ШАЙТАНАТ… (88-қисм)

0

 

 

* * *

 

Қарға яна қағиллади. У кўзларини очиб қаради. Бу сафар боши айланмади. Ташқарида дарахт шохига қўниб, шу хонага қараганича қағиллаётган қарға қанотларини патиллатиб қўйди-ю, учмади.

«Сенга нима керак?» деб пичирлади Элчин.

Қарға «гапингга тушунмадим», дегандай бошини қийшайтирди, сўнг шохни чўқилаб қўйди.

«Қандай аҳмоқ махлуқсан ўзинг?! — деб ўйлади Элчин. — Сенга нима бор бу ерда?

Менга қандай хабар олиб келдинг? Ўлим хабарими ё ҳаёт умидими?.. Йўқ… Сенга ҳаёт умидини етказиш вазифаси берилмаган. Сен бор жойда яхшилик уруғи қурийди. Сен келсанг биров қувонмайди, кетсанг — ранжимайди. Сен… Худо қарғаган қушсан…

Қизиқ… Қарға — Худо қарғаган қуш… Қизиқ… «Қарғиш» деган сўз «Қарға»дан олинганми? Худо қарғаган бандасига қарғани рўпара қиладими?..»

Бу фикр Элчиннинг товонидан бўғзигача ўтмас пичоқда тилиб, туз сепгандай бўлди. Бу оғриққа тоқат қилолмай, қаддини кўтариб, «Кишт!» деди. Қарға унинг ожиз сасини эшитгандай, бошини буриб қаради. Сўнгра эса «Вазифамни бажариб бўлдим», дегандай бир қағиллади-ю, учиб кетди.

 

***

 

Профессор Ҳабиб Сатторов Лондондан қайтгач, Москвада яна икки-уч ой қолмоқчи эди. Уйига қўнғироқ қилиб, хотинидан «Тезроқ келсангиз яхши бўларди» деган мужмал гапни эшитгач, фикри ўзгарди. «Ҳойнаҳой онам бетобдирлар. «Эрингни чақиртир», деб сиқувга олгандирлар», деган ўйда йўлга ҳозирланди.

Уйига кириб келиши билан сўраган биринчи саволи шу бўлди:

— Ойим тузукмилар? Нега ланж гапирдинг?

— Ойим… тузуклар. Бирпас дамингизни олинг. Соғиндик-да… — деди хотини жилмайиб. Ҳабиб Сатторов сезгир одамлар тоифасидан эмас. Инсон руҳиятидаги, чеҳрасидаги ўзгаришларга етарли аҳамият бермас эди. Сезгирроқ бўлганида хотинининг жилмайиши ортида бир дард яширинганини, ташвишли хабар айтишга тили айланмай қийналаётганини фаҳмлаган бўларди.

Қизлари ўқишда, уйда эр-хотин ёлғиз эдилар. Шу боис «соғиниш» сўзи Ҳабибга ўзгача оҳангда эшитилиб, хотинининг белига қўл юборди.

— Вой ўлай, куппа-кундуз куни-я! — деди хотини нозланиб.

Бу нозланишдан сўнг у ўзини эрининг бағрида кўрди.

Телефон жирингламаганида соғинч деган туйғу уларни ноқулай аҳволга солиб қўйиши мумкин эди. Чунки телефон қўнғироғидан кўп ўтмай кичик қизи ўқишдан қайтди…

Ҳабиб Сатторов чой ичиб бўлгач, кийимини алмаштирди.

— Би-ир ишхонага ўтиб келай, — деди у хотинининг савол назарига жавобан.

— Ҳовлига-чи? Ойимларни кўргани бормайсизми?

— Бораман, бораман… Аввал институтга ўтаман. Ҳовлига кейин. Фанлар академиясидан бир халта қоғоз беришган. Директорга топшириб қўяй, балки зарур ҳужжатлардир…

Хотини лабини тишлади, аммо гапини айта олмади.

Ҳабиб Сатторов институтга кираверишдаги даҳлизга осилган, атрофи қора ҳошия билан ўралган суратни кўриб, тўхтади. Шу даргоҳда узоқ йиллар ишлаган, лекин илмга заррача фойда бермаган, кейинги йилларда «кекса олим» сифатида ёшларга панд-насиҳат қилиб юрувчи илмий ходимнинг оламдан ўтгани ҳақидаги хабарни ўқиб, «Худо раҳмат қилсин», деб қўйди. Ҳабиб Сатторов Лондонга кетмасидан илгари бу одам унинг хонасига кириб: «Ўйлаб қарасам, шунча ишлабман-у, битта отнинг тақасини ҳам беришмабди. Ҳатто битта медалим ҳам йўқ-а?! Ўлиб қолсам, ёстиқчага нимани тикиб олиб чиқишади.

