ШАЙТАНАТ… (112-қисм)

0

 

 

* * *

 

Кўзлар очиқ, аммо оёқлар остидаги вайл чўғларини кўрмайди.

Бунинг ўрнига энг яқин аъёни бўлиб келган хиёнатчи қанотнинг хиёнатларини ўйлайди.

Ўйлай-ўйлай хиёнат кўчасига бурилиш нуқтасини ўзича топгандай бўлади ҳам.

Зайнабнинг ўғирланишини ундан гумон қилмайди. Аммо тўйдан сўнг Элчиннинг кўчасига йигитларни қўйганида «Кимдан қўрқасан, — Асадбек чумчуқ пирр этса, юраги ширр этадиган бўлиб қолибди, деган иснодга қолмоқчимисан?» деб қайтарди.

Асадбек «Тўғри, энди кимдан чўчийман?» — деб унинг гапига кириб аҳмоқлик қилди.

Кейин Бўтқани масъул қилиб кўчага пойлоқчи қўйди, аммо бу тадбири уй ёниб бўлганидан сўнг сув сепиш каби бир чора эди.

Асадбек ўша нуқтадан то ўғилларининг бугунги қисматига қадар бўлган гап-сўзлар, воқеаларни хаёл чиғириғидан бир-бир, қайта-қайта ўтказиб кўрди.

Бир жанг аввалида мунажжим соҳибқирони акбарга «юлдузлар бу кунингизни шарафлашмаяпти», деганида у зот «Биз ўз ғалабамиз билан бу кунни шарафлагимиздур», деган эканлар. Агар мунажжим пайдо бўлиб Асадбекка шу мазмунда бир гап айтса, у шарафли кунга ишонч билан қадам қўя олармиди?

Ҳолбуки…

Тун хунук фожиага ҳомиладор бўлиб, кун уни туғишга тадорик кўрарди.

Учоқ ерга қўнганида қуёш бош кўтараётган эди. Ёруғлик ваъдасида кўтарилаётган қуёшми бу ё мажҳул сароб — ҳеч ким билмасди.

 

 

***

 

 

Зулмат…

Ҳа, зулмат эди.

Нафас олди-ю, нафас чиқаришга улгурмади. Худди бирданига чироқ ўчирилгандай бўлди.

Зулмат қандай бостириб кирганини сезмай қолди. «Ана энди ўлдим», деб фикрлашга ҳам улгурмади.

«Қассоб» қўлида асир эканида «Бу жинни бу балони портлатиб юборса, ўлар олдидан оиламга бир оғиз ҳам гапиролмай кетаманми?» деб афсусланган эди. «Келиб-келиб шундай ўлим менга насиб қиладими-я? — деб ўйлади майор Солиев. — Уйда ҳеч бўлмаса уч-тўрт кун оёқни чўзилтириб ётиб, бола-чақага васиятни қилиб, сўнг жон беришнинг ҳам гашти бор экан-да, а?»

Айтадиган гаплари кўп ҳам эмас, болаларига «онанг-ни ҳурмат қилларинг, ҳалол еб, ҳалол яшаларинг», дейди. Отаси унга шундай васият қилиб эди. Отасидан ошириб у нима дея оларди?

Аслида бу гапни кунда бўлмаса-да, тез-тез айтади. Аммо ўлими олдидан айтса у оддий гап мақомидан чиқиб, васият мартабасига кўтарилади.

Хотинига ҳам кўп гапирмайди. «Келининг билан ҳадеб ўчакишаверма, бечорани эзаверма», дейди халос.

Аслида бу гапни ҳам кунда бўлмаса-да, тез-тез айтади. У айтишдан чарчамайди, хотини ўз билгича яшашдан ҳоримайди. Солиев қайнона-келин можаросига пойдевор бўлгувчи, кўпчилик эътибор бермайдиган бир сабабни аниқ билади: унинг хотини ҳам кўп оналар сингари ўғлини келинидан қизғанади. Йигирма йилми ё ундан кўпроқми ҳамиша қанотида юрган фарзандининг хуфтондан сўнг «ғойиб» бўлишига аввалига кўниколмайди, кейин-кейин эса чидолмай қолади. «Қизил оёқ келиб, қизил юздан жудо қилди», деган мақолнинг айнан ўшандай «қизғанчиқ» оналар тўқигани бежиз эмаслигини Солиев англайди. Гаплари шамолга соврилишини билса-да, танбеҳ бераверади.

