Telegramга қўшиладиган ажойиб имкониятлар рўйхати, уларни ҳозироқ синаб кўришингиз мумкин!

0

Тобора оммалашиб ва такомиллашиб бораётган Telegram мессенжерида яқин орада йирик янгиланиш амалга оширилади. Ушбу апдейт билан фойдаланувчиларга тақдим этиладиган янги имкониятлар аллақачон унинг бета талқинларида синаб кўрилмоқда.

Янги функция ва имкониятларнинг рўйхати қуйидагича:

1. Илованинг интерфейс мавзуларида созламалар кенгайтирилган.

2. Хабар юбораётиб, уни қабул қилувчига билдиришнома бормайдиган қилиш мумкин. Масалан, дарсда ёки рулда бўлган яқинингизга унча шошилинч бўлмаган бирор хабар юбориб қўймоқчисиз, аммо уни айнан ҳозир безовта қилмаслик керак. Шунда бу функция қўл келади: «Жўнатиш» («Отправить») тугмачасини босиб турсангиз, кичкина меню қалқиб чиқади. Ундаги «Овозсиз жўнатиш» («Отправить без звука») бандини танлайсиз – бўлди.

3. Гуруҳли чатларда хабарлар юбориш тезлигини чеклаб қўйиш имкони қўшилмоқда. Бунда гуруҳнинг маъмури (администратори)дан ташқари ҳар бир иштирокчиси маълум бир вақт оралиғида фақат биттагина хабар жўната олади. Вақт оралиғини ҳам маъмурнинг ўзи белгилайди: 10 сония, 30 сония, 1 дақиқа, 5 дақиқа, 15 дақиқа, 1 соат.

4. Анимацияли эмодзилар. Айни дамда олтита шунақа «жонли» эмодзилар мавжуд: ???? ❤️ ???? ???? ???? ????

5. Стикерларнинг анимациясини энди ўчириб қўйса бўлади (бунда «жонли» стикерлар оддий – статик стикер тарзида жўнатилади). Ушбу функция нисбатан заиф қурилмалар эгаларига, шунингдек, анимацияларни ёқтирмайдиган кишиларга қўл келади.

6. Видеони навигация панелида у ёқ-бу ёққа суришда кадрлар бўйича кўриш йўлга қўйилган.

7. Энди маъмурларнинг ҳам, супергуруҳ эгасининг ҳам вазифаси кўриниб турадиган қилиш мумкин.

Юқоридаги янги имкониятлар аллақачон iOS тизимига мўлжалланган Telegram бета версиясида жорий этилган, уни TestFlight сервиси орқали ўрнатиб олиш мумкин. Мессенжернинг барқарор иловаларига эса улар навбатдаги янгиланиш билан қўшилади.