ДАРД БИЛМАСНИНГ ДАРДМАНГИНА ЁРИ…

0

 

 

АЛАМИМ КЎП СЕНДА, ЖУВОНМАРГ!..

 

Матлуба ая истар-истамас ўрнидан турди-ю, қуёш аллақачон тиккага келиб қолганини кўриб оғир уф тортиб қўйди. «Оббо, яна намозга туролмабман-ку!.. — ўзича шивирлади у деразадан кўз узмай, — Худо кўнглимга солмаяпти шекилли-да!.. Қуриб кетсин, кўнглимга солган куни ўқирман…» Шундан сўнг оғир гавдасини базўр кўтарганча секин ҳовлига чиқди… Ҳм-м… Ҳовли супурилибди… «Ие, ахлатни тағин бурчакка тўплаб қўйибди-ку, бу отинг ўчгур!..»

— Ҳой, келин!.. — дея бақирди Матлуба ая девор остидаги бир тўп ахлатни оёғи билан титкилаб, — Қаерда қолдинг, ер юткур?!

Марғуба кўча супураётган экан. Қайнонасининг қичқириғини эшитди-ю, бир зумда ҳовлига чопди.

— Ҳа, ойижон, мен шу ердаман… Чақирдингизми?..

— Чақирдим… Чақирмай гўр қилдимми?.. Манавини қара… Бу ахлатни катта холанг келиб тозалайдими-а?.. «Қисир сигир»лигинг бир дард… Ҳеч бўлмаса, ҳовлимнинг корига ярасанг ўлиб қоласанми-а, ўлиб қоласанми?!

— Кошкийди тезроқ ўлсам… — йиғлаб юборди Марғуба, — Ҳаммасидан қутулардим… Қачонгача таъна эшитаман?.. Хизматингизни қўлимдан келганича қилаётган бўлсам… Жонимдан тўйиб кетдим-ку, ойижон!..

— Ҳе, жонингдан тўймай ҳар нарса бўл!.. Яна менга тилини бир қарич қилиб гапирадиям!.. Гапиргилигинг борми сени, қисир?! Ҳали ўғлим келсин…

Марғуба ортиқ ҳеч нарса демади. Қайнонаси титиб ташлаган ахлатни қайтадан тўплаб куракка олди-ю, йиғлаганича кўчага чиқиб кетди.

 

ЖАНЖАЛНИНГ БОШИ КИМ?..

 

Матлуба ая пича бўлса-да, гапириб ташлаб аламидан чиққандек айвонга чиқиб ўтирди. «Бунақа келиннинг бошида ёнғоқ чақиш керак, — хаёлидан ўтказди у қуруқ дастурхонни пайпаслаб кўраркан, — Индамасам, ўғлимнинг этагига бутунлай осилволади шекилли бу қанжиқ… Осилиб бўпсан… Бошингга ит кунини соларман…»

— Ҳой келин, нонушта қани?.. Ё қариган чоғимда ўзим чой дамлаб ичайми?.. Бу келинни нима учун олган эканман-а, нимага олган эканман?!

Марғуба кўз ёшларини арта-арта югуриб-елиб чой дамлади ва эндигина пиёлага чой қуйиб қайнонасига узатган ҳам эдики, Матлуба ая зарда билан унинг қўлини турткилаб юборди. Пиёла хонтахтага тушиб чил-чил синди.

— Сени ҳаром қўлингдан чой ичиб томоғим тушсинми?.. — тўнғиллаб берди Матлуба ая, — Чойни дамладингми, бор, ишингни қил!..

— Нонушта қилиб олсам…

— Нима?.. Индамаган сари ҳаддингдан ошавераркансан-да-а?! Шу бугундан бошлаб туғмагунингча бир тишлам нон емайсан, тузукми?.. Сени бу уйда ҳеч ким сўқимга боқаётгани йўқ…

Юраги зардобга тўлган Марғуба нима дейишни билмай каловланиб қолди. «Ахир… Бу яна нимаси?.. Қандай хўрлик бу?.. Шунча хизматини қилиб бир бурда нонга тишим ўтмаса…» Марғуба секин ўрнидан туриб хонасига кирди-ю, бир зумда кийиниб чиқди.