Болаларимдан уяламан. Хўжайинга сиз айтинг. Қирқ йилдан ошиқроқ ишладим. Ҳеч бўлмаса «Меҳнат ветерани» медалини олиб берсин», деган эди. Ҳабиб Сатторов «Катта» билан яхши муносабатда бўлмаса-да, унинг илтимосини айтган эди. «Медални олишга улгурдимикин? — деб ўйлади Ҳабиб Сатторов. — Бечора олган мукофотларини ёстиқчага қадаб, тобутининг олдида кўтариб боришларини орзу қилган экан-да? Бу мукофотлар у дунёда иш берармикин? Мукофотлари йўқлар нима қиларкин?..»

Шу фикрларда кетиб бораётганида ҳамкасблари йўлиқиб, уни эсон-омон қайтгани билан қутлаб, сўнгра «Бандалик», деб қўйишди. Ҳабиб Сатторов буни кекса илмий ходимга нисбатан айтилувчи сўз деб ўйлаб, «Ҳа, энди, умр дегани шу-да» деб қўяверди.

Билдирилган ҳамдардликка бу ҳолда лоқайдлик билан жавоб берилишидан ажабландилар. Аммо ҳеч бири «Укаси ўлган одам ҳам шунақа бўладими?!» демади.

Ҳабиб Сатторов қабулхонага кириб, раҳбар ўтирган хона эшигини очмоқчи эди, котиба тўхтатди:

— Соҳиб Пўлатович бандлар.

— Мажлисми? — деди Ҳабиб Сатторов тўхтаб.

— Бандлар, — деди котиба лабини буриб.

— Мени танияпсизми? — деб ажабланди Ҳабиб Сатторов. У раҳбар билан яхши муносабатда бўлмаса-да, бошқаларга нисбатан бу хонага бемалол кириб-чиқаверар эди.

— Танияпман, — деди котиба, кейин тортмасидан бир варақ қоғоз чиқариб узатди: Ҳабиб Сатторов унинг бу қилиғидан ажабланиб, қоғозни олиб ўқиди: «Буйруқ №… Меҳнат интизомини сурункали бузгани учун Ҳабиб Сатторов вазифасидан озод этилсин…»

Ҳабиб Сатторов буйруқни қайта-қайта ўқиб, котибага «Эсларинг жойидами?!» дегандай қаради. Бундай тушунмовчиликларга, ажабланишу ҳайратланишларга кўникиб қолган котиба «Менга нима, буйруқни мен чиқармайман», дегандай кичкина эговчаси билан тирноғини эговлайверди.

— Ким бор олдида? — деди Ҳабиб Сатторов овозини баландлатиб.

— Мумкин эмас, бандлар, — деди котиба яна лабини буриб.

Ҳабиб Сатторов яна бир оз чидаб турди-да, кейин котибанинг ҳай-ҳайлашига қарамай, эшикни шарт очиб, ичкари кирди. Асосий хона кимсасиз, бироқ, орқа томондаги дам олиш хонасидан аёл кишининг нозли кулгилари эшитиларди. Ҳабиб Сатторов «Нима қилсам экан?» деб ўйлаб турмади. Дам олиш хонасига бостириб борди. Чала ярим ечинган ҳолича бақалоқдан келган Соҳиб Пўлатовга карашмалар қилаётган йигирма уч-йигирма беш ёшлардаги жувон эшикдан кириб келган Ҳабиб Сатторовга кўзи тушиб, қичқириб юборди.

Бу қичқириқдан чўчиб тушган Соҳиб Пўлатов орқасига ўгирилиб, кутилмаган меҳмонни кўрди-ю, аввалига бир оз довдиради. Сўнг ўзини қўлга олиб, жилмайганича ўрнидан турдида, ҳеч нарса бўлмагандай Ҳабиб Сатторовга қўл узатиб, кўришмоқчи бўлди:

— Ҳабиб Сатторович, салом, салом, яхши келдингизми?

