ШАЙТАНАТ… (103-қисм)

0

 

 

* * *

 

Лаҳтак булутлар қитмирлиги туфайли яйраб нур тарата олмаётган қуёш шом киришини кутмаёқ бота қолгандай бўлди. Тонгда эса Беғубор осмон умидида кайта бош кўтарди-ю яна булутлар шумлигига учради. Олмония қуёшининг тайинсизлигига, файзсиз тонгларига Манзуранинг чидаши оғир кечди. Зотан, унинг қалби шу қуёш каби ожиз ҳолатда эди. Гарчи ўғилларининг тўйидан кўнгли равшанлашган бўлса-да, ҳавотир булутларининг чақинидан бағри куйиб турарди.

Эри Асадбекнинг, қизи Зайнабнинг аянчли аҳволидан бехабар бўлса-да, ўзига ҳам номаълум бир туйғу кўнглини ғашлик булути билан чирмаб турарди. Асадбекнинг телефонда тўнг оҳангда гаплашиши уни ажаблантирмас, бу ҳолатга йиллар бўйи кўникиб кетган эди. Уни эзаётган нарса бошқа — эри ҳар сафар «уйга қайтишга шошилма», — деб гапни қисқа қилади. Қудалари эса «Қачон қайтасизлар?» деб очиқ айтишмаса ҳам кўз қарашларидан шу маъно сезилиб турарди. Ўғиллари нигоҳида ҳам шу савол зуҳур эди.

Маъсума аёл саволга жавоб қайтаришга қодир бўлсами эди, бу ерда бир он ҳам қолмасди.

Қанотлари қайрилган эмас, қирқиб олинган қуш ҳолатидаги Манзура тунда қуёш балқишини кутган нотавон каби эридан ҳар дақиқада бир мужда кутарди.

Манзура қамоқдаги маҳбус ҳолатида эди, дейилса юмшоқроқ айтилган бўлади. Чунки маҳбус озодликка қачон чиқишини билади, шу кунни, соатни, орзиқиб кутади. Кутиш ҳам у учун бир саодат. Ҳар тунда ёстиққа бош қўйиб ҳар тонгда кўз очишининг ўзиёқ бир бахт. Манзура эса яна қанча тунд тонгларни мусофирликда қаршилашини билмайди.

Ўзини қафас темирларига уравериб қанотларини мажруҳ этган қуш аҳволидаги Манзуранинг дарди қудаларига аён эди. Шу боис кўнгил хиралиги тарқаб, дилга бир ёруғлик мўралармикин, деган мақсадда Шветсарияга сафар қилишни таклиф этишди. Меҳмоннинг ихтиёри мезбонда бўлгач, Манзура нима дея оларди? Ўғиллар онадаги ташвиш булутини нари ҳайдаш ниятида Алп тоғларининг беназир гўзаллигини мадҳ этишди. «Боланинг кўнгли далада» деганлари балки шудир. Ҳозир ғойибдан бир овоз келиб «жаннат эшиклари сенга очилади, кирасанми ё уйингга борасанми?» дейилса у ҳеч иккиланмай уйга қайтмоқни ихтиёр этарди. Зотан, аҳли оилага муҳаббат ҳам иймоннинг гўзал бир кўринишидир.

Икки ўғли, икки келини, Гулузор бегим ҳамроҳлигида мақталган ерларга борган Манзуранинг зимистон кўнглига равшанлик мўралай олмади. У фарзандлари кичиклигида Нанайга бир неча марта чиққан, сув омбори қурилиб, қишлоқ бузилгач, анчагача кўнгли вайрон бўлиб юрган эди. Кейинчалик Маҳмуднинг хотини билан бошқа қишлоқларга ҳам чиқди, Шоҳимардонга ҳам борди. Бироқ, дастлаб чиққанида дилига ўрнашгани учунми, бошқа жойларни Нанайга ўхшата олмади. Шветсария Алплари деб ном чиқарган, дунёдаги мана ман деган бойларнинг севимли масканига айланган бу қорли тоғлар унинг ақлини лол қила олмади. Тўғри, у ёзлоққа чиққан, қорли тоғларнинг ҳавосидан эса нафас олмаган эди. Маҳмуднинг хотини «Опа, болларни олиб Чимёнга чиқайлик, чена учиб келишсин», деганида «Қишнинг совуғида тоғда бало борми?» деб унамаган эди.

