ШАЙТАНАТ… (99-қисм)

0

 

 

* * *

 

— Жамшидни чақир, — деб буюрди Асадбек Чувриндига.

Чувринди чиқиб, Бўтқага буйруқни етказиб келгач, Асадбек Кесакполвонга қараб туриб сўради:

— Хўш, ўлик топиб келиб ёқибсанлар, мени ишонтирдинглар. Ўрганнинг одамлари ҳам ишонди. Иккита кавказлик қулоғини ушлаб кетворди. Хўш, энди тириклиги маълум бўлганда нима дейсанлар?

— Буни укахонингдан сўра. Неча кундан бери ўйлаб қўйгандир?

— Ўйлаб қўйдим, — деди Чувринди унинг пичингига эътибор бермай. — Катта йўлда Жамшидни номаълум одамлар тўхтатишади. Беҳуш қилиб олиб кетишади. Бир неча ой қоронғу ертўлада сақлашади.

— Мақсад?

— Мақсадми… пул талаб қилишади.

— Кимдан?

— Ўзидан.

— Нимага чиқаришди. Пул берилдими?

— Ҳа…

— Хом гаплар бу. Кўча-кўйдаги одамлар учун. Унинг тириклигини билса анови зумраша прокурор титиб қолади. Аввал сени чақиради.

— Яна бир йўли бор.

— Қанақа?

— Қиз масаласи. Қизни алдаган бўлиши мумкин. Уйланишга рози бўлгач, чиқаришади.

— Уйлантирасанми?

— Ҳа, ўзига ёқадиган биттаси бор.

— Ўйлаб иш қил.

Жамшид масаласи шу тариқа ҳал этилгач, Кесакполвон Шариф Намозов Москвага олиб кетилганини айтди.

— Прокурор болани эртасигаёқ чиқариб юборган. У ўзининг ишини қилиб юрибди. Шарифни қўлига кишан уриб олиб кетишди. Индамай қараб турсак бўлмас.

— Қиличга тегмабдими?

— Йўқ, бир марта сўроқ қилган. Сувдан қуруқ чиқди, хумпар.

— Шуниси ғалати, — деди Чувринди.

— Нимаси ғалати? — деди Кесакполвон энсаси қотиб.

— Сувдан қуруқ чиққани. Красноярга юборган молнинг дарров қўлга тушгани ҳам қизиқ.

— Молнинг изига Хонгирей тушган девдим-ку, — деди Асадбек. Сўнг бир оз ўйланди-да, давом этди: — Хонгирейга Ҳосил етказган… Ҳосилга…

— Мен сенга айтувдим, — деди Кесакполвон. — Қамоқдалигида уни Ғилай йўқлаб турган. Ҳосилга ҳам хизмат қилган у хунаса.

— Буни исбот қилиш керак, — деди Чувринди.

— Қийин эмас. Рухсат берсанг… — Кесакполвон шундай деб Асадбекка юзланди.

— Йўқ, ҳозирча жим турларинг. Шарифни нима қилишни ўйлаш керак.

— Йўқотиш керак, — деди Кесакполвон.

— Ҳайдар акам тўғри айтадилар. Винзаводни кавлаштириш тўхтатилмаса газак олиб кетиши мумкин.

— Хонгирейга айтамиз. Ўзи пиширган ошни ўзи ичсин. Шу иш билан борилса, ўзи ҳал қилади. Маҳмуд, отлан, ўзинг бориб кел. Эҳтиёт бўл, яна Шарифнинг калласини қўлингга тутқазиб юбормасин. Ҳайдар, сен Шарифнинг оиласидан хабар олиб қўй. Уйи битганмиди?

— Йўқ, чала эди, — деб жавоб берди Чувринди.

— Битириб берларинг. Бу олимчадан иш чиқармикин, девдим, бўлмади. Майли, болачақаси биздан ранжиб юрмасин.

 

***

 

Бўтқа эшикни очиб, Жамшид келганини маълум қилгач, киришга ижозат этилди. Жамшид ичкарига қадам босиб салом берди-да, икки-уч қадам босиб, хона ўртасида тўхтади.

Уч жуфт кўз унга тикилди. У эса «Мана, мен келдим, яна ўлимга ҳукм қиласизми?

Гуноҳим нима менинг?» дегандай Асадбекка қаради.

— Тўғрисини айт: кўнглингда аламинг борми?

— Бек ака, мен сизга ҳеч қачон ёлғон сўзламаганман. Ҳозир ҳам тўғрисини айтаман: озгина бор.

— Чиқариб ташла. Яна биз билан бирга бўлишни хоҳлайсанми?

— Хоҳлайман.

