СНАЙПЕР… (23-қисм)

0

 

 

* * *

 

 

«Чамаси боши берк кўчага кириб қолганман шекилли, — ўйларди Мирсоли ток остидаги курсида ўтирганча атрофдагиларни кузатаркан. — Шавкат кўзимни очди. Топган пулим аслида ҳаром эканини пайқамадим, бировларнинг сўзига қулоқ тутмадим. Одам ўлдирдим, ўлдиравердим. Бу гуноҳларни елкамда қандай кўтариб юриш, худонинг ҳузурида қилмишларимга қандай жавоб бериш ҳақида сира ўйлаб кўрмадим. Энди-чи? Мана, бугунги кун ҳам қон тўкиш билан ўтди. Қанчасини ер тишлатдим. Уларнинг оила аъзолари ҳозир қай кўйга тушишган экан? Буниям ёлғиз худо билади… Эсиз, нега аввалроқ ўйламадим? Хомчўт қилмадим? Зўр бўлиш менга нима беряпти? Ҳаром-харишдан бўлак ҳеч вақо бераётгани йўқ. Мундай мулоҳаза қилсам, мен тенгилар аллақачон уйланишган. Уйланмаганиниям ҳеч қурса севган, ишонган қизи бор. Улар кун-у тун висолни орзулаб яшашади. Мен бўлсам, ҳеч кимнинг меҳрига сазовор, ҳақли эмасман. Собир тўғри ёзган. Қишлоқдагилар азалдан қотилни ёмон кўришади. Ўзлари кўришмаса-да, бир оғиз гап туфайли ўша қотилдан очиқчасига юз ўгиришади. Иложи борича ундан нарироқ юришга интилишади. Демак, мениям худди шундай совуқ нигоҳлар билан қарши олишади. Биров ўша яқин теваракда менга қиз бермайди. Қандай даҳшат-а! Ўзгаларнинг нафратини очиқ кўз билан кўриб яшаш ростакамига даҳшат! Нима қилай? Қандай йўл тутай? Нима қилсам, қўрқинчли, жирканч ўйлардан нари бўламан? Йўқ, етар, бу ҳаёт Шавкат айтганидек, яхшиликка олиб бормайди. Бир кунмас-бир кун менданам зўрроғи, абжирроғи чиқса, бизнес ҳам, обрў ҳам бир пул бўлади. Анави генералга ўхшаганлар эса бошқанинг товоғини ялаб, мени бир ҳамла билан турмага тиқади. Ҳа, ундайлар ҳеч қачон дўстлик қилишмайди. Нима қилсам бўлади? Шавкатни чақириб, муддаомни айтайми? Албатта хурсанд бўлади. Менинг тўғри йўлга қайта бошлаганимни эшитиб терисига сиғмас даражада қувонади. Худойим, менинг тавбаларимни қабул қиласанми? Қабул қилмайсан. Буни вужуд-вужудим билан сезиб турибман. Сен ёруғ дунёнинг ўзида менга жазо тайинлашни кўзлайсан. Майли, шундай бўлсаям ўзингга шукр қиламан. Аммо… Кечир, худойим, мен кирган кўчада ортга қайтиб бўлмаскан. Фикрлаб кўрсам, ҳеч қандай илож, имкон кўринмади. Чунки ўзимдан ўтганини ўзим биляпман. Мен жонимни жабборга бериб йиғган давлатимни генералга ўхшаш текинтомоқларга топшириб қўйгим йўқ. Тўғри, ҳаммасига кўз юмиб шартта кетворишим мумкин. Менинг йўлимни ҳеч ким тўса олмайди. Лекин аэропортгача ҳам етиб бора олмаслигимни биламан. Тиш қайраб турган мелисалар мени осонликча қўйиб юборишмайди. Турмага судрашади. Менинг эса турмада ўтиргим йўқ. Негаки, у ерда ҳам душманларимнинг сон-саноғи йўқ. Бир кун яшатишмайди керак бўлса. Шундай экан, ўзингга таваккал қиламан, худойим. Бошга тушганни кўз кўради-да! Ғазабларингга бардош қилишдан бўлак чорам қолмади…»

— Дўст, мана, кабоблар ҳам тап-тайёр бўлди, — Шавкат Мирсолининг хаёлини бўлиб хонтахта устига бир товоқ ўзидан буғ таратаётган кабоб қўйди. — Йигитлар ошхонада ўтиришаркан. Биз Вадим билан сенга шерикчилик қиламиз-да энди! Қарши эмасмисан?

