Ҳикоя: Қасдли дунё

0

Ҳикоямиз қаҳрамони — икки набирали аёл.

Биттагина ўғли хотинининг гапига кириб, бошқа жойга кўчиб кетди-ю, алам нималиги, ёлғизлик қанчалик даҳшатли эканини вужуд-вужуди билан ҳис этаётган Фарида опа эшигини қоққан ўзи тенги эркакдан кўз узолмай қолди. «Худойим, менга нима бўлди? »

Ўшанда ижарага уй қидириб юрган бу одамнинг ҳам икки кўзи остонада бир хил бўлиб турган уй соҳибасида эди. У ҳам аёлга аллатарз қарар ва… номаълум ҳисдан сархушланиб, тошдай қотган ошиқни эслатар эди ҳолати. Наҳот бир кўришда ошиқу беқарор бўлди-қолди?

— Одам қўйиб бўлгандим-да, — деди Фарида опа.

— Кечикибман-да?.. — шашти пасайди эркакнинг.

— Ёш оилага бервордим. Сизга ҳам оилагами?

— Йўқ, ажрашганман. Турмушимиз ўхшамади, уйдан чиқиб кетдим.

— Шунақа денг… — опа келувчига бошдан-оёқ разм соларкан, бир лаҳзада минг фикр бошидан ўтди. Кўз ўнгида ўғли жонланди. «Ташлаб кетди-я, хотинини деб! Мен бўлсам, ўғлим бор-ку, деб қайрилиб қарамабман бирор эркакка. Нима, тенгим топилмасмиди?.. Сен ҳам аёлсан, Фарида… Шунча умринг ўтди боланг учун! У нима қилди?!»

— Ичкарига киринг! — деди аёл беихтиёр.

Дастурхон ёзилди. Кўнгилли, ҳузурбахш ўтди биринчи суҳбат. Уй соҳибаси «меҳмон»ни йўлаккача кузатиб қўйди.

Кейин-кейин бу эркак кўп келадиган бўлди. Фарида опа ётса ҳам, турса ҳам уни ўйларди.   «Сезяпман, у ҳам бефарқ эмас. Наҳотки шу истарали, басавлат, барно кишининг ҳаётимга кириб келаётгани рост бўлса?..»

— Қачон никоҳ ўқитамиз? — сўраб қолди бир куни эркак.

— Никоҳ?! — ҳаяжонланиб кетди Фарида опа. — Дарров, а?

Аёл ўйга толди. Шошилмаяптими? Ахир эскилар «Сина, сўраб-суриштир» дейишган. Аммо «Бир қарашдаги муҳаббат» деган гап ҳам бор-ку дунёда! Бир қарашдаги муҳаббатдан бахт топган, бир умр саодатли ҳаёт кечирган одамлар озми?

* * *

Қайнона-келиннинг чиқишолмаслиги оила тинчини бузар, танг аҳволда қолган Фарҳод икки ўт орасида ёнарди: онасини десинми, хотининими?

Охир-оқибат бештагина аъзоси бўлган хонадон иккига бўлинди.

Фарҳод Чирчиқдан уй сотиб олди. Янги иш топди. Қулоғи ҳам тинчлангандек бўлди-куя, лекин хаёли Тошкентда, ёлғиз онасида эди. Ёлғизгина онаси…

Эшитдики, онаси уйига бир оилани ижарага қўйибди. Яхшигина ижара ҳақиям оларкан. Лекин, эҳтимол, у ҳам руҳий исканжада: ўғли бор, келини, набиралар… Аммо бегоналар билан яшаяпти?

Эри автофалокат туфайли вафот этиб, бева қолганида Фарида опа йигирма иккида эди. Ҳаётини ёлғиз фарзандига бағишлади. Ўқитди. Уйлантирди. Аммо… Фарҳод нима қилди? Онаси жаҳл устида: «Ё мен, ё хотининг!» — деган эди, кимни танлади? Хотинини! Хотин азиз экан-да, онадан ҳам?!

Қаттиқ алам қиларди Фарида опага: «Хотин топилади. Лекин она-чи?!»

“Онанинг мўътабар зотлигини ким билмайди? — ўйларди   Фарҳод. — Лекин келин ким? Чўрими? У ҳам бировнинг эрка қизи, жигарбанди эмасми? Шириндан-шакар иккита бола бўлса ўртада. Сарсон-саргардон бўлишсинми улар? Етимликнинг оғир кунлиги маълум. Тирик етимлик ундан-да оғир-ку?”

Бир куни ғалати хабар эшитди-ю, Фарҳоднинг ичида нимадир синди: «Эй, Худойим, ойим… эрга тегяпти?..»

“Нима бўпти? — ичидан чиқарди бир овоз. — Онанг ножўя иш қилмабди, оила қурмоқчи, холос. Бошқа турмуш қуриш, хонадон саодатидан баҳраманд бўлишга у ҳам ҳақли? Сабрига балли — биттагина боласини ўйлаб, йигирма беш йил ёлғиз яшади-я! Хўп… Лекин у эркак ким? Қанақа одам?»

