ШАЙТАНАТ… (105-қисм)

0

 

 

* * *

 

Идоранинг янги раҳбари хона ашёларининг ўрнини ўзгартиради. Бу барчанинг кўз ўнгидаги зоҳирий иши. Ботиний иши эса ходимларнинг маълум қисмини ҳайдаб, улар ўрнига ўзига садоқатли одамларни тўплашдан иборат бўлади. Кесакполвон зоҳирий ишларга муҳтож эмасди, шу боис ботиний юмушларни ҳали тахтга ўтирмаёқ бошлаб юбораётган эди. Шайтанат оламининг ўзга дунёдан фарқи ҳам шунда: саройга ёлғиз эмас, ишончли аёнлар билан бирга кириб борилади. Даҳлизга тўшалмиш чиройли энсиз гиламни эмас, мурдалар кўкси босиб ўтилади. Биринчи бўлиб Чувриндининг мурдасини босиб ўтган Кесакполвон ҳушини тахт жилваси ўғирлаган эди. Бу жилва фоҳишанинг ишваси каби алдамчи экани, олам яралганидан бери тахт ҳеч кимга вафо қилмаганини фаҳм этмоққа у қодир эмасди.

У бироз ўйлангач, режаси хом туюлиб, ундан воз кечди. Ҳалимжон хоин бўлса ҳам Асадбек қўнжида тура тургани маъқул, деб фикр қилди. Ундан ташқари «қутурган ит олдидаги суякни тортиб олишга уриниш хавфли» деган тўхтам ўзига маъқул келди.

Ҳали бир ўрин совумай туриб, иккинчи тўшакни етим қолдирмоқни қасд қилган Кесакполвон бу ерга нима учун келганини ҳам унутган эди. Кўзи фотиҳага келаётганлар томонга қадалган бўлса-да, хаёли Хумкалланинг калласини олиш муаммоси билан банд эди. Бировни беаёв уриб роҳатланувчи Кесакполвон кўп йиллардан бери ўзи одам ўлдирмасди. Бу «қора иш»ни мулозимлари рисоладагидай бажарар эдилар.

Масаланинг мушкул томони шундаки, улар бегоналарнинг ёки рақибларнинг жонларини роҳатланиб суғурар эдилар. Ўз шерикларининг юрагини ҳам шундайин роҳат ила суғура оладиларми ё йўқми — Кесакполвон учун айнан шуниси қоронғу эди.

Фотиҳа ўқиб чиқаётганлар орасида Қозини кўрган Кесакполвон машинаси эшигини қия очди. Тўдадан ажраб машина сари юра бошлаган Қози қадамини илдамлатди. Эшикдан бош суқиб салом бергач, хожасининг «ўтир!» деган амрига итоат этди — чаққонлик билан машинанинг орқа томонидан айланиб ўтиб, Кесакполвоннинг ёнига ўтирди.

«Йўқол!» деб ҳайдалганидан кўнгли ғашланган, машина томон дамба-дам қараб қўяётган Хумкалла бу манзарани кўриб жойида пича қотди, киприк қоқмаган ҳолда машина томон тикилди. Безовта кўнгли уни алдамаётган эди. Чиндан ҳам бу онда унинг тақдири ҳал этилаётганди.

Кесакполвон мулозимидан ҳол-аҳвол сўраш ўрнига пиёлага коняк қуйиб узатди:

— Ма, исиниб ол.

Қози совқотмаган бўлса ҳам, хожасининг бу марҳаматидан мамнун бўлган ҳолда пиёлани бир кўтаришда бўшатди-да, лабини ялаб қўйиб, эгасига термулган ит каби қараб турди.

— Хумкаллани кўрдингми? — деб сўради Кесакполвон.

Қози бу тагдор савол замирида қандай маъно яширинганини англамай «Ҳа»деб қўйди.

— Шу бола менга ёқмаяпти, — деди Кесакполвон. — Одам десанг одамга ўхшамайди, маймун десанг маймунга ўхшамайди. Бу хумдай каллани кўтариб юраверишдан гавдаси эзилиб кетди. Гавдасига раҳм қилсакмикин?