— Хайрият, — деди Мирсоли Шавкатга кулиб қараб. — Чеҳранг очилибди. Хурсандман. Бироқ менинг кўнглимга чироқ ёқса ёришмаяпти. Юрагимга қил сиғмаяпти.

— Сен кабобдан ол, кўнглинг ёзилади, — деди Шавкат бир сих кабобни Мирсолининг қўлига тутқазиб. — Қорнинг очгандир. Қани, дўстлар, олдик бўлмаса!..

Мирсоли синфдошига итоат қилган ҳолда кабобни оғзига яқин олиб борди-ю, дарҳол қайтадан товоққа солди ва даст ўрнидан туриб қулоқларини динг қилди.

— Машиналар товуши эшитилди, — деди у Шавкатга юзланиб. — Ментлар хитландимикан нима бало?

— Бе, сенга шундай туйилгандир, — қўл силтади Шавкат. — Кўчада қўриқчилар турибди. Бир гап бўлса, хабарини етказишарди-ку!..

— Ўзим қарай-чи! — Мирсоли шундай деб дарвоза томон юрди. Шу тобда эшик очилиб, икки қўриқчи ҳовлиққанча ҳовлига кирди.

— Хўжайин, ментлар дала ҳовлини ўраб олишяпти, — деди қўриқчилардан бири. — Қочишимиз керак!

— Нима?.. Ментлар?.. Қани, йиғиштирларинг ҳаммасини! — Мирсоли бор овозда бақириб ичкаридагиларни чорлай бошлади. — Ҳамма машиналарга ўтирсин! Агар йўлимизга тўғаноқ бўлишса, босиб ўтиб кетларинг! Қўлга тушиш хаёлинггаям келмасин!..

Бахтга қарши ҳеч ким машинага ўтиришга улгурмади. Дафъатан кўчадан бир гуруҳ ниқобли кимсалар чопиб кириб, барчаларини юзтубан ерга ётишга мажбур этди. Мирсоли томорқа тарафдан ҳам аллакимлар бақир-чақир билан кирганини пайқади. Бошини кўтариб кимлар эканини илғашга уринди. Аммо тепасидаги қурол тутган аскар нақ бўйнига автомат қўндоғини тираб қўзғалишга қўймади.

Орадан бир неча ўн сония ўтди ё ўтмади, Мирсолини кимдир курткаси ёқасидан сиқимлаб ўрнидан турғазди.

Бу ўзи билан яқиндан бери «шерикчилик» қила бошлаган генерал эди.

— Ҳа, шоввоз, «бузоқнинг югургани сомонхонагача» деган нақлни эшитганмидинг? — дея масхараомуз сўз қотди генерал. — «Генералга пул бердим, энди нима қанд есам еявераман», деб ўйловмидинг?

— Ифлос! — шивирлади ғазаб аралаш Мирсоли. — Келиб-келиб сен маразга ишондимми?

— Буни терговда аниқлашади, — деди генерал. — Думингни қисиб тўғри, ҳалол яшаганингда шу кўйга тушмасдинг. Сен берган пулларга келсак… Буни ҳеч қачон ҳеч кимга исботлай олмайсан! Ана энди турмада додингни беришади. Тайёр тур, Крутой!..

Мирсоли бу гапларни деярли эшитмасди. Афсус, надомат туйғуси борлиғини эгаллаб, гўё карахт кимса янглиғ қаршисидагиларга ҳиссиз боқарди.

 

* * *

 

— Бу менинг машинамга ўтиради, — деди генерал кутилмаганда аскарларга юзланиб. — Қолганларни олиб бориб камерага қаманглар!

