Ҳикоя: Игна учидаги бахт

0

— Ассалому алайкум,  газета ходимлари. Аслида, оиласи, қайнона-қайнотаси ҳақида гапирган бирорта келинни кўрсам, тўғриси, жаҳлим чиқарди. Оилавий сирини ошкор қилаётгандек эди гўё. Аммо шундай вақт бўларканки,     ичингда нимадир «портлаб» кетаркан. Нима бўлса ҳам мактубимни эътиборсиз қолдирманг. Сабаби, мен каби қийналаётган келинлар кўпдир. Дардимга шерик бўладиган саховатпешалар топилар…

Турмуш қурганимизга уч йилдан ошди. Ҳозир ҳам тирноққа зормиз. Турмуш ўртоғим билан пойтахтда, талабалик йиллари танишганмиз. Иккимиз ҳам бир университетнинг бошқа-бошқа факультетларини тугатганмиз. Ўқишимизнинг охирги йили   бошқа талабалар турар жойида таъмирлаш ишлари бошлангани учун икки факультет талабаларини бир ётоқхонага жойлаштиришди. Биринчи, иккинчи қаватда фақат қизлар яшарди, юқори қаватларда эса йигитлар.  Турмуш ўртоғим билан шу ерда танишганман. Билишимча, у мени бир неча ой кузатиб юрган экан. Бир куни:

— Кечирасиз, инглиз тилини яхши билар экансиз. Бирга дарс қилсак бўладими? — деб сўради.

Ўша йили мен IELTSдан юқори балл олгандим. Йўқ деёлмадим. Бир неча бор ётоқхона кутубхонасида бирга дарс қилдик. У инглиз тилида равон гапирарди. Менга эса у билан бирга дарс тайёрлаш, инглиз адабиёти ҳақида суҳбатлашиш, орзуларимни бўлишиш ёқарди.

— Нуржаҳон, Қорақалпоғистондан Сурхондарёга келин бўлармидингиз? — дея сўради Жасур дабдурустдан.

— Йўқ, миллатим қозоқ. Бизнинг урф-одатимиз, анъанамиз бошқача. Яна қанча масофа бор, — дедим ҳеч иккиланмай. — Яна рақамимни бирорта дўстларингизга бериб юрманг. Қозоқ қизлар бошқача бўлади. Жаҳлим чиқса, кўрасиз.

Жасур ака бу саволида айнан ўзини қиёс қилганини сезмагандим. Хонадошларим «Жасур келиб сени сўради», «Жасур гул олиб келди» ёки «Жасурга ширинлик тайинлаганмидинг, бериб кетди», дейишса ҳам тушунмабман. Ўқишни тугатар вақтимиз Жасур менга совчи юбормоқчи эканини айтди. Рад жавобини бердим. Чунки ота-онам мени Сурхон воҳасига узатмаслиги аниқ эди. Аммо ҳар куни йўлимни кутадиган Жасур бу гапларни ота-онасига айтганини, улар рози бўлишганини айтди. Бир тарафдан Жасурнинг тўпори феъли, кескир гапириши, кези келса ортиғи билан меҳрибонлик қилиши мени ҳам ўзига асир айлаганди.

Шундай қилиб ўша йилнинг кузида тўйимиз бўлди. Аввалига янги келинни «кўрди-кўрди»га келган меҳмонлар менга таажжуб билан қарар, мени гапиришдан тўхтамасди. Бир куни турмуш ўртоғимнинг холаси меҳмонга келди. Келин салом қиларканман бошдан-оёқ мендан кўз узмади. Кейин эса мен билан совуққина сўрашди. Чой олиб кирсам қайнонамга:

— Жасуринг қанча қизнинг бирини ўпоқ деди, бирини сўпоқ. Мана, қаёқдаги битта андини олиб келиб ўтирибсан. Сенинг қозон-ўчоғингни эплоладими бу?! Анча танноз кўринади. Бошидан ипини маҳкам ушла. Бўлмаса бошқаролмай қоласан, — деб ақл ўргатаётган экан.

