ШАЙТАНАТ… (72-қисм)

1

 

 

* * *

 

Ғилайнинг осонгина бўйин эгиши Кесакполвонда ҳеч қандай туйғу уйғотмади, демак ҳам ноўриндир. Ғилай қаршилик кўрсатмагач, Кесакполвон ундан хавотирланди.

Ғилайнинг қаёққа ёки кимга қараётганини билиб бўлмаганидек, хаёлида қандай шумлик яширингани ҳам номаълум эди. Шу хавотир туфайли кўчага чиқишганида «Олд томонга ўтир», деб Бўтқага имо қилган эди.

Машина ўрнидан жилганидан бери хаёлнинг бир улуши биқинига ботиб турган тўппончада, ўнг қўли эса қуллуқ қилгандай кўкрагида — тўппончани олишга шай эди. Кетма-кет равишда минг марта, балки ундан-да кўп ҳарифларининг курагини ерга теккизган полвон агар доно бўлса, ўзига бино қўймайди, минг биринчи ҳарифни ҳам албатта мажақлайман, деб катта кетмайди. Афсус шуки, Кесакполвон у доно полвонлар тоифасидан эмас. Агар Ғилай тирсаги билан туртиб юборса, тўппончаси иш бермай қолиши, ҳатто Бўтқанинг ўгирилишга ҳам улгуролмаслиги мумкинлигини ўйламайди. Унинг бахтига Ғилайда ачиниш ҳисси йўқ. Бўлсами эди, Ҳосилбойваччанинг ўлими унинг учун изсиз кетмас, ҳеч бўлмаса бир ҳаракат билан ўч олишга интилар эди.

Ҳовлига боғлаб қўйилган ит ҳеч маҳал «Ҳожам ўлса шу уйга хўжайин бўламан», деб орзу қилмагани каби Шомил ғилай ҳам «Ҳосилбойваччадан кейин унинг мулки менга қолади», деб фикрламаганди. Агар биров «Ҳожанг яқинда итдай ўлим топади, тайёргарлигингни кўриб қўй», деб башорат қилсами, бир ойли чақалоқнинг калласидай келадиган муштдан татиб кўриши тайин эди. Ғилайнинг шу хаёлда юрмагани ҳам Кесакполвоннинг бахтидан. Агар мулкка эгалик ҳисси уйғонсами, бу туйғу жон аччиғига нисбатан қудратлироқ бўлар, оқибатда уни унча-бунча занжир жиловлай олмас эди. Ғилай қўл-оёғи боғланган ҳолда, гарданидаги оғриқдан азобланиб ётганида ҳожасини кўз қири билан кўриб, нима қилишини фикрлаган, ўзининг чорасизлигига амин бўлган эди.

Кейинги кунлар ичи Ҳосилбойвачча ғолиб одамнинг қадамлари билан одимлай бошлаганида Ғилайнинг шум кўнгли бир нохушликни сезган, уни йўлдан қайтаришни хаёл ҳам қилган, аммо ҳожаси ўзгаларнинг маслаҳатига юрмаслигини билгани учун тилини тийган эди. У буйруқни бажарувчи сўқир жангчи эди, узоқни кўра оладиган басир саркарда эмасди.

Машина Ҳосилбойваччанинг дарвозаси қаршисида тўхтаганида Кесакполвон «Тушавер» деган маънода Ғилайга қаради. Ғилай ўрнидан дарров жилмади. Бир неча соат илгари бу остонадан мағрур ҳолда босиб чиққан одамнинг энди бу уйга мутлақ қайтмаслиги унинг қалбини эза бошлади, демак ёлғондир. Қалби эзилмаса-да, бу уйнинг ҳожасиз қолгани унинг учун нохуш эди. Ҳозир машинадан тушиши керак. Ҳовлига кириб «кеннайи!» деб чақиради. (Ҳосилбойвачча ҳам, хотини ҳам ўзидан анча кичик бўлишса-да, ҳожасининг ҳурматини қилиб, «келин» эмас, «кеннайи» дерди). Ҳожасининг (энди собиқ ҳожасининг) завжаси чиққач, «Акам сафарга кетдилар», дейди. Бунақа ҳол кўп бўлган. Шу сабабли аёл «қаёққа кетдилар, қачон келадилар?» деб сўрамайди.

