Ўзбекистон автомобиль саноатида жиддий ислоҳотлар бошланиши кутилмоқда!

0

18 июль куни Шавкат Мирзиёев автомобиль саноатини жадал ислоҳ қилиш ҳақида қарор имзолади. Бу қарор Ўзбекистонда автомобиль ишлаб чиқаришга бўлган ёндашувни тубдан ўзгартириши кўзда тутилган.

Енгил машиналар ишлаб чиқариш бўйича UzAuto (собиқ GM Uzbekistan) яккаҳокимлиги ўзгармайди, аммо чиқарилаётган автомобиллар сифати ва нархи бўйича қатор ўзгаришлар бўлиб ўтади. Биринчидан, АҚШдаги GM бош офиси билан ҳамкорликда ягона платформадаги автомобиллар чиқариш йўлга қўйилади. Бугунги кунда истеъмолчиларга 5та модель етказиб берилаётган бўлса, ҳаммасининг платформаси турли хил. Платформанинг бир хил қилиниши машиналарнинг нархини 20-25 фоизга туширади.

Имзоланган қарорнинг яна бир муҳим жиҳати – июнда анонс қилинган trade-in дастурининг 1 октябрдан ишга тушишидир. Содда қилиб айтганда, бу дастурга кўра сиз маҳаллий ишлаб чиқарувчидан сотиб олган эски автомобилингизни салонга топшириб, фарқини тўлаган ҳолда янгисини хайдаб чиқиб кетишингиз мумкин. Чет эл мамлакатларида анчадан бери қўлланилаётган бу амалиёт ва ниҳоят Ўзбекистонга кириб келаётгани қувончли ҳолат. Иккиламчи бозордан машина сотиб олаётган аксарият истеъмолчи унинг яхши-ёмонлиги, камчилиги ҳақида хабари бўлмайди. Автосалонларда сотилажак хайдалган автомобилларнинг техник ҳолати ҳақида ҳаққоний маълумот берилиши кафолатланади.

Хўш, нима бўлганда ҳам ҳечдан кўра кеч яхши.

Хушнудбек Худойбердиев