Хожасининг мақсадини уққан Қози жавобни ҳаяллатмади:

— Савоб бўларди.

— Савобнинг додахўжаси дегин! Хумкалла акахонига жа-а садоқатли эди-а? Жа-а куйиб, эзилиб кетди-ку, бояқиш. Шу бугундан кечикмай борсин ёнига, акахони зерикиб қолмасин.

— Машина уриб кетсинми ё поезд-моезд босиб олсинми?

— Изи қолмасин. Лекин мозорга тиқма, хитлар айланиб юришибди.

— Гап йўқ, йўлини қиламан.

Қози шундай дейиши билан Кесакполвон уни ёқасидан олди:

— Иси чиқмасин, буни фақат сену мен биламан. Агар сал нари-бери бўлса орқасидан ўзинг ҳам жўнайсан, — Кесакполвон шундай деб уни бир-икки силкиди, сўнг ёқасини бўшатмаган ҳолда, аммо мулойимроқ оҳангда қўшиб қўйди: — Чойхонани ўзинг ишонган болага топшир. Энди менинг ёнимда сен юрасан.

Қози мансаб пиллапоясидан кўтарилиб, ноиблик даражасига етгани, бу мартабанинг баҳоси Хумкалланинг жони эканини англади-ю, хожасига қуллуқ қилди.

 

***

 

Бу дунёда иблис етовида юрувчи одамлар бор экан, прокуратура терговчиси ишсиз қолмайди. Бир учи Асадбекка бориб тақаладиган чигал ишларни ечиш машаққатидан расман озод этилган, аммо норасмий равишда кузатувларини давом эттираётган Зоҳид Шарипов яқин орада прокуратурадаги хонасини тарк этажагини ҳали билмас эди.

Борлиқни шом қоронғулиги ютиб, идорадаги расмий иш вақти тугаган онда Зоҳидни прокурор йўқлади. Бу ердаги иш вақтига «расмий» деб нисбат беришимиз бежиз эмас.

Чунки бу идорадаги иш ҳажмини ҳам, иш вақтини ҳам белгилаб бўлмайди. Баъзан тунлар

тонг-ларга уланишини, баъзан бир неча кунлаб уйга бориб келишга ҳам имкон бўлмаслигини ҳамма ҳам билавермайди. Идорада ишловчилар эса «иш вақти тугадими?» деб соатларига қарамайдилар.

Зоҳид бу соҳанинг машаққатларига милитсияда ишлаб юрган кезлариёқ одатланиб кетган. Шу боис бошлиқнинг кечки йўқловидан ажабланмади. Шаҳар прокурори ҳам соҳада бошланган янгиликлар, ўзгаришларнинг натижаси ўлароқ бу идорага қўйилган эди.

Озодалик билан тартибни хуш кўрувчи прокурор ҳақида Зоҳид ёмон гап эшитмаган эди.

Зоҳидни фақат бир нарса ажаблантирарди: тартибни хушловчи прокурор идорасидаги айрим ходимларнинг ғирром ўйин юритишларидан хабардормикин? Зоҳид прокурор билан асосан мажлисларда кўришарди, юзма-юз ҳолда гаплашиш шарафига ҳали муяссар бўлмаган эди.

Зоҳид хонага кирганида прокурор ниманидир ўқиб ўтирарди. У бош кўтариб «келинг, ўтиринг», деб қўйди-да, ўқишни давом эттирди. Зоҳид саломининг жавобсиз қолганидан, бундай совуқ тарздаги муомаладан бир оз оғринди. Прокурор қўлидаги «Иш»ни охиригача ўқиб тугатмагунига қадар бошини кўтармади. Ўн беш дақиқа шу зайлда, совуқ сукут ҳукмида ўтди. Прокурор сўнгги саҳифани ўқиб бўлгач, «Иш»ни ёпди-да, совуб қолган қаҳвадан бир ҳўплади. Кейин Зоҳидни ажаблантирган ҳолда ўрнидан туриб у билан кўришди.

Сўнг ҳозиргина ўқиб тугатган «Иш»ни Зоҳидга узатди:

— Бу ишни ўзимиз юритмасак бўлмайди. Милитсия аччиқ ичакдек чўзиб юборди.