Келинлари билан ўғилларининг яйраб чанғи учаётганларини кўриб ҳам кўзлари қувонди, ҳам «булар ўқишяпти, десам чанғи учишдан бўшашмаган шекилли» деган фикрга келди. Манзура «ўғилларим чанғи учишни шу ерда ўрганишган», деб ўйлаб янглишди. Чўлпоной билан Муштарийнинг шу ерда ўрганганлари айни рост.

Абдусамад билан Абдуҳамиднинг Жамшид ҳамроҳлигида тез-тез Чимёнга чиқиб туришганидан у бехабар эди. Болалари бир сафар ижозат сўрашганида «йиқилиб, у ер-бу ерини синдириб олмасин» деган: ҳавотирда рухсат бермаган, юраги қайнаб турган ўғилларининг яширинча чиқишларини эса хаёлига ҳам келтирмаган эди.

Қорли ёнбағирдаги одамлар орасидан Манзура ўғилларини нигоҳи билан излайди. Йиқилиб тушаётганлар ўғлидай туюлиб, юрагига бир зирапча санчилгандай сесканади. Ҳолатини сездирмасликка ҳаракат қилса-да, Гулузор бегим ундаги ҳавотирни фаҳмлаб:

— Бу ернинг қори худди пар болиш кабидир, йиқи-лажак ўлсангда бир ҳузурланурсан, — деб қўйди.

— Сиз ҳам учасизми? — деб сўради Манзура ажабланиб.

— О, албатта, — деди Гулузор бегим қаҳва ҳўп- лаб. — Бу шунчаки шўхлик меваси эмас, сиҳҳат учун-да лозим ўлароқ бир амалдир.

Улар ўтирган қаҳвахона осойишта, таралаётган ёқимли оҳанг ҳам шунга мос эди.

Гулузор бегим бошини эгганича ниманидир ўйлади, ҳатто ҳузурида азиз меҳмон ўтирганини ҳам унутгандай бўлди. Сўнг бошини кўтариб дераза оша ташқарига қаради-да, худди ўзига ўзи гапиргандай пастроқ овозда:

— Неки вор, хапси чўх гўзалдур, — деди. Кейин юзини қудаси томон буриб, қўшиб қўйди: — Аммо хапсидан Ватангина гўзалмишдир!

Кейинги жумлада армон зухур эди. Бироқ, ўз ёғига қоврилиб юрган Манзура буни «уйингизни соғингандирсиз?» деган маънода тушуниб енгил сесканди.

Тақдир иплари фарзандлари туфайли гўё боғлангандай бўлган бу икки аёлнинг соғинчлари, армонлари бир-бирига сира ўхшамас эди. Таъбир жоиз бўлса Ватан соғинчи Гулузор бегимга ота мерос, қон билан кирган, жон билан чиқғувчи фазилатдир. Ўзининг эмас, волидайн киндик қони тўкилган Ватан тупроғига қадам қўймай, ҳавосидан нафас олмай туриб соғиниш қандай бўлишини тасаввуримизга сиғдиришимиз, баён этишимиз ғоят мушкул. Ватан — яъни ота юртни соғиниш даражаларини белгиламоқда «мусофир бўлмагунча мусулмон бўлмас», деган ҳикматни ҳисобга олмоқ балки жоиздир?

Дейдиларки, булбулни «гар олтун қафас ичра» сақласангиз ҳам сайрамас экан.

