ШАЙТАНАТ… (118-қисм)

0

 

 

* * *

 

Жалил югуриб келдию ҳе йўқ, бе йўқ Ҳайдар пакананинг юмшоқ ерига тепиб қолди. Пакана ўгирилишга ҳам улгурмади — ичкарига қараб мункиди. Жалил эса унинг энса сочларидан маҳкам чангаллаганича турғизиб, ҳовли томон тортди-да яна бир-икки тепиб кўчага чиқариб ташлади. Овоз чиқариб сўкмади, Ҳайдар пакана ҳам «нега тепасан!» деб дағдаға қилмади. Манзура худди гуноҳ устида қўлга тушгандай, иснод ўтида ёниб ичкари кириб кетди.

Жалил Ҳайдар пакананинг узоқлашишини кутиб турди-да, сўнг ҳовлига қайтиб, ҳудди ҳеч қандай воқеа юз бермагандай:

— Манзура, тезроқ бўлларинг, қорин таталаб ноғора чалиб юборди! — деди. Бу гапни меҳрибон ака овозида айтди. Унинг назарида бу оҳанг Манзурага далда бериши лозим эди. Аммо ичкарида титраб турган жувонга ҳар бир сўзи тўқмоқ каби зарба берганини билмади.

Асадбек қайтгач, Жалил айтадиганлари Манзурага жабр бўлишини англаб, машмашани маълум қилмади. «Урса хотинини бир-икки урарди, аммо бу паканани йўқотарди», деб бу иши учун ўзини кейинроқ койиди.

Эски ҳовлига қадам босишдан олдин Жалилникига хавотир билан қарайдиган бўлиб қолган Ҳайдар пакана Асадбек янги уйга кўчгач, бу ҳавотирдан қутулди. Жалил ҳам ўртоғини назорат қилишдан тийилди.

Жалил Кесакполвоннинг барча қилиқларини билганида ошнасига жумбоқли савол айтиб, виждон ҳақида гапириб ўтирмасди. Ўшанда Асадбек «икки гапингнинг бирида «ошнанг одам эмас», дейсану виждондан масала сўқийсан. Агар одам бўлмаса, унда виждон нима қилади?» демоқчи бўлдию «арининг уясини кавламай қўя қолай» деб фикрини тилга кўчиришдан тийилди.

Чувриндининг ўлимидан сўнг Асадбек ҳасрат дастурхонини ёйиб гумонини айтсами, Жалил эски пахтани чувиган мисол барча танбеҳу дашномларини бир-бир эслатиб «ана энди эсинг кирганга ўхшайди. Лекин кечикиб кирган эснинг фойдаси бўлармикин? Шу паканангнинг разиллигини билишинг учун яқин одаминг-нинг ўлимини кутишинг шартмиди?

Илгарироқ эсинг кирганда шу бола увол кетмасди-я…» деган бўларди.

Кесакполвон Жалилда мавжуд нафратни биларди. Жалил тепмай қўйган бўлса ҳам ундан тепкидан зўрроқ, тепкидан ёмонроқ бир нарсани кутиб юрарди. Айниқса икки ошна холи қолиб гаплашгудай бўлишса, бу томонда Кесакполвоннинг қулоқлари динг турарди.

Қабристонда Асадбек ғазабга тўлган кўзини қадаб «Йўқол!» деганида бир оз чекиндию, Жалил яқинлашиб нималардир деганида хавотирга тушди. Икки ошна қабристондан бирга чиқиб, бирга кетиб, сўнг майит чиқарилган хонадонга қайтиб боришмагач, бу хавотир янада ошди. Ана ўшанда «сал оширворибман, ҳозирча ўлдирмай бошқа чорасини қилиб турсам бўларкан», деб афсусланди.

Кесакполвонда «шу ишни тўғри қилдимми?» деб тарозига солиб фикрлаш одати йўқ эди.