Ишни чўзган улару гапни мен эшитаман. Диққат билан ўқиб чиқинг. «Иш» ниҳоятда чигал. Гумондаги икки киши саккиз ойдан бери ўтирибди. «Угро»да ишлаганингиз учун бу «Иш»ни сизга ишоняпман. Тезлатинг, аммо… шошилманг. Тушундингиз-а? Бу «Иш»га тегишли ҳамма масалани фақат мен билан бирга ечасиз.

Прокурор шундай дегач, яна ўрнидан турди-да, ҳам муваффақият тилаш, ҳам хайрлашиш мақсадида қўл узатди.

Зоҳид хонасига қайтиб, «Иш»ни варақлади. Саккиз ой муқаддам йўқолган бетон заводи директорининг мурдаси Бўзсув тўғонидан топилганини эшитган эди. Бетон заводи директори Мавлон Шокаримов вино заводи бошқони Қилич Сулаймонов каби шаҳарга донг таратган бўлмаса-да, бекорга ўлдирилмагани аниқ эди. Шокаримов бирон кишининг шахсий ғарази қурбони бўлгани ё тасодиф билан ўлганми ёки бирон тўданинг ғашига тегиб қўйганми? Тўданинг… Қайси тўданинг? Дастлабки саволлар гирдоби Зоҳидни ўзига торта бошлади. «Қотил» деб эмас, «Қотилликка даҳлдор», деб қамоққа олинганлардан бири Шокаримовнинг ҳайдовчиси Эшпўлатов, иккинчиси эса ўйнаши Зарипова эди.

Шокаримовнинг уйи шаҳардан йигирма беш чақирим нарида экан. Шаҳарнинг кунботар томонидаги янги уйда ўйнаши яшаган. Эшпўлатов хўжайинини охирги марта шу уйга олиб борган. Авваллари ярим кечагача бўлса ҳам шу ерда кутган экан. Охирги сафар Шокаримов унга «Сен кетавер, эрталаб шу ерга келасан», деган. Эшпўлатов айтилган вақтда келган, бир соат кутган. Сўнг юқорига кўтарилиб, эшик қўнғироғини босган. Зарипова эшикни дарров очмаган. «Аканг кеча келмаганлар» дегану эшикни ёпган. Эшпўлатов ичкарида бир эркакни кўрган. Ҳайрон бўлиб заводга борган. Хўжайин йўқ.

Уйга борган — хўжайин йўқ. Кечгача заводда кутган. Кейин уйига бориб хабар берган. Зарипова аввалига «ҳеч қанақа Шокаримовни танимайман», деб ўйнашидан тонган. Кейин «баъзи-баъзида келиб турардилар, аммо орамизда ҳеч гап бўлмаган, ўша куни келмаганлар», деган. Эрталаб уйида эркак борлигини ҳам рад этган. Терговчи ҳам бу далилга нечундир эътиборсиз қараган.

«Демак, машинадан тушган, йўлакка кирган, уйга эса чиқмаган. Йўлакда биров кутиб турганми, йўлакда ўлдирганми?» Зоҳид саккиз ой мобайнида ечилмаган масалага бир онда ойдинлик кирита олмас эди. Уни чулғаётган саволлар милиция ходимларини ҳам гангитган, масаланинг турли ечимларини излаб кўришган, аммо боши берк кўчада тентирашдан ўзга чорани топа олишмаган эди.

Хуфтон қоронғулиги ҳукми остидаги совуқ шамол дераза тирқишларидан беманзират кириб турган дамда Зоҳид «Иш»ни учинчи марта ўқиб ўтирган эди. Шаҳар милицияси терговчисининг айби ёки лоқайдлиги туфайли йўл қўйилган хатони аниқлай олмади. Зоҳид «Иш»ни олиб борган терговчини танир эди. Майор Солиев билан кўп йиллардан бери ҳамкорликда хизмат қилувчи бу тажрибали терговчи уддасидан чиқолмаган ишни Зоҳид эплай олармикин? Уйга қайтаётган Зоҳидни шу савол ҳам ўйлантирди. Тонгда идорасига ўтмай, ишни шу терговчи билан гаплашишдан бошлашга қарор қилди.