Жон чиқиши олдидан сўнгги бор айтса бўларди. Аммо энди буниси оддий гап мақомидан чиқиб, васият мартабасига кўтариларди. Нодон хотини ҳеч бўлмаса, бир-икки ҳафта васиятга амал қилар ахир. Сўнг қизғаниш олови янада баттарроқ аланга олар. Олдинлари ёнида эри бўларди, ёлғизлик музхонасининг совуғи унга камроқ сезиларди. Эри ўлгач, музликлар аро ялангоёқ, яланғоч қолгандек бўлади. Тонгга қадар азобланади.

Азобнинг аламини кимдан олиши эса тайин…

Темир йўл бекатида кўкрагига бомба босилган ҳолда ночор турган майор Солиев айтолмайдиган васияти баҳонасида шуларни ҳам ўйлаши кимгадир ғалати, балки ишончсиз туюлиши мумкин. Ҳолбуки, ғалат ҳолатларда ғалат ўйларнинг фикрни ёритиб ўтиши мутлақо ғалати эмасдир. Агар Солиевнинг ўрнида бир неча соат аввал «Қассоб»нинг ўқидан жон берган милиционер йигит бўлганида бошқача ўйлаб, ўзгача васиятни фикр қиларди. Агар унга «ҳозир «Қассоб» сени отиб ўлдиради, васиятингни айтиб ол», деб имкон берилсами, биринчи галда ҳомиладор хотинига қараб: «Мендан ке-йин турмушга чиқсанг, болани «детдом»га берма, ота-онамга қолдир», демоғи шубҳасиз эди. Бироқ, унга бундай имкон берилмади, васиятсиз кетди. Солиевнинг ўйларида жон бор: васиятни айтиб, сўнг жон бериш ҳам ўзига яраша бир бахт — Тангрининг буюк марҳаматларидан бири…

Зулмат қаърида эканида ҳаёт ва мамот, васият тўғрисидаги ўйлар уни безовта қилмайди. Зулмат пардаси тешилиб, ойдинликнинг заиф нури қоронғулик билан олиша бошлаганида ниманидир сезди, қандайдир товушни эшитди. Ҳатто нималарнидир кўргандай ҳам бўлди. Аммо сезгани, эшитгани, кўргани нима эканини идрок эта олмади.

Қулоқларига кираётган товушлар нотаниш, димоғига урилаётган ҳид ҳам бегона эди.

Кейин…

Ҳа, кейин «Қассоб»ни кўрди. Ҳамма ёғи қонга беланган «Қассоб» аввалига даф қилиш мақсадидами, у томон бостириб келди.

Солиев ётган ерида қимирлай ҳам олмади.

— Қорним очди, — деди «Қассоб». — «Чучвара егим келяпти. Лекин сенинг гўштинг чучварага ярамайди. Эркак гўштини ейиш — менинг принципимга тўғри келмайди…»

Темир йўл бекатида чангалида бомба ушлаб турганида ҳам шундай деган эди. Бу гапни эшитиб Солиев «Шу тавиянинг ҳам принтсипи бор-а…» деб ўйлаб ғаши келган эди.

Ҳозир ҳам шундай ўйлади. Бир нарса демоқчи эди, тили айланмади. Ғудранди.

— Ҳали ҳам ўлганинг йўқми? — «Қассоб» шундай деб энгашган эди, Солиевнинг кўкрагига қон томди. Томчи қон қайноқ сув каби этини куйдириб, азоб бера бошлади.

Кутилмаганда «Қассоб» тисарилди. Кутилмаганда Солиев қувватга кириб, қаддини ростлади.

Буни кўрган «Қассоб» қоча бошлади. Солиев қувмоқчи бўлди: негадир қуш каби енгил учди.

— Тўхта, қочма, нега қочяпсан? — деб бақирди.

— Қувлама мени, барибир ета олмайсан.

