ШАЙТАНАТ… (70-қисм)

0

 

 

* * *

 

Айни дамда Чувринди изн кутиб, ҳожасига тикилади. Асадбек эса кўзига кўринаётган яқинлари олдида ожиз.

Пайғамбар афандимиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) намоз сўнгида ўнг томонга салом бериб, чап томонга салом беришга улгураманми, йўқми, Худо билади, деган эканлар.

Киши олган нафасини чиқара оладими ё у нафас билан жони қўшилиб чиқадими — билмайди.

Билмагани ҳолда худди дунёда мангу қоладигандай мағрур юради. Қорни бир коса овқатга тўйгани ҳолда дошқозонда тўла ош бўлмоғини истайди. Шу учун курашади, ён-атрофидагиларни босиб-янчади. Суягини қизғаниб ириллаган итдан кулади, ўзи эса фақатгина ириллаб қўя қолмайди, ғаним деб билгани биродарига ташланади, кекирдагидан олади. Умри давомида бу дунёнинг ҳою-ҳаваслари деб неча одамнинг руҳини мажақлайди. Ғофил банда… ўзича олтмишми ё тўқсон йилми умр кўрадигандай керилиб юради. Ҳолбуки унинг умри биргина им қоқиш билан узилиши мумкин. Мана, ҳозир Асадбек биргина имласа тепки босилади, ўқ кўз илғамас тезликда оловли из қолдиради-ю, Элчиннинг иссиқ қалбидан макон топади. Тамом-вассалом.

Чувринди ҳожасидан изн кутади. У нодон банда «отарчининг ҳаёти бегимнинг қўлида», деб ўйлайди. У билмайдики, олам тиғи жойидан қўзғолган тақдирда ҳам Худо хоҳламаса, бирон томирни ҳам қирқолмас. Бу онда Яратган тақдир ёзуғига хиёнат қилмади-им қоқилмади, тепки босилмади, ўқ ўзининг совуқ маконида қолди.

Асадбек бир зумгина кўзларини юмди-ю, темир тирноқлар ҳукмидаги қалб азобидан инграб юборди. Сўнг Элчин қўлидан тўппончани олди-да қасос ўтининг забтиданми ё куёвини ўлимга ҳукм этишга журъати етишмагани аламиданми, кўзларни мўлжалга олишни ҳам унутиб, барча ўқларни жонсиз жасадга қадади. Чувринди ҳожасини шу пайтгача бу аҳволда кўрмаган эди. Шу сабабли унинг важоҳатидан бир оз чўчиди.

Асадбек бир неча нафас ҳаракатсиз тургач, бурилиб, уй томон юра бошлади. У энди яқиндагина мағрур қадамлар билан уйдан чиққан Асадбек эмас, ўлим тўшаги сари бораётган хаста одам кўринишида эди. Уч-тўрт қадам босгач, у тўхтаб, ўгирилди:

— Дўхтирга олиб бор.

Шундай деб уйга кириб кетди.

Чувринди режа ўзгарганини фаҳмлади. Ҳожасидан «яна нима қилай?» деб сўрамади.

Асадбек гапни чўзмадими, демак, бу ёғи унинг фаҳм-фаросатига боғлиқ. Чувриндини Яратган фаҳм-фаросатдан қисмагани эса Асадбекка маълум. Агар ҳозир Кесакполвон бўлганида «Ғилайни боғла, Отарчини дўхтирга олиб бор, «уйида кимдир отиб кетибди», де, қоронғу тушганида Ҳосилни кўмиб кел», деб бирма-бир тушунтирган бўларди.

Чувринди тезлик билан ҳаракат қилиб, аввал ипак каноп билан Ғилайнинг қўл-оёқларини боғлади, сўнг елимли тасмани оғзига ёпиштирди. Шундан кейингина Элчин устига энгашиб, биқин томони қонга беланганини кўрди.

Ҳалимжон Чувриндининг топшириғи бўйича изма-из юриб келиб, энди эшикнинг нарёғида амрга маҳтал турган эди. Чувринди ичкаридан «машинани олиб кел!» деб бақиргач, катта кўча томон югурди.