Ҳабиб Сатторов унга қўл чўзмади, кўришмади. Соҳиб Пўлатов бунга ҳам эътибор бермагандай, қизга қаради-да:

— Сиз бораверинг, ишингизни қилаверинг. Ҳаммаси яхши бўлади, — деди. Сўнг Ҳабиб Сатторовни катта хонасига бошлаб, ўз ўрнига ўтирди. У қисқагина фурсатда довдираш, ўнғайсизланишдан бутунлай қутулган, жиддий, мулоҳазали раҳбар қиёфасига кириб олган эди. У қўнғироқ чалиб, котибасини чақирди-да, икки кишилик қаҳва буюргач, Ҳабиб Сатторовдан:

— Сафарингиз яхши ўтдими? — деб сўради.

— Сафар-ку, яхши ўтди, аммо мана бунга тушунмадим, — деди Ҳабиб Сатторов қўлидаги қоғозни унга узатиб.

— Нима бу? — деди Соҳиб Пўлатов ҳеч нарсадан хабари йўқ одамдай. Кейин буйруққа кўз югуртиргач, қоғозни нари сурди: — Ҳа, буми, арзимаган бир гап. Расмиятчилик.

Давлатнинг меҳнат интизоми ҳақидаги қонуни бор, азизим. Унга барчамиз бўйсунамиз.

— Мен Англияга иш билан кетган эдим, аммамнинг тўйига эмас. Ўз ҳисобимдан…

— Хабарим бор. Аммо ўз ҳисобингиздан олган таътилингиз саккиз кун олдин тугаган.

Лекин, азизим, сиз ташвишланманг. Бу бир расмиятчилик. Сиз менга тушунтириш хати ёзиб беринг. Сизни ишсиз қолдирмаймиз. Фақат мудирликда эмас… илмий ходим бўлиб ишлаб тура турасиз. Мудирликка одам тайинлаб қўювдим. Академия ҳам тасдиқлаган.

Ҳабиб Сатторов унинг гапларини эшита туриб «Тупурдим сенинг марҳаматингга! Мен Москвагами, Англиягами кетиб ишлашим ҳам мумкин. Аммо сен шу шилта ерингдан бир қарич жила олмайсан!» демоқчи бўлди-ю, тилини тийди. Жой талашиб, паст кетишни истамади. Буйруқни кўра солиб, бостириб киришининг заифлик аломати бўлганини фаҳмлаб, ўзини ўзи койиди. «Шу бадбахтнинг ҳузуридан бошимни эгиб чиқсам, бир умрли шармандалик бўлади», деган фикрга келиб, қаддини ғоз тутди.

Унинг бир оз жим қолганини Соҳиб Пўлатов ўзича тушуниб, қўли баланд келганига ишонган ҳолда гапини давом эттирди:

— Яна ҳам мен сизни ҳурмат қиламан, азизим, Сиздай олимлар кўчада қалашиб ётгани йўқ. Баъзи ўртоқлар буни тушунишмайди. Ҳатто партбилетни столга қўйсин, дейдиганлар ҳам топилди. Мен уларга қатъий қарши чиқдим.

— Бекор қилибсиз, — деди Ҳабиб Сатторов истеҳзо билан кулиб.

— Нега бекор бўларкан? Мен кадрларни қадрлашни биламан. Сиз эса мен ҳақимда нотўғри фикрларда юрасиз. Партбилет, азизим, сиёсий масала. Сиёсий масала эса — ҳазил гап эмас! Учиб кетишингиз ҳеч гап эмас!

— Барибир бекор қилибсиз. Мен партбилетни столга қўймасдим, — Ҳабиб Сатторов шундай деб муғомбирларча кулди-да, яна қўшиб қўйди: — икки дунёда ҳам қўймасдим.

— Сиз… катта кетяпсиз. Сиз уларни билмайсиз. Улар шундайки… қўйишга мажбур бўлардингиз барибир.

— Қўймасдим, — деди Ҳабиб Сатторов ўжарлик билан.

— Нега?

— Чунки менда партбилетнинг ўзи йўқ. Партиясизман.

Соҳиб Пўлатов жойида бир қимирлаб олди.

— Бўлар иш бўлибди, — деди Ҳабиб Сатторов ғолиб одамнинг овози билан. — Ўзим ҳам «Бўшасаммикин», деб юрувдим. Буйруқ учун раҳмат. Энди мен компютеримни олиб кетсам.

— Қанақа компютер?