— Ҳа-а, ясан-тусан қилиб қаерга йўл олдинг?.. — ўтирган еридан туриб қичқирди Матлуба ая.

— Ойимникига…

— Нима?.. Бекорни бештасини ебсан… Қани, хонангга кир!.. — Матлуба ая ҳассасини қўлига олиб келинига яқин келди-да, оёғи аралаш ниқтади, — Кир, дедим яхшиликча!.. Ойисиникига эмиш-а?! Нон егинг келса, ана, мендан ортганини ейсан…

Марғуба бу кекса аёл билан тортишиб ўтиришни ўзига эп кўрмай яна хонасига қайтди ва эри Ҳошимжонни кута бошлади.

 

СУЙМАГАНГА СУЙКАЛМА!

 

Ҳошимжон аслида Марғубага севиб уйланган эмас. Холалари топиб беришган. Қолаверса, ойиси: «Узоқ бўлсаям, қариндошлик жойи бор экан… Бундан яхшисини тополмайсан…» деб қисталанг қилавергач, розилик беришга мажбур бўлганди. Аммо беш йилдан бери фарзанд кўрмай ўртоқларининг олдида тили қисилиб қолди. Ҳар эсига тушганда бу хотинни тепкилаб ташлагиси келавериши ҳам шундан. Айниқса, тенгқурларининг бийрон тилли болаларини кўрганда ич-етини ейди, нафаси ичига тушиб билинар-билинмас боши эгилади. Нима қилсин?.. Қандай йўл билан ажрашсин?.. Бу сурбет ўзи билиб кетмаса…

Ҳошимжон кунботарда бозордан қайтиб эндигина ўз хонасига йўл олган ҳам эдики, уни айвонда ястаниб кутаётган Матлуба ая чақириб қолди.

— Ҳой, Ҳошимжон!.. У ёққа кирма!.. Аввал мени олдимга кел, гап бор!..

Ҳошимжон ҳайрон бўлиб айвонга келиб ўтирди.

— Нима гап, ойи?..

— Э, анавинингни айтаман-да!.. — Матлуба ая ўғлининг хонасини кўрсатиб жаҳл билан гап бошлади, — Ўлар бўлсам ўлиб бўлдим бунингни дастидан… На ҳовлидаги ишларни ёлчитса, на хотин бўлиб туғишни эпласа… Тағин, гапирсам, менминан тенгма-тенг олишадиган чамаси бор бу қанжиқни…

— Ие, ҳали… Сизминан олишяптими?.. — Ҳошимжон зарда билан ўрнидан турди-ю, ичкарига кириб кетди. Бироздан сўнг уй ичида ниманингдир тарақлаб отилгани, Марғубанинг ув тортиб йиғлаши эшитилди.

«Ўл-а, бу кунингдан баттар бўлгин! — пичирлади Матлуба ая қулоғини динг қилиб, — Сени адабингни ўғлим бермаса, мени кучим етармиди?.. Кирай-чи, тағин ўлдириб-нетиб қўймасин тушмагур…» У ўғлининг хонасига кириб келганда Ҳошимжон хотинини аёвсиз тепкилар, оғриққа чидолмаган Марғуба унинг оёғига ёпишганча йиғлаб ёлворарди. Эри уришни бас қилавермагач, Марғуба унинг қўлини бир амаллаб ушлаб қолди-да, жонҳолатда тишлади ва тишлаганича тураверди.

— Қўйвор!.. Қўйвор деяпман сенга!.. — Ҳошимжон жон аччиғида бақира бошлади. Лекин қанча уринмасин, қўлини тортиб ололмасди.

— Дазмолни ол!.. Ана, қизиган дазмолни бос орқасига!.. — Матлуба ая ўғлини ҳам кутиб ўтирмай, токка уланган дазмолни ўзи бориб олди-ю, чопиб келиб келинининг белига босди. Дазмолни то Марғубанинг ҳайқириғи тиниб ҳушидан кетмагунча тортиб олмади.