— Бизнинг ишда гина-қудурат бўлмайди. Фақат… Қадамингни билиб босиб юр, бола. Бор, ишингни қилавер.

Шу билан «Ярашув» маросими якунланди. Жамшид келаётганда «Гуноҳим нималигини сўрайман», деб қасд қилган, Асадбек ҳам ундан шу саволни кутган эди. Савол берилган тақдирда жавоб бериш истаги йўқ эди. Жамшид эслилик қилиб гапни чувамади. Бу иши Асадбекка маъқул келди. У «Ишингни қилавер» дегани билан Жамшидни ҳали кечирмаган эди. Ҳали ҳам «Зайнаб билан дон олишган», деган фикр уни тарк этмаганди.

Аввало Жамшидга меҳри борлигидан, қолаверса, аъёнлари ўртага тушгани учун ён босди.

— Бек ака, аввалгидек ёнингизда бўлсинми? — деб сўради Чувринди.

— Йўқ, — деди Асадбек бош чайқаб. — Мендан нари юрсин. Иложи бўлса, кўзимга кўринмагани маъқул. Маҳмуд, унинг ҳар босган қадами учун сен жавоб берасан.

Маҳмуд Москва сафари тадоригини баҳона қилиб чиққач, Кесакполвон Асадбек билан бирпас гаплашиб ўтирди-да, у ҳам «Қилични топиб гаплашай», деб ўрнидан турди.

Кўчада, видеобар эшигига яқин ерда турган бир аёл кўзига иссиқ кўринди. Аёл ўткинчи эмас, видеобар эшигига бетоқатланиб қараб-қараб қўярди. Кесакполвон унга яқинлашди-да:

— Ҳа, сингил, бировни кутяпсизми? — деб сўради.

— Шу идорада ишим бор эди, — дея аёл видеобарни кўрсатди.

— Кимда?

— Асадбек акада…

— Асадбекда нима ишингиз бор?

— Ўзларига айтаман.

— Менга айтаверинг. Асад касал. Мен унинг шеригиман.

— Мен… Шариф аканинг аёлиман.

Кесакполвон таниди. Таниса ҳам танимаганга олиб сўради:

— Қайси Шариф?

— Ҳалиги винзаводдаги… Намозов.

— Ҳа, уми? Қамалибди, деб эшитдим, ростми?

— Рост… — Насиба кўзига ёш олди. — Ҳар куни қатнайман. Кўрсатишмайди ҳам, овқат ҳам олишмайди.

«Москвага олиб кетилганини билмайди шекилли?» деб ўйлади Кесакполвон.

— Хавотир олманг, чиқиб қолар…

— Шариф акамни олиб кетишгандан кейин битта йигит келди. Пул талаб қилди.

— Йигит? Қанақа йигит?

— Танимайман. Жуда хунук… Олдин ўтирганларида бирга ўтирган экан. Юз минг сўради.

Пул йўқ, девдим, боламни… ўғирлаб кетишди… — Насиба ҳўнграб юборди.

— Йиғламанг, синглим, — деб юпатган бўлди Кесакполвон.

— Ёрдам беринг, жон ака, сизлардан бошқа кимга бораман.

— Ёрдамми?.. Бизда бунақа пул йўқ, синглим. Қариндош-уруғдан йиғинг. Жа бўлмаса уйни сотинг. Уй азизми, бола азизми?

— Ўша йигитни… билмайсизларми?

— Э, йўқ, синглим. Биз бунақа жиноят ишларга аралашмаймиз. Бизга тинчлик керак, энди бу ерга бошқа келманг.

Эзилиб адо бўлаёзган Насиба сўнгги умидини шу ерга кўмиб, орқасига ўгирилиб қайта бошлади. Видеобардан чиқиб келган Асадбек уни кўриб Кесакполвондан:

— Ким у, йиғлаб кетяптими? — деб сўради.

— Шарифнинг хотини. Эримни чиқартириб беринглар, деб келибди. «Хўп, ҳаракат қиламиз», дедим.

— Яхши айтибсан, хабар олиб тур.

 

***

 

Чувринди Москвага борди-ю, келди. Хонгирейнинг бу ишга аралашишига ҳожат қолмади.

Унга қадар Шариф Намозов ўзини ўраб олган бало булути орасида кўп азоблар чекди.

