“ЭНГ ИЛҒОР БОШЛАНҒИЧ ТАШКИЛОТ ЕТАКЧИСИ” АНИҚЛАНДИ

0

 

Жорий йилнинг 4-5 июль кунлари Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси бўлинмаларида ташкил этилган Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилот етакчилари ўртасида “Энг илғор бошланғич ташкилот етакчиси” танловининг Республика босқичи бўлиб ўтди.

Ушбу танловда Миллий гвардия тасарруфидаги барча бўлинма ва муассасалардаги бошланғич ташкилот етакчилари иштирок этиб, ўз маърузаларида олиб бораётган ишлари, лойиҳалари ва келажакдаги истиқболли режалари билан таништириб ўтдилар. Ҳар бир маърузачини Ҳакамлар ҳайъати бир нечта мезонлар асосида баҳолаб бордилар.
Тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондонлиги, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши ҳамда Миллий гвардия Марказий Девони мутасадди раҳбарлари ўз маърузаларида Миллий гвардия ҳарбий қисм ва муассасаларида ташкил этилган Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти бўлимлари фаолияти, шунингдек истиқболдаги вазифалар хусусида тўхталиб ўтдилар.
Юқори савияда ташкил этилган танлов сўнгида ҳакамлар ҳайъати томонидан танлов иштирокчиларининг тўплаган баллари умумлаштириб ғолиблар эълон қилинди. Натижаларга кўра 3-ўринни Қўриқлаш бошқармаси бошланғич ташкилот етакчиси Р.Музаров, 2-ўринни эса Тошкент вилояти Қибрай туманида жойлашган бўлинма бошланғич ташкилот етакчиси Ш.Мирзаев эгалладилар. Фахрли 1-ўринга Қашқадарё вилояти Қарши шаҳридаги бўлинма бошланғич ташкилот етакчиси М.Маъмуров муносиб деб топилди. Танлов ғолиблари Миллий гвардия қўмондонининг фахрий ёрлиғи, диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар, ҳамкор ташкилотлар вакилларига эса ўз ўрнида ҳамкорликда кўрсатган амалий ёрдамлари учун ташаккурномалар топширилди.
1-ўрин соҳиби М.Маъмуров яқин кунларда ўзининг янги инновацион лойиҳасини, яъни “Одамлар билан гавжум бўладиган юртимиз хиёбонларида мобил электрон кутубхона ташкил этиш лойиҳаси”ни амалда қўллашини айтиб ўтди.
Шунингдек, тадбир доирасида Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Қўмондонлиги томонидан танлов иштирокчилари учун маданий дастурлар ҳам ташкил этилди.