Манзурадаги соғинч ҳислари эса бутунлай ўзга. Ватан исмли ўлчовсиз туйғудан ҳоли, демоқлик ноўриндир. Чунки у соғинаётган оила, ҳовли, яқинлари — Ватаннинг зарраларидир.

Яратганнинг мўъжизаларига ақл бовар қилмайди: шу каби тоғ, шу каби қор кўпгина юртларда мавжуд. Гулузор бегим айтганларидай, бу ернинг қори пар ёстиқдай юмшоғу бошқа ерники тошдай қаттиқ эмас. Эътиборли жиҳати шундаки, қорли тоғларнинг ҳар бири ўша юрт эгаси учун суюмлироқ. Шу боис ҳам Манзурани бундаги манзара лол қолдира олмади. Балки эри, қизи ҳам ёнида бўлса бу чиройни илғармиди?

Қаҳва ичаётган Гулузор бегим билан таъмсиз туюлган бўлса-да, мезбоннинг ҳурмати учун ўзини зўрлаб чой ҳўплаётган Манзурани боғлаб турувчи бир нарса бор: бу қалблардаги ҳисларни юқори мақомда баён этолмаслик, бу ҳислар тўлқинида жўш уриб суҳбатлашолмаслик ёки баҳслаша олмаслик.

Шаҳарчани айланиш ҳам, қаҳвахонада ўтиравериш ҳам Манзурани зериктирди.

Меҳмоннинг ўғиллари билан шаҳар сайрига чиққанидан фойдаланган Гулузор бегим эса қизларига қўшилиб чанғи учди, кўнгил чигилини ёзиб олди. Бир ҳафта — ўн кунга мўлжалланган саёҳат Манзуранинг кўнглига қараб, уч кундаёқ ниҳоя-сига етди.

Шветсариядан кетмай туриб Маҳмуд — Чувриндига қўнғироқ қилиб муаммони ойдинлаштирмоқчи бўлди.

— Маҳмуджон, акангизнинг дардини сиз яхши биласиз, келаман, деб ўзлари келмаяптилар, қайтиб кетай десам, унга унамайдилар, сиз бирон нима билсангиз айтинг, — деди.

Чувринди нима десин? Янгаси «акангизнинг дардини сиз яхши биласиз», дейди. Зоҳирий дардини-ку билади, аммо айта олмайди. Ботиний дардини эса гумон кўзлари билан кўради.

«Акам дард билан ёлғиз ўзлари олишиб, ёлғиз ўзлари мағлуб бўлмоқчилар.

Янгамнинг кўз ёшлари тўкиб ўтиришларни истамаяптилар», деб таҳмин қилади.

Таҳминида озгина жон бўлса-да, хожасининг асл мақсадини у ҳам аниқ билмайди.

Сўнгги онлари яқинлашганини сезган мағрур бургут ўлимни инида кутиб олмай осмонга парвоз қилиб сўнг ўзини қоя тошларига урар экан. Чувринди хожасини ана шу бургут мисолида кўрарди. Унга фақат бир нарса: сўнгги парвознинг қачон ва қандай бўлиши номаълум эди. Чувринди буларни ҳам айта олмади. Шунинг учун:

— Акам тайёрланяптилар. Бу ерда зарур ишлар чиқиб қолди. Акамдан аввал Зайнаб борсалар керак. Бир-икки кундан кейин рухсат тегадиган бўлиб турибди, — деб қўя қолди.

Бу мужмал жавоб Манзурани қаноатлантирмай Олмонияга қайтган куннинг эртасига уйига қўнғироқ қилди. «Адаси, сиз кейинроқ келарсиз», деган таклиф ҳамда қайтмоқлик аҳдини маълум қилиб қўйиш ниятида эди. Болохонадаги йигитнинг «Бек акам жанозага кетганлар» дейиши юрагидаги хавотир учқунини ўт олдирди.

