СНАЙПЕР… (22-қисм)

0

 

 

* * *

 

Орадан беш дақиқа ҳам вақт ўтмай, ичкарига худди Содиқ каби паст бўйли, думалоқ, сочлари ғадир-будурлигиданми тепага қараб ўсган Собир кириб келди. У шу тобда хафақон ва икки юзи терсайган ҳолатда эди. Салом беришни-да хоҳламай, кирибоқ, Мирсолига тик боқиб зардали оҳангда саволлар ёғдира бошлади.

— Ҳа, акамни ўлдириб ҳаром пулларга чўмиляпсанми? Эркакча иш қилсанг бўларди-ку! Қани менинг акам? Топиб бер, эркак!..

— Аканг, мана, чўнтагимда, — деди Мирсоли жаҳлини аранг жиловлаб. — Оберайми?

— Ҳаддингдан ошма! Крутоймишсан. Вей, кўрпангга қараб оёқ узатгин!

— Вей, бола, ҳозир ҳов анави йигитларга айтсам, манави ёғ босган жуссангни минг бўлакка бўлиб итларга едиришади. Шунинг учун сенам ҳаддингни бил-да, ниятингни айт!

— Акамни топиб бер! Қани у?

— Мен акангни кўрганим йўқ. Кўрганлар бошқадир. Ўшалардан сўра!

— Э, йў-ўқ, — деди Собир хезланиб. — Ҳаммасини эшитдим. Сен акамни ўлдириб, жасадини беркитиб ташлаганмишсан ўрмонга!

— Нима? Ўв, бойвачча, оғзингга қараб гапир! Жаҳлимни чиқаряпсан лекин! Мени ким деб ўйлаяпсан?

— Ана, «Таракан» деган бандит айтди-ку! — янада баландроқ товушда қичқирди Собир. — Сен ўлдирганмишсан, сен! Акамнинг хунини тўла, номард!

Мирсолининг сабр косаси тўлди. Аммо ҳеч нарса демади. Шавкатга билдирмайгина кўз қисди-да, «ертўлага олиб туш» дегандек имо қилди.

Йўқ, у асло Собирга ёмонлик қилмоқчи эмасди. Залдагилар хитланмаслиги учун тинчгина ертўлада суҳбатни давом эттириш, ёлғон-ёшиқ билан бўлса-да, Собирни хотиржам торттиришни ният қилганди.

 

* * *

 

Мирсоли Собир тилига кўчирган ҳар бир ҳақоратли сўздан сўнг янада кўпроқ азобланарди. Қайсар ва ҳиссиз қалбига ўрнашиб олган иблис Мирсолини тобора олдинга, интиқом сари ундарди. Шундай ҳолатда у ертўлага тушди. Шавкат оёқларини чалиштирганча оромкурсида ўтирар, Вадим эса аллақачон Собирнинг афтини «бежаб» улгурганди.

— Хўш, қалайсан, бойвачча? — дея нуқул ҳарсиллаётган Собирнинг тепасига яқин борди Мирсоли. — Боя «Таракан» деган бандит ҳақида гап очгандай бўлдингми? Ким у? Ишон, агар унинг кимлигини айтсанг, сени ўлдирмайман. Ҳатто, манави қонталаш юзларингни тартибга келтиришинг учун товон пулиям тўлайман.

— Мараз! — Собир бошини кўтариб, Мирсолига нафрат аралаш тикилиб олди-да, полга чирт этиб тупуриб сўз қотди. — Акамни топиб бер!

Мирсоли ҳеч нарса демай, Вадимга бир қараб қўйди. У хожасининг буйруғини сўзсиз тушуниб, дафъатан Собирни аёвсиз тепишга тушди. Чамаси ўн-ўн бешта тепки танасининг турли нуқталарига бориб теккач, Собир ётган ерида икки қўлини баравар кўтарди ва қайтадан Мирсолига боқди. Бу галги боқиш ростакамига ожиз, ҳимоясиз эркакнинг илтижосидан дарак бериб турарди.

— Тавба қилдим! — деди Собир йиғлаб. — Акамниям топиб берма, майли, розиман! Фақат айт, уришмасин мени! Ўлиб қоламан!

Мирсоли совуқ тиржайиб олди-да, Вадимни елкасидан тутиб нари сурди.