— Билмайсизми? Наҳотки? Буюк Британия қироллик академияси Ҳабиб Сатторовга бешта компютер совға қилган эди. Биттаси шахсан ўзимга совға, қироличанинг дастхати ҳам бор. Билишимча, компютернинг учтаси Москвада қолган. Иккитаси шу ерда. Майли, мен фақат дастхат битилганини олай. Биттаси институтда қолсин.

— Э, йўқ, азизим, — Соҳиб Пўлатов шундай деб жилмайди. — Сизга беролмаймиз уни.

Булар институтнинг мулки. Сиз эса бизда ишламайсиз. Сизга фақат бир яхшилик қилишим мумкин: истаган пайтингизда келиб фойдаланишга ижозат этаман.

Шуниси ортиқча бўлди. Ҳабиб Сатторов шунисига чидай олмасдан чапаничасига сўкиб юборди. Шу сўкиш баҳонасида ҳар икки томон айтадиганини айтиб, юрагини ғубордай босиб турган аламлардан фориғ бўлди. Ғазаб тошлари тугагач, Соҳиб Пўлатов:

— Академик Холидий домла укангни жинни, девдилар. Тўғри айтган эканлар. Ўзи уруғларингда бор экан жиннилик, — деб баҳсга якун ясади.

Ҳабиб Сатторов бу якунга қарши бир гап айтмади. Соҳиб Пўлатовнинг фикрини маъқуллаганидан эмас, аксинча, айтилган гапнинг нақадар тубан, нақадар пуч экани сабабли унга жавоб қайтаришни лозим топмади. У ўз кўнглида сукут сақлаб, ҳарифидан баланд келди, ғолиблик шоҳсупасини эгаллади. Соҳиб Пўлатов эса сўнгги гапи билан уни «тамоман мажақлаб ташлаганига» амин эди.

Ҳабиб Сатторов кўчага чиқиб бир оз юргач, тўхтади. «Яна бир-икки оғиз гапни айтсам бўлар экан», деган фикрда афсусланди. Сўнг «Шу одамга гап таъсир қилармиди», деган фикр билан ўзини ўзи овутди. Агар унинг ёнида Собитхонга ўхшаш илм соҳибларидан бири бўлганида, айни бир ҳақиқатни айтиб, кўнглига таскин берарди. Афсус шуки, ёнида бундай ақли расолардан йўқ. Яна бир афсус шуки, ўзи шу ёшга етиб аҳли донишлар суҳбатига интилмади. Худо берган ақл хазинасини карра жадвалдан тортиб, турли формулалар билан тўлдирди. Агар руҳоний илмга озгинагина жой бергандами эди «Ассинатуҳум аҳла минал асал ва қулубаҳум қулубуз-зиааб»* — ҳадиси шарифининг нени англатишини билган бўларди. Соҳиб Пўлатовнинг қилиқларини шунда тушуниб етарди. Бўри қўйхонага ораласа, бир неча жониворни бўғизлайди. Ҳолбуки, биттагина қўйни олиб кетади.

Соҳиб Пўлатов ҳам шундай. У ҳозирча Ҳабиб Сатторовни ишдан бўшатди. Ҳали шогирдлар, тарафдорлар… туришибди. Ҳабиб Сатторов ҳозирча бу ҳақда ўйламайди…

У автобус бекатига қадар бўлган ярим чақиримлик йўлда хаёлини ҳозирги нохушликлардан тозаламоқчи бўлди. Бу — унинг ҳамишалик одати. Бирон ноҳақликка дуч келса, кўнгли ғашланса, жанжалли ҳолатда ўзини тутиб, ҳатто буни узоқ ўйламай, хаёлидан чиқаришга ҳаракат қилади. Бунинг учун у кўнглига ҳузур бахш этувчи яхши дамларни эслаб, кўз олдига келтиради. Ҳозир ҳам шундай қилди. Англиядаги дорилфунунда кечган масъуд дамларини, маърузаларидан кейинги олқишларни, қиролича ҳузуридаги қабулни эслади. Эслади-да, «Мен ким-у, у ким? Эртага ишдан олинса, туфлаб ташлаган тупугимга арзимайди», деб ўзига-ўзи тасалли берди. Соҳиб Пўлатовларнинг эртага ҳам, индинга ҳам ишдан олинмасликларини эса, ўйлаб кўрмади.

