Амалдорларнинг хориждан олган совғалари қиймати ошиб кетмаслиги керак

0

Тожикистонлик амалдорларнинг хориждан олиб келаётган совғалари қиймати бир йилда 5,5 минг сомонийдан (580 доллар) ошиб кетмаслиги керак. Қиймати ошиб кетадиган совғаларни амалдорлар давлатга топшириши зарур.

Тожикистон Президенти ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги томонидан тайёрланган фармойиш лойиҳасида таъкидланишича, амалдорлар ўз раҳбарларини хизмат вазифаси билан боғлиқ хорижий сафарлар ва бошқа расмий тадбирларда олган барча совғалари ҳақида хабардор қилиши лозим.

Барча давлат хизматчилари хорижга бориб келгандан сўнг ўз муассасаларига молиявий ҳисобот бериши керак, унда олинган совғалар нархи кўрсатилиши шарт. Амалдорнинг товар чеки бўлмаган тақдирда мутахассислар унинг бозор нархини ҳисоблаб чиқади, дейилади лойиҳада. “Ортиқча” совғалар давлат ходими ишлайдиган муассаса ҳисобига ўтказилади.

Ҳужжатда давлат ходими хорижга сафар вақтида жисмоний ва юридик шахслардан совға ёки бошқа мукофотларни олиши тақиқланиши қайд этилган.

Ҳозир ушбу лойиҳа республика вазирлик ва идораларида муҳокама қилинмоқда.

 

uza.uz

loading...