 

ҲАДИК

 

Марғубанинг аҳволи она-болани анча чўчитиб қўйди. Икковлари ҳам елиб-югуриб куйиб, қонталаш ҳолга келган белига дори қилишди. Келин инграган сари Матлуба аянинг юраги ҳовлиқди. «Ишқилиб, бировга гуллаб қўймасин-да,ер юткур!.. — Ҳар сафар кўнглидан ўтказарди у, — Нақ шарманда бўламиз-а!..» Аммо Марғуба атиги уч-тўрт кунгина келиндек яшади. Сал ўзига келиб яралари бита бошлагач, жигар қисмида қаттиқ оғриқ сезди, қур-қур кўнгли айниб, қайт қила бошлади. Оғриқ кундан-кун кучайса кучаярдики, пасанда бўлмасди. Устига-устак, она-бола унинг устидан эшикни қулфлаб қўйишган, фақат кунда бир мартагина эшикни очиб, қолган-қутган овқатларни остонада қолдириб кетишарди, холос.

— Ўғлим, — деди бир куни кечқурун келинининг аҳволидан саросимага тушиб қолган Матлуба ая, — Бунингни отасиникига йўқотиб келмасанг бўлмайди шекилли… Ўлиб-нетиб қолса нима қиламиз?.. Аҳволи жа оғир, болам…

Ҳошимжон уйи тарафга бепарво қараб ўйчан жавоб қилди:

— Ўлса осонроқ қутулардим, ойи… Уйига оборсам яна гап-сўз кўпаяди-да!.. Адасини биласиз-ку!..

— Йў-ўқ… — ўғлининг сўзини кесиб ташлади Матлуба ая, — Обор уйига, нима бўлса ўша ерда бўлсин!.. Миршабма-миршаб югуришга кучим йўқ мени…

Ҳошимжон ойисининг гапи билан Марғубани алдаб-сулдаб кийинтирди. Кейин… Ҳар эҳтимолга қарши… Ойиси учун, ўзи учун узоқ вақт кечирим сўради… Дард ичида ўртанаётган Марғуба нима қилсин?.. Бир томони жон оғриғи, бу ёғи эрининг дафъатан қаршисида гуноҳкорларча бош эгиб туриши кўнглини бўшатиб юборди. У ҳеч нарса деёлмай Ҳошимжоннинг елкасига бошини қўйган кўйи ҳўнг-ҳўнг йиғлар, бу «мулозамат»лар шунчаки йўлига эканини сира-сира билмасди.

 

МЕҲРНИ МЕҲРИ БОРДАН СЎРА

 

— Вой, мен ўлиб қўя қолай!.. Ҳа, қизим, сенга нима бўлди?.. — Соҳиба опа озиб-тўзиб бир ҳолатда кириб келган Марғубани қучоқлаб диванга ётқизди. — Ё эринг ёмонроқ уриб қўйдими-а?.. Нега ўзи кўчадан қайтиб кетди?..

— Ургани йўқ, ойи, — дея олди зўрға Марғуба кўксини чангаллаб, — Шунчаки… Мазам бўлмаяпти…

— Ўлсин-а!.. Аксига олиб аданг ҳам ишдайди… Мен дарров дўхтир чақира қолай-а?..

Марғуба ҳатто дўхтирларга ҳам калтак егани ҳақида лом-мим демади. Зарур анализларни топширгач, уни аёллар шифокорига ҳам текширтириб кўришди… Йўқ… Йўқ… У сира кутмаган эди… Бундай бахтга муяссар бўлишини хаёлига ҳам келтирмаган… Шифокор аёлнинг кутилмаган гаплари Марғубанинг кўнглини тоғдек кўтариб юборди.

