Ҳикоя: Ҳувиллаб қолган дунё

0

Баъзан исмимга эътироз билдиришади. Худонинг исми, олдига Абдул қўшиб айтгин, дейишади. Бироқ менга бу исм бошқа мақсадда берилган. Етти ойда туғилганим учун шифохонада менга «Ҳеч қанча яшамайди, ўлади», деб ташхис қўйишган. Ҳатто «Меҳрингиз тушиб қолса, бир умр унутолмай, изтироб чекиб яшайсиз», дея отам қариндошларига мени кўтаришни, бағрига босишни, ўпишни тақиқлаб қўйган. Фақат онам билан энамгина ҳеч кимга ишонмаган. Онам бир зум бўлсин қучоғидан қўймай алқалаб юрган бўлса, бувим «Менинг набирам кучли, унга ҳеч нарса қилмайди», дея бутун қишлоқни айланиб чиққан. Куни бўйи уйма-уй юриб, ҳаммага «Менинг набирам кучли, менинг набирам Ваҳоб», дея суюнчи олиб юрган. Хуллас, исмимнинг маъноси шу — кучли дегани. Тангрининг қули, деган маънога дахли йўқ. Бундан    ташқари, исмимиз қандай аталишидан қатъи назар, ҳаммамиз Яратганнинг бандасимиз. Ҳаммамиз Абдуллоҳмиз.

Ўзимга келсак, энам адашмаган экан. Мана, юрибман яшаб…

* * *

Исми Руҳият эди. Онаси эди қишлоғимизнинг. Йиқилганни суягувчи ҳам, адашганнинг ҳимоячиси ҳам, тўй қилганнинг боши ҳам, кўчада қолганнинг паноҳи ҳам энам эди. Ишонсангиз, тез-тез олдига олимлар, ёзувчилар, муаллимлар келиб турарди. Йўқолиб кетаётган урф-одатлар дейсизми, анъаналар дейсизми, халқ оғзаки ижоди дейсизми, хуллас, бу борада «Маълумотлар бюро»си ҳам энам эди. Табибман демасди-ю, аммо қишлоқ аҳли уни «Ибн Синонинг набираси», дерди. Алдаш йўқ, ҳали тумандан, ҳали шаҳардан ҳам катта-катта шифокорлар келиб, энамдан маслаҳатлар олиб кетишарди. Баъзан эса уларнинг тортишувларига ҳaм гувоҳ бўлиб қолардим. Сабаби, шифокорлар касаллик варақасига қараб хулоса қилса, энам касалнинг танасига қараб хулоса чиқарарди.

— Эна, ахир ошқозоним санчади, иштаҳам йўқ деяпти, — тушунтирган бўлади шифокор ўзи билан судраб келган беморга, бир чордона қуриб ўтирган энамга қараб. — Аччиқ қалампирнинг бунга нима дахли бор?

— Бир марта еса ўлиб қолмайди, энанг тенги одам билан айтишмасдан, айтганимни қил! — қайсарлиги тутиб қолади энамнинг. — Бўл!..

Шифокор-ку, майли, беморнинг ҳаётига, соғлиғига жавобгар. Шунинг учун ўзи иккиланаётган нарсани беморга тавсия этишга тийиб туради ўзини, аммо бундай ҳолда беморлар ҳозир бувижон жаҳли чиқяпти, деб кўнгиллилардан бўлиб қўл кўтаради. Қўлидаги қип-қизил қалампирга худди ноёб топилмадек синчикла-аб тикилади.

— Биттада ярмини тишла, болам.

— Ярмини? — кўзлари чақчайиб кетади касалнинг.

Ахийри бўлмайди, энам емаганига қўймайди. Сўнг кўзларидан шалдираб ёш оқаётган беморга сув беради, чой-нон,    кейин овқат. Эҳтимол, аччиқни босиш учун бўлса керак, иштаҳа билан, тамшаниб-тамшаниб овқатланаётган касалга қараб, энам тилга киради:

— Сенинг давонг қалампир эмасди…

Касал ҳам, шифокор ҳам ялт этиб энамга қарайди. Энам эса бепарво:

— Шунчаки, иштаҳангни синаб кўрдим, — дейди.

