Саида Мирзиёеванинг ОАВ ходимларига байрам табриги!

0

Матбуот ва ОАВ ходимлари куни муносабати билан табрик

1994 йилдан бошлаб 27 июнь куни Ўзбекистонда Матбуот ва оммавий ахборот воситалари куни сифатида нишонланиб келмоқда.
Бугунги дунёни журналистлар, муҳаррирлар, блогерлар, радио ва телевидение ижодкорларисиз тасаввур этиб бўлмайди. Мамлакатимизда кенг кўламли янгиланишлар рўй бераётган шароитда уларнинг меҳнати алоҳида эътибор ва кўмакка муносибдир. ОАВ вакиллари тарихий аҳамиятга эга воқеаларни тезкор ёритар экан, жамоатчилик фикрининг шаклланишига кўмаклашади ҳамда аксарият ҳолларда давлат органлари ва халқ ўртасидаги мулоқот учун кўприк бўлиб хизмат қиладилар. Энг муҳим муаммоларни ёритиш ва фуқаролар фаоллигини оширишда ОАВнинг ўрни беқиёс, зеро барча даражаларда ҳамкорлик ва мулоқот қилишга тайёр, тараққиёт ва фаровонликка интилувчи эркин демократик жамиятни барпо этишда бизга айнан журналистлар ёрдам беради.
Сўз эркинлигини таъминлаш – давлатимизнинг ахборот соҳасидаги сиёсатининг устувор йўналиши. Бу тамойилнинг мустаҳкамлиги нафақат қабул қилинган қонунларга, балки касбий одоб-аҳлоққа доир халқаро нормаларнинг риоя этилишига, журналистнинг ўзига нисбатан талабчанлигига ҳамда ўз мамлакати ва жамият олдидаги масъулиятига боғлиқ.
Журналист бўлиш осон иш эмас. Ҳақиқат ва очиқлик сари курашда бутун дунё бўйлаб журналистлар турли хатарларга дуч келмоқда. Минг афсуски, бундай ҳолатлар мамлакатимизда ҳам рўй бермоқда. Бугун ҳам журналистларга нисбатан, ахборот очиқлигини ривожлантиришга нисбатан тушунмовчилик ва ноҳақ муносабат мавжуд. ОАВ соҳасида фаолият юритаётган барча ходимларга мурожаат этарканмиз, яна бир бор ишонтириб айтамизки, Агентлик журналистларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг қонуний ҳуқуқларини ҳимоя қилишга интилади.
Ҳурматли ОАВ вакиллари! Сизни касб байрамингиз – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни билан самимий муборакбод этаман. Сизларга муваффақият, ёрқин ютуқлар ва фаровонлик тилайман!