Нотариат нодавлат тизимга ўтадими?

0

Адлия вазирлиги томонидан Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган нотариуслар иштирокида нотариатни нодавлат тизимга ўтказиш масаласи муҳокама қилинди. Вазирликнинг жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарига кўра, унда Президент Администрацияси масъул ходимлари ҳам иштирок этди.

Муҳокама аввалида охирги йилларда нотариат соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида нотариатнинг фаол моделига ўтилгани, тўловларни ундиришда ягона биллинг тизими жорий этилганлиги, нотариусларни танлаш жараёнлари шаффоф ва очиқ тизимда амалга ошириб келинаётганлиги, нотариат тизимига ахборот-коммуникация технологиялари кенг жорий этилаётганлиги ҳақида сўз юритилган.

Шунингдек, нотариал ҳаракатларни амалга оширишда аҳолига янада енгилликлар яратиш мақсадида битта нотариал ҳаракатни турли нотариал идораларга борган ҳолда расмийлаштириш, айрим нотариал ҳаракатларни нотариал идорага келмасдан масофадан электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда амалга ошириш тартибини жорий этиш масалалари муҳокама қилинган.

Мажбурий нотариал тасдиқланадиган ҳаракатлар доирасини қисқартириш, уй-жойни бошқа шахсга ўтказишда, мол-мулк ижара ва текин фойдаланиш шартномаларини тасдиқлашда айрим ҳужжатларни олиш талабларини бекор қилиш, ахборот-технологиялари имкониятларидан кенг фойдаланиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

 

daryo.uz