— Тўхта, гапим бор сенда.

— Гапларингга бир кеча камлик қилдими? Сен билан бир тун бирга бўлдим. Энди ўлгунингча мени эслаб юрасан. Ўлгунингча мени қувлайсан. Қувлаш жонингга тегиб ҳам кетди.

Шундай деб «Қассоб» ҳам уча бошлади. Охири кўринмай кетди. Йўлда қонли излар қолди.

Шундан сўнг кўзларини очди.

Қаерда эканлигини билмади. Кўргани — оппоқ шифт унга қаерда эканини англатмади.

«Қассоб»ни қува-қува етиб келганим шу ерми, деган ўйда бир неча фурсат кўзлари бақрайганича қотди. Нотаниш товушлар ҳам тинди. Сукунат жарангидан қулоқлари шанғиллади. Кўп қатори у ҳам «Сукунат — жимлик демакдир» деб ҳисоблар эди. Аммо ҳозирги аҳволида сукунатдан қулоқлари қоматга келди. Сукунат шовқинини даф этмоқ учун қулоқларини кафтлари билан беркитмоқчи бўлди, бироқ қўллари унинг ҳукмига бўйсунмади. Билаклари оғир тошга боғлаб қўйилгандай кўтарилмади. Шунда қотиб қолган нигоҳи ҳаракатга келди. Унга хиёнат қилмаган жони аввалига киприкларини ўйнаб пирпиратди. Сўнг шифтга қадалган нигоҳ аста пастлади. Дастлаб кўрга-ни — тўнтариб қўйилган дори шиша идиш пўкагига уланган шаффоф ичак бўлди. Шиша идиш ичидаги яримлаб қолган заъфарон суюқлик қайнашни бошла-ётгандай дам-бадам пуфакча чиқариб қўяди. Майор Солиев ана шу пуфакчаларни санаётгандай тикилиб ётди.

«Касалхонадаманми?»

Саволига заъфарон суюқлик оқиб ўтаётган шаффоф ичак жавоб берадигандай нигоҳини юқоридан пастга томон туширди. Бироқ, кўзлари ичакнинг қаерга қадалганини кўролмади. Шундан сўнг бошини аста ён томон буриб, қўшни каравотда ётган одамни кўрди. Ҳаракатсиз ётган одамнинг тирикми ё ўлик эканини билмади. Унинг тепа томонидаги тўнтарилган шиша идишда пуфакчаларни кўргач, қўшниси ҳали ҳаёт эканини англади. «Ким бу? — деб ўйлади у. — «Қассоб»ми? Шунча отишмадан сўнг ҳам тирик қолдими?» Хонадаги ёруғлик етарли эмасмиди ёки Солиевнинг кўзлари хиралашганмиди, ҳар ҳолда тикилгани билан ён томонда ётган одамни таний олмади.

Бу орада эшик очилиб, ҳамшира кирди. Солиевда ҳаёт нишонасини кўриб, унга яқинлашди-да, ҳеч бир сўз айтмай, ўзини зўрлаган ҳолда жилмайди.

— Қаердаман?

Бу сафар ҳам овози чиқмади, фақат лаблари аста қимирлади. Ҳамшира лабларнинг қимирлашидан саволнинг мазмунини уққандай, ўша сохта жилмайишини канда қилмаган ҳолда майин кафтини унинг пешонасига қўйиб:

— Хавотирланманг, кризис ўтди, — деди. Кейин далда берувчи оҳангда қўшиб қўйди: — балки эрта-индин реаниматсиядан умумий хонага олишар…

«Кризис…», «Реанимация…»

«Зулмат — кризисмиди? Менга нима бўлди ўзи? — деб ўйлади Солиев — Бомба портламаган эди. Йигитлар киришганди. Балки ўшандан кейин портлагандир? Ёнимдаги яраланганлардан биттасими? Бошқалари қани?»

