ШАЙТАНАТ… (123-қисм)

0

 

 

* * *

 

Дераза ортидаги олам шом қоронғулиги ҳукмига бўйсуна бошлаган дамда эшик қулфининг шиқиллашидан сергакланди. «Яхши ниятли одам эшикни бунақа эҳтиётлик билан очмайди», деган фикр вужудини қалқитиб юборди. Унинг назарида қулфга қандайдир одам эмас, Азроил калит солиб бураётгандай эди.

… Ҳозир кириб келади.

Суратларда чизилгандай чалғи кўтариб, кафанга ўралиб олган қоқсуяк маҳлук кўринишида кирадими…

… Балки

… Маматбей қиёфасида кирар?

… Боши чалғида олинадими?

Балки…

Қиларқонда бўғилар?..

Эрталабгача тили осилиб ётадими? Жағини боғлаб қўйишга бир меҳрибон топилмайдими?

Бу фикрлар яшин тезлигида келиб кетган бўлса-да, шумлигини амалга оширишга улгурди:

Асадбекнинг ҳатто тили ҳам музлаб қолгандек бўлди. Хаёлидаги Азроил кириб келишга улгурмай, ўлишга тап-тайёр бўлиб қолди. Ўзини ҳимоя қилишга куч топиш у ёқда турсин, нечундир хоҳиш ҳам уйғонмади. Юмуқ кўзларини билинар-билинмас равишда очиб ётаверди.

Эшик жуда асталик билан очилди.

Оёқ шарпаси эшитилди.

Сўнг бир бош кўринди…

Ким у? Жамшидми? «Шунга топширишган эканми?»

Асадбек кўзларини баралла очди.

— Жамшид? — Асадбек шундай деб қаддини сал кўтарди. — Нега мушукка ўхшаб писиб юрибсан?

— Бек ака, — Жамшид ичкари кириб, қўл қовуштирди, — ухлаётган бўлсангиз, уйғотвормай дедим. Ўн иккидаги самолётнинг учиши эрталабга қолдирилибди. Айтиб қўйдим, учадиган пайтда хабар қилишади. Ке-йин…

— Чайналма, нима демоқчисан?

— Ресторанда ҳам тўрт кишилик жой тайёр. Бирга…

— Қорним тўқ, ўзларинг ўтираверларинг. Кенна-йингга айтиб қўйдингми?

— Айтдим, лекин… Бек ака, чиқсангиз яхши бўларди. Чеҳрангизни очиб ўтирсангиз…

ҳар ҳолда дўст бор, душман бор.

Жамшид ақл ўргатишга ўргатди-ю, бироқ, хожасининг юзлари учганини кўриб, нафасини ичига ютди. Асадбек эса ғашланган кўйи тирсагига тиралганича бир неча сония ҳаракатсиз ётди. Аъёнининг таклифига на «ҳа» деди, на «йўқ». Кўкрагида «Сен бола, менга ақл ўргатма!» деган ҳайқириқ уйғонди-ю, бақириқ шаклига кириши мумкин бўлган бу норозиликни сергак ақл бўғиздан нарига ўтишига йўл қўймади. «Нега сачрамоқчисан, бола тўғри айтяпти, — деди ақл. — Мушукка ўхшаб ҳурпайиб олганинг нимаси? Ғалаба қилганингда гердайиб юришни билардинг. Бир муштлик ҳолинг борми? Сен йиғласанг улар мазза қилиб куладилар. Йўқ, яхшиси сен кул, улар аламдан дод солишсин!»

Ақлга таслим бўлган Асадбек ўрнидан туриб ки-йинди-да, аъён ҳукмига бўйсуниб, икки ўғлини икки қанотига олган ҳолда, қаддини ғоз тутиб, ресторан томон юрди.

