Ўйлаб кўрдингизми? 2019 йил 8 июл куни юлдузлар сизга нималарни ваъда қиларкин?

0

 

 

ҚЎЙ (21. 03 — 20. 04)

8 июлда сизнинг асосий муаммоингиз молиявий етишмовчиликдангина иборат бўлиши мумкин. Кўп ҳаракатларни содир этдингиз, аммо барибир тарозининг икки палласини тенглаштира олмадингиз. Илож қанча. Шунақаси ҳам бўлиб туради. Сира ташвишга тушмай, атрофга яхшироқ боқинг. Кутилмаганда худонинг марҳамати билан яқин дўстлардан бирини учратасиз ва у сизга молия соҳасида қимматли маслаҳатларини беради. Кечқурун оила аъзоларингиз даврасида вақт ўтказинг.

 

БУЗОҚ (21. 04 — 21. 05)

 

Вужудингизда куч деганнинг ўзи етарлидан-да етарлироқ. Фақат фойдали ишларга сарфланг. Охири афсусланиб қолмайдиган бўлинг. Моддий аҳволингизни яхшилашда яқин танишлардан бири ёрдамга келиши кутилмоқда. Қондошлар билан зинҳор баҳслаша кўрманг. Орангизда жанжал чиқиши мумкин. Улар рўзғор ташвишларини елкаларига олаверишсин. Сизнинг муаммоларингиз буларсиз ҳам етарли. Саломатликни асраш ҳам эсингиздан чиқмасин.

 

ЭГИЗАКЛАР (22. 05 — 21. 06)

 

8 июл куни оила қуришга улгурмаганларнинг айримлари муҳаббатга илк бор ошно бўлиши, ўзи танийдиган инсонни севишига қалбан иқрор бўлиши мумкин. Муҳаббат сизни энг катта муаммолардан вақтинчага бўлса-да, барибир чалғитиши аниқ. Тўғри-да, ҳақиқий ҳис-туйғулар пул билан ўлчанмайди. Мева-чева истеъмоли олдидан уларни яхшилаб ювишни унутманг. Акс ҳолда ошқозонингизда жиддий муаммолар пайдо бўлиши ҳеч гап эмас.

 

ҚИСҚИЧБАҚА (22. 06 — 23. 07)

 

Бугун йогани яна бир эслаб, медитация сеансларини бошдан ўтказишингиз зарур бўлади. Чунки асабийсиз. Бу ҳолатингиз атрофдагиларга зиён етказиб қўйиши мумкин. Асаб тизимини жойига келтиришингиз керак. Жуда бўлмаса, ўнгача сананг, шу машқни бир неча ўн маротаба амалга оширсангиз, албатта хотиржам тортасиз. Иш жойингизда бўлиб ўтадиган барча ҳодисалар сизнинг фойдангизга ишлайди. Хурсанд бўлаверинг.

 

АРСЛОН (24. 07 — 23. 08)

 

8 июлда бошлаган ишларингизни охиригача етказиб қўйишингиз талаб этилади. Эрталабданоқ жанжалли вазиятлардан қочинг. Муҳаббатда оила қурмаганларни бахтли тасодиф кутиб қолади. Сиз бўлғуси тақдирдошингизни учратасиз. Бу учрашув сизга бир дунё ёқимли лаҳзаларни ҳадя этади. Оилалилар эса жуфти билан биргаликда дам олиш масаласини муҳокама қилиб олсалар ҳам зиён қилмайди. Ўзингизни, жуфтингизни эҳтиёт қилинг.

 

ПАРИЗОД (24. 08 — 23. 09)

 

Бугун имкон доирасида тилингизга эҳтиёт бўлишингиз керак. Акс ҳолда дуч келган одамни танқид қилавериб ўзингиз ҳам чарчашингиз турган гап. Жанжаллар эса сира фойда келтирмайди. Ундан кўра бор кучингизни ишхонадаги юмушларни аъло даражада ва сифатли бажаришга сарфланг. Омад албатта сиз томонда бўлади. Эмоционал ҳолатингиз ёмонлаша бораётганини сезиб қолсангиз, шоколад истеъмол қилинг. Тинчланасиз, хотиржам тортасиз.