— Кимнинг жанозаси? — деб сўради овози титраб.

Йигит «бу шумхабарни айтиш мумкинми ё йўқми?» деган мулоҳазада сукут сақлади.

Аслида у «Бек акам йўғидилар-а», деб гапни қисқа қилмоғи жоиз эди. Хаёли кутилмаган фожиа билан банд бўлгани учун беихтиёр равишда «жанозага кетганлар» деб юборган эди.

— Кимнинг жанозаси? — деб қайта сўради Манзура.

— Маҳмуд акамники, — деди йигит бир оз довдираган ҳолда.

— Қайси Маҳмуд? — Манзура «Қайси Маҳмуд» эканини англаган бўлса-да, «ишқилиб мен танимайдиган бошқа одам бўлсин», деган илинжда қайта сўради. Йигитнинг навбатдаги сукути бу илинжга қувват бергандай бўлиб, сўнг эса ғиппа бўғиб қўя қолди: Чувриндининг фожиаси ҳақидаги шумхабар ҳушини олди.

Манзура гўшакни жойига қўйгач «кўнглимнинг хижиллиги бекорга эмас экан», деб ўйлади. Туғишган укасидай бўлиб қолган одамнинг фожиаси дастлаб уни гангитган бўлса, сўнг ўзи яшаётган оламда ҳалокатлар тасодифий бўлмаслигини билгани учун ҳам хавотир ўтида қоврила бошлади. Эрининг сафарни пайсалга солиши, Маҳмуд — Чувриндининг икки кун аввалги мужмалроқ жавоби, ниҳоят фожиа ҳақидаги хабар юрагининг бир чеккасини жизиллатиб турган хавотир чўғига мойдек сепилиб аланга олдирган, энди бу ўтни ўчириш мумкин эмас эди. Мана шу ташвиш гулхани ундаги мутелик чегарасини бузди.

Манзуранинг беором қалби уни камдан кам ҳолларда юз берувчи инқилобга даъват этди.

Фақат қудаларини эмас, ўғилларини ҳам ажаблантирган ҳолда сафари якун топганини маълум қилди. «Меҳмоннинг иззати уч кун эди, тўй баҳонасида шунча қолиб кетдим, қизларимни дарров бағрингиздан юлиб олгим келмади», деб лутф қилмоқчи бўлди-ю, аммо лабларидаги енгил титроқ, кўзларидаги паришонлик кўнгил нотинчлигини аён қилиб қўйди.

Манзуранинг шу кунга қадар қайтишга шошилмаёт-гани қудаларга малол келмаётган бўлса-да, «у томонлар тинчликмикин, ишқилиб?» деган хавотирлари мавжуд эди. Қудаларининг қайтмоқлик хусусидаги аҳди бу хавотирни нари сургани билан рўпараларига айрилиқ балосини кўндаланг қилиб қўйди. «Бунча шошмасангиз, ҳали сизга тўйганимиз йўқ», деган сохтароқ лутф қудани аҳдидан қайтара олмаса ҳам айтилди.

Юртни соғинган юраклар қалбларининг икки парчасини юлиб олиб юртга узатишди.

О, бу бахтга ташна юраклар рўпарада бало булутларининг ямлашга шай турганини билишсами эди…

Инқилобга жазм этган муштипар ўз қарори билан қайғу-аламлар кўчасига бурилганини билсами эди…

 

***

 

Бир кун олдин Асадбек ғалати туш кўрган эди.

Буни туш дейиш ҳам қийин. Машинада келатуриб бир дақиқанинг нари-берисида мизғиди.