— Укахонимиз тавба қиляпти! — деди Мирсоли энди ҳануз хотиржамлик билан уларни кузатаётган Шавкат тарафга бош буриб. — Эшитдингми тавбасини?

— Албатта эшитдим, — деди Шавкат даст ўрнидан туриб. — Тавба қилмай қаергаям борарди? Ичидагини ёғ деб юрган болалар-да булар! Ҳаётни кўрмаган, отасининг пулига керилиб юрган. Мана, энди ҳаётга бошқача кўз билан қарай бошлади.

— Нима қиламиз? — сўради Мирсоли оромкурсига ўтираркан. — Тавбасига ишониб, кечирамизми?

— Йўқ, олдин ўша «Таракан» ҳақида ҳаммасини оқизмай-томизмай гапириб берсин! — деди Вадим. — Унгача кечирмаслик керак. Босс, кўрдингиз-ку ҳаммасини! Бу ифлос пешонамизга қаёқдаги ўзига ўхшаган ҳаромхўрларни етаклаб келди. Сизни хоҳлаганча ҳақорат қилди.

— Хўш, Собир, ука, айтиб берасанми? Йигитларнинг гапларини эшитдинг. Улар сендан жуда хафа бўлишибди. Шу айбингни ювасанми ё калтак ейишда давом этасанми? Очиғи, менга барибир. Чунки сен душманимнинг укасисан. Агар мендан бошқаси бўлса, аллақачон сени тириклай кўмиб ташларди. Гапир!..

— Йўқ, йўқ, керакмас! — қонталаш юзларини енгига арта-арта жазава аралаш қичқирди Собир. — Айтаман! Ҳаммасини гапириб бераман!

— Қулоғим сенда! Нимани айтмоқчисан?

Собир бир Вадимга, бир Шавкатга жавдираб олди-да, бошини қуйи солган кўйи тилга кирди.

— А-акам… Ўша Тараканов билан олди-берди қиларди…

— Нима оларди-ю, нима сотарди? — сўради Мирсоли бамайлахотир. — Тушунмадим!

— Улар… Ҳалиги… Гиёҳванд моддалар билан савдо қилишарди. А-акам опкеларди, Тараканов текшириб кўриб сотиб оларди.

— Нима?.. — Мирсоли бу гапни эшитди-ю, баттар ғазабга тўлиб, беихтиёр Собирнинг иягига чанг солди. — Нима дединг, хунаса? Гиёҳванд модда? Ҳали сенлар шунақа ифлосмисан?

— И-ифлосмасмиз! — ўзини оқлашга ўтди Собир. — Т-тирикчилик-да, ака!..

— Тупурдим тирикчилигингга, билдингми!?. Ҳали сен шу жирканч оёқларингни менинг остонамга қўйдингми? Нега-а?..

Вадим Мирсолининг аччиқланганини сезгани ҳамоно Собирни калтаклаш учун шайланганди. Мирсоли унинг ниятни сездими, даст ўрнидан турди-да, елкасига қўл қўйди.

— Шошилма, дўст, — деди у Вадимга. — Эшитамиз! Охиригача эшитамиз! Гапир, ифлос! Ҳаммасини айтасан ҳозир!..

— А-акам йўқолиб қолгандан кейин мен Таракановникига бордим. Ундан ёрдам сўрадим.

— Ким айтди сенга акангни Мирсоли ўлдирди деб? Гапир!

— Ў-ўша Тараканов айтди. Унинг шотирлари кўрганакан.

— Нима? Ким дединг? Шотирлари? Қаерда кўрибди?

— Катта трассада кўрибди. «Йўл четида акангни ўлдириб, кейин жарга улоқтирворишди. Бу ишнинг бошида Мирсоли ҳамқишлоғинг турди», деди.

— Йўғ-э, тўғридан-тўғри шундай дедими? Қизиқ, мени қаердан таниркан ўша гиёҳванд ҳамтовоғинг? Шуниям айтгандир-а?

— Билмадим. Ҳеч нарса демади бу ҳақда.

— Демак, сен ўша итнинг қўли билан мендан ўч олмоқчи бўлибсан-да! Шунинг учун Тараканнинг югурдакларини етаклаб келибсан-да? Шунақами?