Чувриндининг ўлимидан сўнг бу одатини канда қилиб ўйлаб кўрди. «Бошқа чора»нинг қандай бўлиши мумкинлигини кўп ўйлади. Ноилож ақли охир-оқибат «ўлимдан бошқа чораси йўқ эди», деган хулосада тўхтаб, унга тасалли берди. Виждон азоби нима эканини билмайдиган унинг руҳи бу сафар ҳам безовта бўлмади.

 

***

 

Асадбекни кузатган Кесакполвонда ўзи ҳам тушунмаган бир ҳис уйғонди. Ошнасининг тахтини тезроқ эгаллаш умидида яшаётган бу одамдаги тушунуксиз ҳисни армон демоқ-да мушкул, ҳамдардлик демоқ-да ноўрин. Балки муваққат тарздаги ачиниш демоқ жоиздир? Ҳа, воқеан шундай. Кесакполвоннинг назарида Асадбек ўғилларини олиб келиш учун эмас, Москвада ўзи учун ясаб қўйилган темир тобутга тушиб қайтиш мақсадида кетаётгандай эди. Болалик йилларидан бери яқин бўлиб қолган одамини сўнгги марта тирик ҳолда кўраётгандай эди. Ана шу ачинишга ҳамоҳанг тарзда «шу ишларга қўшилишим шартмиди, бунинг соясида ёмон яшаётганим йўқ эди-ку?» деган умри қисқа фикр туғилиб, ўлишга ҳам улгурди. Асадбек хасталанганда унинг тузалиб кетишини истаган одам энди ошнасининг темир тобутда қайтишини хоҳларди. Ана шу хоҳиш ачиниш ҳиссини бўғиб қўя қолди.

Жалил айтмоқчи, Кесакполвонда виждон бўлмаса-да, унда ўғриларга хос зийраклик мавжуд эди. Ўғри учун виждон, адолат, меҳр деган фазилатлар ортиқча юк, буларсиз бемалол ҳаёт кечиравериши мумкин, бироқ, зийракликсиз яшай олмайди. Чувриндининг ўлимидан сўнг ана шу зийраклик яна бир фойда берди: ошнасининг кўнглидаги гумонни сезиб, этагини ёпиб олиш чорасини қилиб қўйди — биринчи галда Хумкаллани йўқотди.

Чувриндининг ҳовлисида Асадбекнинг безовта назари Хумкаллани излаётганини сез- дию, эртасига ўзи гап очиб:

— Даюснинг боласи кўринмайдими? — деб Асадбекдан сўради.

Асадбек «Даюснинг боласи ким?» деган маънода қараб қўйди.

— Хумкаллани айтаман. Кеча ҳам кўринмади. Уйига бола юборувдим, милиса ҳам суриштириб келганмиш. Бир ишкал чиқардими дейман. Сен иш-пиш буюрмовдингми?

Асадбек бу саволдан ажаблангандай аъёнига тикилди. Унинг гумони бўйича, агар Маҳмудни Кесакполвон ўлдиртирган бўлса, бегонанинг эмас, ўз яқинларидан бирининг қўли билан қилади бу ишни. Бунақа ишда қотил — асосий гувоҳнинг яшамоғи мумкин эмас, сирни ўзи билан бирга нариги дунёга олиб кетиши шарт. Кесакполвон тағин ҳам марҳамат қилди — Хумкаллага яна бир кун яшашга имкон берди. Қотил йўқотилгач, изини ҳам ёпиш керак. Милиса «КамАЗ»нинг ҳайдовчисини эрталабга қолмай топиб, қамаб қўйган. Бўкиб ичган ҳайдовчи мастликда «КамАЗ»ни кимга, неча шиша ароқ эвазига сотиб юборганини эслолмади. Хумкалла милисага керакмас, унинг ўлигини ҳам, тиригини ҳам қидиришмайди. У Асадбекка керак. Қотилнинг хожаси бўлмиш Кесакполвон буни билмайдими? Балони ҳам билади у. «Хумкалланинг изини йўқотиш учун шу найрангни ўйлаб топдими? — деб ўйлади Асадбек. — Менинг кавлаштиришимни билади, бу хунаса. Хумкалланинг уйига милиса юбортириб ишни пухталаб қўйгандир… Қизиқ, бу илгари ҳам без бўлиб қараб турармиди ё энди шунақа бўлиб қолдими?»