Асадбекнинг «дўхтирга олиб бор», дегани «куёвимнинг жонини асраб қол», деган маънони англатишини Чувринди биларди. Касалхонага олиб борса, бундан милиса огоҳ топади, милиса билдими, кавла-кавла бошланади. Бусиз ҳам Шилимшиқ билан Жамшид (?) нинг ўлими уларнинг бошлари узра бало булутидай соя ташлаб турибди. Қўллари узун бўлгани билан ҳамма ёққа етавермаслигини бошқалар билмаса ҳам Чувринди пайқайди.

Айниқса, Зоҳид cўроққа чақирганида, уйига келганида юраги нохушликни сезди. Энди Элчин отилгани билан шуғулланишса, латта иси келиши ҳеч гапмас. Етти қўшнидан ҳеч бўлмаса биттаси беш-ўнта ўқ овози эшитганини айтиб қўяди. «Хў-ўш, — деб ўйлайди терговчи (балки ўша прокуратурадаги Зоҳиддир?), — иккита ўқ Элчиннинг биқинида, қолганлари қани?».

Чувринди машина келгунича бир қарорда тўхташи шарт эди. Элчинни уйига олиб бориб, сўнг табибни олиб келиш кўп вақт талаб қилади, бу вақт ичида ярадор омонатини топшириб қўйиши ҳеч гап эмас. Режа ўзгарганидан кейин эса, унинг ўлиши сира ҳам мумкинмас… Чувринди аввал Элчинни уйига олиб боришга, Зайнабни огоҳлантирганидан сўнг касалхона сари юришга аҳд қилди. Элчиннинг уйига боргач, бу режасини яна ўзгартирмоққа мажбур бўлди.

 

***

 

Дорининг хумори тутиб тўлғонаётган Зайнабни кўрган Чувринди масала янада мураккаблашганини билди. Ҳозир Зайнабга гапириш фойдасиз эди. Шу сабабли Элчинни касалхонага ташлаб, сўнг орқага қайтишга қарор қилди. Шу бугун, айниқса, шу дамда содиқ йигитларига эҳтиёж сезди. Зайнабни ёлғиз ташлаб чиқаётганида Жамшидни қўмсади. У бўлса эди, иш бир оз енгиллашарди. Зайнабни табибга олиб боришни, энг муҳими — «Элчинни отган одамни кўрган» бир-икки гувоҳ топишни унга бемалол ишонса бўларди. Тўғри, йигитлар орасида ишончга сазоворлари ҳам бор, аммо уларни бундай қалтис ишларга жалб қилишга кўнгли чопмайди. Йўлда кетатуриб, Ҳалимжонни ёнига олганидан пича афсусланди. Гарчи Ҳалимжон қайси бир жиҳатлари билан Жамшидни эслатса-да, беғубор кўзлари ҳалоллигидан дарак берса-да, баъзан қарашларида «мендан эҳтиёт бўл» деган ўт чақнаб қолади. Чувриндининг зийрак нигоҳи бу ўтни илғайди.

Илғагани учун ҳам эҳтиёт чораси ҳақида ўйлайди.

Энг яқин ёки биринчи дуч келган касалхонага олиб бориш — кутилмаган фалокат илонининг думини босиб олиш демакдир. Ҳар бир касалхонада бир-икки таниши ёки ишончли одамлари бўлса-да, масала ЭНГ ишончли одамлар ёрдамида ҳал этилажаги сабабли шаҳарнинг кунботар томонидаги янги касалхона томон юрди.

Чувринди орқа ўриндиқда, Элчиннинг бошини тиззасига қўйган ҳолда ўтирарди. Дам-бадам унинг пешанасини ушлаб қўяди. Бир маҳал Элчин қаттиқ ингради. Чувринди кафтини унинг пешанасига босиб:

— Ҳофиз, озгина чиданг, ҳозир касалхонага етамиз, — деди. Сўнг сўради: — Ҳофиз, гапимни эшитяпсизми? Мен — Маҳмудман, жавоб беринг, эшитяпсизми?

Бир неча нафасдан сўнг Элчин инграб жавоб берди:

— Ҳа…

— Бек акам ўч олмоқчи эдилар. Фалокат оёқостидан чиқиб қолди. Буни кейин тушунтириб бераман. Ҳосил ўлиши шарт эди, ўлди. Аммо буни ҳеч ким билмаслиги керак.

Сиз ҳам унутинг. Гапимни эшитяпсизми? — Чувринди «бу гап сенга ҳам тегишли» дегандай Ҳалимжонга бир қараб олди. — Ҳофиз, эшитяпсизми?