Собир ҳеч нарса демади.

— Ҳа-а, индамайсан, — деди Мирсоли унга яқин келиб. — Чунки қўрқасан. Сен-чи, аслида ўша ҳезалак акангданам баттар қўрқоқ ва латтачайнарсан. Ё нотўғрими?..

Собир Мирсолининг ҳақоратли сўзларини тек туриб тинглади ва кутилмаганда, қайтадан тиз чўкди.

— Жон ака, мени ўлдирманг! Ҳа, гапингиз тўғри! Мен қўрқоқман! Мен… Яшашни хоҳлайман! Илтимос, ўлдирманг!..

Мирсолининг тоқати тоқ бўлди. Айниқса, Вадимнинг — буткул бегона миллат, ёт эл вакилининг қаршисида ҳамқишлоғи бу қадар паст кетиши, сотқинлик қила туриб дафъатан ожизалар каби кўз ёш тўкиши унга жуда алам қилди. Уни нима қилиш зарурлигини хаёлан чамалаб олди-да, Шавкатга ишора қилди. Шу ондаёқ улар Вадим билан биргаликда Собирни ташқарига судраклашди.

 

* * *

 

Вақт шомдан ошганда, Шавкат ва Вадим олдинма-кетин казинога кириб келишди. Улар ҳар бир қалтис ишдан сўнг Мирсоли маълум муддат ҳеч қандай савол бермаслигини яхши билишарди. Шунинг учун индамай киришди-да, хона тўридаги диванга чўкишди.

Ниҳоят Мирсоли аста бошини кўтарди-ю, икковларига ер остидан тикилиб қаради. Вадим жуда хотиржам, сокин эди. Фақат Шавкатгина ора-сирада безовталанар, бу ҳолатни тез-тез бош қашиш орқали ошкор этарди.

«Дўстим ҳали янги, — кўнглидан ўтказди Мирсоли чуқур хўрсиниб. — Кўника олмаяпти. Ҳечқиси йўқ, пишади, кўникади, бора-бора безовталанмайдиган, қўрқмайдиган бўлади…»

— Хўш, азаматлар, — дея орадаги сукутни бузиб сўради Мирсоли. — Собир жойини топдими?

— Биласиз-ку, — деди Вадим жиддий оҳангда. — Жуда юмшоқ, хавф-хатарсиз ерга жойлаштирдик уни.

— Жуда соз, унда асосий масалага ўтсак ҳам бўлаверади. Айтганча, Шавкат, нега безовталаняпсан? Тинчликми?

— Й-йўқ, яхшиман, — Шавкат худди нимадандир чўчиган каби кескин бошини кўтарди. — Безовталанганим йўқ, дўст. Шунчаки… Хаёл опкетибди холос.

— Бир нарсани яхшилаб уқиб ол, — деди Мирсоли деярли пичирлаб. — Бизнинг ишда шунақанги қалтисликлар тез-тез учраб туради. Кўникиш керак буларга. Акс ҳолда ментларни гумонсиратиб қўямиз. Ё тушунтира олмадимми?

— Тушундим, дўст, тушундим. Ҳалиги… Асосий масалага ўтмоқчийдинг…

— Ҳа, шундай эди… Оғайнилар, очиғи, ўша «Таракан»ни бироз пасайтириб келмасак бўлмайди. Йўқса, у эртага ётоғимизга қурол ўқталиб киришданам тоймайди. Нима дейсизлар?

— Ҳақ гап, — деди Вадим. — Бизнесда қаттиққўлроқ бўлган маъқул. Кўрдик-ку, сира тап тортмасдан бинони ўраб олишди югурдаклари! Попугини пасайтириб қўйишимиз шарт!

— У ҳолда ҳозироқ абжир йигитларни саралаб машиналарга ўтқаз! Ўн беш чоғлиси етади. Лекин эҳтиёткорликни қўлдан бермаслигимиз зарур. Йигитларга қайта-қайта тайинла! Хитлантириб қўйганларини аяб ўтирмайман.

— Тушундим. Чиқаверайми?

— Ҳа, Шавкат сенга ҳамроҳлик қилади. Тайёр бўлишларинг билан менга хабар бер!