* * *

Фарҳод онасиникига борди. Гапни нимадан бошлашни билмай: “У одам…” — деганди, “Хотиржам бўл, синадим”, — деди Фарида опа ўғлининг нима демоқчилигини англаб.

— Қачон улгурдингиз? — киноя сезилди фарзанднинг сўзида.

— Ҳисоб беришим керакми? — онаси қошини чимирди. — Ўзлари ҳисоб берганмидилар?

— Ойи…

— Нима, ойи?!..

Деворга суянганча беҳол-бемажол туриб қолган Фарҳод изтиробини жиловлашга уриниб:

— Мен ҳам у билан яқиндан танишай, кимлигини билай, — деди.

Онаси жеркиб берди:

— Айтдим-ку, кимлигини! Бир мусулмоннинг фарзанди. Топармон-тутармон. Ҳа, энди… иккита боласи бор экан биринчи хотинидан. Ҳеч нимани яширмади. Нима, турмуши ўхшамаганларнинг ҳаммаси ёмонми? Кўчадаги бетайинни уйга опкирмасам керак, онангдаям ақл бор!

Фарҳоднинг лаблари ўзидан-ўзи титрай бошлади:

— Ақлли она… қасос олмайди фарзанддан. Бу йўл билан ўч олмайди!

— Тушунмадим, нима дединг? Қанақа қасос? Шунчаки… кетишинг билан у пайдо бўлди. Ҳаётимда ўзгариш бўлишини истадим мен ҳам. Биламан, бу сенга ёқмайди!..

— Одамлар нима дейди?

— Ким нима деса, деяверсин! — тутақиб кетди Фарида опа. — Шунча умрим болам деб ўтди. Сени деб! Қадримга етдингми? Жодугарингни дединг! Ҳа, майли. Тушунаман сениям, усиз яшолмайсан. Аммо сен ҳам мени тушун! Ҳар кимга ўз ҳаёти ширин экан. Мен ҳам ўзим учун бир яшай! У сўз берди, умримнинг охиригача хафа қилдириб қўймайман, деб. Илтимос, йўлимга ғов бўлма.

— Ўйлаб иш қиляпсизми ўзи?? — жиғибийрон бўлди   Фарҳод. — Тузукми, бузуқми… Кўчадаги бир ўғрими, фирибгарми бўп чиқмасин, тағин?   Кейин аттанг қилиб қолманг? Қаерлик экан?

— Болам, унақа эмас. Айтдим-ку, хотиржам бўл, деб. Суриштирдим, таг-тугли, ўзи асли марғилонлик бойвачча!

— Марғилонлик бойвачча?.. — Фарҳод дардли пичирлади-да, чуқур хўрсиниб, бошини сарак-сарак қиларкан «Бойвачча бошига урадими сизни, ойи? Манави уйга кўз олайтирган у расво!» демоқчи бўлди-ю, кўксидаги фарёд қанчалик кучли бўлмасин, тилини тийди.

— Ойижон! — ёш кўринди фарзанднинг кўзида.

— Мен бир тўхтамга келдим, — деворга қаради Фарида опа. Кейин ўғлига шундай қараш қилдики, кўзларидан ҳам худди ўша гапни «Раъйидан қайтараман деб хомтама бўлма!» деган маънони англаш қийин эмасди.

Фарҳод бўшашганича ташқарига чиқди. Чирчиққа қайтди. Лекин хаёли Тошкентда эди. «Онамга нима қилган? У нима қилмоқчи?»

Тўнғичи: «Қачон уйимизга қайтамиз?» — деб тиззасидан қучган эди, бақириб юборди:

— Ўз уйимиздамиз-ку?

— Тошкентга қайтишни хоҳлайман, ада! Бувимни соғиндим…

— Бувингни соғингдингми, жанжалними? Зўрға қутулдиг-у, болажоним? — деди Фарҳод ва кўзларини хотинига қадади:

— Шундаймасми, онажониси?

Сония нигоҳини олиб қочди.

Ҳа, энди Фарҳоднинг қулоғи тинч. Жанжал йўқ… Аммо елкасидан оғир бир юк босгандай ўзини беҳаловат сезар, ичини нимадир кемирарди: «Онам нима қилмоқчи менга қасдма-қасд?!»

Сония ийманибгина:

— Ойимлар яхшими? — деб сўради.

Фарҳоднинг юзига тағин истеҳзо югураркан:

— Салом деб юборди! — дея овозини баландлатди.

Сония ўғилчасини етаклаб ичкари уйга кириб кетди. Фарҳод эгилган бошини қўллари орасига олди. Бир оҳ урдики, елкалари титраб кетди…

* * *

Келинда ҳам олдинги шашт йўқ. У секин бошини чангаллаб ўтирган эрининг ёнига келди-да, пойига ўтирди. Тиззаларига бошини қўйиб:

— Мени деб изтироб чекяпсиз, дадаси, — деди титроқ овозда.