Болалиги ўтган уйга келгандан кейингина ҳамкасбларининг нима сабабдан таъзия билдирганларини англади. Шум хабарни эшитиб, бир оз гарангсиди. Онасининг фиғонли йиғиси юрагини ўртаб юборди. Машойихлар «Отамлатсанг отамлатгин, бўтамлатмагин», деб бежиз айтмаганлар. Фарзанди дардида эзилиб-езилиб йиғлаётган онанинг дардини яна қандай дард билан қиёслаш мумкин? Бундан улуғроқ дард йўқдир… Эҳтимол… Яна ким билади… Рисолат кампирнинг айтиб йиғлашига агар тоғ қоялари тушунишса, аламдан балки тарс-тарс ёрилиб кетарми эдилар. Ажаб ери шундаки, Ҳабиб Сатторов онасининг йиғисидан ўртанди… Аммо… ўзи йиғламади. Йиғи келмади. Бундан ўзи ҳам ажабланди.

Кейин ўзидан-ўзи нафратланди.

Онаси бир оз юпангач, кўча эшик оғзида ҳассага таянган Собитхон кўриниб, «Опоқи!» деб чақирди. Рисолат кампир уни овозидан таниб, ўрнидан турди-да, уй остонасига борди:

— Келинг, Қори болам, келаверинг, — деди у йиғламсираган овозда.

Ҳабиб Сатторов ҳовлига чиқиб меҳмонни кутиб олди. Рисолат кампир Собитхон билан йиғлаб кўришди.

Собитхон кўрпачага ўтиришга қийналгани сабабли, стулга чўкди-да, ширали овозда тиловат қилди. Фотиҳадан сўнг Рисолат кампир одати бўйича «Худонинг иродаси шу эканда», деб қўйди. Собитхон «Онажон, бу Худонинг иродаси эмас, Худо бандаларига жонларингга қасд қилинглар деб буюрмаган. Жонга қасд қилиш — шайтон иродасига бўйсунишдир. Афсуслар бўлсинким, биродаримиз шайтон қавмида кетибдилар», демоқчи бўлди-ю, илмдан бехабар бу аёлнинг аламли ярасига туз сепмай, деб тилини тийди.

— Қўқондан келибоқ шу шумхабарни эшитдим. Оллоҳ сизга сабр берсин.

Барчаларимизни ўзи ҳидоят йўлига бошласин, — деди Собитхон.

— Юришингиз сал бежороққа ўхшайди. Ҳали ҳам яхши тузалиб кетмадингизми? — деб сўради Рисолат кампир меҳрибонлик билан.

— Шунисига шукр. Дўхтирлар юролмайди, деб башорат қилишувди. Уларнинг эмас, Оллоҳнинг айтгани бўляпти.

Собитхон узоқ ўтира олмас эди. Шу сабабли кампирдан ижозат сўраб, ўрнидан турди.

Ҳабиб Сатторов уни кузатиб қўйди. Изига қайтаётганида ошхонадан чиқаётган келини — Хонзодага тўқнаш келди. Хонзода қайин оғасига салом бериб кўришиб, ошхонага кирганича энди чиқиб келаётгани эди. Ҳабиб Сатторов келинига бир қаради-ю, унинг бир неча ой орасида бир неча йилга қариганини сезди. Турмуш икир-чикирларига унча эътибор бермайдиган бу олим кейинги ўтган ойлар келини учун нақадар машаққат бўлганини билмайди. Хонзоданинг кечалари тўккан кўзёшлари жамлансами, денгиз бўлмаганда ҳам кўл бўлар.

Беванинг, айниқса, тирноққа зор беванинг зорли, ғамли оҳларига тун қандай чидар экан, замину само қандай чидар экан? Ернинг оҳлари тўпланиб, сўнг вулқон каби портласа керак. Бева фарёд қила олса эди, бу фарёдлар жамланса эди… Вулқон нима экан, Ер коинотдаги йўлидан адашарми эди… Лекин Ҳабиб Сатторов буларни ҳис қила олмайди.

Хонзоданинг отасиникига кетишини ё кўзи ожиз қайнонасини боқиб шу ерда ўтираверишини билмай гарангсиши ҳам унга бегона. Агар Ҳабиб Сатторовга биров «Идда ўтибди, энди келинингиз бошқа турмуш қуриши керак», деса ҳайратланиши турган гап.