Вадим сўнгги кўрсатмани эшитибоқ, Шавкатни эргаштирганча кабинетдан чиқиб кетди.

Бир неча хориж машиналари орқама-орқа Тараканов макон тутган манзил томон кетиб борарди. Мирсоли эса ўйларди, ақли етганича мулоҳаза қиларди. Эртанги ҳаёти қандай кечиши мумкинлиги ҳақида бош қотирарди. Аммо сира ўйлари интиҳосига ета олмасди.

— Айтганча, — дея олдинги ўриндиқда ўтирган Вадимнинг елкасига қўлини қўйди Мирсоли. — Ҳозироқ қўнғироқ қилиб, ўша маразни огоҳлантир. Агар қиморхонасига бостириб боришимизни хоҳламаса, хилват жой танласин. Очиғи, ўзимнинг ҳам сира шовқин кўтаргим йўқ.

Вадим зум ўтмай кимгадир қўнғироқ қилди. Мирсоли тайинлаган гапни етказди. Салдан кейин эса масала ҳал бўлди. Тараканов уларни ўзи яшайдиган ҳудуддаги суви қуриган кўл бўйида кутадиган бўлибди.

— Фаросати жойидага ўхшайди, — деди Мирсоли кулиб. — Ҳойнаҳой ўша кўлга ҳаммамизни тириклай кўммоқчи шекилли.

— Ўзи биздан олдин кўмилиб кетмаса, — луқма ташлади Шавкат. — Бизнинг қудратимизни билмайди-да хонасалот!..

Қирқ дақақача йўл юришгач, худди ўша кўлга етиб боришди. Шундоқ қирғоққа яқин жойда учта машина турар, нарида эса ўн чоғли йигитлар қўл қовуштирганча тош қотишганди. Мирсолига тегишли машиналар анча берида тўхтади. У очиқдан-очиқ елкаларига автоматлар осган шотирлар қуршовида Таракановларга яқин борди. Тахминан эллик метр қолганда шотирлар Мирсолининг буйруғи билан таққа тўхтади. Ўзи эса олдинга юришда давом этди. Таракан ҳам худди шундай йўл тутди. Икки рақобатчи ораларида икки-уч метрлик масофа сақлаган ҳолда юзма-юз бўлишди. Мирсоли одатига кўра қаршисидаги узун бўйли, ўзидан пича ёши улуғ, қиррабурун рақибига зимдан назар солди. Шундай қилса, Таракан биринчи бўлиб гап бошлашига ишонди.

— Демак, сен экансан-да Крутой!?. — дея ҳақиқатан биринчи бўлиб гап қистирди Таракан. — Ёшинг меникидан кичикка ўхшайди. Ўзингдан катталарни ҳурматлашни ўргатишмаганми нима бало?

— Мен олдингга насиҳат эшитиш учун келмадим, — деди Мирсоли қаддини ғоз тутиб. — Ё сезмадингми?

— Хўш, нега келдинг унда? Мен билан жанг қилмоқчимисан?

— Сен билан биз бизнесменлармиз. Шундай экан, келишиб ишласак ёмон бўлмасди. Тўғри, мен тинчлик тарафдориман. Аммо сабр косамни тўлдирсанг, мажбур бўламан ҳамма нарсага.

— Менга қара, Крутой, — деди Таракан норози бош чайқаб. — Қанақа бизнесмен? Вей, сен-у мен жиноятчилармиз.

— Қара-я, бундан бехабар юрган эканман. Шунинг учун пешонамга югурдакларингни чопқиллатибсан-да!?. Адашмасам, жангни ўзинг бошлаб бердинг. Мен бугун арзирли жавоб қайтариш учун келдим. Хўш, бошлаймизми?..

— Қўйсанг-чи, кулгимни қистатма! Биламан, генерал ҳимоячингга ишоняпсан. Вей, мент ҳеч қачон жиноятчига дўстлик қилмайди. Эртами-кечми, барибир сотади.

— Мени яхши билмас экансан. Ишда рақобатчиларни сира хуш кўрмайман. Гапни айлантирма-да, мақсадга ўт!

— На илож! Яхшиликчасига тушунмадинг. Энди ўзингдан кўр!