Сўнг касалнинг юқори чап кўксида учи кўриниб, дўппайиб турган идишга ишора қилади:

— Ана сенинг касалинг…

Касал чўнтагидаги носқовоғини иккиланганча олиб, минг бир истиҳола билан ўртага қўяди.

— Нос — ошқозонда ҳазм бўлмайдиган модда. У тилинг остида маҳали гапирганингда эриб, суюлади-да, маълум қисми ошқозонга кетади. Ҳолат такрорланавергач, ошқозондаги нос йиғилиб, кучга айланади. Қирқ қаватни секин-аста қирқади. Натижада ҳазм қилиш борасида муаммолар туғилади, уқдингми? Овқат емоқчи бўлсанг, иштаҳа йўқ, емасанг, санчади…

* * *

Энамнинг айтишича, нос ота-боболаримиздан қолган чекимлик эмас, уни яқин ўтмишда, сўнгги икки юз йилликдаги урушларда, очарчиликларда одамлар ўзлари ўйлаб топган. Иштаҳани бўғиб, ўзларини алдаш учун. Аммо у пайтнинг одамлари кайфу сафо ҳақида ўйлашмаган экан. Қолаверса, қорин оғриш касали ҳам мана шу нос, тағин ўрисдан кириб келган ҳожатхоналардан сўнг бошланганмиш. Биз унитаз дейдиган мосламада ўтириш — ҳожат йўлларини бўғиб қўяркан, ичакларда муаммо келтириб чиқараркан.

* * *

Энам неники тайинламасин қулоғимга қуйиб олардим. Тўғри, баъзан «исён» ҳам қилиб турардим, аммо энам яхшилаб тушунтириб бергач, хотирамда муҳрланиб қоларди. Айтайлик, калантар воқеаси.

Олдинлари сув ташиш учун калантар деган нарса бўлган. Бу мослама узун, ўртаси арк шаклида бўлиб, елкага осиб юрилади. Унинг ҳар икки ёнига бир хил вазндаги юк илиб олишингиз мумкин.

— Гўжага сув керак, қудуқдан муздекидан олиб кел, — деб қолди бир куни энам пахта қавиб ўтириб.

Эриниб бўлса-да, чиллагимни йиғиштириб, челакни қўлимга олганча дарвоза томон кетаётгандим, энам тўхтатди:

— Иккита челак олвол.

— Уфф-ф… икки челак нега керак, икки челак қилмайсиз-ку!

— Айтганимни қил. Икки челагиям бир хил бўлсин!

Шу тариқа энам ўзи ясаган калантарни елкамга илади. Олиб келганимдан сўнг ҳам, тушлигимиздан сўнг ҳам қовоғим очилмаётгани, ҳовлида ҳали у, ҳали бу нарсани тепиб юрганимни кўриб, энам мени ёнига чақиради. Захирада турган бир челак сувнинг тенг ярмини бўш челакка солиб, қўлимга тутқазди:

— Кўтар!

Кўтардим. Энди нима қилишни билмай, гарангсираб туравердим. Пича вақтдан сўнг энамга:

— Нима қилай, елкам оғриб кетди, — десам, энам:

— Иккинчи қўлингга мана буни ҳам ол, — деб қолди.

Мен айтганини қилдим.

— Энди-чи? Оғримаяптими?

Бош силкидим. Дарҳақиқат, энди оғримай қўйганди.

— Сенга атай икки челак сув айтдим, — челакларни қўйиб, ёнига ўтиришимни имлагач, тушунтиради энам. — Бир    ёнингга оғиринг тушса, албатта, суягингга малол келади. Икки ёнингга бир хил оғирликда кўтарсанг, мувозанат сақланиб қолинади. Одамлар калантар ишлатмай қўйгани ёки икки қўлида икки хил вазндаги юкни кўтаришга одатлангани учун  орттириб олишган ўт касаллигини. Ўт пуфак шундан оғрийди, болам.