Тили гапга айланиб, буларни сўраганида ҳам ҳамшира жавоб қайтара олмас эди. Ҳамшира ён томондаги беморнинг ҳолидан хабар олгач, чиқиб кетди. Ҳамшира киргач, қайси бир бурчакка биқиниб олган сукунат у чиқиб, эшик ёпилиши билан яна хонага ўз ҳукмини ўтказа бошлади. Солиевнинг бахтига бу сафар қулоқлари шанғилламади. Аҳёна-ҳёнда даҳлиз томондан соатнинг чиқиллашини эслатувчи узуқ-узуқ, ожиз-ожиз товуш сукунат ҳукмига зарба бериб турди. Хаёллари аста-секин тиниқлаша бошлаган Солиев зулмат дунёсига кириш арафасидаги воқеаларни эслади.

 

***

 

Солиев жиноятчиларнинг изларидан тушган пайтларида кўп тунларни бедор ўтказган, бироқ, «Тун» деб аталмиш вақт бирлигининг бу қадар узун, бу қадар оғир-вазмин бўлишини сезмаган экан.

«Қассоб» ҳам, Солиев ҳам, атрофда сергак турган йигитлар ҳам «Тезроқ тонг ота қолсайди» деб кутишарди. Гўё бу машмашага тун айбдору, отажак тонг барча балоларни даф этадигандай эди.

Ўлим ёки ҳаёт дарагини бермоғи лозим бўлган тонг ҳам отди.

«Қассоб» чала бўғизлаб қўйилган ҳўкиз товушида бақириб, яна талабларини такрорлади.

Бу томон ваъдани яна қуюқ қилди. Талаб ва ваъдалар қачонга қадар давом этажагини, қандай якун топажагини ҳеч ким билмасди. Ҳамма қандайдир бир мавҳум тасодифга умид қиларди.

Солиев ваъда бераётганлардан ҳам, атрофда кузатиб турганлардан ҳам ранжимас эди.

Чунки бу муаммонинг ечимини ўзи ҳам билмасди. Билганда-ку, «шундай-шундай қилинса — олам гулистон» деб ғазабланса ҳам арзирди.

Юракни эслатувчи муштдеккина темир неча соатдан бери неча-неча юракларни беҳаловат тепишга мажбур қиларди. Портламай қолса-ку, барча масала бир нафасда ҳал бўлади-қолади. Тонгга яқин ҳолдан тойган Солиев бомбанинг портлаб кетишини ҳам истади.

У томон ҳеч қачон талабни бажармайди. «Қассоб» эса ўзича инсофга келмайди.

Шундай экан, нимадан умид қилмоқ мумкин?

— Ҳа, фараон, чарчадингми? — деди «Қассоб» унинг ҳолини англагандай.

— Чарчашимнинг бировга фойда-зиёни йўқ. Ўзинг чарчаганга ўхшайсан.

Бармоқларинг титраяпти. Қўйиб юбора қол ўша зормандани.

— Чарчабсан, фараон. Ўлимни бўйнингга олдингми, демак, тамом бўлибсан.

Иштонинг қуруқми ишқилиб? Ҳар ҳолда ҳўл иштонда ўлсанг шерикларингга кулги бўласан.

Мен сенга бир яхшилик қилай: иштонинг қуригунича кутаман. Икки соат олдин ўламанми ё кейинми, менга барибир. Сен, — «Қассоб» истеҳзо билан тиржайди. — «мардларча ҳалок бўлсанг» битта медалга илиниб қоласан.

Солиев индамади. У «Қассоб» бақираётган пайтда талабларидаги қатъийликнинг сусайганини сезган эди. Ҳозир гапириш оҳангининг ҳам тундагидан фарқ қила-ётганини фаҳмлади.

Фақат бу ўзгариш сабабини билолмади.

— Фараон, — деди «Қассоб», — қара, атроф ёришиб қолди. Лекин қуёш кўринмаяпти.

Мен қуёшсиз кунни ёмон кўраман. — «Қассоб» шундай деб пича сукут сақладида, сўнг таъкид этди: — Жуда ёмон кўраман.