— Сизга… Ўртоқ генерал, балки соқчиларни…

— Керакмас, — офицернинг сўзини кесди генерал. — Бу йигит мен учун хавфли эмас! Боринглар, тезроқ етказинглар ҳаммасини! Қани, Крутой, менинг машинамга ўтир! Сен билан ўзим гаплашиб қўймасам, бўлмайдиганга ўхшайди.

Мирсоли ҳайрон бўлганча кўрсатилган машинага чиқди. Негадир қўлларидаги кишанларни не сабабдан ечишганига тушунмай, ҳадеганда генералга ер остидан разм солаверди. Қалбининг бир четида генерал инсофга келишига, уни қўйиб юборишига ишона бошлади.

— Хўш, қаҳрамон, энди қалайсан? — сўради генерал масхараомуз оҳангда. — Менинг қудратимга тан бердингми ё йўқми?

— Тан бермаганимда нима ўзгарарди? Қамайсизми, қамайверинг! Демак, пешонамда шу иш ҳам бор экан.

— Овора бўласан, — деди генерал янада жиддий тортиб. — Биласан, сени турмага қамасак, осон ўлим топасан. Анави душманларинг анчадан бери тиш қайраб юрганиданам хабаринг бор. Улар сени ё бўғиб ўлдиришади, ё отиб ташлашади. Йў-ўқ, сен ҳали бизга кераксан.

— Тағин нима балони ўйлаб топдингиз? — сўради Мирсоли тоқати тоқ бўлиб. — Билмасангиз билиб олинг, мен ўлимдан қўрқмайман. Жонимни гаровга тикиб йўлга чиққанман.

— Шунинг учун ҳам сенинг ўлишингни истамаяпман. Умуман, биласанми, нега бугун босқин уюштирдим-а? Биласанми?

— Сиз ментларнинг кўнглингиздан нима кечаётганини ёлғиз худо билади. Мен қаердан билай?

— Майли, билмасанг ўзим айта қоламан. Хуллас, «главка»да анчадан бери менинг ғийбатимни қилишаётган экан. Узунқулоқ гаплардан билиб қолдим. Нимаймиш, мен жиноятчи билан келишиб, ҳимоямга олганмишман, эвазига жиноятчи менга пул тўлаётганмиш. Сен шу ғийбатларга ишонасанми?

— Бу ҳақиқат-ку, — деди Мирсоли. — Жиноятчи менман. Сизга мени ҳимоя қилаётганингиз учун пул тўлаяпман. Ё ёлғонми?

— Майли, бу гапни қўя турайлик. Қисқаси, бугун ўша ғийбатчиларга кимлигимни кўрсатиб қўйгим келди. Жиноятчи билан ош-қатиқ эмаслигимни исботлашга бел боғладим. Натижасини ўзинг кўриб турибсан.

— Хўш, нима қилай? Гапингиз шу холосмиди? Унда мени олиб боринг ўша турмангизга! Машинангизда ўтириб тоза ҳаводан нафас ололмаяпман. Балки ўша ҳавони турмада оларман.

— Бекорларни айтасан, — деди генерал. — Операциямнинг охирги босқичи қолди. Шуни тугатай, ана ундан кейин сенинг масалангни ўйлаб кўраман.

— Менинг нима алоқам бор операциянгизга?

— Ҳозир аскарларни қайта чақиртираман. Сен қочасан. Улар ортингдан қувлаб сени тутиб келишади. Агар шу ишда ёрдам берсанг, ишон, ҳаммаси яхши бўлади. Таракан масаласига кўз юмаман. Келишдикми?

— Албатта йўқ, — деди Мирсоли. — Аҳмоғингиз йўқ. Мени ёш бола қилишга уринманг. Шундоғам сабр косам тўлиб турибди ҳозир.

— Ёрдам бермайсанми? Генералнинг юзи ёруғ бўлишини истамайсанми?

— Йўқ. Гап тамом!

— Бундан чиқди, сен билан келишувимизниям бекор қилмоқчисан, шундайми? Ҳалиги… Ҳимоя қилишим эвазига пул тўлашниям хоҳламайсан-а? Топдимми?