* * *

Энам учун тақвим Наврўздан бошланади. Одамларнинг ёшини тўққиз ой қўшиб ҳисоблайди. Баҳору ёзни, кузу қишни, аввало, ҳайвонларнинг ўзини тутиши, қолаверса, ўсимликларга, ерга, тупроққа қараб айтарди. Айниқса, қиш билан баҳор ўртасини аниқ-тиниқ айтиб берарди. «Индамас ҳаво, одамнинг душмани», дерди. «Ҳаммани шу ҳаво касал қилади», дерди. «Иссиқ кийиниб чиқсанг, исиб кетади, юпқа     кийиниб чиқсанг, совиб кетади, терлаб танингни ёпиштиради, намгарчилик танангга сингади», дерди. Рамазонда соатларни тан олмайди, осмонга қараб чамалайди. Энамнинг тақвими шунақа эди. Унда наинки кунлар, ҳафталар, ҳатто ойлар, йиллар ҳам йўқ эди. Унда гуллар, чечаклар, ҳаво, тупроқ, ҳайвонлар бор эди. Байрамлар эса қизил билан эмас, отам билан онамнинг келишлари билан белгиланарди (Отам Украинада ҳарбий хизматдан сўнг ҳам бироз қолган, у пайт Донецкда уйимиз бўларди. Прописка муаммоси сабаб биз фақат меҳмонга борардик, болалигим, асосан, энам билан ўтган).

Тақвимга қайтамиз. Қуруқ томда ҳам тупроқ пайдо бўлгани, ҳайвонлар бит ё каналаши, паррандаларнинг қачон ва қандай учиши — ҳаммаси энам учун аниқ-тиниқ тақвим. Менинг эса энамга ўхшаб билағонлик қилиш учун қилган барча тахминларим баъзи-баъзидагина ўзини оқларди.

* * *

— Эна?

— Ҳа, қўзим!

— Онам қачон келади?

— Қишда…

— Қиш қачон келади?

— Боғимиздаги темирлар қировлаганда.

— Қачон қировлайди?

— Лочин тоғанг етиштирадиган қовоқлар бор-ку, ўшанинг охирги гули ҳам сарғайганда.

— Нега сарғаймаяпти?

— Ҳали турналар учмади-ку.

— Қачон учади?

— Совуқ тушганда…

— Қачон совуқ тушади?

— Ғолиб тоғанг анорларимизни кўмиб берсин, ўшанда.

— Ғолиб тоғам қачон келади?

— Тегманозик тегмасанг ҳам тўкилсин, ўшанда.

— Тегманозик гули энди яхши гуллаяпти-ку, қачон тўкилади?

— Отанг келганда…

— Отам қачон келади?

— Онанг келганда-да, қўзим, бирга келишади-ку.

— Онам қачон келади?

— Боғимиздаги темирлар қировлаганда…

Бўлди, бу ёғи то энам зада бўлиб, мени ҳайдаб солмагунча айланаверади. Аслида, энамнинг ўзи атайлаб жумлани айлантириб бошига олиб келади. Чунки отам, онам ҳақида гаплашиб ўтиришимизни истайди. Ҳар замон гапни айлантириб, уларга тақайди. Тўғри, чўзилмасдан, шундоқ ҳам отам ҳақида, онам ҳақида гаплашсак бўлади, фақат мавзу айнан улар бўлса, унда соғинганимиз ўз кучини кўрсатиб, ичикишимиз мумкин. Шуни ўйлайди энам. Ҳолбуки, мендан кўра энамнинг ўзи истайди уларнинг тез келишини, қанийди сира кетишмасликларининг иложи бўлса… Айниқса, улардан хат келса, кўзларига суртиб-суртиб, кейин қўлимга тутқазади:

— Ўқиб бер, қўзим!