Таракан шундай деди-ю, қирғоқдаги шотирлари томон ўгирилиб, ўзи томон имлади. Улар киссаларидан тўппончаларни чиқарган ҳолда хожаси тарафга югурди. Лекин Мирсолининг йигитлари ҳам анойи эмасди. Буйруқ ҳам кутиб ўтирмай, қарама-қарши тарафдагиларни ўққа тутишди. Бир неча сония ичида ҳаммаёқ тўс-тўполон бўлиб кетди. Автоматлилар Тараканга қўшиб шотирларининг барчасини ер тишлатишди. Мирсоли эса ўқлар ёмғири тингач, қайта машинадан тушиб, жасадларга яқин келди-да, бирпас тикилиб тургач, ўз шотирлари томон ўгирилиб, бор овозда қичқирди:

— Эшитиб қўйларинг, кимда ким менинг йўлимга тўғаноқ бўлса, худди шундай ўлим топади!

 

* * *

 

Машина қоронғи тунда серқатнов вилоят йўли бўйлаб кетиб борарди. Мирсоли эса сукутга толганча ўтирар, негадир бугунги қилиб қўйган ишидан сира кўнгли тўлмасди. Кеч бўлса-да, шу фожиалар аксинча якун топишини хоҳларди. Шундай тушкун кайфиятда у Шавкатга разм солди. Дўсти ҳам ўзидан баттар эди. Нуқул уф тортар, нимадир демоқчи бўларди-ю, афтидан тилига кўчира олмасди.

— Ҳа, нега яна тумшайиб олдинг? — сўради Мирсоли. — Биронтаси хафа қилдими? Ё уйингни соғиндингми?

— Очиғи, бугунги ишимиз тўғри бўлмади, — деди Шавкат лаб тишлаб. — Қара, қанча одамнинг бошига етдик. Ахир, бу гуноҳи азим-ку, дўст! Шуни яхшиликчасига ҳал этсак бўларкан-да!

— Бизнинг ишда яхшиликча деган жумла тушириб қолдирилади, — дея ним қоронғиликда Шавкатнинг кўзига тик боқди Мирсоли. — Агар сен ўлдирмасанг, сени ўлдиришади. Ҳадеб афсусланаверма дегандим-ку! Эсингдан чиқдими?

Шу гапларни айтишга айтди-ю, Мирсоли баттар қайғуга ботди. У дўстининг ҳақлигини биларди, аммо фикрига қўшила олмасди. Агар шундай қилса, бошқалар ҳам ақл бўла бошлашидан қўрқарди.

— Айтганча, — Шавкат беихтиёр киссасига қўл солиб, конверт чиқарди. — Манави хатни Собир ёзиб қолдирибди. Қара, «Шахсан Крутойга» деб ёзиб ҳам қўйибди баттол.

— Ўзинг ўқидингми?

— Йўқ, сенга тегишли бўлгани учун ўқимадим. Бошқаники бўлса, аллақачон қизиқиб кўрган бўлардим.

— Қани, ол-чи, нима деб ёзибдийкан!

Шавкат конвертни қўлига тутқазгач, Мирсоли ичини очди-да, бир парча қоғоз чиқариб, фонар ёрдамида ёзувларга кўз югуртирди.

«Сен ўзингча крутойман деб керилиб юрибсан экан, — дея бошланганди хат. — Нимангга кериласан? Худди қувғинга учраган итдай ўзга юртларда думингни қисиб яшаяпсан-ку! Қолаверса, мақтанишга умуман асосинг йўқ. Чунки сени маҳалладаги чоллар оқ қилган. Ишонмасанг, бор, ҳеч ким сен билан қўл бериб кўришмайди. Маҳаллада сен бир тийинга қимматсан. Акам масаласига келсак, сени худога топширдим. Худонинг ўзи ҳисоб-китобингни қилади албатта. Энди бўлса, қуйидаги шеърни синчиклаб ўқи. Ёдлаб олсангам қарши эмасман. Бу шеърни сенга атаб ёздим, эркак!..»

— Мен маразни ҳеч қачон дўстимсан демиюрман,

— Маразнинг товоғидан қирмоч ҳам емиюрман.

— Лахта-лахта қон ютиб, эзгинга эврилсам-да,

— Маразнинг ҳиммати-ю тафтидан тониюрман…

Мирсоли хатни ўқиб бўлди-ю, бир муддат сукутга толди. Кейин эса Шавкатга юзланди.

