ШАЙТАНАТ… (114-қисм)

0

 

 

* * *

 

Миркаримовнинг уйида мотамсаролик сояси йўқ эди. Кўк кийган аёлни, ғамнок болаларни учратарман, деб ўйлаган Зоҳид янглишди. Кейин «Бу уйдан ўлик чиққанига анча бўлди шу пайтгача оҳ-воҳ қилиб ўтиришармиди», деган фикрга келди.

Баъзилар пул топадилару ақл топмайдилар. Ё дан-ғиллама уй соладилар. Ёки довруғи етти иқлимга кетадиган тўй қиладилар, ё ҳар йили бир марта, иштаҳалари келиб қолса, икки марта машиналарини янгилайдилар, шу зайлда қармоққа илинганларини ўзлари ҳам сезмай қоладилар: «Сотсиалистик мулкни талон-тарож қилиш»да айбланиб бор будларидан айриладилар.

Зоҳид дарвоза олдида турганича атрофни кузатиб «Миркаримов бу тоифадан бўлмаган экан», деган тўхтамга келди. Дабдабали тўй қилганми-йўқми — ҳозирча билмайди.

Билгани — Миркаримовнинг номида машина ҳам, уй ҳам йўқ. Уй қайнонасининг номида, сутранг «09» хотинининг номида. Миркаримовнинг ақлига беш кетиш керакки, фақат хотинигина ўзининг номида. Қўлга тушгудай бўлиб суд «мол-мулки давлат ҳисобига мусодара қилинсин», деган ҳукм чиқарганда маълум бўладики, бу «бечора»да мол-мулкнинг ўзи йўқ. Агар жиноят кодексида «Хотини ҳам мусодара қилинсин», деган модда бўлсами, бу зотлар хотинни ҳам бошқа бировнинг номига расмийлаштириб қўйишармиди, валлоҳи аълам?

Бу дунёнинг қонунларини шу тариқа четлаб ўтиш мумкин. У дунёдаги сўроқлардан қай тарзда бўйин товланар экан? У дунёда хотиннинг номидаги машина қай тарзда харид қилингани хусусида ҳам ҳисоб берилармикин?

Шаҳар чеккасидаги қишлоқда чиройли пештоқли, кўкрак кериб турган оқ тунукали уйлар кўзга деярли ташланмайди. Аксинча, синчи ёки пахсаси кўтарилиб, у ёғига қўл калталиги туфайли ташлаб қўйилган уйлар кўпроқ. Миркаримовнинг уйи бошқалардан фарқли ўлароқ, кўча юзига эмас, боғ ичкарисига қурилган. Уйнинг дабдабасини боғдаги дарахтлар ёмон кўзлардан ҳимоя қилиб туради.

Зоҳид тўрт пахса баландлигидаги девор билан ўралган боғ дарвозаси олдида чалинган қўнғироғига жавоб кутиб анча турди. Бетоқатланса-да, тирқишдан мўралашдан ўзини тийди. Тўртинчи қўнғироқдан сўнг дарвоза ортида аёлнинг «Ким?» деган овози эшитилди. Зоҳид ўзини танитгач, дарвоза ўртасидаги эшик қия очилиб, эгнига пахталик нимча кийиб, елкасига жун рўмол ташлаган, киприклари узун-узун, қошлари камалак каби эгилган чиройли жувон кўринди.

«Қошу ёсиму дейин, кўзи қаросинму дейин», деган ашулани шоирлар шундай гўзалларга қараб туриб ёзишганда…» Зоҳид буни айни дамда, дарвоза остонасининг бу томонида турганида эмас, кейинроқ қайтар маҳалида ўйлайди. Ҳозир эса савол назари муҳрланган чиройли кўзларга қараб туриб мақсадини айтди. Жувон «бу одамнинг уйга киришга ҳаққи борми, қўяйми ё қўймайми», деган ўйда пича турди-да, сўнг чекиниб эшикни кенгроқ очганича «киринг», деб йўл бошлади. «Уйда эркак йўқ, гапингиз бўлса шу ерда сўрайверинг», дейиш «эркаксиз уйга бегоналарни киритма», деган одобдан дарс олмаган жувоннинг хаёлига ҳам келмади. Унинг изидан бораётган Зоҳид «бу қизими ё келиними?» деб ўзича фол очди. Бу кўҳлик жувон Миркаримовнинг иккинчи хотини деган ҳақиқат тушига кирибдими?