Кўча томондан одамлар қўйилмаган, хос меҳмонхонанинг нозиктаъб меҳмонларигагина хизмат қилгани учун ресторан гавжум эмас эди. Уларга дераза томондан жой ҳозирланган экан. Асадбек юмшоқ стулга ўтираётиб ташқарида қорамтир тусда кўринаётган кремл-нинг туя тишларини эслатувчи деворига кўзи тушди-ю, ўзи учун ҳам кутилмаган тарзда Депутатнинг гапларини эслади: «Бек ака, сиз билан бизнинг тақдиримиз кремл деворлари ортида ҳал қилинади. Биз бу деворни бузмас эканмиз, бағримизга шамол тегмайди…» Бу гапга жавобан Асадбек ўшанда

«Ҳаммаёқни сенга ўхшаган ишбузуқилар бузади», деган эди. Ҳозир эса бошқача ўйлади: «Бу деворларни йиқиб бўлармикин?..»

Асадбек сиёсатни дурустроқ фаҳм этганида «Бизлар учун бу деворнинг тургани маъқул.

Сенинг бағрингга шамол тегмаса тегмас, биз шу деворнинг ичида ўсиб-улғайдик, қанот ёздик, бизларнинг ҳимоямиз ҳам шу. Агар бу девор йиқилса, тагимизга сув кетади», деган бўларди балки.

Асадбек ўзини хушнуд тутишга уриниб, ўғиллари билан чақчақлашиб ўтиришга интилди.

Фарзандларининг гўдаклигидаги қилиқларини эслади. Жамшид ҳам четда турмай, бир-икки латифа айтиб кулдирган бўлди. Улар томонга қараб-қараб қўювчилар гўё бахтиёр оиланинг масъуд дамларига гувоҳ бўлдилар. Асадбекнинг нигоҳи ресторан бўйлаб сарсари кезиб туришини сезишмади. Асадбекка Хонгирейнинг одамлари уларни қайси бир бурчакдан туриб кузатишаётгандай туюлди. Бу гумон ҳақиқатга айланаёзганида Асадбек ғашланди. Икки соат давомида у ресторанда эмас, балки тиконлар устида иштончан ўтиргандай бўлди. Гўё амр этиш ҳуқуқи Жамшидга берилгандай, ижозат сўраш назари билан унга қараб-қараб қўйди. Жамшид хожасининг безовталигини сезиб «Яна озгина кутинг», деган илтижоли нигоҳи билан жавоб берди. Жамшиднинг мақсади фақатгина кузатиши мумкин бўлган кўзларни шамғалат қилишгина эмас, балки хожасининг ёлғиз эзилиш балосидан оз фурсатга бўлса-да, қутқариб туриш эди.

Жамшиднинг ихтиёри билан уюштирилган ресторан томошаси тугагач, у хонасига йўналган хожасини тўхтатди:

— Бек ака, бошқа хонага жой тайёрлатиб қўйганмиз.

Асадбек бу сафар норозилигини яширмади:

— Жа оширвординг, бола!

Агар Чувринди бўлганида хотиржамлик билан «Бек ака, эҳтиёт — шарт!» — деб қўяр, Асадбек эса унга итоат этарди. Ўзининг Чувринди мартабасида эмаслигини яхши билган Жамшид ортиқча гапирмади. «Айтдим-қўйдим, жон ширин бўлса, ўзингизни эҳтиёт қилинг», дегандай қараб қўя қолди. Ҳозир Асадбекка Чувриндининг ўрни билинди. «Бу бола содиқликка содиқ, лекин икки дунёда Маҳмуд бўлолмайди», деб ўйлади.

Кенгроқ хонадаги учта каравот билан битта диванга жой қилиб қўйилган эди.

— Ҳаммамиз чарчадик. Тиниқиб ухлашимиз керак. Уйга кўзларимиз киртайиб борсак, онанг ўзидан кетиб қолмасин, — Асадбек шундай деб пиджагини ечиб стул суянчиғига ташлади-да, шимини ечмай, ўрин устига чўзилди. Ўғиллари ҳам оталари каби омонат ётишгач, Жамшид чироқни ўчирди.