Аввалига…

Зоҳид қамоқхонада адолат хусусида ўйлаётганда, Шариф Намозов ҳам айнан шу ҳақда фикр юритарди. Улар бир нарса ҳақида ўйлаганлари билан адолат тўғрисидаги тушунчалари турлича эди. Зоҳид адолат учун курашгувчи тоифадан, Шариф эса ўзига адолат юзасидан муомала қилмоқликларини талаб этувчи хилидан эди. Зоҳид «Нима учун адолат топталади? Адолатни қандай ҳимоя қилмоқ, қандай тикламоқ мумкин?» деб фикр юритса, Шариф Намозов «Мен иқтидорли олим бўлсам, ишларим билан чет эл ҳам қизиқса, нима учун менга адолат қилмайдилар», деб нолир эди.

Шариф Зоҳиддан фарқли ўлароқ, икки ўт орасида эди.

Бир ўтни қамоқдан келиб, юз минг талаб қилаётган нусха ёқарди. Бу ўтда оиласининг куйиши эҳтимоли ҳам бор. Иккинчи ўтни шим кийган, чигирткасимон терговчи хотин ёқарди. Бу ўтдан ҳам оиласи жабр кўрмоғи мумкин.

Бу икки ўтнинг бараварига, бир кунда ёқилиши шунчаки тасодифми ё атайин уюштирилганми, билолмай гаранг эди. У москвалик терговчи билан яна учрашишни ўйлаганида баданига титроқ югурарди. Насибани шармандаликдан қутқариш учун олмаган пулни олдим, деди. Энди у «Пулларни топасан», деб зўрлайди. Яна қийнайди.

Ўзини қийнаса майли, оиласига тегмаса бўлгани… «Ишқилиб Насиба болаларни олиб бирор ёққа қочсин»да», деб орзу қилди.

Шариф Намозов бир фикрнинг тагига ета олмас эди: унга нима учун осилиб қолишди? Ахир у амал талашмаса… Илмий иш билан шуғулланиб юрган одам эди. Бош муҳандисликни бердилар. Кейин чўнтагига қора дори солиб, қаматишди. Қамоқдан ўзлари чиқаришди.

Кейин… биратўла раҳбарликни беришди. Керакми эди, унга бу раҳбарлик? Аввалига керак эмас эди. Кейин унинг шираси ёқа бошлади. Бош муҳандислигида-ку, ҳақиқат талаб қилган эди. Энди ҳеч нарса талаб қилмади. Барибир… Аксига олиб портгугалияликлар ҳам жимиб кетишди. Буни ҳам Шариф шу одамлардан кўрди. Ўзининг қора дорига ўрганиб қолганини ҳисобга қўшмади.

У терговчи билан учрашувни қўрқув билан кутаётганда эшик шарақлаб очилиб, соқчи:

— Намозов! Чиқ! — деб буюрди.

Дилгир ўтирган Шариф соқчининг амрли овозини эшитиб, ўрнидан қўзғалди. Қамоқхонада ёлғиз эзилиб ўтириш дурустми ё терговчи билан узундан-узун суҳбат қуришми — билмасди.

Соқчи даҳлиздаги шеригига Шарифни топшириб, ўзи эшикни шарақлатиб ёпди.

Худди аввалги қамоқдалиги каби…

Кўнглига «Чиқариб юборишса эди», деган умид қуёши мўралади.

У аввалги сафардагидай юриб борди. Фақат… Зиналардан пастга эмас, юқорига кўтарилди.

Ҳовлига чиқмади, балки яна узун даҳлиз бўйлаб юрди. Энди у терговчи билан учрашуви аниқлигига ишонди. Соқчи Шарифни чоғроқ хонага бошлади. Аввалги сафар бундай хонада қалдирғоч мўйловли йигитга дуч келган эди. Бу сафар бир семиз одамга рўпара бўлди. Бу семиз ҳам ўша мўйловли йигитга ўхшаб, фақирига менсимай қараган подшо каби илкис назар ташлаб қўйди. Қандайдир қоғозларга имзо чекди. Йигит шундай қилиб туриб:

— Намозов, сиз озодсиз. Айбларингиз исботланмади, — деган эди.

Бу семиздан ҳам шундай сўз кутди. Аммо унинг ўрнига у одам:

— Қўлларингни узат! — деб буюрди.

Шариф амрни беихтиёр бажариши билан, у чаққонлик билан билакларига кишан солди-да:

— Бўлди, олиб чиқ, — деб орқадаги соқчига буюрди.

Аввалгидай бўлмади. Уни ҳаммаёғи берк машинага чиқардилар. Машина тебраниб, анча юрганидан сўнг бир жойда кўп вақт тўхтаб турди. Шариф учоқларнинг овозини эшитиб, ажабланганча ўтираверди.

Машина эшиги очилгандан сўнг у ўзини баҳайбат учоқ олдида кўрди. Машинадагилар уни Бергер билан Владга топширишди-да, қоғозларга қўл қўйдириб олиб, изларига қайтдилар.