— Тўғри топдингиз. Сиздақалар билан ишлагандан ўлган маъқул. Хўш, ҳимоя қилмасангиз, нима бўлади менга? Казино очганимни рўкач қилиб қўлга оласизми? Қани исботи? Мен фақат интернет клуб очганман. Ана, ишонмасангиз бориб кўринг!

— Тараканнинг, у билан бирга ўн чоғли одамнинг ўлгани-чи? — тутоқиб кетди генерал. — Уям бировнинг ишими?

— Исбот қила оласизми? Бунинг учун ҳеч бўлмаса бармоқ изларини топиш керак. Мен эса бир иш қилсам, орқамда из қолдирмайман. Мана кўрасиз, йигитларимниям эртагаёқ қўйиб юборасиз. Акс ҳолда нима бўлишингизни фақат худо билади, генерал!

— Ҳали шунақами? — генерал Мирсолининг ишонч билан айтган гапларини тинглаб туриб, беихтиёр титрай бошлади. Титроқ исканжасида шошилинч рацияни қўлига олди-да, аскарларни чорлади. Мирсоли эса ҳеч нарса бўлмагандай тек ўтирар, ора-сирада генералга кўз ташлаб совуқ тиржайиб оларди.

 

* * *

 

— Хўш, начальник, — Мирсоли жиноятчилар тилида сўз қотди. — Барибир қўрқдингизми? Ана шунақа бўлади. Кўрпага қараб оёқ узатиш керак.

— Менга қара, — деди генерал ҳануз титрашдан тўхтамай. — Кел, келишайлик! Мен сени қаматиб нима топаман-у, сен мени ўлдириб барака топармидинг? Йўқ, албатта. Ундан кўра, келишайлик. Ҳаёт давом этяпти, ахир!

— Энди қанақасига келишамиз? — дея Мирсоли лаб бурган кўйи генералга мағрур боқди. — Мана, ўша ментларингизни яна чорладингиз. Ҳойнаҳой, ҳозир мени ўшаларнинг қўлига топширсангиз керак. Шунақами?

— Йўқ, сен тушунмадинг. Ниятим аслида умуман бошқа. Одамга ўхшаб гапимни эшитсанг-чи!

— Бўпти, гапиринг! Бугун сиз гапирадиган кунга ўхшаб турибди. Нима дардингиз бор?

— Биласанми, «главка»да бир генерал дўстим бор. Матвей Миронович. Шу одамга ёрдаминг зарур бўп қолди. Нима дейсан?

— Мен ким бўлибманки, генералларга ёрдам берсам? Майли, айтинг. Нима қилиш керак ўша генералингизга? Қурол-аслаҳа керакми ёки?

— Ғалатисан-да! — деди генерал норозиланиб. — Ўзимиз ўша қуролнинг ичида яшаймиз-ку! Бошига урадими қуролни?!.

— Унда нима? Башарти қизига мендақа бой эр керакмасмикан?

— Йўқ, топа олмадинг. Матвей Миронович депутатликка номзодини қўймоқчи. Бу жараён эса кўп пул талаб қилади. Шу тарафдан қўллавормасанг бўлмайди. Ишон, генерал жуда танти одам. Иши битса, ошиғинг мунданам олчироқ бўлади.

— Овора бўласиз, — деди Мирсоли қайсарлик билан. — Мен хайрия жамғармаси эмасман. Қолаверса, ўша генералингиз депутат бўлишни мўлжаллабдими, демак, пули бор.

— Тўғри, бор. Аммо Матвей Миронович…

— Бас қилинг, — генералнинг сўзини кесди Мирсоли. — Ўзингизга маош бериб турибман ҳам, жон денг. Энди ҳамтовоғингизниям тиқиштирмоқчимисиз? Инсоф ҳам керак-да, ахир!.. Аҳмоғингиз йўқ.

— Ҳой, йигит, бугуннинг ўзида ўнлаб одамларни ер тишлатдинг, тан ол! Бу айбинг учун камида бир умрга қамаласан. Ҳадеб шу нарсани эслатаверишга мажбур қилмасанг-чи!