Қишнинг ҳукм суриш вақти тақвимга кўра адоғига етган бўлса-да, совуқ нафаси ҳукмронликни давом эттираётгани сабабли ташқарида туриб гаплашиш имкони йўқ эди.

Кунгай қилиб солинган ойнаванд айвон иссиқ экан. Зоҳид «шу ерда ўтира қолайлик» деган таклифни айтишга улгурмай жувон телевизор қаршисидаги стулни кўрсатиб «ўтиринг» деди. Ўзи ён томондан жой олиб, елкасидаги жун рўмолни суянчиққа ташлади. Сўнг портфелини очиб, қоғозларини олаётган Зоҳиднинг ҳаракатларини зийраклик билан кузатди.

— Ўлдирган одамни топдингларми?

Сўроққа тайёрланаётган Зоҳид учун бу савол кутилмаган бўлмади. Бундай саволларни кўп эшитгани учун ҳам шошилмай, қоғозларни кўздан кечириб олди-да, жавобни қисқа қилди:

— Топамиз.

— Сиздан ҳам олдин бир киши икки-уч марта келди. Қотилни сизларга биз топиб беришимиз керакми?

— Сиз овора бўлманг, опа, ўзимиз бир амаллаб топамиз.

— Шунақами? — жувоннинг камалак қошлари чимирилди. — Унда нима учун келдингиз?

Адаларини… бу уйда ўлдиришмаган. Энди бошқа келманглар. Биринчи куни олиб кетган нарсаларингни ҳам қайтаринглар.

«Адаларини… Демак, бу хоним Миркаримовнинг бевалари экан-да?» Зоҳид шу хаёл билан жувонга тегишли саҳифаларни варақлади. «Ойсанам Эркаева. 1958 йилда туғилган…

Ёшига кеча эътибор бермабман. Эридан ўн саккиз ёш кичик экан…» Зоҳид беванинг талаб оҳангидаги гапларига ҳам совуққонлик билан жавоб қайтарди:

— Миркаримовнинг бу уйда ўлдирилмаганини биламан. Лекин ўлимидан олдин шу уйдан ўз оёғи билан чиққан. Олинган нарсалар вақти келганда қайтарилади, хавотирланманг.

Рўйхат билан олинган, рўйхат билан қайтарилади, игнадек нарса ҳам йўқолмайди, Ойсанам опа, — Зоҳид шундай деб жувонга тик қаради. Чиройли кўзларга дош бериш қийин бўлса-да, нигоҳини олиб қочмади. — Мен сўрайдиган айрим нарсалар сизга бемаъни ёки эриш туюлиши мумкин, лекин шуларни сўраб, аниқлашга мажбурман.

Эшитишимча, Миркаримов серҳиммат, қўли очиқ, меҳмондўст, ҳотамтой одам эканлар, — шундай деб Зоҳид атайин ёлғон айтди. Пулдор одамлар, уларнинг оилалари бахил бўлсалар-да, ўзлари ҳақида шундай тавсифни эшитмоқни хуш кўрадилар. Зоҳиднинг мўлжали аниқ чиқиб жувон узоридаги қатъийлик сояси чекиниб, мамнунлик офтоби кўринди.

Зоҳид эса бу ўзгаришни сезмагандай давом этди: — Кунда бўлмаса ҳам кунора меҳмон кутгандирсиз. Меҳмондўст одамнинг хотини бўлиш осонмас.

— Нимасини айтасиз… — жувон шундай деб енгил хўрсинди.