Элчин бу сафар ҳам қийналиб «ҳа» деб қўйди. У Чувриндининг овозини қудуқ тубида туриб эшитаётгандай эди. Шу сабабли Чувриндининг гапларини дуруст идрок қилолмади.

— Ҳофиз, — деди Чувринди, — сиз йўлда кетаётган эдингиз, бир машина қувиб ўтиб, тўхтади. Машинадан тушишингиз билан сизни отди. Отган одамни танимайсиз. Гапимни эшитдингизми?

Элчин жавоб бермади. У қудуқ тубига чўкиб борар, Чувриндининг овози эса тобора узоқлашарди.

Чала қурилган иморатлар ёнидан ўтишаётганда Чувринди Ҳалимжонга қараб:

— Ҳофизни шу ерда тасодифан кўриб қолиб, машинангга олдинг. Бошқа ҳеч нарса билмайсан, — деди.

Ҳалимжон маъқул ишорасини қилиб, жим кетаверди.

Касалхона ҳовлисига киришлари билан машина тўхтаб, Чувринди тушиб қолди. Машина қабул бўлими сари юргач, у асосий бино томон йўналди. Керакли одамни топиб, изоҳ бериб ўтирмади, буйруқ қисқа бўлди — у ўлмаслиги керак!

Табиблар, ҳамширалар ярадор атрофида гирди-капалак бўлишаётганида Асадбекнинг болохонасидаги телефон жиринглади. Ҳофизнинг машинасини қаерга элтиб қўйиш хусусида буйруқ олган икки йигит тезлик билан йўлга тушди.

 

***

 

«Мен сенга қасос олиш қанақа бўлишини кўрсатаман. Ҳозир ўлиши керак бўлган одам сенинг ҳам, менинг ҳам номусимни булғади…»

Асадбек шундай деб кўча эшигига тикилди. Элчин эса у айтган гапларнинг асл мағзини чақиш учун бир унга, бир кўча эшигига қаради. Асадбекнинг шахсан ўзи қасос олмоқчи бўлаётгани унга ажабтовур туюлди. Биттагина имосига илҳақ ўнлаб йигитлари турганида тўппонча яланғочлаб, дераза панасида пусиб ўтиришнинг боисини англаб етиши мушкул эди.

«Ўлиши керак бўлган одам ким? — деб ўйлади Элчин. — Иккимизнинг номусимизни булғаши мумкин бўлган ким экан? Жамшидми? У қайтиб келганми? Уни нима учун ўлдига чиқаришди? Энди чиндан ҳам ўлдирмоқчими? Зайнаб… демак, ўшанда тўғри айтган экан-да… Мен лақма…»

Зелихон Сочидан телефон қилганидан бери буларнинг ўйинига тушунолмай гангиб юрган Элчин яна халта кўчага кириб довдиради. Агар ҳозир эшик очилиб, Жамшид кириб келсаю, Асадбек уни отса… сўнг… «Чотингда безинг бўлса, бу ювуқсизни топиб ўзинг ўлдиришинг керак эди. Қасоскорман, деб катта кетишни биласан. Сен эркакмисан, сен — даюссан!» дейдими?..

Хаёлига дафъатан келган бу фикр бутун баданини, бадани нима экан, оёқларининг бармоқларигача, бармоқлар нима экан, тирноқларигача музлатиб юборди!

То кўча эшиги очилиб, остонада Ҳосилбойвачча кўрингунига қадар Элчин Жамшидга қараб ўқ узилишига амин эди. Шу сабабли Ҳосилбойваччанинг совуқ башараси кўрингани ҳамон ажабланиб, қайнотасига савол назари билан боқди: бунинг айби нима?

Тўйда мени хорлаганими? Наҳот шунинг учун?.. Уйғонган саволлар оқими охирига етмай ўқ узилди. Сўнг Асадбек тўппончани узатиб, қаҳрли овоз билан амр этди:

— Чиқ тез, ўлмади шекилли, қўлим титради. Тирик бўлса, от!

— Нимага?

— Чиқ деяпман! Зайнабни булғади бу, эшитяпсанми?! Эркакмисан, ўзинг?