Бўлиб ўтаётган воқеаларнинг замирида бир шумлик ётганини сезсалар ҳам, оталаридан сўрашга журъат этолмаётган ўғиллар шифтга тикилганча қимирлашмасди. Асадбек «Ўғилларим қаттиқ толиқишибди, ухлаш-япти», деб янглишди. Йигитлар бесаранжом бўлсалар-да, каравотни ғижирлатиб оталарини безовта қилгилари келмай, хаёллари оқимига майлларини бериб ётишарди. Бу уч жоннинг жони учун ўзини масъул деб билаётган Жамшид эса «тиқ» этган товушга ҳам сергак қулоқ тутарди.

Тиниқиб ухлаб олиш ниятидаги тўртовлонга бу кеч уйқу хиёнат қилди.

Ҳозир Асадбек устига келган одам унинг кўзлари юмуқ эканини кўрарди. Бироқ, табиийки, қалби юмуқ эканини билолмасди. Абдураҳмон табибникида эканида, ўлим фариштасидан бўса олай деб турганида Тангри таоло сари озгинагина силжиган эди. Оллоҳ эса, ваъдасига кўра, бандаси томон юриб, унинг боши устидаги бало булутини ҳайдай бошлаган эди.

Бундан қониққан Асадбек Яратган сари юрмоқдан тўхтадигина эмас, дунё ташвишларига банди бўлиб, аслига қайта қолди. Очилмоққа мойил қалби юмуқлик балосидан қутула олмади. Кўзлари юмуқ Асадбек айни чоқда юмуқ қалби билан чора изларди.

Донишманд деб эканки:

Илоҳи, ёмон афъолимдин паришонлигим чўқтур,

Ва шум нафсимда пушаймонлик йўқтур

Мундоқ балолардан қутуларға умидим сендин ўқтур…

Шунга кўра, Асадбек пушаймонлардан нари экан, нажотга ҳам умид йўқ эканини идрок қила олмас эди. Унинг кўр қалби «Эй Худо, сенга нима ёмонлик қилувдимки, менга бу офатларни юборяпсан», деб хитоб қиларди. Бандаларга қилинган ёмонлик Тангрига қилинган ёмонлик каби эканини эса фаҳм этмасди. Ҳозир шу ётишида ҳам Худони саволга тутарди. Пушаймонлик, тавба кўчаларига кирмоқликни эса ўйламасди.

Илоҳи, дарду холимни ҳар кимга айтсам Рад қилса, сенга таважжуҳ этгайман.

Ва агар сен рад қилсанг, нетгайман,

ва кимга кетгайман… *

Асадбек дардини бировга айтадиганлардан эмасди. Афсус шуки, Тангрига юзланадиганлар сафида йўқ эди у. Надоматким, рад этилганлар гуруҳида эди…

 

***

 

Манзура қўрқув аралаш таажжубини астагина «вой» деб, пастки лабини тишлаш билан ифода этди-ю, бош-қа садо чиқармади. «Вой адаси, у ёқда нима гап бўлди, нега сочингиз оқариб кетди?» деб сўрагиси келди-ю, меҳмонлар, айниқса ҳадиксираган қушдай саломга шай турган келинлари олдида эрининг захарли гаплари отилиб чиқишидан қўрқди.

Келинларининг саломига алик олиб, ҳар бирининг оёғига остига биттадан гилам ташлагач, эркаклар учун ясатилган хонага қараб юрди.

— Ўғилларинг бало, — деди Кесакполвон, ўтиришгач, — келинларинг нақ шкалатнинг ўзи.

— Кўзингни чақчайтирма, — деди Жалил унинг гапини бўлиб. Кейин уй соҳибига юзланди:

— Асад, мен кетдим.

Асадбек дўстининг бу даражада шошилишидан аччиқланди:

— Келмасанг ҳам бўларди, оворагарчиликда анча азият чеккандирсан, — деди захарли пичинг билан. — Келишингда без-мезинг тушиб қолгандир, а?

Насияга гап олишни ёқтирмайдиган Жалил бу сафар одатига хилоф қилди, пичинг ўқларини ширин, аммо тагдор сўз билан қайтарди:

— Энди оғайнижон, чиллалик уй, деган гап бор. Чиллалик уйга ҳатто ит ҳам кирмай тургани маъқул.