Аслида, қайнонам ҳам юмшоққина аёл эмасди. Ҳар доим ёлғиз қолишдан қўрқардим. Агар иккимиз қолсак, ўғлини мақтар, «Қорагина ўғлимга тегаман дегани кўп эди. Қаёқданам сизни танлади?.. Бизни қанча пулга туширди», деб кўп бора нолирди. Шунда ҳам бу гапларни бирор марта турмуш ўртоғимга ёки яқинларимга айтмадим. Сабаби, телефонда ҳам уйимдагилар билан гаплашолмасдим. Чунки телефон ишлатишни ман қилишганди. Ота-онам тортиниб қайнонамга қўнғироқ қилар, ёнларида салом-аликдан нарига ўтмасдим. Аммо турмуш ўртоғимнинг меҳри, садоқати мени оиласидагиларни ҳам ҳурмат қилишга чорларди.

Қайнотам жуда яхши одам эди. Ҳар доим қайнонамга «Келинни кўп қийнама, бошқа муҳитда ўсган. Мослашгунча ўргатгин», — дерди. Қайнонам бўлса «Фақат китоб ўқийвермасдан, рўзғорни ҳам ўргансин эди-да. Олий маълумотли бўлса ҳам овқат қилишни эплолмайди», дерди. Аммо ўз удумимиздаги бешбармоқ, чалопни яхши қилардим. Уларнинг рўзғорига мослашгунча қўлларимнинг кесилишию куйиши ҳам тўхтамади. Ўшанда билгандим турмуш ўртоғим менга уйланиши учун оиласидагиларни кўндириш осон бўлмаганини…

— Нуржаҳон?

Эрталабдан турмуш ўртоғимнинг жаҳл билан чақиришидан бирдан сесканиб кетдим. Ўша пайтда қайнотам санаторийга кетганди. Кундузи қайнонам иккимиз ёлғиз қолардик. Ошхонада сут пишираётгандим, тошиб кетмасин деб «Ҳозир» дедим-у, сутни шопириш билан овора бўлдим. Аммо бехосдан қайнонамнинг гапи кўнглимга оғир тегди.

— Ана, кўрдингми? Ўн беш кунлик бўлса ҳам айтганингни қилмайди. Эри чақирганидан кейин чопиб чиқмайдими? — деди.

Баттар олов олган турмуш ўртоғим овозини янада баландлатиб:

— Нуржаҳо-о-он? — дея бақирди.

Қўлимдаги чўмични қўйишга ҳам улгурмай чопиб чиқдим.

— Нега онамга овқат бермадингиз, кеча туз тотмабди. Тинчликми? Ёки рўзғорнинг таги кўриниб қолдими? Бирор нима етмаса айтинг, ишдан келишда олиб келаман, — дея босиқлик билан тушунтиришга ҳаракат қилди эрим.

Довдираб қолганимдан кеча тушликда нима овқат еганимиз эсимга ҳам келмай «Хўп» деганча туравердим. Балки, қайнонамнинг ҳам нима овқат егани эсидан чиққандир, деб ўйладим. Шундай қилиб ҳаётимиз давом этаверди.

Мен оилада ёлғиз келин бўлганим учун ишга чиқмадим. Жасурнинг иккита укаси ҳам шаҳарда ўқирди. Орадан олти ой ўтдики, менда ҳомиладорлик аломати сезилмасди. Эшитишимча, қўшниларимиз ҳам чиқиб, қайнонамга «Ҳозир боласи йўқ вақти ҳайдаб юборинг-да. Кейин бирортаси етаклаб кетса, Жасур бутун умр алимент тўлаб юрадими?» деб айтишар экан. Турмуш ўртоғим эса «Худо насиб қилган куни, албатта, фарзандимиз бўлади. Бунинг учун сиқилма», дерди. Биз ёлғиз Худодан умид қилардик. Чунки қайнонам бирор марта шифокорга учрашимизга рухсат бермасди. Бир йил, икки йил ўтса ҳам Тангрим бизга фарзанд бермади. Бир куни ота-онам меҳмонга келишди. Қайнонам ҳеч иккиланмай:

— Мана, қизингиз икки йилдан буён фарзандли бўлмайди. Менинг ҳам набира суйгим келади. Мен ҳам буви бўлсам, дейман. Яхшиси, вақтида олиб кетинглар, — деди.