Ғилай учун шуниси дуруст.

Кесакполвон бир неча нафасгина тараддудланган Ғилайнинг елкасига «туша қол» деган маънода аста туртди. Ғилай унга бир қарагач, машина эшигини очди. Кесакполвон қўлига тўппончани олди.

Машина билан уй орасидаги масофага қил кўприк тортилган, Ғилай шу қил кўприк устидан, лангар чўпсиз борарди. Сал оғса ўлим жарига қулайди. Кесакполвон гарданига уриб ўтирмайди, тепкини боса қолади. Ғилай буни билгани учун ҳам ошиқча ҳаракатдан ўзини тийди. Ҳожаси қонга беланган, икки букилган ҳолда машина юкхонасида ётибди.

Асадбекнинг мулкига эга чиққан ҳолда мағрур қайтмоқни хаёл қилган одам чорасиз, бир жанозага, бир кафанга, икки қулоч ерга зор ётибди. Кафансиз, жанозасиз кетиши аниқ, икки қулоч ерга эга бўлиши эса Кесакполвоннинг «марҳамати»га боғлиқ. У марҳамат қилса, қабристонга ташлаб ўтади. Гўрков эгалари унутган бирон эски қабрга жойлайди.

Оқибатда бирон кампирми ё чолнингми суяклари ёнида унинг жасади ҳам чирийди.

Қутлуғ табиатли шоҳ Жамшид бир булоқ бошидаги тошга шундай битик ёздирган экан:

Бул чашмага биздек басо лаб урдилар,

Келдилар бир лаҳза, сўнг кўз юмдилар.

Олдилар дунёни мардлик, зўр билан,

Элтмадилар, қолдилар бир гўр билан…

Ҳақиқат шулким, ҳеч ким мулкини орқалаб ўзи билан у дунёга олиб кетмаган. Шоҳ Жамшиддай зот мулкини гўрига элта олмаганидан кейин Ҳосилбойваччага йўл бўлсин!

Шоҳнинг-ку, ўз гўри бор эди. Ҳосилбойваччада шу ҳам йўқ. Бировнинг қабридан жой текканига ҳам шукр қилса бўлар.

Қил кўприкдан бораётган Ғилай ҳам, унинг ҳар бир ҳаракатини кузатаётган Кесакполвон ҳам буларни ўйлашмайди. Бирининг мақсади янги ҳожалари билан «яхши ишлаб кетиш», иккинчисиники эса мулкка эга чиқиш. Иблис уларни ўз чодирига шу қадар ўраб-чирмаб ташлаганки, Ғилай ҳам, Кесакполвон, Бўтқа, ҳайдовчи йигит ҳам «бизнинг тақдиримиз юкхонадаги бойваччаникига ўхшаса-чи, гўрга етишолмай юкхонада икки букланиб ётсак-чи?» деб фикр қилишмайди. Яратганнинг ўзи «Каллаа, иннал инсана ло ятғо. Ан роа хус тағно»*, деганда шу тоифа бандалар назарда тутилмадими экан, валлоҳи аълам?

Тангрининг эмас, эрининг қудратига ишониб қолган, «Бу дунё фақат яхши еб-ичиш, яхши кийиниш, тўй-ҳашамларда зеб-зийнатларни кўз-кўз қилиб ўтириш учунгина яратилган», деб фикр қилувчи, «Яшамоқдан мақсад нима?» деб сўралгудай бўлса, эри билан бир хилда «Яшамоқдан мақсад — мазза қилиб яшамоқдир», деган жавобни қайтарувчи, ҳусн ила ақлнинг номутаносиблигини ўзида мужассам этган бу аёл Ғилайнинг гапига дарров ишона қолади. Хавотир ҳисси кўнглини зириллатмайди. Оллоҳнинг эмас, эрининг қулига айланган бу жувондан яна нимани кутиш мумкин? Занглаган темир қафасда ўтирган қул билан тилла қафасдаги қулнинг фарқи борми? Аслида-ку, иккови ҳам бир — қул! Иккови озодликдан маҳрум. Аммо темир қафасдагиси озодликни қўмсайди, тилла қафасдагиси эса бу фазилатдан маҳрум. Агар унга озодлик берилса ҳам қафасни ўзи билан ола кетишни ўйлайди.