«Қассоб» тўғрисини айтган эди. У болалик чоғларида денгиз қирғоғида ўтириб қуёш чиқишини томоша қилишни яхши кўрарди. Онасининг маишатига халал бермаслик учун кўчага чиқиб кетганида у кўпинча қирғоққа борарди. Тўлин ой нурининг тўлқинчалар билан ўйинига узоқ-узоқ тикиларди. Сўнг эса қуёшни кутиб оларди. Тўлқинчалар юзини силаган ой нури қанчалик мафтункор бўлмасин, уфқни титратиб кўтарилган қуёшнинг ўзгача латофати бор эди. Боланинг назарида табиат чиройини очиб юборган қуёш унга янги кунда ширин ваъдалар бераётгандай бўларди.

«Бугун отанг қайтиб келади», дер эди Қуёш.

«Энди сени ҳечам ташлаб кетмайди», — деб ишонтирарди Қуёш.

«Онанг энди бегоналарни бошлаб келмайди», — деб ваъда қиларди Қуёш.

«Энди тунлари кўчаларда санқимайсан», — деб умид чироғини ёқарди Қуёш.

«Бугундан бошлаб сени биров «шилтанинг боласи» деб камситмайди», — деб ҳимоясига оларди Қуёш.

Ўзининг онгида туғилган бу ваъдаларга бола ишонарди.

«Отам қайтиб келса ҳам, тунларда санқимасам ҳам, барибир сени кутгани тонгда келаман», деб ҳам ваъдалар берарди.

Булутли тонгларни эса ёмон кўрарди.

Онаси «Отанг кимлигини ўзим ҳам аниқ билмайман», деган рост гапни шубҳасизки, айтмас эди. Шу боис «отанг бизни боқа олмай ташлаб кетган» деган ёлғонга бола ишонарди. Қуёшни кутаётган маҳалларида пул топиш, бойиб кетиш йўлларини изларди.

Бир куни ўртоғига юрагини ўртаётган орзуларини айтди:

— Пулни нима қиласан, машина оласанми? — деб сўради ўртоғи.

— Йўқ, отамни топиб, уни боқаман.

— Нега? — деб ҳайрон бўлди ўртоғи.

— У бизни боқолмай ташлаб кетган экан. Эркак кишининг бундай қилиши — номардлик.

Номардлик жазосиз қолмаслиги керак. Мен уни боқиб жазолайман. Ҳар тишлам нонни тишлаганида мени ташлаб кетганидан уялади, афсусланади. Афсусланиб, афсусланиб, юраги сиқилиб қийналади. Қийналиб-қийналиб, охири ўлади…

Норасидалик чегарасидан ўтган ўсмирнинг истаги шу эди. У фақатгина Худога маълум бўлган онасини жазолашнинг турли усулларини мўлжаллаб қўйган эди. Тасодиф туфайли отасини топиб, ўйлаб қўйган жазолаш усулларидан бири қўлланилган тақдирда ҳам у болани айблаш жоиз бўлармикин? Ҳар ҳолда валади зинодан яна нималарни кутмоқ мумкин?

Унинг мурғак қалби, кирланишга улгурмаган онги фарзандини ташлаб кетмоқлик номардлик эканини фаҳм этарди. Номардлар қандай усулда бўлмасин жазо топмоқликлари шарт, деб ҳисобларди. Ўшанда ўртоғига жазонинг охири нима билан якунланишини айтмовди. Унинг режасича, отаси «афсусланиб-афсусланиб» ўлгач, тобутга солиб кўмилмайди. Балки, жасади крематорийга топширилиб, куйдирилади. Унинг кули бир қутичага солинади, сўнг музейга топширилади-да, тагига «Номард отанинг кули» деб ёзиб қўйилади. Буни кўрган эркаклар оқибатни ўйлаб қоладилар ва фар-зандларини ташлаб кетмайдилар.

Болалик тасаввури шундай эди. Болаларини ташлаб кетувчиларнинг ҳаммасига шундай жазо қўлланилса, музейларда жой етишмай қолишини у ўйлаб кўрмаганди.

Болалик орзулари ўттиз кунлик ой нури каби унга хиёнат қилди — зулмат қаърига сингиб кетди.

Аммо… қуёшга бўлган муҳаббати сўнмади.

Булутли тонгга бўлган нафрати ҳам сусаймади.

Зотан…

Унинг бутун умри булутли тонг каби эди.

Шубҳасизки…

Умри адоғи айнан шундай булутли кунда бўлажагини у билмас эди.