Влад курткасини ечиб Шариф-нинг қўлларини боғлаб турган кишан устига ташлади. Бир ёнида Бергер, бир ёнида Влад билан Шариф худди хавфли жиноятчи каби учоққа чиқди.

Унинг қўллари кишанланганлигини учоқдагиларнинг кўпчилиги сезмади ҳам. Устида плашчи бор одам нега чарм курткани қучоқлаб олибди, деб ўйлагувчилар ҳам бўлмади.

Учоқда дераза томонда Арина Бергер, ўртада Шариф, четда Влад ўтирди. Учоқ бекаси сув олиб келганда ҳам, овқатланиш пайтида ҳам кишан ечилмади. Бергер «Ғиринг десанг ёки қимирласанг отаман» дегани учун жим ўтираверди.

Жим ўтирмаганда нима бўларди?

Дейлик, у кишанли қўлларини кўтариб «Биродарлар, мени қутқаринглар, булар мени бегуноҳ қамашди! Буларда инсоф йўқ! Булар хотинимни ҳам зўрламоқчи бўлишди!» дегани билан биров ўрнидан турармиди? Нари борса қайрилиб қараб қўйишади. Инсофлироғи «Бечора» деб ачиниб қўяди. Шу холос… Адолат истаб бақиргани учун ўқ емаган тақдирда ҳам бўйнига Владнинг гурзидай мушти тушиши тайин.

Учоқдан ҳаммадан кейин тушишди. Уларни ҳаммаёғи берк машина кутиб турарди.

Бергер уни қамоқхона вакилларига топшириб, ўзи Владни қўлтиқлаганча нари кетди.

Учоқдан машинага чиққунига қадар Шариф қор бўронида совқотди. Тишлари ҳам такиллаб қолди. Машина аввалига илиқ туюлган эди. Дам ўтмай аёз забтига олди.

Уни «Матроская тишина» деган сурурли номда юрувчи Москванинг қадимги турмасига олиб келдилар. Соқчи икки томони темир эшиклардан иборат даҳлиздан ўтгач, охирги эшикни очди-да:

— Жой йўқ, битта-яримта билан галма-гал ётасан, — деб киритиб юборди.

Бу огоҳлантириш Шарифга ғалати туюлди. У меҳмонхоналарда «жой йўқ» деган гапни кўп эшитган, аммо қамоқ, айниқса, икки қаватли каравотлар билан тўла хонада жой бўлмаслиги унинг учун ажабланарли эди.

Чиндан ҳам бу катта хонада турган ҳам, ўтирган ҳам, ётган ҳам кўп эди. Ҳаво иссиқ, нафас олиш оғир эди. Қарийб икки соатдан ошиқ совуқ машинада ўтирган Шарифга иссиқ хуш ёқиб, аввалига бадбўйга унча эътибор бермади.

У нима қилишини, қаерга ўтиришни билмай эшик ёнида қаққайиб туриб қолди.

Қадим ўтган шоир:

«Сипоҳ гардидин бўлди олам сиёҳ.

На хуршид кўрунди унга, на моҳ», деб ёзганида мана шундай қамоқхонадаги тирбандликни ҳам назарда тутганмикин?

Бунда киссавур ҳам, каллакесар ҳам, хизматчию олим ҳам — барчаси жамланган эди.

Бунда ҳам махсус бурчак — қиморхона мавжуд эди.

Бунда нажас, шиптир ҳиди ҳам, тамаки, тер ҳиди ҳам, хуллас, дунёдаги барча сассиқ ҳидлар тўпланган эди.

Шариф эътиборини бурчакдагиларга қаратди: уларнинг «иш куни» авжида. «Булар ҳам тилла тишларни суғурармиканлар», деб ўйлади Шариф.

Тура-тура оёқлари толган Шариф чўк тушиб ўтириб, деворга суянди. Дам ўтмай деворнинг захи баданига ўтиб, жунжикди. Унга биров «бери кел» деб лутф қилмади. Бу орада овқат бердилар. Эплаган олди, эплай олмаганлар кейинги овқатга умид қилдилар. Шариф шу умидворлар қаторида қолди.

Бадани зирқираб, ётгиси келди. Яқиндагина бир киши ётиб турган каравотга яқинлашиб «Бирпас ётай», деб сўради.

— Э, йўқ, ҳозир келиб, ҳозир ётаман, деб ўйлаяпсанми? Бу ерда ётиш ҳуқуқини олиш учун уч-тўрт кун ерда ётиб пишасан, — деди каравот эгаси.