Элчин бу гапга ишонқирамаса ҳам, вужудида уйғонган бир куч тўппончага қўл узатишга мажбур этди. Асадбек яна бақиргач, ҳовлига чиқди. У Асадбекнинг гапларидан тамоман гангиган эди. У қаттиқ ерда юриб эмас, гўё саволлар ботқоғига тобора ботиб борарди. Асадбек «от!» деб буюрди, у амрга итоат этиб, ҳовлига чиқди, ўлжа сари юриб боряпти. Лекин тепкини боса оладими ё йўқми — аниқ билмайди. Чунки Ҳосилбойваччанинг гуноҳидан бехабар. «Зайнабни қанақасига булғаши мумкин? Ахир Зайнаб ўз оғзи билан Жамшидни айтган-ку? У расвони деб ўлмоқчи бўлди-ку?..» деб гарангсийди.

Асадбек режа тузаётган чоғида Элчин Ҳосилбойваччани отгани чиқадими ё рад этадими, деб кўп ўйлаган эди. «Хотинини бундай ҳолатда кўрган ҳеббим ҳам чидаб туролмайди», деган фикр режанинг тўлиқ амалга ошишига ишонч туғдирарди. У Элчин қалбида ғазаб гулхани ёқиш учун Зайнабнинг ҳаммомдаги шармандали ҳолати тасвирини кўрсатмоқчи ҳам бўлди. Шу фикрга келиши билан ўзи уятдан ёрилиб кетай деди. У куёвини ўлимга ҳукм қилган эди. Аммо ўлимнинг тотли лабидан ўпмоқ арафасида турган бу одамга ҳам тасвирларни кўрсатишга журъат қила олмади. Ҳосилбойваччанинг айбини отиш олдидан қисқа тарзда баён қилишни ҳам ўйлади. Бироқ, бунга ҳам тили бормади. Ўқ узилгач, «Зайнабни булғади бу!» дейиши эса Элчинда ғазаб гулханини ёқа олмади, балки савол ботқоғига ботирди.

Қатъиятсизлик билан қадам босиб бораётган куёвига қараб, Асадбек ғижинди. У нишонни аниқ олганига, ғанимнинг жон таслим қилганига ишончи комил эди. Яна тўққиз-ўн қадам қўйгач, бир неча ой куёвлик либосида юрган Элчин ҳам «бахтиёр» ҳаётига шу ерда якун топмоғи лозим эди. Лекин у ўша тўққиз-ўн қадамни босишни истамаётгандай имиллайди. Бир неча нафаслик фурсат Асадбекка бир неча асрдай ғоят узоқ туюлди. Шубҳа йўқки, қўлида яна бир тўппонча бўлганида, оқибатини ўйлаб ўтирмай, Элчинни шартта-шартта отиб ташларди.

Элчин эса оғир қадам босаётганини ўзи ҳам сезди. «Ким кўрубтур, эй кўнгул, аҳли жаҳондин яхшилиқ», деб афғон чекувчи, ўзини ҳалол деб ҳисобловчи, аслида эса ўзи билмагани ҳолда шайтоннинг суюкли фуқаросига айланган бу одамга ўлимнинг иссиқ тафти сари бораётгани, бир тасодиф билангина тирик қолажаги ҳозирча номаълум эди. Тўғри, у қоронғу уйда Зайнабга тегинган ондан бошлаб Асадбекдан ўлим ҳукмини кутиб яшарди. Ҳатто тўйидан кейин ҳам бу хавотир булути тарқамаган эди. «Жамшидда нима қасдингиз бор эди?!» деб жағига мушт солганида қайнотасининг ҳукм сари яқинлашаётганини сезган, аммо айнан шу бугун, айнан шу ҳовлида, ҳукмнинг ижро бўлишини ўйламаганди. Ҳозир, Ҳосилбойваччага яқинлашар чоғида ҳам қайнотасининг режасидан бехабар, ҳатто эшик зарб билан очилиб, Ғилайни кўрганида ҳам буни фаҳм этмади. Аввал кўкрагига, сўнг биқинига ўқ қадалганидан кейингина бир «оҳ» уради. Кейинроқ, ҳушига келганида эса бу ҳолатини эслаб, лақмалиги учун ўзини лаънатлайди. «Тақдир (Асадбек эмас!) қўлимга тўппонча тутқизган экан, ҳаммасини отиб ташламайманми, ҳаммасидан биратўла қутулмайманми», деб ўкинади. Лекин…

Сўнгги пушаймондан ким лаззат топибдики, Элчин ҳузурланса…

 

***

 

Эшик тепки зарбидан очилиб, Элчин чўчиб тушди. Остона ҳатлаётган Шомилнинг ғилай кўзлари билан унинг нигоҳи тўқнашди. Ўзини ҳимоя қилишни ўйлашга ҳам улгурмади.