— Сенам ўқиб кўр, нима деб ёзганини билволасан.

Шавкат эътибор билан хатни ўқиди ва кутилмаганда қўлларини мушт қилиб сўкинди.

— Бир жиҳатдан юртга кетганинг дуруст эди, — деди у бош чайқаб. — Пулинг бўлса бор, ўша ёқда катта бир супермаркет очиб тинчгина тижорат қилсанг, бугунгидай ишлар бўлмасди.

— Вей, дўст, — деди Мирсоли тутоқиб. — Сен-у биз ментларнинг кундалик нишонимиз. Агар бу ердаги ишларни йиғиштириб, йўлга отлансам, шу куниёқ қўлимга кишан солишади. Чунки генерал тирикчилигининг мазаси қочишини хоҳламайди. Менинг пулларим эвазигагина тилини тийиб юрибди. Пул бермай-чи, ў-ў-ў, калламни сапчадай узиб ташлашга тайёр бўлади. Хуллас, бизнинг ишда ё турма, ё ўлимни танлаш зарур. Икковиниям истамасанг, керакли одамларга пул узатишинг зарур бўлади. Э, йў-ўқ, юртга қайтиш учун аллақачон йўллар бекилиб бўлган бизга.

— Барибир бир кунмас бир кун қамашади. Буниям биласан. Таваккал қилайлик. Ҳалиям кечмас.

— Дўст, мен уёқда супермаркет очиб, қандай иш юритаман. Ҳисоб-китобда…

— Мен ўзим юритаман, — Мирсолининг гапини кесди Шавкат. — Сен назорат қилиб турсанг бас. Қолганини қойиллата оламан, ишон!..

— Менга қара, — атайин гапни бошқа ёққа бурди Мирсоли. — Собир шоирмиди?

— Ҳа, қишлоқда ис чиқаришсаям шусиз ўтмасди. Ўртага чиқиб шиғирини реклама қиларди аблаҳ.

— Мени мараз дебди-я, кўрдингми?

— Ўзидан хабари йўқ-да! Уй ичи билан ҳаромхўр-ку! Бировга кулишни ким қўйибди уларга!?.

— Сенинг гапларинг тўғри. Бир жиҳатдан қишлоққа кетворсак яхши иш бўларди. Эналарим раҳматлиларнинг қабрини ҳар куни зиёрат қилардим. Бировдан қўрқмасдим, ҳақорат эшитмасдим. Асосийси, тинч ухлардим. Ишонсанг, шу ишга қўл урганимдан бери нуқул ёмон тушлар кўраман. Ярим кечаси уйғониб кетаман-да, ўтиравераман. Ўйлайман, ўйлайман, қани ўйларимнинг охири кўринса…

— Ана энди ўзингга келяпсан, — жонланиб овозини бир парда кўтарди Шавкат. — Кел, эртаданоқ казинонгни сотиш тараддудига тушамиз. Ҳеч қанча вақт кетмайди бунга. Ҳалигидай Таракановга ўхшагани чиқса, дарров сотиб олади. Сен кетсанг, эркин нафас ола бошлашини билади улар.

— Менга қара, шу атрофда бир танишимнинг дала ҳовлиси бўларди адашмасам. Ўзимизнинг ўзбеклардан эди. Вей, Гриша, рулни ўнгга бур! Далалардан ўтсак, дала ҳовлилар бошланади. Ўша дала ҳовлидаги ток остида ўтириб бироз дам олмоқчиман. Сизлар ҳам шу баҳонада нафас ростлайсиз. Вадим, розимисизлар?

— Розимиз, — деди Вадим қисқа-қисқа йўталиб. — Бу ерларнинг ҳавосиям бошқача экан. Тўйиб нафас олайлик! Шаҳар қочмас.

Ҳайдовчи машинани елдек учирганча бир зумда турнақатор, пана-пастқам дала ҳовлиларга яқинлашди.

— Ҳов анави қизғиш дарвоза рўпарасида тўхтат машинани! — деди Мирсоли. — Вадим, сен бош бўлиб кабоб пиширасизлар. Ичимликларниям олиб киринглар ичкарига! Бир ўтирайлик!..

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

 

 

 

loading...