Қуёшли тонгни суйган бола умри адоғида қуёшни бир мартагина кўрмоқ илинжида кўз юмади…

Болалигида тонг қуёши уни алдарди.

Алҳол, унинг қуёши хиёнат қилди. Сўнгги нафасида бир қараб олишни истамади.

Қуёш-ку… балки истагандир. Бироқ, заҳарли булутга чирмалган умри эвазига бу бахтдан маҳрум этилгандир…

У отасининг жасадини куйдирмоқни ният қилган эди. Нияти ўзига насиб этади…

Унга қадар эса…

Чангалида бомбани ушлаганича, ҳазин овозда:

— Қуёшсиз кунни ёмон кўраман, — деди.

Майор Солиев унинг овозидаги хазинликни сез-ди-ю, «ишқилиб бу ўзгариш яхшиликка бўлсин-да», деб ўйлади.

— Фараон, сен Худога ишонаман, дединг, а? Шайтонга-чи? Шайтонга ишонасанми?

Солиев дарров жавоб бермади. «Қассоб» ҳам «тез бўл!» деб қистамади. «Агар бу дунёда шайтон бўлса, бу сенсан», деб ўйлаган Солиев фикрини сиртига чиқармади.

Илоҳий туйғулардан маҳрумлиги боис руҳлари ўлик, ҳайвоний ҳислари эса қувватли бу одамга нисбатан шу гаплар айтилса, балки шайтон алайҳилаъна ранжирмиди… Иблис «Қассоб»ни ҳидоят йўлидан адаштиргани рост, Худога бегона қилгани тўғри, хийлалари тўрига ўрагани, васвасалари гулханида қовургани айни ҳақиқат. Бироқ, иблиснинг ўзи хотинларни ўлдириб, гўштларидан чучваралар тугиб емагандир… «Энг ширин чучвара сен маишат қилган жувоннинг гўштидан бўлади», деган хийласига ишонтира олган иблис ҳозир «Қассоб» лақабли бандасининг қонларини кўпиртириб қандай васваса қиляпти экан? Ёки «мана, охирги манзилингга эсон-омон етиб келдинг, энди мен сенга дўст эмасман», деб қочиб қолдими?

Ажаб… «Қассоб» умрининг сўнгги соатларида нечун қадрдони шайтонни эслаб қолди?

Қизиғи шуки, шайтон етовида юргувчилар ҳамма вақт ҳам ўз йўлбошчиларини эслайвермайдилар.

Бир озлик сукутдан сўнг «Қассоб» қадрдонини нима сабабдан эслаганини маълум қилди:

— Мен шайтонга ишонаман, — деди у. — Билиб қўй: барчаларимизнинг хўжайинимиз шайтон бўлади. Менинг шайтоним бақувватми, демак, мен зўрман. Сеники кучлими, демак, сен зўрсан.

— Ҳозир… сен зўрмисан? — деб сўради майор Солиев.

— Зўр бўлмасам шунча одам атрофда титраб турармиди? Лекин… фараон, билиб қўй: шайтон ҳар бир одамнинг кўкрагига мана шунақа бомбани босиб туради.

— Кейин портлатадими?.. Қачон портлатади?

— Ҳар куни портлатади. Кейин юракни қийма-қийма қилиб ейди.

Эртасига юрак яна ўсиб чиқади, у яна портлатади, яна ейди.

— Фалсафанг қизиқ экан. Мен шайтон томирлардаги қонга аралашиб оқиб юради, деб эшитувдим. Сен ўша шайтон билан олишиб кўрмаганмисан?

— Нега олишаман? У менга доим қувват берган.

— Юрагингни қиймалашичи?

— Буни азоб деб ўйлаяпсанми? Йўқ, бу мен учун зўр роҳат эди.

— Ҳозир ҳам роҳатланяпсанми?

— Ҳа.

— Ўзингни ўзинг алдама: ҳозир қўрқяпсан!

— Алжима, фараон… — Қассоб шундай деб бир силтаб, бомбани унинг кўкрагига қаттиқроқ босди.

— Шайтонинг энди сенга қувват бера олмайди. Йўл ҳам кўрсата олмайди. Биттагина йўлинг бор сенинг.