Радиода айтилаётган гапларни эшитиб турди, демак, ухлади, де-йиш мумкин бўлмаганидек, туш кўрди, демоқлик ҳам ўринсиз. Балки хаёлига чақмоқ каби урилган беўхшов манзара унга тушдай туюлгандир. Манзура уйда бўлганида бориб айтарди, у йўйиб бир маъно чиқарарди… Асадбек ўзича маъно қидириб кўрди-ю, «бунақа бемаъни тушда маъни нима қилсин» деган тўхтамга келди. Унинг фикри тўғри: алоқ-чалоқ, маънисиз тушлар кўп кўрилади, аммо бунақаси учрамайди.

Нима эмиш, кафанга ўраб-чирмалган Асадбек тобутда ётганмиш. Тобут ҳам қизиқ, атрофига оқ мато ўралган эмас, шағал ташийдиган замбилга ўхшаш, ўликнинг ҳам кўнглини айнитадиган бир бало эмиш. Одам оз эмиш. Кафанланган Асадбек «Ўйнаб-кулиб юриб минглаб ошна-оғайни орттирибман-у, тобутимни кўтарадиган йигирмата дўст топа олмабман-да», деб ўйлаб хўрлиги келибди. Тирик одам хўрланса чораси осон: бировни уриб-сўкар, ёки йиғлаб олар. Кафанланган бечора нима қилсин? Асадбек оқ сурпга эмас, алам матосига ўралганича ётаверганмиш. Бу ҳам майли, чидай оладиган манзара. Тобут олдидаги манзара жиннининг ҳам эсини тескари қилиб юбориши мумкин.

Нима эмиш: жирканч тобут олдида қўш сурнай, қўш ноғора, қўш карнаю қўш чилдирма! Бака-бакабум авжида. Олдинда эса тўн кийиб белини боғлаган Кесакполвон ер тепиниб ўйнаб боряпти. «Ҳой аҳ- моқ, — дермиш кафанланган Асадбек, — бел боғлаган одам ҳам тобут олдида ўйнайдими?» Бу саволни эшитган Кесакполвон қаҳқаҳ отиб кулармиш. «Тўй бўлганидан сўнг ўйнайман-да» дермиш. «Тўй? — деб ажабланармиш кафанланган Асадбек, — кимга тўй, кимга аза?» «Бизга тўй, — дермиш Кесакполвон, — сенга эса аза…»Кейин мозорга олиб боришди. Мозорми ё шаҳар аҳлатхонасими — ажратиш қийин бўлган бир жой. Агар шу жойни ўликка кўрсатиб «сўнгги маконингни кўриб қўй» дейилса, ўрнидан туриб қочиб қолиши аниқ. Лекин кафанга чирмалган Асадбек чорасиз эмиш, қоча олмасмиш. Лаҳадга қўйилиб, тупроқ тортила бошлаганида қорининг тиловати эшитилмайди, билакс, яна ўша қўш сурнай, қўш ноғора авжига чиқади. Ҳамма ўйнайди-қувнайди. «Ўлик кўмишга ҳам қасам ичирвордиларинг…» деб ғижинармиш лаҳаддаги Асадбек. Кейин қараса лаҳаддаги бошқа одаммиш, ўзи қабр тепасида турганмиш. Лаҳаднинг оғзи очиқмиш, пастда юзи очилиб, қиблага мойил қилиб қўйилган одамга «Ким экан?» деб қарармиш-у, аммо танимасмиш…»

Кўрганлари мана шулар. Даҳшат деса даҳшат эмас, фикрлашга, маъни қидиришга ҳам арзимайдиган та-йинсиз бир манзара… Ўша онда шу фикрда эди.

Аммо эртасига, Чувриндининг ўлимини эшитгач, бемаъни саналган шу тушни яна ёдга олди. Юзи очилиб, қиблага мойил қаратиб қўйилган майитни эслади. Тобут олдида, сўнг қабр атрофида ўйнаётган Кесакполвон кўз олдида гавдаланди. «Бизга тўй, сенга аза», деган гап қулоғи остида жаранглади.

