Маст ҳолда рулга ўтирган милиционер автоҳалокатни келтириб чиқаргач, қочиб қолишга уринди. Аммо…

0

 

Ушбу воқеа 24 июн куни кечаси Жиззах вилояти Даштобод шаҳрида содир бўлди. Зомин туман ички ишлар бўлими майори У.К. ўз бошқарувидаги “Матиз” автомобили рулига маст ҳолда ўтирганди. Ичкиликнинг касри урди. У қарама-қарши тарафдан келаётган “Нексия” машинаси билан тўқнашиб кетди.

“Нексия” автомобилини бошқарган 23 ёшли Олим Абдураҳмоновнинг айтишича, милиция майори шу қадар маст бўлганки, ҳалокатдан кейин пайтга тушгач, тик оёқда тура олмасди. Ҳали ДАН ходимлари келиб улгурмасидан майорни одамлар уйига элтиб қўйишди. Олим Абдураҳмонов эса жиддий жароҳатлар билан Даштобод шифохонасига ётқизилди. Ўша ерда у терговчиларга бўлган воқеани гапириб берди. Орадан уч соатча вақт ўтиб терговчилар майорнинг уйига келишди. Мақсад битта. Автоҳалокат сабабларини аниқлаш эди. Лекин майор терговчилардан қочиб, ўзи яшайдиган уйнинг иккинчи қаватидан пастга сакради. Афсуски, ниятига ета олмади. Сакраш жараёнида жиддий жароҳат олибди. Терговчилар уни касалхонага олиб кетишга мажбур бўлишди.

— Касалхонамизга Зомин туманидаги “Оқар” маҳалласининг участка инспекторини олиб келишди, — дейди касалхона ходималаридан бири. — Майор маст ҳолатда эди. Текширувлар натижасида унинг қонида 0,885 промилле алькогол борлиги аниқланди. Бу миқдор меъёрдан бир неча ўн баробар кўп демакдир. Шу қадар кўп эдики, алкотестеримиз ҳуштак чалиб юборди…

Зомин туман прокуратурасидагилар маълум қилишдики, ушбу факт юзасидан республика жиноят мажмуасининг 266- модда, 2- қисмига асосан жиноий иш қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.