Яқин ўтмишнинг тотли хотираси юрагини энтиктирди. Меҳмон кутишда у эрталабдан хамир қориб нону сомса ёпмас, бир қозонда суюқ, иккинчисида қуюқ овқат ҳам пиширмасди. Меҳмон кутишни пазанда йигитлар, хизматчи аёллар ўрнига қўйишарди. Бу оппоқ, бўлиқ бармоқлар қозон-сочиқ нималигини аллақачон унутиб юборган. Меҳмон кутиладиган кун бу бармоқлар пиёз арчиб, тўғрамас, балки тилла узуклар билан ороланарди. Таманно билан юриб, кўп кўзларни куйдирарди. Эри «эркакларнинг олдига ҳадеб чиқаверма» деса-да, «чойингларни янгилаб берайинми?» деган меҳрибонлик билан кириб-чиқиб турарди. Унинг хаёлида бузуқлик йўқ эди, эрига хиёнат қилмоқни ҳам ўйламасди. Фақат эркак зотининг еб қўйгудек бўлиб суқланиб қарашидан роҳатланарди.

Меҳмонга тақинчоқларини тақиб борганида эса эркакларнинг хирсдай қарашларига қўшимча равишда аёлларнинг ҳасад билан боқишларидан маст бўларди. Ҳозир ўша омон-омон дамларни эслаб энтикди. Жувоннинг бу олами Зоҳидга қоронғу эди. Шунинг учун енгил хўрсиниш сабабини бошқача тушунди.

— Тез-тез келадиган одамлар орасида Асадбек ака бўлармидилар?

— Ким у киши?

— «Асадбек» деса бутун шаҳар танийди-ку? Сиз… эшитмаганмисиз?

— Эшитмаганман… оғайнилари орасида бунақаси йўқ эди шекилли?

— Ҳайдар ака, Маҳмуд деганларини-чи?

— Эсимда туради, дейсизми? Биласиз-ку, бизда эркаклар алоҳида ўтиришади. Ўрисларга ўхшаб биллалашиб чўқиштириб ичишмаймиз.

— Бу гапингиз ҳам тўғри. Мен Асадбек акани танийсиз деб ўйлабман. Сизни қаердадир кўргандай бўлиб ўтирувдим. Энди эсладим: Асадбек аканинг тўйларида кўрган эканман.

Зоҳид бу ёлғонни таваккал қилиб айтди. Унинг фаразича, тўйга шаҳарнинг барча пулдорлари келишган. Асадбекларга хизмат қилиб юрувчи таксопарк директорининг келиши эса исбот талаб этилмайдиган ҳақиқатлар сирасига кирарди. Шундай дабдабали тўйга бундай гўзал хотинни олиб бормаслик эса нодонлик бўлади.

Зоҳиднинг бу ёлғони ҳам яхши самара берди. Жувон кафтини ўнг бетига босиб, ўйлангандай бўл-ди.

— Қайси тўйни айтяпсиз?

— Машҳур ҳофиз Элчинни куёв қилди-ку?

— Ҳа… сиз ҳам борувдингизми?

— Фақир киши панада, дейишади-ку, бир четда ўтириб маза қилганмиз. Демак, эсладингиз. Асадбек ака келиб турармидилар?

— Йўқ, у киши келмасдилар. Балки ўғилчамизнинг тўйида келгандирлар. Нима, ўша кишидан гумонингиз борми?

— Бе, шундай улуғ одамдан гумонсираймизми? — Зоҳид шундай деб кулимсиради. — Шунчаки сўрадим, қўйдим, Мендан олдин сизникига милитсиядан Илёсов деган одам келган. Ўша одамга «ҳеч кимдан гумоним йўқ», дебсиз. Ростданам гумонингиз йўқми?

— Кимданам гумон қилардим?

— Ҳайдовчидан… — Зоҳид «ўйнаш» демоқчи бўл-ди-ю, жувонга бу сўз ёмон таъсир қилиши мумкин-лигини англаб, юмшоқроқ тарзда: — яна бир таниш аёл, — деди.