Чувриндининг уйига келиб кутилмаган фожиадан гангиб қолган ўғлини бағрига босганида, ўз фарзандидай суюмли бу йигитчанинг хўнграб айтган гаплари кечаги туш зиндонининг қулфига калит бўлиб тушди гўё. «Кечаси чақиртирган экансиз, келганларида кайфлари бор эди, машинани мен ҳайдай қолай десам, кўнмадилар… Ажал чақирган экан…»

Ажал чақирган экан… Нима демоқчи бола? «Сиз — ажалсиз!» демоқчими? Боланинг ўйламай айтиб юборган гапи Асадбекни ўйлантириб қўйди. Чувриндини у чақиртирмаган эди. Ким чақиртирди? Чақиртирган «ажал» — нинг исми — Ҳайдар-Кесакполвонми? Ё Хонгирейнинг чаёндай изғиб қолган одамларими? Ё хожасига содиқ қолган Ҳосилбойваччанинг йигитлариданми? Қанча ўйламасин, тарозининг палласи Кесакполвон томон босиб кетаверди. «Хонгирей ҳам, Ҳосилбойваччанинг йигитлари ҳам Маҳмудни ўлдириб бир манфаат тополмайди. Касд қилса менга ташланарди. Ё мени «ўладиган касал, шундай ҳам тинчиб кетади», деб аяшадими», деган хулосага келди. Хулосаси бир томондан тўғри эди: Хонгирей унинг тузалмас хаста эканини билгач «хотиржам ўлволсин», деб марҳамат қилган эди. Хулосанинг нотўғри ери шундаки, хотиржам ўлволишга изн берган Хонгирей унинг хотиржам ўлишини хотиржам равишда кута олмас эди.

«Қирол ўлди, яшасин қирол!» деганларидек янги қирол муаммоси уни бефарқ қолдириш мумкин эмасди. Гап ўзига муте одамни қирол тахтига ўтқазишдагина эмас. Тахтга ким ўтирса ҳам қайириб олишга қурби етади. Бўйсинишни истамаган янги қиролга аталган биттагина ўқ тўппонча ўқдонида занглаб қолмайди. Хонгирейнинг муддаоси бош-қа: Асадбекка вафо қилмаган тахтга лалаймаган одам ўтириши шарт. Сиёсатчилар тили билан айтганда, бу тахтга кураш йўли билан борган маъқул. Ким ақллироқ бўлса, ким раҳмдил бўлмаса, ким рақиби қалбини суғуриб олиб чайнаб ютишга қодир бўлса — ўша қирол!

Асадбек Кесакполвоннинг тахтга интилишини кутган-у, аммо Хонгирейнинг бу мақсадидан бехабар эди. Кесакполвоннинг карнай-сурнай навосига эмас, балки Хонгирейнинг дўмбрасига ўйнаётганини кейинроқ фаҳмлайди. Кейинроқ фаҳмлайдию илон чақиб доғда қолган одам ҳолига тушади. Инграйди, тўлғонади, қани эди бундан бир фойда бўлса?!

Бунга ҳали вақт бор. Ҳозирча илон унинг илиқ бағрида, озгина бесаранжомлиги инобатга олинмаса роҳатда дейиш ҳам мумкин.

Жанозага қадар ҳам, қабрга тупроқ тортилаётганда ҳам Асадбек беихтиёр равишда Кесакполвонни кузатди. Майит лаҳадга қўйилаётганда Кесакполвоннинг «Вой жигарим! Вой укажоним!» деган ўкириги «Вой, отам!»леб бўзлаётган болаларнинг ноласини босиб кетди.