Унинг нигоҳидаги «нималар бўляпти, ўзим ҳам тушунмаяпман», деган саволга жавобан Шомил тўппонча тепкисини босди. Ҳожасини ёлғиз қўйганидан ўкиниб, важоҳат билан югуриб келган Ғилай қандай воқеа содир бўлганини аниқ билмаса-да, ерда чўзилиб ётган Ҳосилбойваччага шу Элчин ўқ узган деб гумон қилиб, тўппончасидаги бор ўқларнинг барини унинг жисмига бўшатиши мумкин эди. Яхшики, Чувринди изма-из етиб келди…

Элчин тўппонча оғзидан сачраган оловни кўрди, сўнг… чуқур қудуққа ағанади.

Юраги қинидан чиққудай бўлиб шитоб билан тубсизлик сари учаверди. Учаверди, учаверди… қудуқнинг тубидан эса дарак йўқ. Сўнг… қоронғулик чекиниб, атрофи ёриша борди. Ғалати манзаралар кўринди. Кейин бирдан… харобгина бостирма ёнида ота-онасини кўриб, титраб кетди. Волидайн тажрибахонада киядиган оқ либосларида эдилар. Элчин шум хабарни эшитибоқ мактабдан етиб келганида улар қўланса ҳидли тажрибахонада шу кийимда, жонсиз ҳолатда ётар эдилар. Уларнинг кимёвий тажриба ўтказаётиб заҳарланишганини кейинроқ билди. Шу пайтгача бирон марта бўлсин «заҳарланишганмиди ё ҳасадчи ҳамкасблари заҳарлашганмиди?» деб сира ўйламаган эди. Ҳозир тубсизлик сари учиб бораётганида нечукдир шу савол хаёлига келди. Пича тўхтаб, сўроғини сўради, аммо жавоб ўрнига бошқа гап эшитди:

— Сен бу ерда тўхтама, сени Ноила кутяпти, — деди онаси жойидан жилмай.

— Нима учун бу хароб бостирмада яшаяпсизлар? — деб сўради Элчин.

— Ҳар ким амалига яраша ажр олар экан, — деди отаси.

Элчин бу гапнинг маъносини тушунмади.

— Мени ахийри отишди, — деди Элчин. — Ойи, эсингиздами, қамоқдалигимда келиб, бошимни силардингиз, ўзим ҳимоя қиламан, дердингиз?

— Ҳимоя фақат Яратгандандир. Биз Тангримнинг хоҳиши билан сени ҳимоя қилар эдик.

Бизга берилган бундай ҳуқуқ кучи бугун қирқилди. Биз сендан ҳар он дуолар кутдик.

Ақалли бир мартагина пешананг саждага тегиб, ҳаққимизга дуо қилсанг, бизларни бу хорликдан оз бўлса-да, қутқарар эдинг.

— Имконим бўлмади.

— Имкон ўз қўлингда эди. Сен ҳам биз каби Тангридан йироқлашдинг. — Бўлди, бас, тўхтама, энди қиёматда дийдор кўришамиз.

— Мен… ўлдим… энди сизлар билан бирга бўлишни истайман.

— Йўқ, болам, бу бахтдан бизлар бенасибмиз…

… Бу аёвсиз ҳукмни эшитиб, Элчин инграб юборди. Куёвининг ҳаракатсиз гавдаси узра энгашган Асадбек шу аламли, азобли инграшни эшитган эди…

… Ота-онаси бағрига сиғмаган Элчин яна уча бошлади. Сўнг яйдоқ далада, ўтлари, чечаклари топталган кенгликда Ноиласи кўринди. Ўша кўйлакда, аммо… кўкрагида қонли доғ йўқ. Ўша пичоқ… кўкрагида эмас, қўлида… учидан қон томиб турибди.

Қамоқда эканида, тушларида кўрганида бу кўйлакда қонли доғ бўлгувчи эди. Энди эса топ-тоза…

— Ноилам, ниҳоят келдим, энди ҳамиша бирга бўламиз. Отишганидан хурсандман.

Лекин афсусим ҳам бор… Охиригача қасос ололмадим. Фақат биттасини ўлдирдим… Нега индамайсан, Ноила?

