Вазият оғирлашяпти. Эрон йирик танкерни қўлга олди

0

Эроннинг Ислом инқилоби посбонлари корпуси Форс кўрфазида хорижий танкер ва унинг 12 кишилик экипажи қўлга олинганини маълум қилди. Расмий Теҳрон танкерда миллион литр контрабанда ёқилғи олиб кетилаётганини иддао қиляпти.

Эрон давлат телевидениесининг маълум қилишича, танкер 14 июль, якшанба куни ушланган. Кема қандай байроқ остида ҳаркатлангани, кимга тегишли бўлгани номаълум.

Икки миллион тонна юк ортишга мўлжалланган танкер ярим тўла юк билан Ларак ороли яқинида қўлга олинган. Танкер ёқилғини бошқа кемага ўтказиш вақтида ушланган. Ҳозирда мазкур иш юзасидан юридик жараёнлар олиб бориляпти.

Буюк Британия ҳукумати ҳодиса юзасидан қўшимча маълумот олишни кутаётганлиги ва Эрон минтақадаги кескинликни камайтириши кераклигини таъкидлаяпти.

Ўтган ҳафтада Эрон кемалари Форс кўрфазида британ нефть танкерини қўлга олишга уринганди. Бу воқеа Гибралтар бўғозида британ денгизчилари Эрон нефти юкланган танкерни ушлаганидан бир ҳафта ўтиб юз берди.

Эрон томони ўз кемасининг қўлга олинишини қароқчиликнинг бир шакли сифатида баҳолади.

Маълумот учун, Форс кўрфазидаги вазият АҚШ Эрон ядро дастуридан чиққанидан кейин ёмонлашди. АҚШ дастурдан чиқиб, Эронга нисбатан санкцияларни тиклади. Шунингдек, Эрон нефтининг Хитой, Ҳиндистон, Жанубий Корея, Япония ва Туркияга экспортини тақиқлади.

Дональд Трамп маъмурияти Эрон билан янги икки томонлама шартнома тузмоқчи. Унда Америка Эроннинг фақатгина ядро билан боғлиқ фаолиятдан эмас, ракета дастури ва хориждаги ҳарбий ҳаракатлардан ҳам воз кечишига эришмоқчи.

qalampir.uz