Ҳаво ҳарорати +45 даража. Жиззахдаги давлат ташкилотлари ходимлари мажбуран кўча тозалашга жалб этилди…

0

 

Бу воқеа 2019 йил 17 июл куни Жиззах вилояти Зомин туманида кузатилган. Маҳаллий поликлиникалар, қишлоқ врачлик пунктлари санитарка, техник ходим ва ходималари «Даштабод-Зомин» автомобил йўли четларини тозалашга чиқишди. Туман ҳокимияти вакилларидан бирининг гапига қараганда, уларнинг барчаси мажбурий тарзда ушбу ҳашарга олиб чиқилган.

— Сояда 45 даража иссиқ, қуёш остида эса 55-60 даража, — дейди санитаркалардан бири. — Асфальтдан иссиқ чиқиб юзга урилади. Агар кўча тозалашга чиқишдан бош тортсак, бизни ишдан бўшатиб юборишади…

Тумандаги шифохоналардан бирининг ходими ҳам дардини тўкиб солди.

— Бу ҳокимнинг буйруғи. Буйруқни бажаришдан ҳеч ким бўйин товлай олмайди…

Бироқ Зомин туман ҳокимлиги вакилларидан бири давлат тиббий ташкилотлари ходимлари ўз хоҳишларига кўра ҳашарга чиқишганини ҳам қистириб ўтди.

— Биз кўплашиб кўча юзини тозалаб қўймоқдамиз, — деди у. — Тозалик яхши-да!..

Эслатиб ўтамиз, Халқаро ташкилотлар кўп маротаба расмий Тошкентни давлат ташкилотлари ходимлари мажбурий меҳнатга жалб этилаётгани сабабли танқид остига олган. Аммо яқин ўтмишга назар солсак, илгари ҳам бундай ҳолатлар кўп кузатилган. Масалан, ҳар йили таълим тизими ходимларини пахта терими, таъмир ишларига мажбуран жалб этиб келишган. Шу «анъана» давом этяпти холос.

ca-news.org

 

 

 

loading...