— Биттасини ўлдирдингиз… бир бегуноҳ бокира қизни эса, булғаб ташладингиз. Бу камми сизга?!

— Бу — қасос, Ноила! Ахир эсингдами, тушларимга кириб, қасосга ундар эдинг?

— У мен эмас эдим.

— Нима учун бундай деяпсан, тушларимга киргучи сен эдинг!

— Йўқ, адашяпсиз, у — қалбингиздаги шайтон эди. Менинг қиёфамга кириб сизга кўринар эди. Ўйлаб кўрмадингизми, бир қизни булғашга мен сизни даъват этишим мумкинмиди? Мен сизни ҳеч ёмонликка қараб ундаганманми? Мана бу топталган чечакларни кўряпсизми? Буларнинг бари булғанган қизлар. Зайнаб ҳам бир куни шу ерга келади. Мен сизни деб бир неча дақиқага турдим, ҳадемай яна чечакка айланаман.

— Мен келдим, Ноила, у дунёда зурриёдим қолмади. Ёлғиз ўғил эдим, уруғимиз қуриди.

— Фарзанд кўришни ўзингиз истамадингиз, ёшликда ўйнаб қолайлик, дедингиз. Ўйнаб-ўйнаб шу мартабага етдингиз.

— Гуноҳларим кўп, биламан, Ноила, энди иложсизман. Энди биз бирга бўламиз.

— Йўқ, сизнинг жойингиз бошқа. Сиз изингизга қайтасиз.

— Ноила, мени ота-онам ҳам ҳайдашди, сен ҳайдама. Мен энди айрилиқ азобига чидай олмайман.

— Сизни ҳайдовчи мен эмасман. Сиз Зайнабга қайтинг.

— Ундай дема, Ноила, қайтмайман. Ҳайдама мени… Биламан, сенинг олдингда гуноҳкорман.

— Сиз Оллоҳ олдида гуноҳкорсиз. Мен сиздан розиман, аммо Оллоҳ рози бўладими-йўқми, билмайман. Қайтинг!

— Ҳайдама, Ноила!

— Сизни ҳайдагувчи мен эмасман.

Шундай деб Ноила кўздан йўқолди — чечакка айланди. Элчин фарёдли овоз билан чақирди:

— Ноила!

Унинг ноласи саҳро бағрига томган томчи каби самарасиз бўлди. Кўкрагида алам илони тўлғониб, ингради.

Машинада кетаётган Чувринди ана шу овозни эшитди. Яна уча бошлаган Элчин эса таниш овозни илғади:

— Ҳофиз, озгина чиданг…

… «Ким бу менга гапираётган?» деб атрофга аланглайди. Тушунуксиз манзараларда инсон зоти кўринмайди.

— Ҳофиз, гапимни эшитяпсизми?

… Яна аланглайди. «Ҳа», деб жавоб беради.

Учди, учаверди… Тиконзорлардан ўтди, тиканаклар баданини тилдилар. Чаёнзордан ўтди, чаёнлар нишларини санчдилар. Илонзорга етди, илонлар чақдилар. Бу ҳам камлик қилиб, бўйнига ўралганча бўғдилар.

Элчин азобдан тўлғонар. Кимлардир, қайдадир унинг ҳолига кулар, кулаверар.

Шу азоблар гулханида куяётганида илонзорда Ҳосилбойвачча кўринди. Нечундир илонлар уни чақмаслар, бўғмаслар. Бир йўғон илон эса нозанин каби унинг белига ўралар, сўнг лабидан бўса олар. У эса кулар, кулаверар. Охир-оқибат кулгидан чарчаб, Элчинга қарар:

— Булар ҳаммаси меники. Мен сендан олдинроқ келдим. Энди меники булар.

— Мен… Менинг маконим шу ерми? — деди Элчин.

— Э, йўқ, бу ер менинг мулким. Сенга жой йўқ. Сен кейин келасан. Кундузи илонлар сени чақади, гўштларингни еб тугатади. Шомгача қуруқ суягинг қолади. Тунда эса яна гўшт ўсиб чиқади. Эрталабдан яна илонларга ем бўласан.

— Сен-чи?

Ҳосилбойвачча бу саволга жавобан хоҳолаб кулди, бир буралиб илонга айланди, сўнг яна аслига қайтди.

(давоми бор)

Тоҳир МАЛИК

 

 

loading...