— Аёлни билмайман, — деди Ойсанам, — лекин ҳайдовчи деганингиз… акамдан қанақасига гумон қилишим мумкин?

Бу гапни эшитиб Зоҳид сергак тортди:

— Нима, акам дедингизми? Ўз акангизми?

— Ҳа, — жувон шундай деб ажабланиб елка қисди, — туғишган акам. Сиз нимага ҳайрон бўляпсиз?

— Илёсовга ҳам айтганмидингиз буни?

— Эсимда йўқ… айтгандирман.

— Акангизнинг фамилияси?..

— Мен биринчи эримнинг фамилиясида қолганман.

Бу янгилик Зоҳид учун кутилмаган жумбоқ бўлди.

 

***

 

«Англашилмовчилик бўлибди»?!

Асадбек қулоқларига ишонмади. «Уйқусираяптими бу малла капитан ё кечаси билан отиб чиққан бўлса калла карахтми?»

Четдан қараган кишига милисахона навбатчисининг дарчасига тирсагини тираб турган Асадбек гап уқмас бўлиб кўринарди. Бу хонада капитандан бошқа четдан қаровчи одам йўқ эди. Унга эса Асадбек айнан шундай кўринди.

— Тушунмадингизми? — деди у энсаси қотган тарз-да.

— Тушунмадим, — деди Асадбек.

— Нимасига тушунмайсиз? Англашилмовчилик бўлибди, — деди капитан. — Милиция номидан узр сўраймиз. Ўғилларингиз ҳозир чиқишади, олиб кетаверасиз. Юкларингизни қараб, текшириб қабул қилинг.

Неча хил ўй-хаёл, неча хил режа билан бу ерга келган Асадбек учун буниси сира кутилмаган «совға» бўлди. У аввалига тўғри Хонгирейга учраб «талабингни айту болаларимга тегма», демоқчи бўлди. Лекин бу аҳди қатъийлашмади. «Хўп, бордим, айтдим, — деб ўйлади у, — «ўғилларингни мен қаматмадим», демайдими? Дейди. У хунаса чақалоқлигида тулкининг сутини эмиб катта бўлган. Ўзини билмаганга олади. «Ия, шундай бўптими?» деб ачинади. Кейин менга марҳамат қилади. Э, йўқ, менга у харифнинг марҳамати керакмас. У менинг бош эгиб кириб боришимни жуда-жуда истаяпти…»

Асадбек йўқотилган бойликнинг ўрнини тўлдириш мумкинлигини, йўқотилган номусни эса асло тиклаб бўлмаслигини яхши билгани учун ҳам Хонгирейнинг ҳузурига бормади.

Ўғиллари учун жонини беришга тайёр Асадбек номусини булғаб бўйин эгишга келганда чидай олмади. Номус жонга нисбатан улуғлик қилди. Ўзини тўхтатди. Номуснинг топталишини энг сўнгги чора деб билди. «Гадонинг душмани гадо бўлади», деганларидек, Москвада Хонгирей якка ҳоким эмас, унинг пайига тушадиганлар ҳам топилади. Асадбек ҳозир чора излаб улардан бирининг ҳузурига бормоғи мумкин эди. Лекин бу йўлнинг айни дамда хатарли эканини, яра патос боғлаб кетмоғи мумкинлигини у фаҳмлади. Шубҳасизки, Асадбек Москва ерига қадам босиши билан Хонгирейнинг одамлари уни кузатадилар. Асадбек Хонгирей учун нобоп тўдага арзини айтгани ҳамон ўлжани бўғиб турган илон заҳарлашни пайсалга солмайди.

Тўғридан тўғри милисахонага боравериш фикри уни кутиб олган Жамшидга ҳам маъқул келди. Балки «беш-ўн сўм» совға эвазига иш пишар деган умидда навбатчи дарчасига тирсагини тираганича ўзини танитиб, муддаосини айтиши ҳамон капитан англашилмовчилик бўлганини маълум қилиб турибди.