 

ТАРОЗИ (24. 09 — 23. 10)  

 

8 июл куни жисмоний машқлар билан шуғулланишингиз керак бўлади. Бу нафақат саломатликни тиклашда, балки кайфиятингизни чоғлашда ҳам катта ёрдам бериши мумкин. Ана шунда кун давомида лабингиздан табассум аримайди. Оила қурмаган йигитлар бўлғуси жуфтини қидиришда давом этишади. Уларга маслаҳат шуки, уйда ўтириб қолманг. Шаҳарда яшасангиз, истироҳат боғларини сайр қилиб юринг. Эзгу мақсадларга албатта етасиз.

 

ЧАЁН (24. 10 — 22. 11)

 

Анчадан бери кўз остингизга олиб юрган инсонга бугун қалбингизни очинг. Туйғуларингиз соф бўлса, уларни ўзингизда сақлаб юришингиз нотўғри бўлади. Оилавий ҳаётга қадам қўйиб улгурмаган йигитлар ўша инсонни учрашувга таклиф этсалар ҳам ёмон бўлмайди. Баъзилар иш жойида ҳамкасблар билан жиқиллашиб қолиши мумкин. Ҳойнаҳой, бу ҳодиса раҳбарларнинг дастидан содир бўлади. Қайсидир ҳамкасб раҳбарнинг буйруғини етказади-ю, сизга ёқиб тушмайди. Хотиржам бўлинг.

 

ЎҚОТАР (23. 11 — 21. 12)

 

8 июлда вақтингизни табиат қўйнида ўтказсангиз ҳам ярашади. Ёзнинг қуёшли кунларидан унумли фойдаланишга ҳаракат қилинг. Моддий аҳволингизни яхшилашда ҳамкасблардан бири ёрдам қўлини чўзиши кутилмоқда. Айниқса, шахсий бизнесига эга дўстларимиз молиявий соҳада бошқалардан анча илгарилаб кетишлари эҳтимолга яқин. Кечқурун айримлар хизмат сафарига жўнаб кетса, баъзилар спортзалга йўл олишлари кутилади. Саломатлигингизга кўз тегмасин!

 

ТОҒ ЭЧКИСИ (22. 12 — 19. 01)

 

Бугун нима еб, нима ичаётганингизни бир тафтиш қилиб олмасангиз, бўлмайди. Шунда ошқозон-ичак хасталикларидан бироз нари бўласиз. Бир неча килограмм ортиқча вазндан халос бўлиш йўлларини қидирсангиз ҳам ёмон бўлмайди. Ижод билан шуғулланувчилар янги истеъдод қирраларига эга бўлади. Бу ҳам худонинг инояти-да, тўғри эмасми? Кечқурун тоза ҳаво сайрига чиқинг. Кечки шабада ифоридан завқланинг. Тўғри овқатланинг. Бугун тунда ухлаб кўрадиган тушингиз ўнгидан келиши мумкин.

 

ҚОВҒА (21. 01 — 19. 02)

 

8 июл куни позитив кайфиятда бўласиз. Ҳар бир учраган одамни хурсанд қиладиган сўзларни тилга олишга қодирсиз. Моддий аҳволингизни ёмонлаштириши мумкин бўлган барча тасодифларни қувиб солинг. Қимматбаҳо буюмлар сотиб олишдан тийилинг. Ана шунда пулларингиз камаймайди. Айримларни кун давомида бош оғриғи безовта қилиб ўтиши мумкин. Қуёш тиғида узоқ юрмаслигингиз тавсия этилади. Яқин инсонларни асранг.

 

БАЛИҚ (20. 02 — 20. 03)

 

Худонинг инояти билан кунингиз ажойиб тарзда ўтиши кутилмоқда. Асосийси, эрталабдан позитивда бўласиз ва яқинларингизни оптимизм сари етаклайсиз. Ишда ҳамкасблар фикри билан ҳам ҳисоблашинг. Ёлғиз яшаётганлар ҳаётида қисқа муддатли танаффуслар кўзга ташланиши мумкин. Бўлғуси ёстиқдошингизни учратиш имконияти ҳам йўқ эмас. Сурункали хасталикка йўлиққан бўлсангиз, ўзингизни атмосферада кечаётган магнит бўронлари ҳужумидан асранг.

Хушвақт бўлинг! Ҳаммавақт бўлинг!

Олимжон ҲАЙИТ тайёрлади