— Нима?..

— Хотинингизнинг гапига кириб, шу бўлдими аҳволингиз? Шуми алоҳида яшаш? — Сониянинг ғамгин ва хижолатомуз нигоҳи ерда эди. У бошини пастроқ эгиб йиғламсираган кўйи давом этди:

— Тушунишга ҳаракат қилмадим ойимни! Бир гапдан қолмадим… Болаларниям кўряпсиз. Қачон қайтамиз, деявериб… Дадаси, кетайлик?

— Қаёққа?..

— Кўнглингиздан нималар кечаётганини билиб турибман, Фарҳод ака. Қай юз билан остона ҳатлаймиз, деб азобдасиз.

Фарҳод ўтирган жойида бир қимирлади: «Кўнглимдан нималар кечаётганини билмайсан, Сония. Янгиликдан хабаринг йўқ!»

— Кетамиз. Кетамиз ўз уйимизга, Фарҳод ака!

— Бунинг иложи йўқ!

— Наҳот?!

— Қаёққа кетамиз?! У уйнинг эшиги энди берк. Биз учун эшиклар ёпилган, Сония!

— Гуноҳим шунчалик оғирми? — Сония йиғлаб юборди.

— Айбдор — эринг, — таъсирланган Фарҳод Сониянинг кўз ёшини артди-да, унинг ёнига чўкка тушди. — Ҳаммасига сабабчи онасини ёлғиз ташлаб кетган худбин ўғил!

* * *

Фарҳоднинг қўл телефони жиринглади.

— Болам…

Ғалати эшитилган овоз Фарҳодни довдиратиб қўйди.

— Ҳа, ойи? Тинчликми? Тузукмисиз?

— Тузукман, хавотирланма… — зўрға пичирлади Фарида опа.

— Яширманг, нима бўлди? Ким хафа қилди?

— Болам, ҳақ бўлиб чиқдинг!

— Нима?..

* * *

Фарида опа кўрпа-тушак қилиб ётар, аъзои-бадани қалтирарди.

— Ким келди, дедингиз?

— Икки милиционер ва бир аёл.

— Аёл? Хотини эканми? — ғазаби жунбушга келарди Фарҳоднинг.

— Янгиси. Тўрт ойча олдин бечоранинг ишончини қозониб, уйига жойлашволиб, уйланишгаям улгуриб… Кейин нима қилибди, биласанми?

— Ўмариб кетибдими бор нарсани?

— Аёл ишдан қайтса, уй бўм-бўшмиш. Унинг кунига тушишимга сал қолди, болам! Ер ютсин икки набирали бўлиб ҳам, эси кирмаган, дуч келганга эшигини очиб берган     онангни! Худо олсин бу ярамасни!

— Ойи, унақа деманг. У…

— Қидирувда экан, қўлга тушибди. Шунга қарамай мендан ҳам алламбало кўрсатмалар олишди. Ер ёрилмади-ю, ерга кириб кетмадим, Фарҳод! Бир ўзингиз турасизми, бола-чақангиз йўқми, деб сўрашди…

— Сизни ёлғиз қолдирган бу мен — ношуд фарзандингиз! Менга лаънат!

— Ё мен, ё хотининг, деб оғир шарт қўйган беандиша онанг-ку!

— Хўш, кейин нима қилди «андишали» ўғлингиз? Ташлаб кетиши керакмиди онасини? Менинг энг катта хатом — ғазаб устида бир ўзингизни ташлаб кетганим, ёлғиз қолдирганим! Анави кириб келармиди мен шу ерда бўлсам? Ҳадди сиғармиди? Ҳа, майли. Бўлган иш бўпти. Сиз энди ўзингизни қўлга олинг…

Фарида опа шифтга қараганча хаёл сурар — ўғлининг кўзларига қарашга ботинолмасди. Фарҳод ҳам ўзини беҳаловат сезар, вужуди оловланарди: «Унақа аёл эмасди менинг онам. Лекин алам… Аламзадалик! Уни шу кўйга солган мен — ўғлимасми?!»

— Набираларимниям сарсон қилдим…

Ғарибона ётган Фарида опа шундай деди-ю, эшик очилиб, набиралари кириб келишди:

— Сизни соғиндик, бувижон! Жудаям соғиндик!

— Болажонларим! — кўзлари чақнаган Фарида опа ўрнидан туриб кетди. У набираларини бағрига босар, ҳаяжондан энтикарди.

«Яна кимдир келиши керак!» — аёл умидвор кўзларини эшикка тиккан эди, остонада келини пайдо бўлди. Чеҳраси ёришиб кетди Фарида опанинг.

Сония кўзларини айбдоргина жавдиратиб турар, қалбига илиқлик инган турмуш ўртоғи эса унга миннатдор боқарди…

Муҳаммад ШОДИЙ

loading...