар қалбидаги дардни ҳис қилиши мумкин ҳам эмас эди. Қўқонда Собитхон Асадбекни йўқлаб, унда Ватан ҳимоячисини кўришни истаб янглишгани каби, бу издиҳомдагилар ҳам Ватан хусусидаги гапларимиз ватандошни бефарқ қолдирмас, деб адашдилар. Тўпланган мезбонларнинг қалблари Ватан, Ватан соғинчи дарди билан, Манзуранинг қалби эса эрининг ташвиши, қизининг соғинчи билан тепарди. Қалбларнинг тепиши ҳамоҳанг эмас эди. Манзуранинг суҳбатга чорланиши ана шу сирни ошкор этмоғи мумкин эди. Гулузор бегимнинг луқмаси уни бу ноқулайликдан ҳам қутқарди.

Доктор Худоёр танбеҳни англаб, ўрнидан турди-да, қулочларини ёйган ҳолда деди:

— Ў, шарафли хоним афандим, қалбимдасиз, сизнинг сўзларингиз биз учун амрдир.

Нонуштадан сўнгра ҳам баҳслашмакдан бўйин товлаяжакман. Баҳсда шарафли Саъдуллохон афандимни енгиб бўлмас!

Доктор Худоёрнинг кейинги гапида таслимга нисбатан киноя оҳанги зуҳур эди.

Тўпланганлар бу гапдан «Саъдуллохонга гапириш бефойда, барибир тушунмайди», деган маънони уқишган бўлишса-да, ҳеч нарса англамагандай кулимсираб қўйдилар.

Шу онда ён томондаги девор аста сурилди. Манзура бу деворни ойнаванд жавон деб ўйлаган эди. Девор сурилгач, улар дастурхон тузоғлиқ хонага ўтдилар. Дастурхон устида ортиқча лутф, «олинг, олинг», деган қисташлар бўлмади. Манзура тортиниб, қимтиниб ўтиргани учун Гулузор бегим лутф кўргазиб икки марта «марҳамат қилинг», деди.

Таомланиб бўлганлар бирин-сирин ён хонага чиқа бошладилар. Манзура қарасаки, ўғиллари билан ёлғиз қоладиган. Шу боис ўзи учун фотиҳа ўқиб, ўрнидан турди-да, Абдулҳамиддан астагина:

— Уйга телпон қилса бўладими бу ердан? — деб сўради.

— Ҳозирми? — деди Абдулҳамид.

— Ҳа. Нимагадир кўнглим ғаш, болам.

— Узоқ йўл юриб келдингиз. Чарчагансиз. Меҳмонлар ҳадемай кетишади Хотиржам дам оласиз. Мен ҳозир телефонга буюртма бериб қўяман. Хавотирланманг.

Абдулҳамид айтганидай меҳмонлар тез кетишмади. Эркаклар ҳовлини айланиш баҳонасида чиқдилар. Шундан сўнг аёллар гурунги бошланиб, фақат аёлларга хос масалалар муҳокама қилинди. Бу издиҳомнинг аввалгисидан фарқи шунда эдики, бунда «томонлар бир-бирларини тўла англаган ҳолда, дўстона суҳбат қурдилар».

Меҳмонлар кетишгач, соҳиб байт ҳам шаҳарда юмушлари мавжудлигини баҳона қилиб қайтдилар. Вилла Манзура билан ўғиллари ихтиёрига топширилди. Манзура ўғилларини тергаш имконига эга бўлиб, бу имкониятдан энди фойдаланаман, деганида телефон жиринглади.

Айни шу онда Зайнабнинг уйида ҳам телефон жиринглади…

 

***

 

… Бир денгизчидан «Аҳвол қанақа?» деб сўрашса, «Кайфиятлар аъло, чўкяпмиз», деган экан…

Ҳамдам Толиповнинг алам билан айтган бу гапи Зоҳиднинг ярадор қалбини тирнаб, азоб берди. Ҳамдам шу гапни айтмаса ҳам Зоҳид ботқоққа ботаётганини сезиб турарди.

Денгизчи кайфиятининг аъло бўлишига асос бор — ҳар қалай, тоза сув бағридан макон топади. Улар-чи? Қўланса ботқоқданми? Наҳот ботқоқдан қутулишнинг иложи бўлмаса?

Зоҳид шу ботқоқда чиримоқ учун илмдан воз кечиб шу йўлга кирганмиди?

Чўкаётган одам «тирик қолармикинман» деган умидда хасга ҳам тирмашаркан.

Зоҳиднинг кўзига баъзан ўша хас ҳам кўринмай кетади. Ана шундай ҳолда у доно бир маслаҳатчига муҳтожлик сезади. Унга ким доно маслаҳат бера олади? Отасими, онасими?

Дардини уларга айтса, жавоблари тайин: «Қўй ўғлим, шу ишингни йиғиштира қол, бу соҳада ким барака топибдики, сен топсанг…» Уларнинг энг доно маслаҳатлари шу. Ё илмдаги устози Ҳабиб Сатторович тўғри йўл кўрсатадими? Унинг айтадиган гапи: «Сен илмга хиёнат қилдинг, энди хиёнатчи сифатида жазо топяпсан…» Балки Ҳамдам Толипов қалб ярасига малҳам қўяр? Унинг маслаҳати ҳам аниқ: «Шартта ушлаш, шартта қамаш, шартта отиш керак! Дастурхончи хотинга ўхшаб ҳамманинг кўнглига қараб иш тутилса, ҳеч нимага эришиб бўлмайди…» Ҳамдам шунга ўхшаш маслаҳатини беради-ю унга амал қилинмаса, бир-икки сўкиб, қўл силтаб қўя қолади. Бу соҳада Зоҳидга жўяли маслаҳат бера оладиган одам — майор Солиев.

