Гулнорани соғиниб қолганлар “Ўзбекконцерт”га чақиртирилиб, суратлар ўчиртириляпти

0

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг ҳибсланган қизи Гулнора Каримова билан учрашганидан кейин Ўзбекистоннинг таниқли хонандалари ижтимоий тармоқлардаги шахсий саҳифасига хоним Каримова билан тушган суратини жойлаштириб, сурат остига “соғиндик” қабилидаги сўзларни битишганди. Улар орасида очиқдан-очиқ Каримовага озодлик сўраганлар ҳам бўлди.

 

Хабарларга қараганда, ижтимоий тармоқлардаги шахсий саҳифасига Гулнора Каримова билан суратини жойлаштирган хонандаларга “Ўзбекконцерт” давлат муассасасидан қўнғироқ бўлган, кўплари муассасага чақиртирилган. Уларга Гулнора Каримовани қўллаб-қувватлашга чеклов қўйилган.

Концерт-томоша фаолиятини ташкил этиш бўлими бошлиғи Музаффар Сайфуллаев билан боғландик. У бўлиб ўтган воқеалар, хусусан Гулнора Каримованинг суратини ижтимоий тармоққа жойлаштиришда қайсидир хонандага чеклов қўйилгани ҳақида маълумоти йўқлигини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи, собиқ Фонд форум васийлик кенгаши раиси Гулнора Каримованинг суратини  Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Райҳон Ғаниева, Зиёда Қобилова,  хонандалар Жаҳонгир Позилжонов, Умидахон,  актрисалар Ҳалима Ибрагимова, Жамила Ғофурова, Наргиза Салмонова ижтимоий тармоқдаги саҳифаларига жойлаштиргандилар. Улардан фақат Жаҳонгир Позилжонов “опа”сига содиқ қолиб, қўйган суратини ўчириб юбормади. Ё “Ўзбекконцерт”нинг гапи Позилжоновга ўтмаганмикин?

 

qalampir.uz

loading...