Шаҳар ички ишлар бошқармасида қандайдир бесаранжомлик мавжудлигини Зоҳид навбатчи хонасига кирганидаёқ сезди.

Зоҳид аввалига майор Солиевни сўради. Навбатчи қисқагина қилиб «йўқлар» деди-ю, «бошқа нарса сўраманг», дегандай юзини бурди. Зоҳидга керак бўлган майор Илёсов ҳам йўқ эди. Ичкарига ўтмоқчи бўлган Зоҳидни навбатчи тўхтатиб «ака, кирганингизнинг фойдаси йўқ, ҳозир ҳамма темир йўл бекатида», — деди.

«Нимага?» деб сўрашнинг ҳожати йўқ эди. Ҳамма бекатдами, демак, фавқулодда ходиса рўй берган. Айтиш мумкин бўлмаган сирни айтиб қўйган навбатчи энди Зоҳидга чўчинқираб қараб турарди. Унинг аҳволини сезган Зоҳид «Хавотир олма, мен ҳеч нимани эшитмадим», деди-ю, изига қайтди.

У дастлаб ишхонасига бормоқчи эди. Лекин қандайдир куч уни бекат сари ундайверди. У ғайритабиий бу кучга бўйсуниб, йўловчи машинага қўл кўтарди.

Бекатнинг асосий биноси ўраб олинган, тамошаталаб одамларнинг яқинлашишига йўл беришмаётган эди. Зоҳид биринчи ҳалқадаги соқчи йигитларга ўзини танитиб ўтди-ю, иккинчисида тўхтатилди. Гувоҳномасини кўрсатиб, «ака, катталарингиз ичкарида, сизнинг киришингизга ҳожат йўқ», деган жавобни олди. Нима қиларини билмай, атрофига аланглади-ю, ер ости йўлагига олиб тушувчи зинапоя яқинида турган майор Илёсовни кўриб, ўша томон юрди.

 

***

 

Шокаримов ўлимига доир «Иш»ни Зоҳид иккинчи марта ўқиётганида майор Солиев уйга кетишга отланаётган эди. Шоҳ бекатдан узатилган хавотирли хабар темир жавонга қўйилган қуролни қайта қўлга олишга мажбур этди. Уфадаги қамоқхонадан «Қассоб» лақабли жиноятчи қочганини улар эшитишган, аммо тез орада бу ерда пайдо бўлиб қолишини кутишмаган эди. Қамалмасидан илгари «Қассоб» қайси шаҳарларда яшаган, «ов» қилган бўлса, ўша ерларда пистирмалар қўйилиб, пойланаётган эди. Биз «жиноятчи» деб атовчи одамларнинг айримларида бўрининг сезгирлиги бўлади. Тузоқ қаерга қўйилганини олдиндан фаҳмлайди-ю, пистирмадагиларни доғда қолдиради. «Қассоб» шу тоифадан эди. Адашиб кириб қолган пашша ҳам изига йўл топа олмай қоладиган қамоқхонадан қочиб қутилишга ақли етган одамнинг пистирмалар қўйилганини англамаслиги мумкин ҳам эмасди. У ўзи бўлган шаҳарларни айланиб ўтди-ю, аср чоғида шу бекатда поезддан тушди. «Қассоб» пистирмаларни айланиб ўтди-ю, аммо тақдир ёзуғини чалкаштира олмади. Ўн етти жувоннинг гўштини еб, отувга ҳукм этилган, жазодан қутулдим, деб эркин нафас олаётган «Қассоб» суратлари бу ерларга ҳам етиб келганини фаҳмласа-да, «кўпчилик орасида биров мени танимайди», деб ўйларди. Хизматга яқиндагина кирган милиционер йигит расмини икки соатгина бурун қўлида ушлаб турганини, «ростданам ўн етти хотиннинг гўштини еганмикин?» деб ўйланганини эса билмас эди. Милиса йигит ҳам суратдаги одамхўрга икки соатдан сўнг бекатда рўпара келарман, деб ўйламаганди.