Зоҳид Ҳамдамдан илмоқли гап эшитиб, қалб яраси таталангач, ўзининг ёғига ўзи қоврилиб юрди. Хаёлнинг минг бир кўчасига тентираб кириб, довдираб чиқди. Охири майор Солиевни топиб, дардини айтди. Бу соҳада турли найрангларга дуч келавериб пишиб кетган майор шогирдининг гапларини диққат билан эшитиб, сукутга толди.

Зоҳид «бу сукут фикрларимнинг тасдиғи аломати» деган хаёлга бориб, тасдиқни тил билан ифода этилишини, яъни «Тўғри, уларга ишонма, барчаси найрангбоз, товламачи», дейилишини кутиб, ёнмоққа, ёнмоқ нима экан, портламоққа тайёр эди. Пича фурсат ўтгач, ёнмаслиги ҳам, портламаслиги ҳам аён бўлди — майор у кутмаган гапни айтди:

— Хулоса чиқаришга шошилма, — деди у вазмин оҳангда. — Балки юқоридагилар бир нарсани ўйлашгандир. Сен билан биз бир қўрғонга дуч келганмиз, уни эгаллашга қурбимиз етмайди. Алам қиладиган ери шуки, бу қўрғонни кўз олдимизда тиклашди.

Айрим биродарларимиз уларга дастёрлик қилиб, «Мана бу ерини мустаҳкамроқ қилинг», деб маслаҳат беришгани учун ҳам бизнинг бу қўрғонга ҳужумимиз бетонга кесак отган билан баробар бўлади. Бу қўрғонни олиш учун мўлжалга аниқ урувчи замбараклар керак. Бизга ўхшаган пиёдалар ишни бузиши мумкин. Балки қўрғонларининг мутлақ бехавотир эканига тўла ишонишлари учун уларга шароит яратиб беришмоқчидир. Агар уларда шундай ишонч қатъийлашса, зийракликлари сусаяр, қўрғонни бир ҳамла билан олиш имкони яралар?..

— Ўҳ-ҳў… — деди Зоҳид, ҳафсаласи пир бўлиб. — Гапга ҳам тўн кийдирвордингиз. Сиз айтгандай арқон узун ташланса, улар қўрғонларини шундай мустаҳкамлаб оладиларки, кейин ўнта атом бомба ташлаб ҳам тинчита олмайсиз.

— Атом бомба таъсир қилмаса, водород бомба бор, нейтрон бомба бор, — деди майор Солиев ҳазил оҳангида. Майор камдан-кам ҳолларда ҳазиллашарди. Ҳозир шогирдини тутаб турганини кўриб, атайин гап маромини ҳазил оҳангига бурган, шу орқали таранг тортилган асаб торларини сал юмшатмоқчи эди. Лекин унинг бу макри иш бермади.

— Мақсуд ака, айтаётган гапларингизга ўзингиз ҳам ишонмаяпсиз. Менинг ўрнимда бўлганингизда нима қилардингиз?

— Ҳе, жўжахўроз, — деди Солиев, энди эркалаш оҳангида, — сенинг ҳолингга мен кўп мартабалаб тушганман.

— Ҳар сафар шунақа чекинганмисиз?

— Чекинмаганман, сабр қилганман. Чекиниш бошқа, сабр бошқа. «Сабрлига тоғлар эгар бошини», деган мақолни эшитмаганмисан?

Зоҳид майорни тушунмади. Ҳамиша адолат учун курашиб келган одамнинг бу гаплари сабр эмас, чекинишдан далолат эди. Одам суяниб, паноҳ топишни мўлжал қилган қоя тош эмас, нураб, йиқилай деб турган пахса девор экани маълум бўлгач, қандай ҳолга тушади, тасаввур қилиб кўринг-а? Зоҳид шу ҳолга тушиб, янглишган эди. Чунки Солиев вазирликка чақирилганини, Асадбекка алоқадор ишларга аралашмай туриш ҳақида топшириқ олганини унга айтмади. Солиев дастлаб сукут сақлаганида шу топшириқни ўйлаган эди.

Икки юқори идорадан бир хилда топшириқ бўлдими, бу демак, масала Асадбеклар фойдасига ҳал этилиш жараёнида эмас. Юқоридагилар қандайдир режани пишитишган. Ишга ҳалал бермасликни сўрашдими, демак, бажариш шарт! Солиевга ҳам «Вақти келганда бу ишга сизни жалб этамиз», дейишди. Демак, сабрдан ўзга йўл йўқ. Агар Зоҳидга ўхшаб «бетон деворга кесак отавераман», деса, истеъфога чиқишни таклиф этишлари турган гап.

Солиев шогирдига яна насиҳатлар қилиб, унинг попугини бир оз пасайтирмоқчи бўлди. Лекин қалб ярасига малҳам қўя олмади. Малҳамни икки кундан кейин яна ўша ҳамкасб йигит — Саид Қодиров қўйди.

Зоҳид охирги учрашувдан сўнг энди уни анчагача кўрмасам керак, деб ўйлаган

эди, барвақт йўқланиши унинг учун кутилмаган ҳол бўлди. Шу сабабли ажабланганича унинг ҳузурига йўл олди.

(давоми бор)

Тоҳир МАЛИК

 

loading...