Асадбек аъёнига бир оз тикилгач, афсусланган одам каби уф тортиб, бош чайқади-да:

— Болларинг бебош бўлиб кетди. Жиловни жа-а бўш қўйвординг, — деди.

Кесакполвон ҳам афсусланган одам каби иягини кафти билан силаб:

— Мен эмас, — деди. — Бек, хафа бўлмагин-у, Маҳмуд бўш қўйворди. Майли, ер етказмасин-у, лекигин, кўнгли бўш бўлиб қолувди укахоннинг. Сенам сезмай юрдинг, бир иш буюрсанг охирига етказмасди. Мен билардиму, жаҳлинг чиқмасин, деб айтмасидим. Укахон шу Хумкаллага дўхтирни қурит, деб топширган экан, — Кесакполвон шундай деб Асадбекка синовчан боқди. Хожасининг юзларида ўзгариш сезмагач, осойишта оҳангни ўзгартирмаган тарзда давом этди: — Хумкалла ўлдирмабди ўша дўхтир болани. — Бу гапдан сўнг Асадбекнинг қошлари хиёл чимирилди. Кесакполвон буни сезмаган каби гапидан тўхтамади: — Уни яшириб қўйибди.

Ўзим ҳам бугун билиб қолдим.

— Кимдан эшитдинг? — деб сўради Асадбек юзини тескари буриб.

— Толмас айтди, — деди Кесакполвон.

— Толмасинг ким?

— Чойхонадаги қозимиз бор-ку, ўша. Маишат устида Хумкалла ёрилибди-да, ярим кечада майда-чуйда қилиб боришибди ўша дўхтир яшириниб ётган жойга. Нима қилай, болаларга айтайми, дўхтирни тинчитиб келишсинми?

— Йўқ, — Асадбек шундай деб яна унга қаради. — Тегмаларинг. Бўлди, яширинмасин. Ўтган гап ўтди. Ишини қилиб юраверсин.

Асадбекни кузатиб келаётганида Кесакполвон мана шуларни бир-бир эслади. Хожасиниинг тикилиб қолиши, қошларининг билинар-билинмас чимирилиши, юзини тескари буриб олиши… буларнинг барчаси унинг хотирасига муҳрланган эди. Салкам қирқ йилдан бери ёнида юрган одам хожасининг тик қараши, қошларининг чимирилиши ва оқибат юзларини буриб олиши сабабини билмас эканми?

Асадбекка «Ўқилон» деган лақабни Кесакполвоннинг ўзи берган эди. «Сен чақмайсан-у, лекин товондан тешиб кириб, мияни ўпириб чиқиб кетасан», деган ҳазил билан бошланган гап оқибатида Асадбекка «Ўқилон» деган ном тожини кийдирган эди.

Чувринди уларнинг бағридан иссиқ макон топган дастлабки ҳафталарда бу лақабдан ажабланиб:

— «Кобра» дейилгани яхшимасмиди, ё «Анаконда»ми?.. — деб сўраганда Кесакполвон:

— Кўзойнакли илонинг чақишдан олдин лунжини шишириб ҳунар кўрсатади, тебраниб тураверади. Иложини қилиб уни тинчитиш мумкин. Бўғма илонинг ҳам хатарли эмас. Лекигин ўқ илон қачон ташланишини билмайсан. Бек аканг ҳам шунақа. Калласида қанақа мўлжал бор, кимга ташланади, қачон товонни теша-ди — билиб бўлмайди. Сен ундан мана шу одатни ўрган. Мен минг ўрганай дедим-у, эплолмадим. Табиатим бошқа менинг…

Кесакполвон уйга қайтатуриб шу воқеани ҳам эслади. У Чувриндининг ўлими туфайли Ўқилоннинг талвасага тушажагини ҳисобга олган эди. Бирга бўлган йиллари давомида у Асадбекнинг ғашини келтирадиган, жаҳлини чиқарадиган ишларни кўп қилди. Бу ишлари хожасининг қаҳрли қараши ёки болохонадор сўкишлари билан ёпди-ёпди бўларди.