Асадбек унинг мақсадини уқиб, Кесакполвонга зимдан қараб олди. Унда ўзгариш сезмагач, ўрнидан турди:

— Ўтириб тур. Чиллалик уйга сен бегона эмассан. Шу болаларнинг амакисисан. Мен ҳозир келаман.

Кесакполвон унга эргашмоқчи эди, Асадбек остона ҳатламай туриб, ўгирилди:

— Сен ҳам ўтириб тур.

Асадбек ёлғондан бўлса-да «Сен ҳам амаки қаторидасан», демоқчи эди-ю, бироқ, тили бу гапга айланмади.

Асадбек ҳовлида турган Ҳалимжон билан Жамшидга имлаб қўйиб, дарвоза сари юрди.

Аслида унинг учун йигитлардан бири кифоя эди. Бироқ, «Кесакполвон дераза ёнида туриб кузатаётгандир», деган хаёл иккала йигитни эргаштириб чиқишга ундади.

У янглишмади: жойига қайтиб ўтирмай дераза ёнида турган Кесакполвон йигитларнинг хожаларига эргашганларини кўргач, кўнгли ғашланди, чап юзи учди.

Асадбек Москвани тарк этар маҳали «Боришим билан онам билан укамни зиёрат қиламан, мозорга у-бу атайман», деган ниятни дилига туккан эди. Бу ғофил банда ҳам ўзга адашганлар каби нажотни Яратгандан эмас, қабристондан кутаётган эди. Дастлабки мўлжали бўйича тўғри қабристонга бориши лозим эди. Лекин кутиб олгани чиққан Кесакполвонни ўзига эргаштиргиси келмади. Кесакполвон Асадбекни мағлублик жандасида кўрмоқни, аразлаган одамнинг гинали гапларини эшитмоқни кутганди. Асадбекнинг очиқ чеҳра билан тушиб келиб, «Ҳайдар ошнам, омонмисан», деб қучоқлаб қўйиши уни тамом гангитиб қўйди.

Кеча кечқурун Хонгирей қўнғироқ қилиб «Иш пишди. Энди бек — сенсан. Асадни истасанг остонангга ит каби боғлаб қўй. Хоҳласанг эшак қилиб миниб юр. Раҳм қилсанг, тепасига тупроқ тортиб қўявер. Ҳа, қулингнинг оппоқ сочларидан силаб, ўпиб қўй.

Бекман, деб керилиб, жонларингни оладиган хўжайининг иштонини ҳўл қилиб қўйди», деган эди. «Сочлари оқарганини ҳисобга олмаса, иштонини ҳўл қилиб қўйганини» Кесакполвон сезмади.

Ҳовлидан чиқиб кетаётган Асадбек билан йигитлар изидан қараб турган Кесакполвон дераза кўзини синдириб, ташқарига учиб чиқмоққа шай эди, аммо ўзи ҳам англамаган бир куч уни жойида маҳкам тутиб қолди. Ўзи билмаган бу куч — оқибат қўрқуви эди. Гарчи Хонгирей Асадбекнинг бўйнини (гўё) букиб берган бўлса ҳам, Кесакполвон ундан қўрқарди. Ит қилиб боғлаб қўёлмаслигини, эшак қилиб минолмаслигини, ҳатто тепасига тупроқ тортиб ҳам тинчий олмаслигини яхши биларди.

Асадбек бирон бир одамнинг шохини қайирмоқчи ёки синдирмоқчи бўлса, «Сен ҳамма нарсани унутсанг унут-у, аммо Бек акангни унутма! Сен ҳатто менинг ўлигимдан ҳам қўрқ. Чунки мен гўримда ҳам тинч ётмайман. Тиригимда шу одамни ўлдириб қутуламан», деб ният қиларсан. Лекин гўрда ётганимда ёнимга келиб қайта ўлдиролмайсан, мендан қутула олмайсан. Ётган еримдан қўлимни чиқариб, кекирдагингни суғуриб оламан!» деб пўписа қиларди. Бу пўписани эшитган Кесакполвон «Бек, гапни ҳам қийворасан-да», деб куларди. Бир куни навбатдаги ўлжанинг попуги пасайгач, Кесакполвон ҳазил тариқасида «Бек, бу дунёдаги ишларингни кўриб турибман-у, гўрдан чиқарадиган қўлингга ҳайронман-да» деганда Асадбек «Ҳайрон бўлма, гўрдан чиқарадиган қўлим — сенсан», деган эди.

