138 нафар болага 1 кг гўшт берган Шаҳрисабздаги 15-боғча масъуллари жазоланди

0

«Дарё»да Шаҳрисабз шаҳридаги 15-сонли мактабгача таълим ташкилотида жорий йилнинг 1 июнь куни 138 нафар болага 1 килограмм гўшт берилгани, қолаверса болалар ҳақи — гўштдан уриб қолиш ҳолатлари хусусида сўз юритилганди. Ушбу мақолага Шаҳрисабз шаҳар мактабгача таълим бўлими муносабат билдирди.

аълум бўлишича, мақолада тилга олинган ҳолатлар бўлим томонидан ўрганиб чиқилган. Унда шундай дейилади: «Шаҳрисабз шаҳар мактабгача таълим бўлими тасарруфидаги 15-мактабгача таълим ташкилоти томонидан 2019 йил июнь ойи учун 140 нафар бола учун озиқ-овқат маҳсулотларига режали талабнома шаҳар мактабгача таълим бўлимига тақдим этилган. Шунга кўра, 2019 йилнинг июнь ойида озиқ-овқат маҳсулотлари харид қилиш учун 2019 йил 29 май куни МТБда ўтказилган 40-сонли танловига кўра «Шаҳрисабз гўшт маҳсулотлари» хусусий корхонаси ғолиб деб топилиб, шунга асосан 2019 йил 30 май куни умумий қиймати 107 532 000 (Бир юз етти миллион беш юз ўттиз икки минг) сўмлик 10-сонли шартнома тузилган. Ушбу шартномага асосан 2019 йил 1 июндан бошлаб бўлим тасарруфидаги 15-МТТ нинг хўжалик мудири О.Саттаровга умумий қиймати 5 миллион 472 минг сўмлик 152 кг мол гўшти учун 01.06.2019 йилда №1251 сонли ишончномага асосан 1 июнь куни «Шаҳрисабз гўшт маҳсулотлари» хусусий корхонаси томонидан 20 кг мол гўшти маҳсулоти етказиб берилган.

Мақолада боғча мудираси ва ҳамшираси берган маълумотга кўра, ушбу боғчани гўшт маҳсулоти билан «Паҳлавон гермес» МЧЖ таъминлаши ҳақида сўз боради. Аниқланишича, «Паҳлавон гермес» МЧЖ боғчани 2019 йилнинг 1 июнига қадар гўшт билан таъминлаган. 1 июнь кунидан бошлаб эса, боғчани гўшт билан «Шаҳрисабз гўшт маҳсулотлари» хусусий корхонаси таъминлаб келган.

Муносабат хатида шунингдек, «Шаҳрисабз шаҳар мактабгача таълим бўлими томонидан 15-МТТ таомномаси ўрганилганда, 2019 йил 1 июнь куни мудира томонидан тасдиқланган таомномада 136 нафар бола келганлиги ва 12,2 кг мол гўшти берилганлиги ва бир болага 90 граммдан мол гўшти тўғри келганлиги кўрсатилган. 15-МТТ мудираси Ҳафиза Маҳаммадиева ва ҳамшира Наргиза Бобомуродованинг эътиборсизлиги туфайли таомномада кўрсатилган жами гўшт килограми 12,2 рақами ўрнига 1 рақами қўйилган ва шу ҳолатда қолиб кетган», — дейилади.

Шаҳрисабз шаҳар мактабгача таълим бўлимининг тан олишича, 15-МТТ таомномаси ўрганилганда 2019 йил 3 ва 4 июнь кунларида болаларга гўшт маҳсулоти СанПин меъёрига нисбатан кам берилганлиги аниқланган.

Маълумот беришларича, Шаҳрисабз шаҳар мактабгача таълим бўлими томонидан ўрганилган натижаларга кўра, ўз вазифасига эътиборсиз қараган 15-МТТ ҳамшираси Наргиза Бобомуродова ҳамда хўжалик мудири О.Саттаровга «Ҳайфсан« интизомий жазоси берилган. 15-МТТ мудираси Ҳафиза Маҳаммадиевага навбатдаги интизомий чора кўриш учун вилоят мактабгача таълим бошқарма бошлиғи номига билдирги киритилган. Ушбу билдиргига асосан бошқарма бошлиғининг 2019 йил 3 июлдаги буйруғига асосан боғча мудирасига ҳам «Ҳайфсан» интизомий жазоси қўлланган.

 

daryo.uz