Шу тоифага мансуб бу жувон бир неча қадам нарида эрининг хорланган ҳолда ётгани, Ғилай айтган «сафар» индамаслар юртига экани, адоқсиз экани, орадан ойлар ўтиб, ҳақиқат булоғидан сув ичувчи «миш-мишлар»га ишонишни ҳам, ишонмаслигини ҳам; аза очишни ҳам, очмаслигини ҳам билмай гаранг юражагини ҳозир билмайди.

Ғилай айтадиганини айтиб, орқасига хотиржам қайтди. У «Энди бу хонадонга қайтмасман», деб ўйлади. Кесакполвоннинг хоҳиши билан, янада аниқроқ айтилса, Асадбекнинг буйруғига кўра ҳожаси «сафардан қайтгунича» ҳеч нарса бўлмагандай ҳар куни шу ерда юриши мумкинлиги хаёлига ҳам келмади.

Машина ўрнидан жилгач, Кесакполвон Ғилайнинг елкасига уриб қўйди.

— Қойилман, эркак дегани шунақа бўлади. Энди, окаси кўзидан, сен ҳам чарчадинг, мен ҳам эзилиб кетдим. Би-ир маишат қилмасак ёрилиб ўламиз. Бугунги маишат сендан. Дидинг зўр, деб эшитганман. Қани, маржаларингнинг мазасини биз ҳам бир тотиб кўрайликчи…

— Гап йўқ, окахон, — деди Ғилай.

Ғилайнинг «окахон» дейиши Кесакполвонга мойдек ёқди. Ғилай қайси томонга юриш лозимлигини айтган эди, Кесакполвон унинг гапини бўлди:

— Тўхта, аввал акахонингни жойига ташлаб кетайлик, орқада димиқиб кетгандир, — деди.

Кейин ҳайдовчи йигитга қайси қабристонга борилажагини тушунтирди. Йўл-йўлакай гўрковнинг уйи қаршисида тўхтаб, Бўтқа ширакайф бир кишини бошлаб чиқди. Ўилай ёнидан жой олган эски чопонли гўрковдан ирганиб юзини бурди. Ажаб ҳол: одам ўлдиришдан ирганмаган Ғилай одам кўмувчидан ирганса?..

Машина зулмат қўйнидаги қабристон ёнида тўхтагач, Кесакполвон Ғилайга қаради:

— Туш, акахонингни кузатиб қўй, ҳарҳолда қадрдон эдинглар, яна нариги дунёда сендан хафа бўлиб, аразлаб юрмасин.

Ғилай бу буйруққа ҳам итоат этди.

Йўлга чиқишган онда Кесакполвон мурданинг қайси қабристонга элтилганини Ғилай билмай қўя қолсин, деб ўйлаган эди. Кейин «Билсин, ўзи кўтариб кирсин, «ғинг» деса акахони ёнидан жой олишини ҳам билиб қўйсин» деган қарорга келди. Ғилай машинага қайтгач, писанда қилди:

— Бу ерда анча бўш жойлар бор.

Ғилай унинг нима демоқчи бўлганини фаҳмлади. Гарчи ичида «ўзингга буюрсин», деб ўйласа-да, тилидан бошқа гап учди:

— Бу ер менбоп эмас экан…

Ғилай бошлаб келган маишатхонага кириб боришаётганда Кесакполвон уни тўхтатиб, сўради:

— Дўхтирнинг олдига сен борувмидинг?

— Қайси дўхтир?

— Ўзингни гўлликка солма, Асадни кўрган дўхтирни айтяпман.

— Ҳа, уми… борувдим.

— Ўлади, дедими?

— Шундоқ деди.

— Сен шу гапни акахонингга айтибмидинг?

— Айтувдим.

