Тожикистонда зўравон милиционерлар суд қора курсисига ўтқазилади…

0

 

Тожикистон бош прокуратураси яқинда тўрт нафар милиция ходимини қўлга олинганларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлганликда, хизмат вазифасини суистеъмол қилганликда, қўлга олинганларни қонунга зид тарзда қийноқларга солганликда айблаб, жиноий иш қўзғатганди. Мана, тергов жараёни ниҳоясига етиб, иш Душанбе судига оширилди.

Тергов материалларида таъкидланадики, милиция подполковниги Фарҳод Нурхонов, унинг қўл остида ишловчи Аваз Сабзаев, Икромиддин Ахлиддин ва ҳозирча исми-шарифи маълум қилинмаган терговчи Тожикистон жиноят мажмуасининг иккита моддаси билан айбдор деб топилган.

Мисол учун, Ҳамза Солиҳов исмли эркак милиция ходимлари тарафидан қўлга олинган. Уни наркотиклар контрабандасида айблашган. Бўйнига олмагач, шафқатсизларча калтаклашган. Бу ҳам иш бермагач, ток ёрдамида қийнай бошлашган.

— Мени Душанбе шаҳар ички ишлар бошқармаси биносининг биринчи қаватига олиб киришди, — дейди Ҳамза. — Мақсадлари тайин. Мен наркотик контрабандаси билан шуғулланганимни бўйнимга олишим керак. Подполковник ва қўл остидаги милиционерлар қийноққа сола бошлашди. Охири иш электр токигача етди. Улар ток ёрдамида қийноққа сола бошлашганда, гўё кўзларимдан ўт чақнаб кетди. Ўлиб қолсам керак деб ўйладим. Бақирдим, дод солдим. Афсуски, менинг ҳайқириқларимни ҳеч ким эшитмасди. Сабаби, оғзимни скотчлаб ташлашганди…

Ачинарлиси шуки, Ҳамза ана шундай қийноқлардан сўнг ортиқ чидолмай, содир этмаган жиноятини бўйнига олиб, баённомага имзо қўйган. Экспертиза милиция ходимлари ҳақиқатан Ҳамза Солиҳовни қийноққа солганини амалда исботлаб берди.

Подполковник Фарҳод Нурхонов ўзи ва қўл остидаги икки милиционер, бир нафар терговчига нисбатан жиноий иш қўзғатилгач, жуфтакни ростлаб қолганди. Бироқ узоққа бора олмади. Уни шу йил 16 феврал куни Душанбе шаҳри яқинида қўлга олишди.

Худо насиб этса, суд тўрт нафар зўравонга нисбатан адолатли ҳукм чиқаради.