ИИББ Қўйлиқ бозоридаги самосудга изоҳ берди

0

Тошкент шаҳар ИИББ ижтимоий тармоқларда тарқалган «Қўйлиқ» бозорида икки фуқаро бир неча киши томонидан калтаклангани акс этган видеога изоҳ берди. Хабарда айтилишича, Бектемир тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ходимлари ушбу факт бўйича текширув олиб борган.

Маълум бўлишича, ҳодиса 2 июль куни тахминан соат 16:30 да рўй берган. Бозор савдогарлари 30 ёшли қашқадарёлик Суннатилло Ш. ва 31-ёшли сурхондарёлик Алишер Т. икки нафар номаълум шахс 35 ёшли Жаҳонгир Э.га тегишли бўлган Cobalt русумли автомобилнинг эшигини бузаётганларини кўриб қолган.

Шундан сўнг бу икки савдогар ва бозорнинг яна бир савдогари Шухрат Ш. ҳодиса ҳақида ички ишлар органларига хабар бермасдан, машина эшигини бузаётган эркакларни мушт билан жазолаб, уларга тан жароҳати етказган. Машина эшигини бузаётганлар муқаддам судланган фарғоналик 40 ёшли Сайиджон Т. ва 39 ёшли Аҳад К. бўлган.

Ушбу ҳолат юзасидан, Суннатилло, Алишер ва Шухратларга нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми («Безорилик») бўйича жиноий иш қўзғатилди. Сайиджон Т. ва Ахад К.ларга нисбатан эса Жиноят кодексининг 25-моддаси («Жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш») ва 169-моддаси («Ўғрилик») бўйича жиноий иш қўзғатилди. Дастлабки тергов ишлари олиб борилмоқда.

loading...