— Акахонинг Асадникига шунинг учун борувдими?

— Йўқ, бир нима кўрсатмоқчийди.

— Нима?

— Қизи шалава бўлиб кетган. Шуни видикка олдирган эди.

— Қулоққа тепма.

— Ўзим организоват қилганман.

Кесакполвон унинг кекирдагига чанг солди:

— Овозингни ўчир. Агар акахонингга эргашишни истамасанг, бу гапни эсингдан чиқар. Дўхтирнинг айтганини ҳам унут. Асад ўлмайди. Дўхтирнинг зўри билан гаплашдим. Даволайдиган бўлди. Акахонинг аҳмоқ эди. Асад ўладиган бўлса, бу ерда мен турибман!

Кесакполвон шундай деб бир қадам ташлади-ю, тўхтади:

— Кассета кимда, сендами?

— Ўзида эди…

— Вой аҳмоқ…

Кесакполвон орқасига қайтиб Бўтқани имлаб чақирди-да, қабристонга қайтиб бориб мурданинг кийимларини тинтиб кўришни тайинлади. Бўтқа эшик тирқишидан қараб Чувриндининг тинтиганини, нималарнидир олганини кўрган эди. Шундай бўлса ҳам,

Кесакполвонга гап қайтармай «хўп» деганича машинага ўтирди.

Кесакполвоннинг «бу ерда мен борман!» деган гапига Ғилай яхши тушунди. Янги ҳожаси бир қанотини кўтардими, бас, иссиқ пинжига кириши керак. У аҳмоқ жўжа эмаски, жонсиз товуқнинг қанотида умр кечирса! Шу боис Кесакполвонга ёқадиган яна бир гап айтди:

— Ҳадеб «акахонинг» деяверманг, менинг акахоним — сизсиз! _________________

* М а з м у н б у д и р: «Дарҳақиқат инсон ўзини бой-беҳожат кўргач, албатта туғёнга тушар ё ҳаддидан ошар». («Алақ» сураси, 6-7-оятлар. Алоуддин Мансурнинг маъно таржимасидан.)

 

***

 

Абдураҳмон табиб гарчи «сен… валади зинога ўхшайсан», деган гапни жаҳл устида билиб-билмай айтиб юборган бўлса-да, янглишмаган эди. Кесакполвон «валади зино» нима эканини билмасди, шу сабабли чолнинг гапига тушунмади, «Бу нима дегани экан?» деб бошини қотириб ҳам ўтирмади. Тушунган тақдирда буни ҳақорат фаҳмлаб, чолнинг кекирдагидан олган бўларди. Абдураҳмон табиб тилига келиб қолгани учун шу гапни айтиб юборди. Ҳатто Кесакполвоннинг ўзига ҳам маълум бўлмаган ҳақиқатни у қаердан билсин?

Кесакполвоннинг билгани — отаси урушда ҳалок бўлган. Онаси эса… Бунинг ўзи бир тарихким, Кесакполвон эслашни ҳам истамайди. Чувриндининг волидаси вафот этганида «Маҳмуд, ранжимагин-у, аммо менга қолса, онангнинг хор бўлиб юришларини, хорланиб ўлишини, хор бўлиб кўмилишини видеога олиб, телевизорда кўрсатардим. «Боласини ташламоқчи бўлганлар, кўриб қўйларинг, эрта-индин сенлар ҳам хорланасанлар», дердим», деб айтгани бежиз эмасди. Бу гапларни айтмоққа қалбининг овлоқ ва зимистон ерида яшириниб ётган бир дард сабаб бўлган эдики, бу дарддан энг яқин биродари ҳисобланмиш Асадбек ҳам бехабар эди. Ўшанда бу гапни эшитган Чувринди «Ҳайдар акамнинг аҳмоқликлари чегара нима эканини билмайди», деб ранжиган, Асадбек эса «бу қовоқ мия қачон ўйлаб гапирадиган бўлади», деб ғижинган эди.

Кесакполвон Чувриндининг онасидан нафратланарди. Шилимшиқнинг онасини эса кўргани кўзи йўқ эди. Улар ҳақида бирон сўз эшитса ўз онасини эслаб, ғазабдан титраб кетарди.