«Қассоб»нинг олазарак кўзлари дастлаб хатардан огоҳ этувчи ҳеч қандай ҳаракатни илғамади. Шундай бўлса-да, бекат биносини тарк этиб кўчага чиқишга шошилмади.

Юкхонага тушиб сумкасини қўйди. Сўнг ҳожати бўлмаса-да, чиптахонадаги турнақатор навбатда турди. Унинг фикрича, пистирма қўйилган бўлса, кўчада, одам сийракроқ ерда қўлга олишга уринишади. Одам кўп ерда отишма бўлишидан қўрқишади. «Қассоб» шу сабабли ҳам ташқарига чиқишга шошилмади. Унинг йўл қўйган хатоси ҳам айнан шунда эди: шошқич чақирувга биноан ёрдамчи кучларнинг етиб келишига ўзи шароит яратиб берди. Хатосини тушунганда эса кечиккан эди. Чиптахонадан чиқиб ўзини гавжумроқ тўдага урганда икки кураги ўртасига тўппонча тиралиб, «Қимирлама, қўлингни кўтар!» деган буйруқ янгради. У амрга итоат этди: қўлларини кўтарди-ю, бошини буриб орқасига қаради. Иккинчи қаватда туриб «Қассоб»нинг ҳаракатларини кузатаётган майор Солиев шошқалоқ йигитнинг ўзбошимчалигидан ғазабланди.

«Қассоб»нинг орқасига ўгирилиб қараши эса зулм вулқони отилажагидан уни огоҳ этди. У беихтиёр равишда тўппончасини яланғочлаб югурди. «Қассоб»ни ўзим кўрдим, ўзим ушлайман», деган нияти амалга ошай деб турган йигит юқорига кўтарилган қўллардан бирининг қандай қилиб айлаганича гарданига урилганини сезмай ҳам қолди.

Тўппонча ушлашга кўникмаган титроқ бармоқлари тепкини босишга ҳам улгурмади.

«Қассоб» эса тўппончани унинг қўлидан тортиб олишга ҳам, тепкини босишга ҳам улгурди. Шу оннинг ўзида қочмоққа шайланган болалик аёлнинг сочларига чанг солиб тўхтатди-да, тўппончани чаккасига тираб:

— Қайт, қайтларинг! Бир қадам боссаларинг отаман! — деб таҳдид қилди.

Ҳам қўрқув, ҳам сочлари қаттиқ тортилганидан уйғонган оғриқ сабаб бўлиб, аёл бағрига босган боласини тушириб юборди. Бир ёшдан эндигина ошган гўдак оқ мармар устига тушиб чириллаб йиғлади. Пешонасида қон кўринди. Аёл талвасага тушиб типирчилай бошлаганида «Қассоб» унинг бошига тўппонча дастаси билан қаттиқ урди-да, иккинчи қўлини унинг бўйнидан айлантириб бўғиб олди. Аёлнинг хушсиз гавдаси осилиб қолди. Талвасага тушган одамлар ўзларини турли томонга уриб паноҳ изладилар. Шу топда ҳамманинг жони ўзига ширин эди. «Бировни туртиб юборарман, биров йиқилиб майиб бўлар», деган ўй ҳеч кимнинг хаёлига келмас эди. Пешонасидан қон оқаётган гўдакнинг чириллаши ҳам бировнинг қулоғига кирмасди.

Ҳамма ўлимдан қочарди. Бугун бўлмаса қачондир ўлим шаробини тотишларини билсалар ҳам қочардилар.

Бу онда «Қассоб»га бошқаларга нисбатан Солиев яқин келиб қолган эди.

— Аёлни қўйиб юбор! — деб бақирди у тўппонча ўқталганича.

— Қайт! Тўппончани ташла, бўлмаса отаман! — деб бақирди «Қассоб».

Майор Солиев бир нафас иккиланди, сўнг юмшоқроқ тарзда гапирди:

— Яхши, ташлайман, аёлни қўйиб юбор. Болага қарасанг-чи!