Умидига осонлик билан етгани учун қувониши лозим бўлган Асадбек «англашилмовчилик» деган сўз иккинчи марта такрорлангач, беихтиёр ғазабланди.

«Иккита бегуноҳни қамоғингга тиқиб қўйиб яна «англашилмовчилик» деб безраясанми, энағар!» деб бақиришга чоғланганида хожасининг феъли айниганини сезган Жамшид уни четга тортди.

Асадбек «нега аралашасан!» деган маънода ўтли нигоҳини унга қадади.

— Бу ердан чиқволайлик, кейин гаплашамиз, — деди Жамшид.

Ким билан, қачон, қаерда, қандай тарзда гаплашажагини ўзи ҳам билмаса-да, хожасини тинчитиш учун ишонч билан айтди бу гапни. Асадбек «ертага сенга шоколад олиб бераман», деган алдовга учган гўл бола сингари ювош тортди. Энди унинг жавдираган кўзлари ҳар ён боқиб, ўғилларининг чиқиб келишларини кутарди.

Орадаги ярим соат худди ярим йил сингари руҳни эзғилаб ўтди. Вақтнинг ўн беш дақиқаси «ҳозир чиқишади», деган ишонч билан, қолгани эса «яна англашилмовчилик бўлибди, беайб бошқа одамлар экан, сизнинг ўғилларингизни чиқармаймиз» деб қолсачи?» деган гумон талвасаси билан ўтди.

Ярим соат Асадбекни беш йилга қаритди. Зайнаб можаросида чўккан гавдаси янада чўкди. Ҳожасини кузатиб турган Жамшид енгил титради: ҳожасининг соч-лари бирданига оқариб кетди. Асадбекнинг сочларига оқ оралаган эди. Лекин ҳозир, бир оннинг ўзида қиров қўнгандай бўлди. Жамшид «аввал ҳам шундайдир, эътибор бермагандирман», деб ўйлаб янглишди. Сочнинг айни шу дамда оқарганини навбатчи капитан ҳам сезгани учун тез-тез қараб-қараб қўяётган эди.

Сукунат…

Сукунатнинг тили борми? Бўлса, сассиз равишда нималар деяпти экан? Балки ўзининг тилида чинқириб Асадбекни қарғаётгандир? Балки сочларининг оқариб кетгани қарғишнинг ижобат бўлаётганига бир ишорадир?

Олдинда қўллари кишанланган Абдусамад, орқароқда Абдуҳамид кўриниши билан Асадбек ўзини тута олмади. Унинг кейинги ойлар ичи заифлашиб қолган иродаси, саботи кўздан қуйилиб, киприкларига қадалган ёш томчиларини тўхтата олмади.

Ҳали «англашилмовчилик бўлганини» билмаган, «Турларинг!», «Девор тарафга ўгирил!»,

«Қўлингни чўз!», «Битта-битта юр!», «Гаплашма!» деган буйруқларга мўмин бола сингари итоат қилиб чиқиб келаётган, хаёллари «Энди бу ёғи нима бўларкин?» деган савол билан банд ака-ука ойнаванд девор ортида оталарини кўрдилару кўнгиллари тўлиб, бўғизларига йиғи келди. Улардаги ёшларга хос матонат йиғини тўхтатишга қурби етди.

Агар Асадбек ўғиллари кўзларида ёш кўрсами, бўғзига қадалиб турган фарёдни тўхтата олмасди. Яхши ҳамки ойнаванд деворнинг хиралиги оталари ёноғига думалаган кўз ёшни парда қилиб тўсди. Тўсмасами эди, балки ёшлик матонати ҳам ожизлик қилиб қолармиди…

Гўзал ёрлари ҳамроҳлигида уйга кириб бормоқни, келинсаломдан қувонган оталари билан кўришмоқни орзу этган ўғиллар хира ойнаванд тўсиқ ортидан «Адажон, бизнинг ҳеч гуноҳимиз йўқ» деган маънода жавдираб қарашарди. Қўлларидаги кишанлар ечилиб, чўнтакларидан олинган нарсалар рўйхат бўйича бир-бир қайтарила бошлангач, улар чиндан ҳам «гуноҳлари йўқлигини» англаб енгил тортишди. Икковлари ҳам бараварига «адам чиқариб олдилар» деб ўйлашди.