Шайтанат оламидаги кичик бир мамлакат ҳукмдори Асадбекнинг тахтига ўтириш онлари яқинлашгани сайин Кесакполвон ўша суҳбатни бот-бот эслади. «Энди мен унинг гўрдан узатиб чиқарадиган қўли эмасман. Кекирдаги узиб олинадиган ўлжасиман. Қўл ким?

Жамшидми ё Ҳалим сўтакми?» Шу саволлар ичини бир тирнаса, «Э, йўқ, Бек бунчалик паст кетмайди. У мард одам. «Олсанг олавер!» деб чопонни елкага ташлаб чиқиб кетаверади. Ҳар ҳолда болаликдан қадрдонмиз. Нима қилган бўлсак ҳам бирга қилганмиз», — деган фикр ўзини гўё овутарди. Аммо юки бўлмаган бу фикрларига ўзи ҳам ишонмасди. Дераза ёнида туриб хавотир тирноғи ҳукмига тушиши шундан.

Мусаллама каззоб ўзини пайғамбар деб эълон қилганида бир кўзи кўр, иккинчиси эса хиралашган қария келиб «пайғамбар бўлсанг дуо қилиб, кўзларимнинг нурларини қайтар», деб сўрабди. Каззоб «куф-суф» қилган экан, чолнинг иккинчи кўзи ҳам кўр бўлибди.

Кимга эътиқод қилишни билмаган нодон чолга ўхшаб қолган Кесакполвоннинг ноқис ақли бўлажак фалокатни тўла фаҳм этмасди, бироқ юраги ҳис этиб, жонсиз куз япроғи каби титраб турарди.

Учоқда учиб қайтаётган Асадбек эндиги ҳаёти ислоҳга муҳтож эканини англаган, шу йўлда айрим аҳдга ҳам келган эди. Кўнгил баъзан ақлга бўйсуниб «Қўй энди, бу ташвишларни, тўрингдан гўринг яқин бўлиб турибди, емоқ-ичмоғинг етарли экан, бошқасига қарама», дерди. Бироқ афсуским, инсон фитратида нафс деган нарса ҳам бор.

Ақл ва нафснинг бир-бирига зид эканлиги ойдиндир. Ақл рад этмиш нарсани нафс даъво қилаверар. Айни дамларда нафс Асадбекни бойликка ундамаётган эди. «Асадбек» деб ном берилган бу вужудга, наинки вужудга, буткул руҳониятига ҳукмини ўтказиб келаётган нафс энди кибрга никоҳланди. Мазкур никоҳнинг маҳсули эса Асадбекдаги мардликни бўғиб, уни ўйиндан чиқишига йўл қўймайди. Тўғри, у тахтини Кесакполвонга топшириб қўявериши мумкин эди. Бироқ, мағлуб ҳолида чекинишни истамади. Энди уни ҳеч ким, ҳеч қандай куч аҳдига қайтара олмас эди. Дарёни кўзачага қамаш мумкин бўлмаганидек, Асадбекнинг ғазаб ўтларини ўчиришга уриниш бефойда эди.

Москвадаги меҳмонхонада бедорлик билан олишиб ётган Асадбекни йўқлаб келган Илико ўтларга мой сепган эди. Аслида Асадбек эртаси куни Иликодан кўнгил сўрагани бориши керак эди. Жамшидга «қайтишнинг ҳаракатини қил», деб топшириқ берган Асадбек Хонгирейнинг бирга бориш ҳақидаги амрини унутмаганди. Асадбек меҳмонхонадан қайтаётганидаёқ бу масалани пухта ўйлаб, ҳал қилиб қўйганди. Илико билан учрашмай ўзини салкам Худо деб ҳисоблаётган бу кибрли чеченга жавоб — тарсаки бўларди.

Иккинчидан, у Хонгирейнинг Илико билан ярашиб олишини истамади.