Асадбек гўрков тутган кетмон юзига бир сиқим тупроқ ташлагач, Жалил уни ёмғирдан панага, нарироқдаги шийпонга тортмоқчи бўлди. Бу билан хаста дўстини ҳам ёмғирнинг савалашидан, ҳам руҳий азобдан ҳимоя этмоқчи эди. Асадбек унга норози қиёфада қаради. Шунда Жалил намланган кўзлар эгасининг дарду ғам денгизи нақадар мавжли эканини фаҳмлади. Кўзларининг бу каби дардли боқишини у кўп йиллар муқаддам кўрганди. Укаси, сўнг онаси дафн этилаётганда ҳам қорачиқни шундай ғам пардаси тўсган эди. Асадбек ўшанда ҳам овоз чиқариб йиғламаган эди.

Асадбек Чувриндининг ўғли қўлидаги белкуракни олиб қабрга беш-олти марта тупроқ ташлагач, бир оз чекинди, аммо узоқ кетмади. «Таборак» ўқилиб, юзларга фотиҳа тортилгач, Жалил тарқалаётган одамларга қўшилиб нари юрди, сўнг қабр тепасида ёлғиз қолган Асадбекни, у томон юра бошлаган Кесакполвонни кўргач, тўхтади.

Асадбек «ҳамма ёқни бўктириб ташлайман» дегандай керилиб ёғаётган қор аралаш ёмғирнинг қилиғига парвосиз равишда турарди. «Бу ер менинг жойим эди, Маҳмуд укам… Сенга қасд қилганни хор қилмагунимча ёнингга келмайман…»

Қадимда қабристонни зиёрат этмоққа ижозат йўқ экан. Сўнг «бандалар мозористонни кўриб охиратни ўйласин, деган мақсадда рухсат этилган экан. Шунга кўра эртами-кечми қисмати қаттиқ гувалага бош қўймоқ бўлмиш одам тавбани, шайтон васвасасидан қутулмоқни ўйлаши керак. Юзларига қор зарралари, совуқ ёмғир томчилари урилаётганини сезмай турган Асадбек эса измини иблис ҳукмига тўла топшириб, яна тошга айланган қалбини қасам билан қувватлантирган эди. Зулм-га зулм билан жавоб қилмоқ унинг наздида ҳақиқат эди.

Ҳукм қатъийлашган пайтда кимдир қўлидан ушлаб тортди. Ўгирилиб қаради: Кесакполвон.

— Сен менинг юрагимга тупурдинг, — деди Асадбек.

— Ундай дема, Асад, агар шу менинг ишим бўл- са — Худо урсин!

— Йўқол!

— Асад…

— Йўқол дедим!

Кесакполвон уч-тўрт қадам чекинди-ю, аммо йўқолмади. Ошнасининг шумшайиб туришига тоқат қилолмаган Жалил унга яқинлашиб, жиққа ҳўл елкасига қўл ташлади.

— Асад, юр, келди-кетдига қараб туришинг керак.

Асадбек акасининг йўриғидан чиқмайдиган мўмин боладай Жалил бошлаган йўлга юрди.

Машина Чувринди яшаган кўчага яқинлашганда Асадбек Ҳалимжонга:

— Ўнгга бурма. Тўғрига ҳайда, — деди. Сўнг пича сукут сақлагач, қўшиб қўйди:

— Эски уйимга ҳайда.

Жалилга унинг бу қарори ғалати туюлди.

— Сен бу ерда туришинг керак, — деди у.

— Туролмайман… чидолмайман.

— Бормасанг… сендан кўришади…

Асадбек жавоб бермади. Ҳалимжон бурайми ё кетаверайми, дегандай машинани секинлатди. Буни сезган Асадбек зардали товушда буюрди:

— Тўғрига ҳайда, дедим!

Жалил Асадбекнинг бу буйруғига эътироз билдирмади. Машинадан тушиб ошнасига эргашганда Асадбек уни остонада тўхтатди:

— Уйингга борақол.

Жуда майин, дардли, айни чоқда илтимос оҳангида айтди. Бошқа вазият бўлганида Жалил «Одамга ўхшаб гапиришни ҳам билар экансан, а» деб узиб олган бўларди.

(давоми бор)

Тоҳир МАЛИК