ҲАСАДГЎЙ НИМА ДЕЙДИ?

0

 

 

Ичим ёниб кетяпти. Ўзимни қўярга жой тополмаяпман. Нон чайнасам, бўлаги томоғимга тиқилиб, баттар асабимни бузяпти. Чунки қўшнимнинг тутган иши тинчимни бузди, юрагимга ўт солди. Шуни деб аллақачон тузалиб кетган қалтироқ касалим қўзғалди. Ахир, ўзингиз ўйланг, қўшнимнинг сигири билан менинг сигирим бир кунда ҳомиладор бўлган. Бузоқчаларнинг отасиям бир эди. Аммо уники эгиз, меники эса ёлғиз ғунажинча туғибди. Хўш, қўшнимнинг мендан нимаси ортиқ-а? Ё қўшнимнинг сигири олий табақаданми? Ҳечам, икковимиз битта бозордан олганмиз сигирларни…

Ана, қалтироқ касалим кучайиб боряпти. Шу тобда хотиним гап топиб кепти. Нимаймиш, икки маҳалла нарида турадиган Сўтақулнинг лотореясига бир милён сўм ютуқ чиққанмиш. Нега чиқади? Менам ўша лотореядан сотиб олгандим-ку! Иккаламиз битта пачкани буздириб, танлаб олгандик. Нимага унга ютуқ чиқади-ю, мен қуруқ қолавераман?..

Қалтироқ кал бошимниям титрашга мажбур қиляпти. Нега дейсизми? Ҳеч кимга бесабаб тикон кирмайди. Ўзим қалтироқминан олишиб зўрға ўтирибман-у… Ана, ана, анавини қаранг! Девормиён қўшнимнинг ўғли қилаётган ишни ўзингиз бир кўринг! Саттанг-а косадай-косадай олмаларни узиб-узиб оляпти. Ўтган куни уйига кирганимда олма савилларининг ҳар бирини қизил матога ўраб қўйганди. Менинг киришимни сезган-да баччағар. «Кўзи тегади, ё бир донасини сўраб қолади» деб ўйлаган яшшамагур. Э, ўлиб турганмидим сенинг қуртлаган олмангни ейман деб, ит? Эҳ, мана шу бола ҳозир оёғи тойиб кетиб дарахтдан ерга қулаб тушсайди. Хумордан чиқардим…

Худойим, нега мени бунчалар бахтсиз, омадсиз қилиб яратгансан-а? Тагимдаги анави «Нексия»ни олганимга олти ойдан ошди. Ҳалиям янгисига алмаштириб ололмайман. Уч йил бурун «Жигули» сотиб олган мана шу олмафуруш қўшним эса куни кеча қизил «Эпика» миниб ўтиб кетди. Баллонинг ёрилиб, ярим йўлда қоп кеткур уйимнинг тўғрисига етганда атайин чўзиб-чўзиб сигнал чалиб қўйди. Ҳе йўтал қўйга ўхшаб дирилламай ўлсин ўша сигналинг!..

Қалтироқ тилимга ўтдими? Нимага тилим калимага келмаяпти?.. Ҳа, Мўмин баққол кўчадан ўтиб кетяпти! Нима кўтариб олибди? Қани, девордан яхшироқ мўралаб кўрай-чи!.. Вой оёғинг тойиб инвалид бўп қолгур-ей! Амриқони маҳси кийвоптими? Кечагина эски чориқни зўрға судраб юрганди-ку! Энди пулдор бўп қолдилармикан? Пулинг бошингда қолсин! Хитойга бориб «мол» олиб келармиш. Ҳойнаҳой, кўзи қисиқ бўлгани учун хитойликлар миллатдошга йўйиб «мол»ни арзонроқ берса керак-да! Келволиб, биздақа бева-бечораларнинг ҳамёнини қоқади априс! Э, ўлай агар, шундай қилади! Ана, яқинда машинамнинг тўртта баллонини янгилаб қўяй, тўй-маъракага борсам, ёғин-сочинли кунларда дар қўймасин девдим. Атайин икки минг сўмдан қимматига сотди ифлос! Шундан бери тиззамни ололмаяпман. Ахир, саккиз минг-а, саккиз минг! Шунча пулни ҳавога совураман-у, менинг тиззам оғримай, Мўминники оғрисинми?..

Ўҳ-ў, ким экан у кеч кирганда ҳовлимга йўрғалаб келаётган? Вали фермерми? Нима қилсам экан? Шуни кўрсам, оёқ-қўлимдаги йигирмата бармоқ бараварига қалтирай бошлайди. Биламан, новвосимни сўраб келяпти тағин? Кечагина айтувдим, «Новвос сал анақароқ, сигирларга қарашга ҳоли келмайди, бузоқлигида майиб бўлган» деб тавалло қилувдим. Барибир ишонмабди… Умуман-чи, шундай новвосни бунга ўхшаганларга бериб юбориб аҳмоқмидим? Унинг сигирлари бузоқлаб, пулига пул қўшилса, биз-чи? Оғилхонадаги бор йўғи ўттизтагина бузоқ, қирқтагина қўйни қучоқла-аб қолаверишимиз керакми? Тошини терсин!.. Ана, бармоқларимнинг қалтираши тезлашиб боряпти. Бу «Тезроқ ўзингни жинниликка сол, Соли» дегани!..

Шундай қилсам, фермер дарди ичида орқасига қайтади-ю, кетади. Ўла, кетдингми? Шунақа бўлади! Бу кунингдан баттар бўлгин! Бир умр новвос қидириб кунинг ўтсин илойим!

Вой-до-од! Хотиним тиржайиб келяптими? Вой юрагим, вой буйрагим! Ҳозир жоним чиқиб кетади! Ахир, у ярамас бекорга тиржаймайди? Қайсидир божам ё машина сотволган, ё хотини туққан! Қандай кунларга қолдим? Қандай божаларга, итга ўхшаган қўшнилар, пасткаш фермерларга учрадим-а! Ўлиб қолама-ан!

Олимжон ҲАЙИТ