Чувриндининг ўлимини ўша ишлар сирасига киритмаса-да, хожасини ларзага солувчи катта фожиага айланар, деб ўйламовди. Фожианинг заминида тахт талашиш масаласи ётмаганида, бу ишлардан Хонгирейнинг совуқ нафаси ке-либ турмаганида балки Кесакполвоннинг мўлжали аниқроқ чиқарди. «Бек, жон ошнам, аҳмоқлик қилдим, кечир», деса Асадбек балки узрини қабул қиларди.

Кесакполвон адашганини жаноза куни, қабристонда эканида англаб қолди. Англади-ю, думи босиб олинган Ўқилон энди товонини тешажагини фаҳмлаб чўчиди. Кейинги кунларда эҳтиёт чораларини қилиб юрган бўлса-да, кўнгил безовталиги кучайса кучайдики, аримади. Шу боис ҳам хожасининг темир тобутда қайтишини жуда-жуда истади. Назарида айнан шу тобут унинг халоскори эди.

У яна эҳтиёт чорасини қилиб, идорага бормай, телеграфга кириб Хонгирейга қўнғироқ қилди. Янгиликдан огоҳ этиб қўйиш баҳонасида Термиздан мол олиб, Самарқанддан кузатилган меҳмонларнинг эсон-омон етиб олганлари билан қизиқиб, бу хизмати эвазига янги хўжайинидан олқиш олишга умид қилган эди. Олқиш ўрнига «ҳа, бўпти» деган ланж жавобни эшитгач, кўнгил ғашлиги кучайди. Кўчага чиқиб, қўлларини шимининг чўнтагига тиққанича бир оз ҳаракатсиз турди. Идорада қиладиган иши йўқ — боргиси келмади, кўнгил маишатни ҳам истамади. Ҳатто ичишни хоҳламади. «Би-ир ичсаммикин?» деган фикр хаёлига келиши билан кўнгли айниди. Камдан кам содир бўлувчи бу ҳолатидан ўзи ҳам ажабланиб, беихтиёр равишда сигарет тутатди.

Кесакполвоннинг кайфияти бузилганини сезган Қози машина эшигини очди-да, бир оёғини ерга қўйиб «Ҳузурингизга борайинми, хўжайин?» деган маънода қаради.

Кесакполвон сигарет тутунини бир-икки чуқур-чуқур тортгач, охиригача чекмай четга улоқтирди. Сўнг нимадандир хавотирланган одам каби ён-атрофга аланглаб олдию, машина сари юрди.

— Ака, бир хуморбосди қиламизми? — деб сўради Қози меҳрибонлик билан.

— Хуморбосдими? — Кесакполвон шундай деб яна беихтиёр равишда чўнтагидан сигарет чиқариб, лабига қистирди. — Сен бола, ўпкангни бос. Хумор дейдия…

Қозининг бу меҳрибонлиги болохонадор «ширин сўкиш» билан тақдирланди. Қайси айби эвазига бундай олий мукофотга эришганини англамаган Қози машина моторини ўт олдирди-ю, «қаёққа юрай?» деб сўрашга ботинмай, хўжайинига қаради.

— Юрмайсанми? — деди Кесакполвон асабийлашиб.

Қози машинани жойидан жилдирди-да, бомба устида ўтирган одам каби хавотирланиб, қайси томонга юриши кераклигини сўради. Кесакполвон жавоб беришдан аввал яна боягидек қўполдан қўпол сўкиниб олиб, сўнг:

— Уйга ҳайда, — деб амр этди.