— Боласига ўзинг қарайвер. Қуролингни ташламасанг иккаласи ҳам ўлади.

— Яхши, — Солиев шундай деб тўппончасини қўлтиғи остидаги ғилофга солмоқчи бўлди.

— Ерга қўй, — деб буюрди Тўнғиз. — Шерикла-рингга айт, тўппончаларини жойига солиб, четга чиқишсин. Билиб қўйларинг, сенларнинг ўқинг жонимни олгунича тепкини босишга улгураман.

Солиев тўппончани ерга қўйди-да, атрофга қараб олди. Бу қарашдаги маънони англаган йигитлар тўппончаларини ғилофга солдилар.

— Агар бу товуққа раҳминг келаётган бўлса, майли уни қўйиб юбораман, аммо ўрнига ўзинг келасан. Розимисан?

— Йўқ, борманг, — деди йигитлардан бири.

Солиев бир қўлини кўтариб «жим» деган ишора қилди.

— Фойдаси йўқ бу қилган ишингнинг. Ҳамма ёқ ўраб олинган. Барибир қочолмайсан.

— Сен менга ақл ўргатма. Бешгача санайман. Менга барибир, мен ўлимга ҳукм қилинган одамман. Бир… икки…

«Қассоб» қуруқ таҳдид қилмаётган эди. Ўлимидан олдин ҳам икки жонни баҳридан ўта олишга қодир эди. Солиев қонга беланиб ётган милиционер йигитга қараб олди, назарида у ҳали тирик эди. Пешонасидан қон оқаётган гўдак ҳам нажот тилаганича унга қараб йиғлаётгандай бўлди. «Қассоб» эса санарди: тўрт… Яна бир сониядан сўнг бу боши бузуқнинг тепкини босиб юборишидан ҳеч нима қайтаролмаслиги мумкин.

— Розиман, қўйиб юбор уни, — деди Солиев олдингга бир қадам босиб.

— Тўхта, сен аввал иккита кишан ол, — деб буюрди «Қассоб».

— Иккита кишанни нима қиласан?

— Ишинг бўлмасин, айтганимни қил!

Солиев чўнтагидан бир кишан чиқариб, орқасига қаради. Йигитлардан бири унга иккинчи кишанни узатгач, «Қассоб» томон юрди. Тўрт қадам қолганда «Қассоб»:

— Тўхта! — деб буюрди. — Қўлларингни кишанла!

Буйруқ адо этилгач, Солиев яна икки қадам босди.

— Энди ўнг билагингга кишаннинг бир ҳалқасини сол, — деб буюрди «Қассоб». Бу буйруқ ҳам сўзсиз бажарилди.

— Орқангга ўгирилиб, икки қадам тисарил.

Солиевга «Қассоб»нинг мақсади аён бўлган эди. Унинг хаёли ҳозир «Қассоб»ни ушлашда эмас, азобланаётган гўдакнинг ҳушсиз онаси билан қонга беланган йигитни қутқаришда эди. Шу боис буйруқларга сўзсиз итоат этаётган эди. Унинг мақсадини англамаётган йигитлар эса отишга шай туришарди. Солиев орқасига ўгирилган дамда уларга бир қараб олиб «зинҳор ота кўрманглар» деб нигоҳи билан ишора қилди.

— Тўхта! — Солиевнинг гарданига «Қассоб»нинг сассиқ нафаси урилди.

Уч сониянинг ўзида кишаннинг бир ҳалқаси «Қассоб»нинг чап билагига илинди, аёл қўйиб юборилди. Шунда Солиев чаккасига тўппонча тиралишини кутган эди. Аммо кутгани содир бўлмади. Шу нуқтага тикилиб турган ўнлаб кўзлар учун ҳеч бир кутилмаганда тўппонча қўйин чўнтакка солинди, ўрнига эса панжалари «лимончик» деб эркалаб аталувчи, ўсмирнинг муштумидек келадиган бужир бомбани олди. «Қассоб» бомбани эҳтиёт ҳалқачасини тишлари билан узиб ташлади-да, уни Солиевнинг кўкрагига босди.

(давоми бор)

Тоҳир МАЛИК