Суд курсиси томон етаклаган махфий режа ёхуд Туркияга ноқонуний саёҳат уюштирган шоввозлар

0

Инсон ҳар бир ишга қўл урар экан, ундан бирор фойда олишни кўзлайди. Шунга яраша меҳнат қилади. Бироқ гоҳида адашиб, хатога ҳам йўл қўяди. Биргина ўйламасдан босилган қадам эса унга қимматга тушиши мумкин.

Яқинда Бухоро шаҳар судида фуқаро Равшан Ботиров (исм-фамилиялар шартли равишда ўзгартирилди)нинг қилмишига доир кўрилган жиноят иши тафсилоти ҳам ана шунга мисол бўла олади.

У ўзида дунёнинг барча давлатларига чиқиш рухсатномаси йўқлигини аник билса-да, 2018 йилнинг сентябрида таниши Ашраф Аббосов билан ўзаро тил бириктириб, Туркияга ноқонуний бориш тўғрисида жиноий режа тузади. Ушбу режага кўра, Равшан Ботиров Ашраф Аббосов  билан бирга ўзининг «Лада Ларгус» русумли енгил автомашинасида Қорақалпоғистон – Қозоғистон – Россия ­– Грузия йўналиши бўйлаб йўлга чиқади.

Шундай қилиб, улар 2018 йил 26 сентябрда Грузия давлатига кириб боришади. Сўнг Туркиянинг “Сарп” чегара назорат ўтказиш маскани орқали Туркия давлатига ҳам бемалол ўтишни уддалашади.

Қаҳрамонларимизнинг чет элга саёҳати 2018 йилнинг 2 октябрига қадар давом этган. Сафар қаригач, улар яна юртига қайтиш учун шу транспорт воситасида Туркия – Россия – Грузия йўналиши бўйича ҳаракатланишади.

2018 йил 7 октябрда Ўзбекистон Республикасига “Довет ота” авто йўналишидаги ҳудудий ўтказиш пункти орқали кириб келаётганда масъул чегара ходимлари томонидан ҳужжатлар суриштирилади ва саёҳатчиларнинг сирлари фош бўлади.

Равшан Ботиров судда ўз айбига тўлиқ иқрорлигини билдирди.

Судланувчи Равшан Ботировга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддасига асосан 3 йилга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Қонунга беписандлик билан қилинган саёҳат унга ташвиш келтирди.

loading...