Ота-онам турмуш ўртоғимни қаттиқ ҳурмат қилишарди. Сабаби, тўйимиздан олдин дадам билан ўзлари кўп гаплашарди. Унинг одоби, меҳнатсеварлиги ота-онамни ҳамиша қувонтирарди. Қайнонамнинг гапларини қандай ҳолатда эшитди, билмадим.

— Қудажон, балки шифокорга кўрсатиб, даволатармиз. Боланинг, давлатнинг кечи йўқ дейишади, — деди онам қимтинибгина.

— Қизингизни дўхтирма-дўхтир етаклаб юришга вақтим ҳам, пулим ҳам йўқ. Худога шукр, ўғлим соппа-соғ. Шу пайтгача бирор марта укол ҳам олмаган. Ҳамма айб қизингизда бўлса керак. Сизга керак бўлса, даволатиб олинг, — деди қайнонам.

Шундай қилиб, турмуш ўртоғим ишдан келишига ҳам қарамай дадам мени Қорақалпоғистонга олиб келди. Шифокорга учрашдик. Аммо менда шамоллаш ҳам, юқумли касаллик ҳам топилмади. Турмуш ўртоғимга қўнғироқ қилиб ҳаммасини батафсил тушунтирдим. Дадам ҳам, «Жасурбек, ўғил бола оила устуни. Кўнглингизни чўктирманг. Ота-она ҳамиша ҳақ. Майли, қизимни даволатаман. Кейин олиб кетаверасиз. Фақат Нуржаҳонни ёлғизлатиб қўйманг», деди.

Бу вақтда фарзандли бўлишимизни ич-ичидан истаган турмуш ўртоғим ҳам шифокорга учрашибди. Қарангки, улардан ҳам бирорта айб топилмабди. Бир куни турмуш ўртоғимнинг ишхонасидагилари агар фарзанд кутаётган бўлсангиз, яшаш манзилингизни алмаштириб кўринг, дейишибди. Уларнинг гапидан умид қилиб, мени Термизга олиб келди. Алоҳида квартира олиб яшай бошладик. Иккимизни ҳам умид боғлаб турарди. У жудаям меҳрибон ва покдил инсон эканини, қозоқ қизи бўлиб, шундай инсонни танлаганимдан фахрланардим. Аммо қайнонамнинг ҳар куни ўғлига қўнғироқ қилиб, «Яна ўша шайтонингни олиб келдингми, у сени иссиқ-совуқ қилиб олган. Бўлмаса, Тошкентда шунча қиз бўла туриб, шуни танлармидинг?» дея гапириб қўймасди. Яна ичимизга ғулғула тушарди. Шунда ҳам келин бўлиб уларнинг хизматини қилолмаётганимдан афсусланардим.

Мана, алоҳида яшаётганимизга беш ойдан ошди. Аммо бу вақтда қайнонам қариндошлари билан уч-тўрт марта келиб «Ўғлимни тинч қўй», деб жанжал ҳам қилиб кетди. Бошимни қаерга уришни билмайман. Турмуш ўртоғим қанчалик мени яхши кўрмасин, барибир, онасининг айтгани бўлади. Ҳеч бир она боласига ёмонлик тиламас, лекин нега бизнинг ажрашишимизни кутаётганини билмайман. Шунда ҳам турмуш ўртоғимга ҳаммасини тушунтиришга ҳаракат қилиб кўрдим.

— Жасур ака, уйдагиларнинг айтганини қилганимиз яхшидир. Балки, ажримга ариза берармиз… — дейишимни биламан, турмуш ўртоғим тутоқиб кетди:

— Мен ажрашиш учун уйланганим йўқ! Истасангиз, кетаверинг! Агар фарзандимиз бўлмаётганини рўкач қилмоқчи бўлсангиз, мен Худо эмасман! Сабр қилсангиз, сизни ёлғиз қолдирмайман!

Шу гаплари яна ичимда сўниб бораётган умидни қайта жонлантирди. Лекин қайнонамнинг ишларини тушунмаяпман. Худдики ҳаётим игна учида тургандек туюлади. Нима қилишни билмаяпман. Азизлар, маслаҳат беринг, қандай йўл тутай, нима қилай?

Нуржаҳоннинг сўзларини КУМУШ оққа кўчирди.

loading...