Баъзан энамга кирилл алифбосини ўргатишга уринардим.

— Нима қиламан уни?

— Отамдан келган мактубни ўзингиз ўқийсиз, бемалол, эна.

Кейин дарсни бошлаймиз. Энам мен берган алфавит бўйича ёдлатганларимни такрорлай бошлайди:

— А… Б… Бга ўхшади.

— В.

— В… Е… Енинг тескариси.

— Э.

— Э. К… Книнг чизиқлиси.

— Қ.

— Қ. У… Унинг нуқталиси.

— Ў.

— Э, бўлди-да!..

— Ахир ўрганиб олсангиз, отамдан келган хатни ўзингиз ўқий олардингиз, эна!

Энам жимиб қолади. Кўкка қарайди. Узо-оқларга термилиб секин пичирлайди:

— Болагинам-а, отангдан келган мактубни ўқиш учун менга ҳарф ҳам, тил ҳам керак эмаслигини билсайдинг. Ҳарфлар орасида эсаётган у ёқларнинг шабадаси, қоғоздан келаётган болажонимнинг ҳиди менга гапириб беради нима ёзилганини. Болажоним қандай, нима қиляпти, қувончу қайғуси, йиғисию кулгиси — ҳамма-ҳаммасини…

— Йиғлаяпсизми?

— Пиёз тозалаяпман-ку, думбул. Ундан кўра тур, Анбар энангга ҳам ўқитиб кел.

— Хўп.

* * *

Энам, аслида, отамнинг туққан онаси эмас, отамнинг туққан онаси, аслида, Анбар энам. Қисқаси, гап бундай. Икки опа-сингил бўлади. Каттасининг, яъни Руҳиятнинг эри ва яккаю ягона ўғлини урушга олиб кетишгач, бир куни эридан, яна бир ярим йилдан сўнг эса боласидан қорахат келади. Руҳият қариндош-уруғ ҳар қанча қаршилик қилишса ҳам «Эримнинг хотираси билан яшайман!» деб туриб олади. Бошқа турмуш қурмайди. Бу орада синглиси Анбар тўртинчи фарзандига ҳомиладор эди. Шунда Анбар эри Раҳим қассобга «Келинг, ҳадемай қарийди, ёлғиз ва қаровсиз қолмасин, шу болани эмизмай, меҳримни бермай турай, опамга берайлик», деб илтимос қилади. Раҳим қассоб рози бўлади. Шу тариқа отам туғилади ва уни Руҳиятга, менинг мана шу энажонимга беришади. Энам отамга Рўзимуҳаммад деб исм қўяди. Чиндан турмуш қурмай, эндиликда фақат отам учун яшайди. Кўзларининг остида, қароғларининг орасида катта қилади.

Хуллас, отамдан келган хатни Анбар энамга ҳам олиб бораман. Ўқиб бераман. Энам олдин кўз ёши, сўнг дуо қилиб қўяди. Кейин мактубни яна энамга олиб келиб бераман. Энам уни даставвал целлофанга, сўнг қутига, сўнг жилкага ўраб, охирида сандиғига солиб қўяди.

* * *

Баъзан «Энам ҳам адашиши мумкинми?» деб ўйлаб қолардим. Синаб кўриш учун энамдан олдин уйғонган пайтларим ҳам бўлган. Бир куни хўроз қичқиришидан олдин уйғониб, энамни уйғота бошладим.

— Нима дейсан, қўзим?

— Туринг, эна, хўроз қичқирди, ялпайиб ётишингизни қаранг!

— Алдаяпсан.

— Чиппа-чин сўзим, алдамаяпман, эна!

Энам инқиллаб-синқиллаб ўрнидан туради. Кунчиқар томонга бирпас, осмонга бирпас тикилиб туради.

— Ҳали Комилжоннинг «Гўринг»и билан, «Доғман»ича вақт бор.

