Ўзбекистон элчиси Ангела Меркель билан учрашди!

0

2019 йилнинг 9 июль куни Ўзбекистоннинг Берлин шаҳридаги Элчиси Набижон Касимов Германия Федерал канцлери Ангела Меркел таклифига биноан ГФРда аккредитациядан ўтган дипломатик миссиялар ва халқаро ташкилотларнинг раҳбарлари учун “Мезеберг” ҳукумат қароргоҳида ўтказилган расмий қабулда иштирок этди.

Қабул чоғида Канцлер Ангела Меркел билан қисқа суҳбат бўлиб ўтиб, у ярим йил ичида амалга оширилган иккита олий даражадаги ташриф – Президент Шавкат Мирзиёевнинг январ ойидаги Германияга ва Президент Франк-Валтер Штайнмаернинг май ойидаги Ўзбекистонга ташрифлари якунларидан мамнунлигини билдирди. Канцлер ташриф якунларига ўта муваффақиятли ва сермаҳсул деб баҳо берди.

Германия Ҳукумати раҳбарининг фикрича, олий даражадаги мазкур ташрифлар, шубҳасиз, икки давлат ўртасида турли соҳалардаги ишончли муносабатлар ва ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг фаоллашувига хизмат қилади.

Канслер Ангела Меркел Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга ўзининг эҳтиром ва энг эзгу тилакларини ҳам етказиб қўйишни сўради.