Бу гапдан бошқалар кулди. «Бир пас ёта қолсин», дейдиган инсоф эгаси топилмади. У ноилож девор томонга қайтиб чўкди. Шу аҳволда бирпасгина мудради. Шу мудрашда туш ҳам кўрди:

— Нималар қилиб қўйдингиз, адаси? — деди Насиба бош чайқаб.

— Нима қилибман?

— Уларга яқинлашманг девдим, қулоқ солмадингиз.

— Адашдим, Насиба…

— Сиз илмингизга хиёнат қилдингиз. Худо сизга ақл берган эди, сиз ақлсизлар билан қолдингиз…

— Худо кечирсин…

Боши чайқалиб уйғонди.

Куни шу зайлда бошланиб, шу зайлда давом этди. «Каравотингда ётай», деб бошқа ялинмади. Худди кўчадаги тиланчилар каби чўнқайиб ўтираверди.

Қанча вақт ўтганини билмайди. Баданида титроқ уйғонди. У дорининг хумори тутди, деб ўйлади. Аслида унинг иситмаси кўтарила бошлаган эди. Анчагача чидади, сўнг титраган ҳолда ўрнидан турди. Бурчакда қимор ўйнаётганлар томонга нажот билан қаради.

Уларнинг ўйин пайтида наша тортиш одатлари бўларди. Ҳеч бўлмаса бир тортарман, ҳеч бўлмаса тутунини ҳидларман, деб ўша томонга юрди. Даврага яқинлашганда ўтирганлардан бири ўгирилиб қараб:

— Нима дейсан? Ўйнамоқчимисан? — деб сўради.

— Ўйнардиму… пулим йўқ-да… — деди Шариф.

— Пулинг бўлмаса жўна.

— Бир торттиринглар…

— Нима?

— Қуруғидан… фақат бир марта.

— Жўна дедим.

Шариф ҳақоратланган одам қиёфасида ўгирилганда даврадагилардан бири унга марҳамат қилди. Чекиб адо бўлаёзган ўрама папиросни берди. Шариф ютина-ютина тутатиб жойига борди. Аввал чўнқайди. Сўнг ётиб олди. Наша таъсирида сал роҳатлангандай бўлди.

Нашанинг кучи қирқилиб, иситмаси яна кўтарилгач, безовталана бошлади. У учоқдан машинага чиққунига қадар, сўнгра йўлдаги совуқда шамоллаганидан, зотилжам хасталиги вужудига ҳукм ўтказа бошлаганидан бехабар эди.

Шариф оғзи қуриган, титраган ҳолда қаддини аранг кўтарди. Пича деворга суяниб ўтирди.

Сўнг қийналиб бўлса-да, ўрнидан туриб бурчакдаги даврага аста юриб яқинлашди.

Унинг бу туриши кўча-кўйда хорланиб юрадиган майпарастларнинг айни ўзи эди.

Даврадагилардан бири ижирғаниб:

— Яна нима дейсан? — деди.

— Битта торттиринг.

— Торттирайми? Ҳозир, — у шундай деди-да, Шарифнинг юзига мушт туширди. Кейин унинг беҳуш танаси тепки ҳам еди. Шариф шу ҳолида анча ётди. Сўнгра атрофдагилар унга раҳм қилиб, жойига — девор яқинига, муздек бетон устига ётқизиб қўйдилар.

Даврадагилардан бири ёзилиб чиқаётиб, ҳали ҳам қимир этмай ётган Шарифга эътибор берди. Жойига ўтираётиб:

— Саша, нима бало ўлдириб қўйдинг шекилли, қоравой қимир этмай қолибди, — деди.

Урган йигит аввалига қўл силтади, сўнг «Ҳозир ўзига келтираман», деб ўрнидан турди-да, Шарифнинг билагини ушлади.

— Тирик. Қоравойларнинг жони қаттиқ бўлади. Ҳозир нашатир спирт берамиз, — деди-да…

Шарифнинг устига таҳорат ушатди. У то ишини тугатгунча даврадагилар кулгилари билан қувватлаб туришди.

Шариф чиндан ҳам тирик эди. Ҳуши ҳам ўзига қайтган, фақат ҳолсизлиги туфайли қимирлай олмаётган эди. У калтаклаган йигитнинг нима қилаётганини аввал тушунмади. Сўнг хўрлик ва аламдан бўғилди. Ўрнидан турмоқни, унинг бўғзига чанг солмоқни истади.

Бор кучини тўплаб туришга интилди, бироқ гавдаси ўзига бўйсунмади: ерпарчин бўлиб қолаверди. Истакни бажариш учун қувват керак. Уни эса қувват тарк этган эди.

(давоми бор)

Тоҳир МАЛИК