Мирсоли генералнинг сўнгги гапидан баттар ғазаби қайнаб, дафъатан машина эшигини очди.

— Қамаб бўпсан, мент, — деди пастга тушаётиб. — Духинг етмайди мени қамашга. Кўрасан, худо кўрсатмасин, ҳозир ўша югурдакларинг мени тутишга уринса, ҳаммангнинг шўрингга шўрва тўкилади. Шунинг учун орқамдан қувлаб овора бўлмаларинг!

— Вей, аҳмоқлик қилма, — деди генерал ўтирган ерида. — Охирги чорани қўллашга мажбур қилма! Охири яхши бўлмайди!

— Ҳаракат қилиб кўр!..

Мирсоли сўзини тугатгач, машина эшигини қарсиллатиб ёпди-да, йўл четида илдам қадамлар ташлаган кўйи кета бошлади. Лекин узоққа бора олмади. Қарама-қарши томондан ўқдек учиб келган полиция машинаси рўпарасига етганда тўхтади ва эшиклари очилиб, юзларига қора ниқоб тутган автоматлилар тушишди. Уларга бир сония қараб олишга-да вақт йўқ эди.

Мирсоли жонҳолатда дарахтзор ичкарисига ўзини урди. Автоматлилар ҳам ортидан қува бошлашди. У биларди, ишонарди. Астойдил чопса унга ҳеч ким ета олмайди. Ўрмоннинг қуюқ қисмигача ета олса, марра уники…

Афсуски, улгурмади. Қора ниқобли аскарлар энди қуролларни ишга солишди-ю, ўқлар ёмғири Мирсолининг иккала оёқларига келиб урилди. Биринчиси, иккинчиси… Йўқ, Мирсоли жисман танасидан мадор кета бошлаганини ҳис этди. Ўқлар ёмғирига дош бера олмаган оёқлари ниҳоят бўшашиб, кучли оғриқ исканжасида ҳаракатдан тўхтади. Мирсоли кутилмаганда боши гир-гир айланиб, майсалар устига юзтубан йиқилди. Шу ондаёқ танасида зоҳир оғриқлар ортга чекиниб, ўзга бир оламга кириб қолган каби енгил тин олди.

 

* * *

 

Бу ям-яшил майсалар, меваси новдаларини синдиргудек осилиб тушган, нақшинкор олмазор, суви тошдан-тошга урилиб шарқираганча, кўпириб оқаётган шошқин сойдан иборат водий эди. Аммо водий ичра бошқа бир дунё зоҳирдек эди. Ранг-баранг капалаклар, бир-биридан гўзал, мафтункор қушлар водий ичкарисидаги бепоён боғда парвоз қиларди. Қушлар сайроғи водий ичкарисига ўзгача файз ато этарди. Капалаклар ҳар яйраб учганда, Мирсолининг қулоғига шўх кулги, ҳазил-мутойибага қоришиқ суҳбатлар чалинарди. У ҳайрон бўлиб, эҳтиёт шарт баданининг у ер-бу ерини чимдиб кўрди. Оғриқ сезилмади. Кимсасиз водийда одамлар вакили сифатида ёлғиз ўзи кезаётганидан беихтиёр хавфсираб, бор овозда қичқириб ҳам кўрди. Ҳали ўнг, ҳали сўлга қараб югурди. Теваракда кимнидир кўриб қолишга, илғашларига умид боғлади. Бу ҳаракатлари ҳам зое кетди. Қичқириғига капалаклар орасидан норози товушлар, нолишга йўғрилган пўписаларгина жавоб қайтарди.

— Худойим, мен қайлардан келмадим, — деди атайин товуш чиқариб Мирсоли. — Қанча азобли йўлларни босиб ўтмадим. Наҳотки, сен ёлғиз бандангни мана шу кимсасиз манзилга раво кўрган бўлсанг? Нега бу водий бўм-бўш. Одамлар қаерга ғойиб бўлишган? Умуман, нима учун бу ерга келдим? Сенга ёлвориб ҳеч нарса сўрамагандим-ку! Энди нима қиламан? Қаерга бораман? Қандай умр кечираман буёғига?..