Шундан кейин бир неча дақиқа ундан садо чиқмади. Машина трамвай йўлини кесиб ўтиб унинг кўчасига бурилганда, Кесакполвон Қозига қараб:

— Бек аканг сендан ҳеч нима сўрамадими? — деди.

Кесакполвон кеча ҳам шу саволни бериб «йўқ» деган жавобдан қониқмаган эди. Шу сабабли Қози «Кеча сўровдингиз…» деган маънода хожасига бир қараб олди.

— Нега қараяпсан? — деди Кесакполвон зарда билан. — Акахонимнинг мияси ачиб қолибди, кечаги гапини яна сўраяпти, демоқчимисан?

— Худо урсин, хўжайин, бунақа гап калламга келмади.

— Калланг бўлса келади-да… Ҳали буфетда нега имлаб чақирди?

Кесакполвон йўл ҳақи тўлаётганида Асадбек қаҳва ичиш баҳонасида буфетга ўтиб Қозини имлаб чақирди. Унинг Қозига айтадиган зарур гапи йўқ эди. Айниқса Хумкалладан гап очиб буларнинг пайтаваларига қурт туширишни истамаганди. Шунчаки «Бўтқа билан биллалашиб Зайнабнинг уйидан хабардор бўлиб турларинг», деб тайинлаган, гапириш чоғида эса Кесакполвонга ўғринча қараб олган эди.

Асадбекнинг ўзи фақат яқин олган одамларигагина бир иш буюрарди. «Бек ака, буюринг», деб илҳақ турувчи йигитлар вазифани аъёнлар орқали олишарди. Бу одатдан бохабар бўлган Қози Бек акасининг шахсан ўзидан «махсус топшириқ» олганидан мамнун бўлди-ю, орадан кўп ўтмай бу масалада хожасига ҳисобот бериши лозимлигини фаҳм этмади. Қанчадан қанча одамнинг тақдирини ҳал этиб келган унинг ақли катта хўжайин билан кичиги орасида пинҳона уруш очилганини англаб етишга қосирлик қилди. Шу сабабли каттанинг топшириғини кичигига оқизмай-томизмай етказмоқ вазифаси борлигини билмай, ғазабли нигоҳга дуч келди. Ғазабли нигоҳ ундан ўзини оқловчи баҳона эмас, аниқ жавоб кутарди. Қассоб бир оз довдираган ҳолда Бек акасидан эшитган гапни айтди-да, «Шу ҳам катта айбми?» дегандек Кесакполвонга қараб олди.

«Куёви касалхонада ўламан, деб ётибди. Қизи уйда бўлса… Қаровсиз ҳовлининг нимасини пойлайди?» Кесакполвон топшириқдан кўзда тутилган мақсадни англамай:

— Шунинг ўзими? — деб сўради.

— Бошқа ҳеч нима демадилар.

— Хумкаллани сўрамадими?

— Сўрамадилар.

«Қизиқ, нега сўрамади? Гумонини ҳақиқатга айланишини истаса сўраши шарт эди. Мен ўзим вос-вос бўлиб қолдимми? Ундан бекорга хавотирланяпманми? Э, йў-ўқ… унинг кўзлари мени алдолмайди. Кўзига қараб, ичида нима ёнаётганини шу пайтгача билмай юрсам, ғирт аҳмоқ бўлардим. Хумкаллани барибир бу боладан сўрайди. Дўхтирни ҳам тинч қўймайди. Бекорга «тегмаларинг», демади. Ҳали сайратади уни…»

Машина Кесакполвоннинг дарвозаси қаршисида тўхтаганида томчилаётган ёмғир жалага айланди. Болохонадаги йигит чаққон тушиб дарвозани очгач, Қози машинани ичкари ҳайдаб кириб, чап томонга тақаб тўхтатди. Йигит илдам юриб келиб, олд эшикни очди. Кесакполвонга унинг бу иши ёқмай, ўқрайди-да, эшикни зарда билан тортиб ёпди.

