Филологча севги изҳори

0

Кел, тилчи қиз, гўзал филолог,

Ундов бўлсин муҳаббатимиз.

Бу изҳорлар тугамас – вергул,

Бошлай қолсин қўшма гапимиз.

 

Эга-кесим эскирган таъриф,

Мен ҳоким сўз, сен тобе бўлак.

Ундалмангни йўлла ўзимга,

Сўроқларга тўлмасин юрак.

 

Муҳаббат – бу бизнинг феълимиз,

Бўлсин мудом бўлишли, содда.

Ҳаётимга кириш сўз бўлгин,

Иборадек қол доим ёдда.

 

Ҳисларимиз эмас антоним,

Ҳаётимга сифатсан ахир.

Мен севгимни атов гап қилдим,

Кел, биргалик нисбатга чақир.

 

Бўлар бир кун фарзндларимиз –

Қучоқ-қучоқ орттирма нисбат.

Қара, қандай мослашув ахир:

Мендек отга сен каби сифат!

 

Мен сен учун – ажралмас равиш,

Сен мен учун – аниқлик майли.

Неча йилки она тили ҳам

Биздек гапни кўрмаган ҳали.

 

Қўшма гапмиз кейин бир умр –

Хатоларсиз, имлоси пухта.

Юз йилларча бирга гап тузсак,

Кейин майли қўямиз нуқта.

 

Нуқта билан асар тугамас,

Давом кутар жумлаларимиз:

Бош ҳарф-ла ёзадилар сўнг

Янги гапни болаларимиз.

 

Ўша куни иккимиз – эга,

Кузатганча имлоларини.

Кўзойнак-ла ўқиб чиқамиз

Жужуқларнинг иншоларини…

 

Хуршид Абдурашид

(sevdora_uz)

loading...