Ҳикоя: Юракка санчилган сўз

0

Дамир Султонович инқиллаганча ўрнидан тураркан залворли гавдасининг қўзғалишидан ўтирган стули оғир ғичирлаб кетди. У оқ оралаган жингалак сочларини қўли билан орқага тарар экан, чуқур ух тортиб қўйди. Ҳақиқатан ҳам, кейинги пайтларда Дамир Султоновични оёқ оғриғи безовта қиларди.

Дамир Султонович ёқ-бу ёқдан суҳбатлашиб ўтирган эшик оғаси билан хайр-хўшлашди-да, аста ўзи раҳбарлик қиладиган кафедра томон юриб кетди. У кенг йўлак бўйлаб кетаркан, учраган домлалар билан бош ирғаб кўришар, айрим талабаларни кўриб қолса секингина тирсагидан олиб, четга тортганча алланималарни узоқ тушунтирарди.

Шу кўйи Дамир Султонович қора чарм тортилган кафедра эшигига етиб келди. Ҳашаматли дастакни ушлаганча бироз ўйланиб турди-да, ичкарига кирди. Хонада ўтирганлар домланинг ҳурмати учун баравар ўрнидан туриб салом беришди.

Дамир Султонович ўқитувчилар билан бирма-бир кўришиб чиққач, тўрдаги чоғроққина стол ёнига бориб ўтирди. Кейин нималарнидир хаёлидан ўтказганча оғир хўрсиниб қўйди. Катта ўқитувчи Муаззам опа Дамир Султоновичга қайноқ чой олиб келди. Домла каттагина сумкасидан аллақандай қоғозларни олиб, стол устига ташлади-да, хаёлга берилганча чой ича бошлади.

Ўқитувчилар Дамир Султоновичга ҳам ҳурмат, ҳам ачиниш билан қараб туришарди. Ҳурмат қилишмасинми, домлани нафақат институтда, балки бутун мамлакатда яхши танишади. Геология бўйича етук олим, кўплаб   халқаро конференцияларда қатнашиб, ҳатто чет эл олимларини ҳам лол қолдирган.

Ачиниш масаласига келганда… Буни кўпчилик гўё кечагина бўлган воқеадек эслашади.

Олтмиш ёшдан ошган Дамир Султоновичнинг бутун ёшлиги илм кетидан қувиш билан ўтди. Лекин шунга қарамай, домла қариндош-уруғчилигу улфатчиликни ўрнига қўярди. Кўпчиликка аралашиб қолса, суҳбатнинг гули эди. Жаҳон кезган олим эмасми, ҳаммани оғзига қаратиб ўтирарди. Лекин оилада ниҳоятда қаттиққўл инсонлигини кўпчилик яхши биларди. У айтдими, шундоқ бўлиши керак ақидаси унинг хонадонида ҳукмрон эди. Бу ҳақда домлани кўролмаганлар қанчадан-қанча «афсона»лар тўқишгани ҳам бор гап. Хотини Гулсум опа юмшоқ табиатли аёл. Уларнинг бир ўғли ва бир қизи бўлиб, Жавлон ҳам шу институтда ўқиганди.

Лекин домланинг яна бир одати — ўз яқинларига, ҳатто ўғил-қизига ҳам ниҳоятда қаттиққўл, талабчан. Бу воқеага ҳам анча бўлди. Ўша вақтда домланинг ниҳоятда ошиғи олчи, ишлари юришган пайтлар. Кимсан фалон институтнинг ректори. Бир куни ёлғизгина укаси келиб, ниманидир илтимос қилди. Бир оғиз сўз билан шу кичкинагина муаммони ҳал қилиб юборса бўларди. Лекин ундай бўлмади. Илтимос билан келган укасига:

— Эркак кишисан! Бунинг устига укамсан! Биргина шу нарсани деб олдимга бўйин эгиб келдингми? Бу эркак кишига ярашмайдиган нарса-ку! — дея кўпчиликнинг олдида изза қилди. Ўша куни укаси ер ёрилмади-ю, ерга кириб кетмади. Келганига ҳам пушаймон бўлиб ортига     қайтди.

Домланинг аёли Гулсум опа ҳам эрининг феъл-атворини яхши билгани учунми бундай воқеаларга қўл силтаб қўя қоларди. Ўша вақтларда домла хизмат машинасидан фойдаланарди. Аёли билан бир жойда ишлашса-да, ҳатто Гулсум опани ишхонага бирга олиб келмасди. Бир-икки ҳамкасблар ва қўшнилар бу ҳақда домлага ётиғи билан тушунтиришганда, у ҳатто эшитишни ҳам истамай:

— Ҳамма юрган трамвайда ишга қатнаса ҳеч нима қилмайди. Марҳамат, мени ҳам вазифамдан олишсин, ишга пиёда қатнайвераман, — дея жавоб қилган.

Шу вақт эшик тақиллаб, талаба йигитнинг рангпар юзи кўринди. Уни кўра солиб Дамир Султонович ўрнидан ирғиб турди-да, йигитчани ичкарига олиб кирди. У билан ҳол-аҳвол сўрашгач, каттакон кафти билан йигитчанинг озғин елкасини силаганча сўради:

— Тайёрланиб келдингми, Элдор ўғлим? Фақат ҳеч нарсадан сиқилма, фақат тўғрисини айт.

Йигитча бош силкитиб, имтиҳонга тайёрлигини билдирди.