— Хумкаллани сўраса нима дейсан?

— Ўзингиз тайинлаган гапни айтавераман-да.

— Қани, айт-чи?

— Шу… уч-тўрт кун олдин маишат қилганимиз, кечаси дўхтирни йўқлаганимиз…

— Дўхтир қаёқда эди?

— Буни айтмовдингиз, хўжайин?

— Бек аканг сўраса ҳам шунақа дейсанми, э эшак мия! Сен дўхтирни топ.

— Хўп, хўжайин.

— Қаёқда писиб ётганини уйидагилар билар.

— Бу ёғини қойил қиламиз, ҳаммаси бехит бўлади.

— Менга қара, шу дунёда миллион дўхтир бормикин?

Қози елка қисди. «Хўжайин, санаб чиқ, десангиз санаб чиқаман, лекин ҳозир аниғини билмайман», дегандай қараб тураверди. Кесакполвон унга боқмаган ҳолда, ўзига ўзи гапиргандай давом этди:

— Миллион дўхтирдан биттаси қуриса дунё камбағаллашиб қолмас, а? Нима дейсан?

Қози хўжайинининг мақсадини англаб ишшайди:

— Хўжайин, асли ҳисоб-китобни тўғри қилиб қўйиш керакмикан? Дўхтирнинг сони битта кўп экан?

— Унақада Бек аканг келгунича ҳисобни тўғри қилиб қўй.

Кесакполвон шундай деб эшикни очди-да, машинадан тушиб уй томон юрди.

Хизматга маҳтал йигит эса қўлларини қовуштирганича ўзини четга олди. Қози ҳам машинадан тушиб калитни йигитга узатди-да, «ўртага олиб, яхшилаб арт», деб буюргач, болохонага чиқди.

 

***

 

Меҳмон кутишга мўлжалланган катта хонанинг ойнаванд томондаги оромкурсиларни банд этган Кесакполвоннинг хотини, қизи, куёви ва хос сартарош карта ўйинига шу даражада берилиб кетган эдиларки, ҳатто эшикнинг очилиб-ёпилганини ҳам сезмадилар.

Кесакполвон остонани ҳатлаб ўтиб, уларга бир оз қараб турди. Қайнона билан куёв, Моника билан сартарош шерик бўлиб, бир-бирларини енгмоқ қасдида қарта ташлашарди.

Пастак столнинг четидаги оғзи очиқ коняк, биллур қадаҳчалар ҳам Кесакполвоннинг назаридан четда қолмади. Аввалига бақириб, сўкиб бергиси келди. Лекин шу онда қулоғига кимдир «биринчи марта кўраётганинг йўқ-ку, буни» деб шивирлагандай туюлиб, ғазабини ютгандек бўлди. «Ютгандек бўлди», демоғимиз сабаби бор: Кесакполвон бош кўтарган ғазабни ноумид қайтарувчи номардлардан эмас. Ҳозир ҳам одатига хиёнат қилмади. Ғазаб ўқларини сал қиялатиб, куёви томонга отди:

— Вей, менга қара, куёв бола, сенинг уй-пуйинг борми, хотининг билан уйингда ўтирсанг ўласанми?

Тўсатдан янграб, магнитофондан таралаётган мусиқа товушини босиб кетган бу овоздан тўрттовлари ҳам чўчиб тушишди. Моника бармоғида қистириғлиқ сигаретни шошиб кулдонга ташлади-да:

— Ой, папул келди, — деб ўрнидан турди. Бунақа бақиришларга кўникиб кетган куёв ҳам эриниб, қўзғолди. Моника тез-тез юриб келиб дарғазаб отасини қучоқлади.

Кесакполвон жаҳли чиққанини яна бир карра таъкид этмоқ мақсадида қизини одатдагидай ўпиб, эркаламади.