Соғинч ва ташвишдан ўртанган юраклар хадик сояси остида учрашганлари учун тилга сўз келмай қолди. Титроқ тиллар «Болам!», «Адажон!» дейишгагина қувват топа олдилар холос. Асадбек ўғилларини бағрига босиб, кўнгли бир оз ором топгач, қулочини кенг ёйиб икковини қанотлари остига олди-да, «Кетдик!» деди. Сўнг жиянлари қатори суюмли бўлиб қолган йигитлар билан кўришиш бахтидан бебаҳра қолаётган Жамшидга қараб:

— Юкларни ўзинг олиб чиқ, — деди.

— Бек ака, қараб олайлик, — деди Жамшид айбдор одамнинг овози билан.

— Паст кетма буларнинг олдида. Бир-иккита матоҳни олган бўлса олгандир.

— Олса майли-ю, қўшиб қўйган бўлса-чи? Кўчага чиққанимизда яна ҳунар кўрсатишмасин, дейман…

Жамшид «хўжайинга ақл ўргатиб балога қолмасайдим» деган хавотирда гапини калта қилди.

Асадбек кейинги йилларда фақат Чувринди укасигина ақл ўргатса чидарди. Ҳатто Кесакполвон тўғри маслаҳат берса-да, аввал бир бобиллаб, сўнг амал қиларди. Жамшид хожасининг бу одатини яхши билгани учун ҳам фикрини баён қилишда бир оз чўчиди.

Шу пайтга қадар «Бек акам «нимага?» деган саволни ёмон кўрадилар. Акамга «хўп бўлади» кўпроқ ёқади», ақидасига амал қилиб келган одам учун юракдаги зардоблари тошиб, алам вулқони портлай деб турган хожасига бундай дейиш ўзига хос жасорат эди.

Фарзандларини қанотлари остига олиб эшик томон бир қадам қўйган Асадбек тўхтаб, аъёнига ўгирилди. Портлаш ўрнига Жамшид учун кутилмаганда ҳорғинлик билан: — Гапинг тўғри, — деб ўғилларини қанотидан чиқарди.

Жамшид йигитлар билан енгил-елпи кўришиб олгач, капитан чақиртирган милиса иштирокида жомадонларни очди. Шу онда телефон жиринглади. Навбатчи гўшакни қулоғига тутиб, ўзини танитгач, Асадбекка қаради-да:

— Ҳа, шу ерда, — деди. Сўнг эшитган буйруғига итоаткорона тарзда: — Хўп бўлади, — деб Асадбекни чақирди: — Асад Абдуллаев, сиз мен билан юринг.

Жамшид ҳам, ўғиллар ҳам кутилмаган бу йўқловдан ажабланиб, капитанга савол назари билан қарадилар:

— Сизлар ишингизни давом эттиринглар, бу ўртоқ ҳозир қайтади, — капитан шундай деб Асадбекни даҳлиз бўйлаб бошлади. Даҳлиз адоғига етганида ўгирилиб, Асадбекка: «Шу ерда тўхтанг», деб амр этгач, ўнг қўлдаги эшикни тақиллатди.

«Тўхта, деворга ўгирил, қўлингни орқага қил!» демади, шунисига шукр, — деб ўйлади Асадбек. — Мени ким чақирди, мақсади нима? Ўз оёғим билан озод юриб келиб, маҳбус бўлиб чиқмасайдим…»

Бу хаёл васваса ҳосили эмасди. Хонгирейдай одам бир қилиқ билан ўғиллари ўрнига ўзини тиқиб қўйиши ҳеч гап эмасди. Агар ҳозир ичкарида тиржайиб ўтирган Хонгирейни кўрса Асадбек мутлақо ажабланмаган бўларди.

(давоми бор)

Тоҳир МАЛИК

 

 

loading...