— Биттагина йўл? Таслим бўл, демоқчимисан? Ақлинг калта экан, фараон. Иккинчи йўлчи?

Панжаларимни очиб юбориш учун менга қувват шарт эмас. Яна битта йўлим бор.

Балки… кўрарсан.

— Ҳамма йўлларингнинг номи бир — чорасизлик.

— Бўлди, ўчир! Фалсафа сўқма менга.

— Мен фалсафа сўқийдиган файласуф эмасман. Тўғри гапни айтяпман. Сен катта фожианинг ҳалқумидан бўғиб турибман, деб ўйлаяпсанми? Панжаларингни очиб юборсанг дунёни ларзага соладиган фожиа юз берадими? Томизғичда денгиз сувидан икки томчи олиб ташланса нима ўзгаради? Дунё ғариблашиб қолади-ми?

— Томчи дедингми? Тўғри айтдинг. Сен чиндан ҳам арзимас бир томчисан. Шунинг учун ҳам миллион сўм ҳам, самолёт ҳам менга берилмайди. Нега лақиллатишаётганларини билмайманми? Хўжайинларинг Мос-квадан буйруқ кутишяпти.

Москва марҳамат қилиб «сўраганини берларинг», деса беришади. Икковини отиб ташла, деса, отиб ташлашади. Москва учун сен кимсан? Ҳеч кимсан. Сендақалар миллионта.

Москва нимадан қўрқади, биласанми? Халқаро жанжалдан. Бу ерда эса халқаро жанжал йўқ. — «Қассоб» шундай деб енгил титраб олди. — Фараон, тўғри айтибсан, чарчабман. Ҳамтовоқларингга айт, бир шиша ароқ беришсин.

Солиев «Қўй, бу аҳволда ичма», демоқчи бўлди-ю, айтажак гапи харсангтошга отилган кесак каби наф бермаслигини билиб, тилини тийди. Шунинг баробаринда «бунга ароқ беринглар» ҳам демади. Чунки «Қассоб»нинг баралла айтган гапини сал нарида турган йигитлар эшитишган, улар учун Солиевнинг тасдиқ маъносидаги ишораси кифоя эди.

— Заҳарламай олиб келларинг, аввал шерикларинг ичади, — деди «Қассоб» йигитларга қараб. Сўнг яна буюрди: — автомат юкхонадаги қирқ еттинчи бўлинмани очасанлар. Шифри — 01958. Сумкани олиб келасанлар. Қулфини очишга ҳаракат қилмаларинг, бомбага уланган.

Солиев сумкани нима мақсадда олдириб келмоқчи бўлганини фаҳмлади:

— Хумори тутдими? — деб сўради у хотиржам тарзда.

— Зийрак экансан, фараон. Шерикларингга айт: мен қуруқ пўписа қилмаяпман.

Сумкада ростдан ҳам кичкинагина бомбача бор. Кичкинагина бўлса ҳам уч-тўрт ҳамтовоғингни тинчитишга кучи етади.

Солиев буйруқни бажарди.

«Қассоб»нинг талаби ҳам тезликда адо этилди.

Сумка оёғи остига қўйилгач, у кулди.

— Қара-я, фараон, ароқни бир пасдаёқ олиб келишди. Машиналарингда маишат учун олиб юрасанларда, а? Мен аҳмоқ, самолёт сўраб ўтирибман. Аслида сени икки шиша ароққа алмаштириб юборсам бўларкан. Энди нархингни билдингми? Қани ол, оч ароқ- ни.

— Солиев буйруқни бажаргач, «Қассоб» шишанинг ярмидан сал юқорироғига бармоғини тираб деди: — Шу ергача ич. Қолгани менга.

— Мен ичмайман, — деди Солиев.

— Сендан «ичасанми?» деб сўрамадим, «ич!» дедим.

Солиев одобли бола сингари буйруққа итоат этиб шишани кўтарди, бироқ, икки қултумдан кейиноқ қалқиб кетди. Йўтали босилгач, кейинги буйруққа итоат этгани ҳолда сумкани кўтарди.

(давоми бор)

Тоҳир МАЛИК