Хоразмда уйи бузилганлар давлат пул тўлай қолмаслиги туфайли Урганч-Хонқа йўлини ёпиб қўйишди…

0

 

Уйи бузилиб, давлатдан бир тийин ҳам пул ололмаганлар сони икки юз кишини ташкил этади. Жума куни кечаси Урганчнинг «Ашхобод» маҳалласидаги уйи бузилганлар Хонқа туманига олиб борувчи автомобил йўлини ёпиб қўйишди. Бу маълумотни Хоразм вилоят ҳокимлиги матбуот марказидагилар ҳам тасдиқлаган. Норозилик акциясида икки юз нафарга яқин одам иштирок этган.

Одамларнинг норозилигига жиддий сабаб бор албатта. Уларнинг уйини бузишган. Ўртада шартнома тузилган. Шартномага кўра тўланадиган пулнинг ярми уй бузишдан олдин, қолган қисми уй бузилгандан кейин берилиши лозим эди. Бироқ ҳокимият шартнома шартларини бажармаган. Уйи бузилган одамлар ҳануз бир тийин ҳам пул олмаган. Кўпчилик уйи бузилганларга Урганч туманидаги Чандирқиёт посёлкасидан ер участкалари берилган. Одамлар ҳали битмаган ўша уйларда ҳеч қандай шарт-шароитга эга бўлмаган ҳолда, куннинг иссиғида жуда оғир аҳволда яшамоқда.

Тунда норозилик акцияси иштирокчиларининг олдига Хоразм вилоят ҳокими Фарҳод Эрманов келган. У одамларни тинчлантириб, эрталаб албатта яна келишини, барча муаммолар ҳал этилишини айтиб ваъда берган. Шундан кейин одамлар автомобил йўлини очиб юборган.

Шанба соат эрталабки 7: 30-8: 00 дан вилоят ҳокими Фарҳод Эрманов махсус ишчи гуруҳи ҳамроҳлигида ҳар бир уйи бузилган оила билан алоҳида суҳбат ўтказган. Уч кун ичида, яъни, чоршанбагача ҳаммага шартномада кўрсатилган пулларнинг 50 фоизи тўланишига ваъда берган. 10 августга қадар қолган пуллар бериладиган бўлган. Уй бузилгани учун тўланадиган пулдан уй бузилгандан кейин чиқиб келган қурилиш материаллари учун фоиз ушлаб қолинмаслиги белгилаб қўйилган.

Айрим оилаларнинг илтимосига кўра ер участкалари кенгайтириб берилган. Бундан ташқари, оилаларга қум, шағал бепул етказиб берилади. Улар сотиб оладиган қурилиш материаллари эса 10 фоиз чегирма билан сотилади.

Дарвоқе, Хоразмдаги бу тўполондан мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев ҳам хабар топган ва зудлик билан бош вазир Абдулла Ариповга муаммони жойида ижобий ҳал этиш вазифасини топширган. Бош вазир Урганчга учиб борди ва у ерда уйи бузилган оилалар билан суҳбат ўтказди. Расмий хабарларга кўра, бош вазир ташрифидан кейин одамларга уйи бузилгани учун ажратилган компенсация пуллари нақд кўринишда берилибди.

gazeta. uz