— Синглим, сиз… Ҳомиладор экансиз-ку!.. — деди кулиб шифокор аёл, — Тахминан икки ойлик бўпти… Аммо ё оғир нарса кўтариб қўйгансиз, ё қаттиқроқ йиқилгансиз… Яна бир-икки кун келмасангиз бола тушиб қолиши ҳам ҳеч гап эмасди… Сақланишга ётишингиз керак…

Бу янгиликни эшитиб туриб Марғуба гўё танасидаги оғриқни ҳам, кўнгил айнишини ҳам унутди. Ортга қайтгач, ҳар томонини ўйлаб жигарига аниқ ташхис қўйган врачга ялинди:

— Жон дўхтир, бу эр-хотин ўртасидаги доимий жанжал, холос… Ҳаммаси шу… Фарзандсизликдан бўлувди… Энди туғарканман-ку!.. Уйдагиларимга калтак еганимни айтмай қўя қолинг, оилам бузилиб кетмасин…

— Эҳ, сиз, — норози бош чайқади врач, — кўнгилчанлик ҳам эви билан-да!.. Сал бўлмаса ўлдириб қўйишаёзибди-ю, сиз оилам дейсиз… Майли, сиз айтганча бўла қолсин… Энди ётиб дам олинг… Ҳозир ҳамшира куйган ерингизга дори қўяди…

Ўша кеча Марғуба кўз юммади. Йўқ… Оғриқдан эмас… Хаёлан ҳали туғилмаган фарзанди билан дардлашиб чиқди. Қур-қур ёнидаги кароватда унга безовта тикилиб ўтирган ойисига жилмайиб қўйди… Чунки у бахтиёр эди…

 

АДАШДИМ-А, АДАШДИМ

 

Марғуба касалхонада икки ойдан ортиқроқ даволанди. Бу орада қорни ҳам анча билиниб қолди… Яхшиям, ота-онаси бор экан. Бетиним ҳолидан хабар олиб туришди. Лекин… Ҳошимжон бирон марта бўлсин қорасини кўрсатгани йўқ… Ҳа, майли… Марғуба буни хижолатпазликка йўйди… «Ҳали борай, қилмиши учун бир уялтирмасамми…» дея холис ният қилди. Касалхонадан чиқадиган куни ойисига ялинди:

— Ойижон, мен тўғри уйимга бора қолай… Юрагим ҳовлиқиб кетяпти…

— Борарсан ўша уйга, — деди норози оҳангда Соҳиба опа қовоғини уйиб, — Қочиб кетмас… Аввал бир-икки кун бизникида ётиб сал ўзингга келгин, қизим…

— Йўқ, ойи, худо хоҳласа куёвингизминан келамиз…

Соҳиба опа юраги ғаш тортганича қолаверди. Марғуба эса то Қумлоққа — келинлик ҳовлисига етгунча ҳам ширин хаёллар суриб чарчамади. Бундан икки ой бурун кўрган кунларининг барча-барчасини унутди. Энди, мана энди ҳаёти яхшиланиб кетишига ишонди…

Манзилга етгач, юраги қувончдан гуп-гуп уриб секин дарвозага яқинлашган эдики, ичкаридан қўлида супурги ушлаган, худди келинчаклардек кийинган ёшгина жувон чиқиб қолди.

— Келинг, сизга ким керак эди?.. — ҳайрон бўлиб сўради у Марғубага бошдан-оёқ разм солиб чиқаркан.

— Ўзингиз… Ўзингиз ким бўласиз?..

— Менми?.. — Жувон бироз уялиб ерга қаради, — Мен… Шу хонадоннинг келини бўламан…

Марғуба миясига кимдир гўё тош билан ургандек қалқиб кетди… Шунда ҳам сал ўзини йиғиштириб, «келин»ни саволга тутди:

— Ҳошим ака… Уйландими?..

— Ҳа, бир ой бурун тўйимиз бўлган… Опажон, кечирасиз-у, сизни таниёлмадим-да!.. Қариндошларимисиз ё танишларимисиз?.. Уйга кирсангиз бўларди…

Марғуба жавоб бермади. Худди биров ҳайдаётгандек кескин орқага бурилди-ю, тез-тез юриб, келган томонига кета бошлади. У шу тобда аламдан, фақат аламдан тиззалари букилиб, силкиниб-силкиниб йиғлар, ҳомиладорлигини айтишга улгурмагани, туғилмаган боласи бебахт бўлиб қолаётгани учун яна ўзини-ўзи койирди…

Олимжон ҲАЙИТ