— Папул бугун вне настроенияда, — деди Моника аразлаб.

— Папанглар чарчаганлар, — Кесакполвоннинг хотини шундай деб унга яқинлашди:

— Ҳа, адаси, тинчликми?

Кесакполвон хотинига ўқрайиб қараб, хонаси томон юрди.

— Ҳай, адажониси, бир минутга тўхтанг, у нас новости. Ленинградда парикмахерларнинг международний виставкаси бўлаётган экан.

— Виставка эмас, конкурс, — деб изоҳ берди сартарош.

— Ну да, конкурс. И шу конкурсга Гогик бориши керак.

— Борса ана катта кўча, қўлидан ушлаб турганим йўқ, — деди Кесакполвон минғирлаб.

— Как это «катта кўча»? Бу простой конкурс эмас, международний ахир. И Гогик победител бўлиши керак. И Моника ҳам бориши керак Ленинградга.

— Ҳа, қизинг ҳам сартарош бўлиб қолдими?

— Ну зачем, адажониси, Гогик Мониканинг сочини прическа қилади.

Кесакполвон «Бор-е!» дегандай қўл силтаб, хонасига кириб кетди. Диванга ёнбошлаган чоғида эшик очилиб, юзини буриштирган Моника кўринди.

— Папул, кетаверайми? — деди у остонада турганича.

Аразчи қизининг чўччайган лабларига кўзи тушган Кесакполвоннинг қаҳри бир оз юмшаб:

— Ленинградгами? — деб сўради.

— Уйимга! — деди Моника пўписа оҳангида. — Между прочем, биза кўчада қомаганмиза. И слава богу, уйимиз бор. Просто силага скучна бўлмасин, деб келамиза.

Энди скучат қилсангиз ўзийз бориб кўрасиз.

— Оббо, бўлди, шунга ҳам аразми? Ойинг сени гармдорининг устига туққан-да, а, асалим, — Кесакполвон туриб келиб қизини ёноғидан ўпди.

— Посторонний одамни олдида просто унижат қилиб юборасиз.

— Ҳазиллашдим, қизим, ҳазиллашдим. Посторонний йўқ-ку, бу уйда. Гогикми? У ҳам ўзимизники ҳисоб. Ҳазилимни тушунади.

— Ленинград нима бўлади?

— Ойинг билан маслаҳатлаш, билганларингни қилларинг.

— Мерси, папул, — қизи шундай деб эркаланганича уни ўпди-да, қувноқлик билан изига қайтди.

Кесакполвон қизидан фақат «хўп» деб қутилиши мумкинлигини яхши билгани учун ҳам тезгина таслим бўла қолди. Қизини биров эмас, ўзи эркалатиб ўстирди. Бу ўринда «тарбия қилди», демоқ ножоиз. Чунки отадан яхши тарбия кўрган қиз бундай бўлмас.

Кесакполвон «Нима учун мен эмас, фалончи кучайиб кетяпти?» «Нима сабабдан фалончи мендан бойроқ?» деб ўзини саволга тутарди. Бироқ, ҳеч қачон «нимага фалончининг фарзанди унақаю, меники бунақа?» деган саволни хаёлига ҳам келтирмаган.

Бунақа қарта ўйнаб ўтиришганини энди кўрибдими, ҳозир кайфияти чатоқроқ бўлгани учунгина бақирди. Қизининг сартарош билан Ленинградга бориши ҳам унинг учун аҳамиятсиз бир нарса эди. Агар кайфи чоғ пайтда бу янгиликни эшитганда «Ие, зўр-ку, албатта бориш керак», демоғи шубҳасиз эди.

Кесакполвон диванга чўзилиб, ётган ерида керишди. У шифтдаги нақшларга, деворга чизилган гулларнинг расмига қараб ётишни яхши кўрарди. Номдор наққошни топдириб келиб ишлатишга пулни аямаган эди.

(давоми бор)

Тоҳир МАЛИК

 

loading...