Бу сўзлардан сўнг боғ ичида ғойибона айтишувлар, савол-жавоблар жаранглай бошлади, аллакимларнинг маҳзун оҳ уриши водийни тутгандек бўлди. Сал ўтмай, уч капалак тўдасидан алоҳида ажралиб чиқиб, Мирсолининг тепасида чарх ура бошлади. Мирсоли уларга тикилганча янада ҳайратга тушди. Капалакларнинг иккитаси тўқ яшил, учинчиси эса қордек оппоқ рангда эди.

— Нодон бола, водийга нега келдинг?..

Мирсоли бу саволни одам ёғдирганини аниқ англади. Товуш худди ўша уч капалак орасидан чиқиб, қулоқлари остида жаранглаганди. Ҳамон ҳеч нарсага фаҳми етмай, оғзи ланг очилган кўйи капалакларнинг ҳаракатларини кузатишда давом этди.

— Бизни танимадингми? — сўради яна қайсидир кўринмас қиёфа соҳиби. — Айт, танимадингми?

— Й-йўқ, — дея кўм-кўк осмонга боқиб жавоб қилди Мирсоли. — Мен… Ҳеч кимни кўраётганим ҳам йўқ. Кўрсам танийман-да!

— Овозимиз-чи? Кимнинг овози эканини англагандирсан?

— Бу… Наҳотки, сиз, ота? — дея оҳ урди Мирсоли. — Бу сизнинг овозингиз!

— Менгача кимнинг товушини ҳис этгандинг?

— Бунгачами?.. Худойим, менга нималар бўляпти ўзи?.. Ҳа, бу товушларни ҳам танидим. Иккала энамнинг овози эди бу!

— Баракалла! Бизни мамнун этдинг, болажоним!

— Қаердасизлар ўзи? Нега кўринмаяпсизлар? Ё… Дарахтлар панасига беркиниб олганмисизлар? Ҳеч нарсани тушунмаяпман!

— Беркинганимиз йўқ, — деди эркак товушида кўринмас қиёфа эгаси. — Мана, биз уч капалак тепангда парвоз қиляпмиз. Яшил рангдагилар эналаринг, оқи эса мен — отанг!..

— Капалак? Менга қаранг, ё мен ақлдан озганман, ё сизлар мени атайин қийнаш учун шу ўйинни ўйлаб топгансизлар! Қанақа капалак? Ҳеч замонда одам ҳам капалакка айланадими?.. Тўхтанг, ахир, сизлар оламдан ўтгансиз-ку! Қандай қилиб мен билан бемалол гаплашяпсизлар? Мурда гапирганини ҳеч қачон кўрмаганман! Айтинг, ота, буни қандай тушунай? Мени қийнамай тезроқ жавоб беринг!..

Бу гал эркак эмас, аёл товушида бошқа бир кўринмас қиёфа эгаси сўз қотди.

— Ана энди ўзингга келдинг! Мен гўдаклигингдан сени оқ ювиб оқ тараган энанг бўламан. Ёнимдаги Настя энанг. Қара, биз отанг уччаламиз бирга-бирга ҳаёт кечиряпмиз.

— Қаерда? Шу водийдами?

— Ҳа, бу буткул бошқа дунё, болам. Бу дунё жудаям сокин, ҳавоси мусаффо, қайғу-ғамлардан холи. Бу ерда ҳеч ким қайғуга ботмайди, айрилиқ аламини тотмайди, бир-бирига ҳасад қилмайди, бир-бирини хўрламайди, эртанги чароғон кунни ёлғиз яратгандан сўрайди. Худойим чароғон кунларни ҳеч қачон биздан дариғ тутмайди.

— Нега капалак тусига киргансизлар унда? Одам қиёфасида қолсангиз, нима бўларди?

— Боқий дунё аҳли турли жониворлар тусини олади. Кимдир чағалақ, яна кимдир қарға, бошқа биров бургут тусига эга бўлади. Буни яратган эгамнинг ўзи белгилайди.