Энам келиб яна узала тушиб ётади. Мен югуриб бориб, патефонда энам айтган қўшиқларни қўяман. Энам патефонни «Ўзи айтар халфа» дейди. Хуллас, Комилжон Отаниёзовнинг ашуласи бошланади:

«Ҳар йигитнинг аслин билай десангиз,

Маъракада ўтириб-дуришин гўринг.

Биров билан ошно бўлай десангиз,

Аввал ваъдасинда дуришин гўринг!

Одоби-икроми, юришин гўринг!»

Бу ашуладан сўнг «Мафтуна сари, ҳуснингга зуннор гаракмас»ни бошлайди. Шунинг учун мен уни шартта ўчириб, нариги лентани тиқаман. У «Доғман» билан бошланади.

«Ишқингда зор ўлдум, нетай, ғамгин димоғман,

Бемору фурқатинг билан    зойирда соғман.

Ақлу ҳушим санинг билан, кўздан йироғман,

Кўрсат юзингни толиби нуричироғман,

Ҳажрингда дарду ғам билан, ҳасратда доғман…»

Бу қўшиқлар менга ёд бўлиб кетган. Охирида «Ҳасратда доғмаа-ан», деб якунлайдики, ҳовлида хўроз қичқиради.

Қанақасига ахир?! Нега соатлар тўхтаб қолиши мумкин, овози чиройли қиз радиода айтган ҳарорат ёлғон чиқиши, об-ҳаво ўзгариши мумкин, аммо энам  янглишмайди?

* * *

Мактабга чиқа бошлаганимда энамга соат топиб бердим. Соатнинг ақраблари нималигини билмагани учун қаттиқ огоҳлантирдим.

— Қаранг, кичкина таёқ еттида, каттаси ўн иккида туриши керак. Хуллас, эна, эрталаб еттида уйғотинг, мактабга кеч қолмай тағин, келишдикми?

— Келишдик, қўзим!

Келишганимизга пушаймонлар бўлдим. Ўқув кунлари майли, дам олиш кунлари ҳам уйғотадиган бўлди. Ахийри, дам олиш кунлари ёстиғим ёнига чиллакми, ланками қўйиб ётадиган бўлдим. Энам шундан билади, бугун мактаб йўқлигини.

Одатдагидек мактаб кунларининг бири. Энам доимгидек гаплари билан мени туртяпти:

— Тур, қўзим, мактабга кеч қоласан. Соат етти бўлди. Тура қолсанг-чи!

Эринибгина кўзларимни очсам, бешта кам олти ярим.

— Эна, эсингиз ҳам кетибди-ку, а? Соат ҳали олти яримга беш дақиқа бор.

Энам бир соатга, бир менга тикилиб, айбдорона бош эгди.

— Ахир етти бўлди-ку!

Йўқ, ўз билганимдан қолмадим. Соат еттигача бирпас ётдим, гарчи уйқум энди келмаса ҳам. Ниҳоят, доимгидек мактабга келсам…

Роппа-роса ўттиз беш дақиқа кечикибман. Афтидан, соат орада бир тўхтаб, юрмай қолган. Энам эса соатни ҳалигача ўрганмаганини ўшанда тушундим.  Демак, энам шу пайтгача, барибир, ички сезгиларига ишониб келган.

* * *

Бугун компьютер бор, интернет бор ҳар қандай билим учун. Аммо кўпинча адашаман. Ривожланган тиббиёт бор, аммо ўн олти ёшимдан гоҳ юрак, гоҳ қанд билан оғринаман. Соат бор аниқлик учун, аммо нуқул ишхонамга ҳам, бошқа жойларга ҳам кечикиб юраман. Обрў бор, таниш-билиш, мухлислар дегандек, аммо ёлғизман…

Чунки дунё ҳувиллаб қолган…

Чунки дунё кимсасиз…

Чунки энам орамизда йўқ…

Ваҳоб РЎЗИМУҲАММАД