Ҳолбуки… унинг онаси бўлак тақдир эгаси эди.

Бу ўринда Тангри Таолонинг «Эй Одам, сен ўз жуфтинг билан жаннатни маскан тутғилким, унда кўнглунг нимани тусаса таомланғил, ош бўлсин, аммо мана бу дарахтга зинҳор яқин келмағил, яқин келсанг золимлардан бўлурсан», деган муқаддас каломини эсламоғимиз жоиздир. Яқинлашмоқлик манъ этилган мазкур дарахт нафс учун бир синовдирки, бу бало ғолиб келгудай бўлса одам боласи умрининг охирига қадар қақшайди.

Не ажабки, Одам болалари буни билсалар-да, неча минг йиллардан бери бу дарахтга яқинлашаверадилар, унга интилаверадилар. Бу интилиш эса «севги-муҳаббат туйғуси», деган чойшабга ўраб эъзозланади. Яратганга бўлган муҳаббатдан кўра бу туйғу кўпроқ шарафланади. Бу туйғунинг олиб борар манзили биттагина — тўшак… Тўшакдаги оний фароғатни боқий фароғатдан афзал билувчилар ўзларига зулм қилаётганларига фаҳмлари етсами эди…

Моҳичеҳра — Кесакполвоннинг онаси ҳаётининг энг ширин палласида шу тоифа юргувчи кўчага адашиб кириб қолганлардан бири эди.

Тоғ ёнбағрида жойлашган қишлоқларида бундай нохуш воқеалар камдан-кам содир бўларди. Қариялар тошбўрон қилинган йигит-қизларнинг тақдиридан ҳикоя қилардилар, аммо бу воқеа шу қишлоқда бўлганми ё узоқ қишлоқдами — аниқ билишмасди. Ўзлари эса бунақа шармандаликнинг гувоҳи бўлишмаган эди. Шу боис ҳам Моҳичеҳра қишлоқдан бош олиб кетишга мажбур бўлганди. Уруш баҳона бўлиб, унинг аввал шаҳарга, сўнг жанггоҳга кетишининг сабабини биров билди, биров билмади. Биров ишонди, бошқаси ишонмади…

Ўнинчини битирган, исми жисмига монанд — ой юзли дуркун қиз ҳарбий хизматдан қайтиб мактабдаги кашшофларга етакчилик қилаётган йигитни севиб қолган эди. Моҳичеҳра йигитга ўғринча тикилар, Етакчи эса унга суқланиб боқарди. Унинг кўнглида ёмонлик йўқ, аксинча, отасининг йили ўтгач, Моҳичеҳрага совчи юбормоқни умид қилар эди.

Сирли қарашлар номус чегарасига яқинлашган дамларда уларни буғдой ўримига жўнатишди. Хумор боқишлар ана ўша ерда чегарадан чиқди. Ўша дарахтнинг меваси уларнинг туйғуларига эгалик қилиб, нафс синовида ғолиб келди-ю, покиза тўшак эмас, бир уюм сомон устига бошлади. Ёзнинг фараҳли кечаларида улар иблисга бор вужудлари билан банди бўлдилар.

Ўша тотли кунларда қишлоқдагилар улар учун номаълум бўлган сабаб билан даракламай қўйишди. Озиқ-овқатлар тугай бошлагач, Етакчи хабар олгани қишлоққа жўнади.

Тонгда йўлга чиққан йигит оқшомга қадар қайтиши лозим эди. Моҳичеҳра уни кўзлари тўрт бўлиб кутди. Эртасига ҳам, индинига ҳам… Дарак бўлавермагач, хавотирланиб қишлоққа қайтди-ю уруш бошланганини эшитди. Моҳичеҳра бу хабардан эмас, Етакчининг урушга жўнатилганидан даҳшатга тушди. У урушнинг нима эканини, эл бошига қандай кулфатлар келтиришини билмас эди. У урушнинг совуқ нафасидан эмас, шармандаликнинг вужудни куйдирувчи оловидан титрар эди. «Фашист занғарни бир-икки ойда энасиникига киритиб қайтиб келишади», деган умидли гапларга ишониб, кутишдан ўзга чораси йўқ эди.