Ярим тунда меҳмонхонага келиб Асадбекни йўқлатган Илико кўп гапирмади. «Нега келдинг, ўғилларингга нима бўлди? Бу ёғини менга қўйиб бер», демади. Акасининг ўлимидан қайғуда эканини айта туриб «Хонгирей ўлим рақсига тушишни бошлади. Энди қанча яшашини мен ҳал қиламан», деб қўйди. Асадбек унинг аҳди оҳангидан «Хонгирейдан ўч оламан, у билан олишаман, деб овора бўлма», деган маънони уқиб, гапни чўзмади.

Дерларким, вақти келганда баъзи нарсалар учун жонни фидо қилмоқ мумкин. Аммо номус ҳеч бир нарсага фидо қилинмас, номус жондан-да қимматлироқдир. Асадбек ота-она меҳрисиз ҳам бу дунёда яшамоқ мумкинлигини билади. Бироқ, эркакнинг номуссиз яшамоғи қандай бўлишини тасаввур этолмайди. Ўзгаларнинг номус-ори топталганда роҳатланган одам, ўзига тажаввуз қилинганда чидай олмади. Узоқ йиллар илгари янграган, сўнг унут ғуборлари остида мудраб қолиб кетган бу қарғиш ҳеч кутилмаганда уйғонди. Бу қарғиш олдида Жалилнинг «Худодан қайтибди», дегани арзимас бир гап эди. Ҳосилбойвачча ташлаб кетган видеокассетадаги манзарани кўриб кўз олди қоронғилашганда зулмат қаъридан ўша овоз бўғиқ момагулдирак каби чиқиб келган эди:

— Асад, мен сенга Худодан ўлим тилайман. Мен бугун сенинг қўлингдан ўлим топмасам, эртага жонингга қасд қилмайман. Ўғилларим ҳам қасос олишга уринишмайди. Йўқ, сен осонликча ўлиб кетмагин, Асад. Сен болаларингнинг хорланганини кўргину сўнг ўлгин…

У дамда Зайнаб ҳали туғилмаган эди…

Алам билан айтилган бу қарғиш наҳот туғилмаган қизнинг қисматига ёзилиб қолган бўлса?..

Наҳот унинг жони-жаҳони, суюкли қизи туғилганидаёқ ўша қарғиш йўргагига йўргакланган бўлса?..

Бақириб эмас, инграб айтилган бу сўзлар шунчалар қудратга эга эканми?..

Москвадаги меҳмонхонада ётганида бу қарғишни яна эшитди. Овоз бу сафар бўғиқ эмас, еру кўкни ларзага солувчи момагулдирак янграши каби эшитилди.

… Аслида ўша ғалвани шумқадам Кесакполвон бошлаган эди. «Ўқилон» деган лақабдан бой одамларнинг энди-енди чўчий бошлаган дамлари эди. Марказдаги ресторан бошлиғи уларнинг талабига кўра чўтални канда қилмай, камайтирмай бериб турарди. Кесакполвон қаердандир ҳид олиб «чўталига гадомизми, шунча бойлиги бор экан, этакка тўксин», деди. Бу фикр Асадбекка маъқул келгач, ресторан бошлиғига талаб аввал яхшилик билан айтилди. Талаб рад этилгач, тунда уйига бостириб борилди. Асадбек Кесакполвоннинг бунақа ишларига аралашмас эди. Ўша куни «сен ҳам бор, кимлигингни одамлар билиб қўйишсин», дегач, борди. Асадбек боргунига қадар Кесакполвоннинг йигитлари ишни бошлаб юборишган эди. Кесакполвоннинг таъбири билан айтилганда «профилактика ишлари»нинг икки кун аввал бошланганини Асадбек ўша ерга борганида билди. Иситгич қувурига боғлаб қўйилган уй эгаси уриб-калтакланмаган, лекин икки кундан бери қултум сувга зор бўлиб, силласи тамом қуриган эди. Ён хонадаги хотини, икки ўғли, икки қизи ҳам шу аҳволда эди.

(давоми бор)

Тоҳир МАЛИК

 

loading...