Фарғонадаги уйи бузилиб кўчада қолганларга Қирғизистонга кўчиб ўтишни маслаҳат беришмоқда…

0

 

Фарғона вилояти Риштон туманидаги уйи бузилган оилаларга 1200 доллардан товон пули тўлашди. Одамлар ўз норозиликларини очиқ баён этишганда, маҳаллий ҳокимият вакиллари барчаларига Қирғизистонга кўчиб ўтишни маслаҳат беришди. Ваҳоланки, уйи бузилганларнинг кўпчилиги ёши улуғ одамлар ҳисобланади ва ҳозир ёз иссиғида улар учун кўчаларда яшаш жиддий қийинчиликлар туғдирмоқда.

Шундайлардан бири бўлмиш Суҳроб Абдуллаев исмли эркак уйини кутилмаганда бузишга тушиб қолмасликлари учун кириш жойига «Бу ерда одамлар яшайди» деган ёзувли матони илиб қўйди. Одамлар айтишмоқдаки, маҳаллий ҳокимиятлар вакиллари уйи бузилганлар учун албатта товон пули ҳамда жой ажратилишини ваъда қилган. Лекин ваъда ваъдалигича қолиб кетмоқда.

«Минор» маҳалласида яшовчи икки оила уйи бузилгач, ёғочдан махсус ўриндиқлар ясаб, уларни бузилиб кетган уй рақамлари билан рақамлаб ҳам қўйишибди.

70 ёшли Лолахон Сотволдиеванинг гапига кўра, бузилган уй учун унга 1200 доллар, яъни, ўзбек пулида 10 млн сўм беришди. Афсуски, бу пулга уйнинг пойдеворини ҳам тиклаб бўлмайди.

— Тўғри, бизга 4, 5 сотих қуруқ ер беришди, — деди онахон. — Аммо бу пулга қандай қилиб янги иморат соламиз?.. Биз маҳаллий ҳокимиятлардан ортиқча пул сўрамадик. Уйларимизнинг нархланган қийматини сўрадик холос. Мана, мен 70 ёшимда кўчада қолиб ўтирибман…

Яна бир уйи бузилиб кўчада қолиш хавфи остида турган 83 ёшли Лалихон Тоғаева шундай дейди:

— Мен ёлғиз яшайман. Тўрт қизимни уйли-жойли қилганман. Илгари Тошкент шаҳридаги турли вазирликларда ишлаганман. Пенсияга чиққач, Риштонга келдим. Ана, қўшниларимнинг уйлари бузиб бўлди. Мен уйимни бузишларига қаттиқ қаршилик қилиб турибман. Биласизларми, бизга 6 сотих ер беришди. Қўлимизга 10 млн сўм пул беришди. Қариган чоғимда, ўша 10 млн сўм пулга қандай иморат соламан? Кечагина ҳокимиятдан ўттиз киши яшаб турган уйимни бузиш учун келди. Нима қилай? Мен ҳам кўчада яшайманми?

Суҳроб Абдуллаев яна шундай дейди:

— Куни кеча бизнинг олдимизга бир одам келди. Ўзини Камолиддин деб таништирди. Вилоят ҳокимлигидан келибди. Келар-келмас, бизни куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақоратлай кетди. Мен ундан тинчланишини сўрадим. Кейин паспортимни кўрсатиб, мен ҳам шу республика фуқароси эканимни айтдим. У эса бетимга қараб «Ёқмаётган бўлса, ана, Қирғизистонга кўчиб ўтларинг!» деди. Кетидан вилоят ҳокимлигида ишлашини яна бир марта эслатиб ўтди.

Журналистлар масалага ойдинлик киритиш ниятида Риштон туман ҳокимлигига боришди. Бироқ ҳокимият ичкарисида бир йигитгина ўтирарди. У ҳокимиятдагиларнинг барчаси уй бузишга кетганини айтди. Қурилиш масалалари бўйича Риштон туман ҳокими ўринбосари Содиқжон Ҳайдаров тез орада ҳокимиятга етиб боришини тавалло қилганди. Барибир келмади.

«Kun.uz» сайтидан олинди

 

 

 

 

loading...