Туркманистон аскарлари душ қабул қилишдан маҳрум этилди… Нега?

0

 

Туркманистон пойтахти Ашхобод марказида жойлашган ҳарбий қисмда аскарларга душ қабул қилиш тақиқлаб қўйилди. Нега? Сабаб шуки, мамлакат мудофаа вазирлиги блокида ҳарбий қисм казармаси жойлашган. Казарма яна мудофаа институти, академия қуршовида қолган. Капитан Ш. казарманинг учинчи қаватидаги душхоналарни қулфлаб ташлаган. Ваҳоланки, бу қаватда ҳар бири 24 аскар учун мўлжалланган 5 та ётоқхона бор. Демак, ҳаммаси бўлиб 120 нафар аскар шу ётоқхоналарда дам олади. Аскарлар душхона ёпиқлигидан ҳожатхонада ювинишга мажбур бўлишмоқда. Ҳаво ҳаддан ташқари иссиқлиги туфайли аскарлардан қўланса ҳид тараладиган бўлган. Улар гигиенани бузмаслик мақсадида душхона қидириб топа олмагач, ҳожатхонага киришга мажбур бўлишмоқда. Ачинарлиси, аскарларнинг ҳеч бири командирларга қарши сўз айта олмайди, талаб қила билмайди. Капитан Ш. ва у каби масъулиятни унутган, лоқайд командирлар жазосиз қолиб кетмоқда.

Бу ҳам ҳаммаси эмас. Исм-фамилиялари сир тутилган аскарларнинг айтишича, Туркманистондаги ҳарбий қисмларда порахўрлик, аскарларга босим ўтказиш ҳолатлари кўпайиб кетган. Вилоятларда хизмат қилаётган аскарларнинг аҳволи янада аянчли тус олган.

— Мен оддий бир ҳолатни айтаман, — деди аскарлардан бири. — Аскар қоидани бузса ёки бирор номақбул ҳаракат содир этса, «ГУБА» (аскарлар учун вақтинчалик қамоқхона) га ташланади. У ерда аскарни эрталабдан кечгача қийнашади. Чўнқайиб ўтирган ҳолда юришга мажбур этишади. Агар бош тортсанг, бошингни унитазга тиқишади. Бизда М. А. деган подполковник бўларди. Кийиминг дазмолланмаганми, «ГУБА», низомга риоя қилмай юрибсанми, «ГУБА», соч-соқолинг сал ўсибдими, яна «ГУБА»… Офицерлар эса бундан унумли фойдаланишарди. Сени «ГУБА»га ташлаш биалн қўрқитиб, 200 манатдан пулингни шилволишарди.

Туркманистон армиясидаги яна бир аянчли ҳолат аскарларнинг паст савияда ҳарбий тайёргарликка эгалигидир. Озиқ-овқат билан таъминлаш масаласида муаммолар бисёр. Аскарлар йил давомида қишлоқ хўжалик ишларига жалб этилади. Айниқса, пахтани аскарларсиз териб ола билишмайди.