Бўйдоқлик жонга тегди (интервью)

1

Бугун сизнинг эътиборингизга, халқимиз, айниқса Азиза номли қизларимиз хуш кўрувчи санъат шайдоси, ҳали-ҳамон «Севгилимни қайдан излай?» – дея сарсон-саргардонликда ёрининг йўлларига кўз тикаётган хонандамиз Воҳиджон Исоқов билан эксклюзив суҳбат!

Биз Воҳиджон Исоқов ҳаётида содир бўлган кўнгилсиз воқеадан сўнг саломатликларини билиш мақсадида савол ила юзландик. Саломатлигингиз қандай?
-Худога шукур, ҳаммаси зўр!
–Халқимиз учун аталган режаларингиз қандай?
-Халқим учун, янги қўшиқлар ва клиплар тақдим қилмоқчиман. Мана, тез кунда «Ота» номли янги клип олмоқдамиз.
-Айтингчи, санъаткорлар учун танаффус фасли борми?

-(Бироз ўйланиб) Менимча, санъаткорларнинг ижод қилиши учун ҳамма фасллар керак. Қувончларга лиммо-лим баҳор, армон бўлган муҳаббат фасли – куз. Лекин танаффус фасли бўлмаслиги керак.
-Барча мухлисларни қизиқтирувчи битта савол: Севинч Мўминова ва Воҳиджон Исоқов турмуш қуришган, деган гаплар юрибди халқ орасида. Улар билан орангизда нима бор, меҳрми ёки муҳаббат?

-(Кулиб) Фақат «Дук-Дук» номли дуэт бор. Севинч опа мендан анча катта. Уларнинг битта ширингина қизлари бор. Мен эса севганимни тушларимда кўриб юрибман ҳануз. Халқимиз ажойиб-да, пашшадан фил ясайдиганлар ҳам бор!

-Деярли кўпчилик ижод маҳсулларингиз сокин. Дилларга қандайдир сокинлик бағишлайди. Воҳиджон Исоқов илҳомни қайдан олади?
-Кўпинча ҳаётдан оламан. Уйда ёки офисда ёлғиз қолсам, қандайдир маҳзун тароналар устида ишлайман. Масалан, «Нималар бўлмайди йигитчиликда» қўшиғим ҳам шундай яралган. Сокин мусиқалар инсон қалбини қитиқлайди.
-Ажойиб, демак ҳаётда ўта хушчақчақ инсон қиёфасида кўринган Воҳиджон Исоқов, аслида жиддий, теран нигоҳ соҳиби эканда?
-Шундай
-Санъат боғидан санъаткорларимиз гул теришяптими ёки пул?
-(Самимий кулиб) Униси ҳам, буниси ҳам. Беш қўл баробар эмас.

-Қўшиқ айтиб тўймайдиган мавзуингиз?
-Севги ҳақида. Сабаби, ёшман, бунинг устига бўйдоқ. Лекин ота-она ва ватан ҳақида ҳам куйлаш орзуим.
-Санъатнинг тили бўлмайди, дейишади. Зеро, ҳар бир юрак уни ўзи таржима қилиб олади, ҳаёлида. Биласизми, яқинда битта ёш талаба қизнинг телефони жиринглаб қолди. У «гудок» ўрнига Ўзбекистон халқ артисти, марҳум Оҳунжон Мадалиев ижросидаги қўшиқ эди. Атрофда кетиб бораётган айрим ёшлар у қизнинг устидан кулишарди. Бу ҳолатга нима дея оласиз?
-Уларни халқимизнинг жуда кўплаб санъатсевар инсонлари хуш кўради, шу қатори мен ҳам. Уларнинг ширали овозлари, бир-биридан мазмунли қўшиқларини эшитиб юраман. Сизнинг сўзларингизни эшитиб, тўғриси ўша қизга нисбатан ҳурматим ошди. Сабаби, у салмоғи оғир қўшиқларни ёқтирар экан, аммо афсуски айрим ёшларимизнинг қулоқлари енгил-елпи қўшиқларга ўрганиб қолган. Начора…

-«Келмайсан», -дея дард чекиб кутган ёрингиз ваниҳоят келдими ёки?

-Ҳали тополганим йўқ. «Севгилимни қайдан излай», дея ҳамон излаб юрибман. Топсам бу йил уйланаман. Жонга тегиб кетди бўйдоқлик!
-«Азиза» номли таронангиз Азиза исмли қизлар кўнглига хуш ёққан бўлса айримларнинг танқидларига ҳам учраб улгурди. Бунинг сабаби нимада, мусиқами ёки қўшиқ матни?
-У қўшиғимизнинг менга мусиқаси ёқиб қолган. Қандайдир кайфият улашувчи. Ҳақиқат, танқидларга ҳам сабаб бўлди. Энди ҳаммага бирдай ёқиш жуда мураккаб.
-Самимий суҳбатингиз учун, кетган вақтингиз, сарфлаган «энергиянгиз» учун сизга катта ташаккур! Сиз билан яқин кунларда «Севгилимни излаб топдим» номли гўзал таронангиз яралганда яна суҳбатлашишни интизорлик билан кутиб қоламиз!
-Сизга ҳам раҳмат! Мени саволлар ёмғири билан сийлаганингиз учун. Муҳлисларимиз бахтимизга саломат бўлишсин.

Зуҳра ФАЙЗУЛЛАЕВА

1 ТА ФИКР

  1. Мен Охунжон Мадалиевни кушикларини мухлисиман демайман. Лекин эшитаман. Хозирги ашулачилардан Минг бор зор. Лекин у «,халк артисти» унвони олмаган. Менимча бу Зухра Файзуллаеванинг ута зор билимга эга эканликларидан далолат болса керак.

Comments are closed.