Дамир Султоновичнинг талаба билан ўзаро муомаласини кўриб кафедрадагилар бир-бирига маъноли қараб, бош силкиб қўйишди. Домла хона бурчагидаги стулни олди-да, талабанинг ёнига ўтириб, мулойим овозда йигитни саволга тута бошлади. Имтиҳон топшираётган йигит унинг саволларига дона-дона қилиб, баъзида ўйланиб жавоб берди. Унинг жавобини тингларкан, домла тез-тез бош силкиб тасдиқлар, саволига тўлақонли жавоб олган пайтда эса талабани яхши гап билан рағбатлантирарди.

Унинг бу ҳолатини кўриб атрофдагиларнинг боши эгилган, айримлар эса ичларидан зил кетганча домланинг ҳар бир хатти-ҳаракатини назардан қочирмай кузатиб турарди.

Ниҳоят, домла талабанинг жавобларидан қониқди, шекилли, унинг баҳосини қўйиб, эшиккача кузатиб қўйди. Кейин жойига қайтиб келиб бир нуқтага тикилганича, нималарнидир ўйлай бошлади. Шунда бир нарса ёдига тушди чоғи, ўрнидан турди-да, хайрлашиб портфелини кўтарганча эшикка йўналди.

Муаззам опа домланинг орқасидан қараб қоларкан, астагина «Бечора», дея бош силкиди. Яқиндагина ишга келган Сожида исмли аёл ҳайрон бўлиб унга тикилди. Муаззам опа эса       қайғуга чўккан ҳолда ҳикоясини бошлади:

— Шундай иқтидорли олимнинг қўлига шогирд бўлиб тушганимдан ниҳоятда бахтиёрман. Бу воқеа янги ишга келган йилим содир бўлганди. У пайтларда домла институтни бошқарар, бир вақтнинг ўзида кафедрага ҳам мудирлик қиларди. Ўша йили домланинг ёлғизгина ўғли Жамшид ўқишга кирганди. Ўзингиз биласиз, айрим масалаларда домлада принципиаллик ниҳоятда кучли. Орқаваротдан эшитишимизга қараганда, домланинг ўғли ўз кучи билан институтга кирган экан. Бундан олдин Дамир Султонович уни олдига чақириб, роса сўроққа тутганидан сўнг Жамшид:

— Ўзим ҳаракат қилиб ўқийман, ўқиш жараёнида сиздан ёрдам сўрамайман! — деб сўз бергандан кейингина ўқишга киришга рухсат берган.

Жамшид табиатан интилувчан, ҳатто истеъдодли талабалардан ҳисобланарди. Яхшигина спортчи ҳам эди. Иккинчи курсгача яхши ўқиди. Лекин учинчи курсга ўтганда машғулот вақтида қўли жароҳатланиб, анча вақтгача ўқишга қатнаша олмади. Домла унга нима қилиб бўлмасин, курсдошларингга етишиб оласан, деган талабни қўйди. Оилада ота гапи қонун эмасми, ўша йили Жамшид роса ҳаракат қилди. Кеча-ю кундуз ўқийвериб, озиб кетди бола бечора. Ҳамма фандан топширди. Лекин Дамир Султоновичга топшира олмади. Она эмасми, Гулсум опа ҳам ўша йили ўғлининг бу қийналишини кўриб, чўпдек озиб кетди.

Жамшид домлага бир-икки марта топшириб кўрди. Бошқа ота бўлганда ўғлининг ҳаракатларини кўриб баҳо қўйиб берган бўларди. Лекин Дамир Султонович… Қаёқда? Боз устига бир куни Жамшидга:

— Институтга кираётганингда сен билан гаплашиб олган эдик. Ҳақиқий эркак ўз сўзида туради, — дея дашном берибди.

Отасидан бу гапни эшитиб, Жамшид ниҳоятда сиқилган. Бунинг устига Жамшиднинг аъло баҳоларга ўқишини, юриш-туришини кўролмаган айрим «дўст»лари: «Ўз отаси-ки шундай қиляптими, демак, бунда бир гап бор», — деб гап-сўз қилишган. Ҳатто буни юзига солганлар ҳам бўлган экан.

Бир томондан отасининг гапи, иккинчи томондан курсдошларининг инсон юрагига наштардек санчиладиган сўзларини ёш йигит кўтара олмай, ўз жонига қасд қилган. Шу воқеадан сўнг Дамир Султонович ва Гулсум опа 15 ёшга қариб кетишди. Ҳар икковларининг ҳам сочига оқ оралади. Дамир Султонович ўз аризасига биноан институт раҳбарлигидан кетди. Ўша кунлари биз унинг юзига қарашга қўрқардик. Бутун институтда шу гап. Кўпчилик Жамшиднинг ўлимида Дамир Султоновични қоралади. Ахир у ҳам ўз фарзандини ёмон бўлсин дермиди?

Лекин менинг назаримда, ҳаддан ташқари қаттиққўллик ҳам бўлмас экан. Буни кейинчалик Дамир Султоновичнинг ўзи ҳам тан олди. У киши кўпинча фарзандга дастлаб тарбия эмас, балки меҳр бериш зарурлигини такрорлашдан чарчамасди.

Шу фожиадан сўнг домланинг талабалар билан муносабати бутунлай ўзгарди. Боя кўрган бўлсангиз, талаба билан қандай гаплашди. Энг қизиғи, ҳеч бир талабага ёмон баҳо қўймайди.

Муаззам опа ҳикоясини тугатгач, икки аёл нималарнидир ўйлаганча узоқ сукут сақлаб қолишди.

Неъмат РАФИҚОВ

loading...