Икки ой ўтди, уч ой… «Фашист занғар энасиникига киришга» шошилмади. Умидли гаплар ўрнини ваҳимали миш-мишлар эгаллади. Бу орада миш-мишлардан ҳам ваҳималироқ, даҳшатлироқ воқеа юз берди — кўнгли айниб, ҳолсизланиб юрган Моҳичеҳра юкли эканини фаҳмлади. Фаҳмлади-ю, қишлоқдан кетишдан ўзга чораси йўқлигини билди.

Ҳайдар — Кесакполвон шаҳарда туғилди. У урушдан титраётган дунёни тезроқ кўришга шошилдими ё онасининг шармандали юкдан тезроқ ҳоли қилишни истадими, ҳар ҳолда муддатидан эртароқ туғилди. Каттароқ телпакка сиғиши мумкин бўлган даражадаги митти чақалоқнинг бу дунёда яшаб қолиши гумон эди. Лекин бу валади зинонинг жуссаси кичик бўлса ҳам умри қисқа эмас экан. У ёшига тўлмай туриб, ҳали эрга тегмаган онасининг «туғиб қўйгани» ҳақидаги хабар қишлоққа етиб борди. Бу шармандали хабар қишлоққа борди-ю, ўрнига Етакчининг ҳалок бўлгани ҳақидаги шум хабар қайтди. Моҳичеҳра шармандали юкни кўтариб юришга чидамадими ё чиндан ҳам «фашистдан ўч олмоқ» қасдидами, ҳарҳолда урушга жўнаворди. Ҳатто ижарада турган уй бекасига ҳам айтмади. Ижара пулини тўлармикин, деб кутаётган аёлга шу бола қолди. Аёл тақдирга тан бериб бир неча ой боқди. Кейин… болалар уйига топширди…

Кесакполвоннинг тили болалар уйида чиқди. Болалар уйида атак-чечак қилди. Болалар уйида эсини таниди. Асосий ҳунари — ўғирликни ҳам шу ерда ўрганди.

Уруш оёқлаб бўлган, аммо дунё ташвишлари озаймаган эди. «Уруш тамом бўлса ота-онам келиб, мени олиб кетади», деган умид билан улғаяётган болалар, тушларида ота-оналарини кўриб, тонгда кўз ёши билан улғаяётган дили пораларнинг ёруғлик кунидан эса дарак йўқ. Ёши каттароқ болалар «Ота-оналаримиз уруш асоратларини тугатиш учун узоқларда меҳнат қилишяпти» ёки «Бизни қидиришяпти» деб ўзларига ўзлари тасалли беришарди. Уруш нима эканини, унинг асорати не эканини билмайдиган, тасаввур ҳам қила олмайдиган Ҳайдар — бўлажак Кесакполвон эса уларга қўшилиб умид қуёшидан баҳра оларди. У отасининг ўғил фарзандли эканидан, ўзидан ҳароми бўлса-да, зурриёд қолаётганидан бехабар ҳаётдан кўз юмганини, онасининг эса беҳуш ҳолда асирга тушганини, уруш тугаб, асирликдан қутулиб, «Ватан хоини» деган лаънат тамғаси билан туманли, совуқ ўлкаларда азоб чекаётганини, Ҳайдар деб исм қўйиб, бегоналар қўлига ташлаб келган боласини соғинаётганини, тонгларни кўз ёшлари билан қаршилаётганини билмас эди.

Болалар умид қуёшига сиғиниб юрган кезларида уларнинг сафларига саккиз-тўққиз ёшлардаги бир бола қўшилди. Нонушта чоғида у Кесакполвоннинг ёнида ўтирди.

(давоми бор)

Тоҳир МАЛИК

 

 

loading...

1 ТА ФИКР

  1. «Шайтанат»нинг 73 қисмини қўймабсиз. Илтимос, топиб қўйсангиз. Жуда қизиқиб ўқияпман.

Comments are closed.