— Қандай белгилайди?

— Орттирган гуноҳ-у савобларига қараб белгилайди. Масалан, биз фоний дунёда безиён бўлганимиз боис худойим уччаламизниям мукофотлади. Бизни бир-биримиздан айирмади, ажойиб капалаклар тусини берди. Худойимга беадад шукр!..

— Мени-чи? Мени қай жониворга айлантираркин? Билмайсизларми, эна?..

Бу саволга бир неча дақиқа жавоб бўлмади. Мирсолининг қулоқларига яқинларининг чуқур хўрсинишларигина чалинди. Кейин эса қайтадан эркак товушида отаси жавоб беришга тутинди.

— Кет! — деди отаси овозини бир парда кўтариб. — Сени ҳеч ким чақиргани йўқ бу ерга.

— Нима? Қанақасига? Унда қандай келиб қолдим?

— Ўжар эдинг, ўжарлигингча қолибсан! Бизни ҳеч вақодан хабари йўқ деб ўйловмидинг? Уят! Иймонингни еб қўйибсан сен бола! Қанча одамнинг умрига зомин бўлганингниям биламиз. Қўй, шаккокликни бас қил! Яратган сенга мурувват кўрсатмоқчи. Унинг ғазабини қўзғама! Акс ҳолда сени жирканч бир қушга айлантириб қўйиши ҳеч гапмас. Бу водий ҳам сенга бегона. Ҳали сен фоний дунёдаги гуноҳларинг ажрини тўлаб бўлганингча йўқ. Бор, бизни азоблама! Кет!..

— Ахир мен зино қилмадим-ку! — қайсарларча ҳайқирди Мирсоли. — Зино энг оғир гуноҳ эмасми?

— Нодон, — деди отаси — оқ рангли капалак. — Бандасининг жонини фақат худо олади. Сен бўлсанг, шу гуноҳни кўп бор бўйнингга олдинг. Шайтони лаин йўриғига кирдинг.

— Нега унда шайтонни жазоламайди-ю, менга қаҳрини сочади худо?

— Худойим кечиримли, — деди отаси оҳ тортиб. — Униям кечирмоқда. Шайтони лаин йўриғидаги жодугарларнинг руҳигаям озор етказишдан тийилмоқда. Улар эса қутургандан қутуриб, жодугарларнинг тирик вакилларига турли ёлғон-ёшиқ хабарларни етказиб юришибди. Аммо Оллоҳ ҳаммасини кўриб, сезиб турибди. Қиёматда улар ҳам албатта жазосини олади. Сен эса яхшиликча кет, болам! Ёруғ дунёнинг ўзида сен нодон оғир мушкулотларга маҳкумсан. Бусиз Оллоҳимиз ҳеч қачон сени қабул қилмайди. Кет!

— Майли, кетаман, — деди Мирсоли. — Фақат бир саволимга жавоб айтинг! Шу саволимга жавоб олсам, кўнглим тинч бўлади, хотиржам тортаман.

— Бер саволингни!

— Вақти-соати етганда мен ҳам шу водийга келаманми? Сизлар билан бирга кун кечираманми?

— Буни худойимнинг ўзи ҳал қилади. Сезишимча, ҳали-вери бу водийга бегона бўласан. Чунки гуноҳларингнинг тоши ҳаддан зиёд оғир. Лекин кўнглингни чўктирма! Фурсат келади, сен ҳам албатта оиламизга, даврамизга қайтасан. Қаддингни тик тут! Оллоҳимизнинг қаҳридан, қон тўкишдан, ваҳшиёна ўйлардан сақлан!.. Ҳамиша ҳақиқатни сўзлашга, адолатли, диёнатли бўлишга ҳаракат қил!..

Мирсоли ҳақиқатан кўнгли таскин топгандек бошини қуйи солганча водийдан чиқиб, поёни йўқ дашти карбалога қадам қўйди. Саҳро аллақачон зулмат қаърига шўнғиган, жуда олисда чироқнинг тангадек нури кўзга ташланарди…

(давоми бор)

Олимжон ҲАЙИТ

 

loading...