Келинининг маъюс боқишини кўрган Ҳабиб Сатторов унга нимадир дейиши лозимлигини сезди. Аммо ўша «нимадир» калласига кела қолмади, тилига туша қолмади. Аввалига укасининг сўнгги кунларини сўрамоқчи эди, лекин «Ярасини тирнамай, вақти билан айтар», деган ўйда фикридан қайтди. У айни дамда ё уйдаги, ё ишхонадаги аҳволдан сўз очиши мумкин эди. Биринчиси ўзига маъқул келмагач:

— Институтда нима гаплар ўзи? — деб сўради.

Бу савол Хонзодага ғалати туюлди. Қайноғасидан тасалли кутган бу бева унга ер остидан яширинча бир қараб қўйди-да:

— Тинчлик, — деди хаста овозда.

— Тинчлик бўлса яхши… — деди Ҳабиб Сатторов, сўнг келинига синовчан боқиб қўшиб қўйди: — Директорларинг ҳам тинчми? Бошқаларга… ғаламислик қилмаяптими?

Хонзода «Институтга борибсиз, билгандирсиз?» дегандек савол назари билан бир қараб олиб, ерга тикилди:

— Кайфиятлари ёмонроқмикин… Бир мажлис бўлувди..

«Мажлис» деган сўзни эшитиб Ҳабиб Сатторов сергакланди:

— Хўш, хўш, хўш, давом этинг-чи, нима гап бўлди ўша мажлисда?

— Мажлисда… сизнинг чет эллардаги ишларингизни гапиришди. Хуллас… айтишдики… сиз…

— Тортинмай гапираверинг, нима дейишди?

— Сиз… капитализмга хизмат қилибсиз.

— Ў, шундай дейишдими? Бағоят гўзал айтилибди. Капитализмга хизмат қилиш… —

Ҳабиб Сатторов шунақа дегач пешонасига аста шапатилаб қўйди. — Вой, хомкаллалар, вой хомкаллалар! Ахир бу фан, сиёсат эмас! Фан капитализмга ҳам, сотсиализмга-ю, бошқа «изм»ларига ҳам хизмат қилмайди. Фан — фанлигича, олим эса олимлигича қолади.

Сиёсатдонлар ё у «изм»га, ё бу «изм»га бўйсинади. Иккита-учта «изм»ни ўйлаб топиб, дунёни бўлиб ҳаммани гаранг қилишади. Фан олами бундай «изм»ларга бўлинмаган, бўлинмайди ҳам! У қовоқ каллалар қачон тушуниб етишади буни?!

Хонзода қайноғасининг гапларига тушунмагандай қараб тураверди. Бу гапларни келинига айтишнинг фойдаси йўқлигига ақли етган Ҳабиб Сатторов кафтларини бир-бирига уриб қўйди-да:

— Ҳа, майли, қўяверинг. Улар итга ўхшаб ҳураверишади, — деди. — Нима бўлса бўлди!

Кунимиз шундай тўнкаларга қолганидан кейин нима қилардик.

Хонзода қайноғаси билан гаплашиб туришдан ийманиб, орқасига аста тисланди. Буни сезган Ҳабиб Сатторов ҳам эшик оғзидан ўзини четроққа олди.

— Ҳали институтга борувдим… Овсинингиз менга бу хабарни айтмовди-да, — деб ўзини оқлади. — Янгиликдан хабарларинг борми?

— Қайси янгилик?

— Мени ишдан бўшатишибди-ку?

— Эшитдик. Академияга хат ёздик.

— Бекор қилибсизлар. Эртагаёқ хатни қайтариб олинглар. Унинг одати маълум, хатга ким қўл қўйган бўлса, битта-битта бўшатади. Мен… аслида ўзим ариза ёзмоқчи эдим.

Биратўла Москвага кетаман. Бу ердаги ноҳақликлар жонимга тегди.

— Масковда… — деди ўйчан тарзда Хонзода. — Масковда ҳақиқат бор деб ўйлайсизми?

«Масковда ҳақиқат бор деб ўйлайсизми?..»

Хаста, ўйчан тарзда эмас, Анварнинг кинояли овозида айтилгандай бўлди бу гап.

«Масковда ҳақиқат бор деб ўйлайсизми?»

«… ҳақиқат бор деб ўйлайсизми?» «… ўйлайсизми?..»

Ошхона ичкарисида хаста овозда айтилган бу гап Ҳабиб Сатторовнинг назарида бутун маҳаллани зириллатгудай бўлиб жаранглади, акс-садо берди.

Сўнгги учрашувларида Анвар шундай деб эди.

(давоми бор)

Тоҳир МАЛИК