«Бу ҳокимлар интернет орқали ўзларининг аҳмоқ ва сотқинлигини айтсин!» — деди республикамиз раҳбари Шавкат Мирзиёев…

0

 

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев яқинда жойлардаги уй-жойларни бузиш масаласида юзага келаётган муаммоларга бағишланган видеоселектор йиғинини ўтказди. Йиғинда президент Фарғона, Хоразм, Қашқадарё вилоят ҳокимларини танқид остига олди. Президентимиз айтдики, шу ҳокимларнинг ўйламай қўйган қадамлари туфайли Ўзбекистон бутун дунёга шарманда бўлди.

— Фарғона, Хоразм, Қашқадарё вилоят ҳокимлари интернет орқали чиқиш қилишсин, — деди президент. — Улар қанчалар аҳмоқ ва сотқин эканликларини ўша чиқишларида очиқ айтишсин. Халқ ва дунё Ўзбекистон ундай мамлакат эмаслигини, муаммолар эса юқори лавозимли шахсларнинг сотқинлиги туфайли юзага келганини билсин…

Шавкат Мирзиёев яна шуни алоҳида таъкидладики, у Хоразм вилояти бўйича юритаётган сиёсатнинг душмани шу вилоят ҳокими Фарҳод Эрманов ҳисобланади. Мамлакатимиз раҳбари яна Урганч ҳокими Шуҳрат Абдуллаевни ҳам жавобгарликка тортиш истагида эканини гапириб ўтди.

— Биз Урганч ҳокимини жавобгарликка тортмоқчи бўлганимизда, — давом этди президент. — Вилоят ҳокими Эрманов худди унинг адвокати каби бундай қилмаслигимизни сўради. Мана, энди биз ўша «дўстлик» натижасини кўриб турибмиз…

Йиғин якунида Шавкат Мирзиёев бош вазирга юқорида кўрсатиб ўтилган вилоятлардаги кадрлар масаласини қайта кўриб чиқиш вазифасини топширди. Бундан ташқари, у бош вазир Абдулла Ариповга ўша уч вилоят ҳокимларини ишдан бўшатиш таклифини киритиши зарурлигини ҳам уқтирди. Қолаверса, Шавкат Мирзиёев одамларнинг уйини бузиш ҳақида кўрсатма бермаганини айтди ва босим ўтказиш, агрессивлик билан натижага эришиб бўлмаслигини баён этди.

— Мен доимо фуқаролар ҳукумат сиёсатидан кўнгиллари тўлиб яшаши, мамнун бўлиши лозимлигини айтиб келганман, — деди президентимиз. — Асосийси, шахсан мен ўша одамларнинг уйи бузилиши ҳақида ҳеч кимга кўрсатма бермаганман. Энди ўзингизни ўша уйи бузилганларнинг ўрнига қўйиб кўринг! Сиз уларнинг ўрнида бўлсангиз нима қилардингиз? Йўқ, одамларни алдаб бўлмайди. Сизлар Ўзбекистонни бутун дунёга шарманда қилмоқдасиз.

upl. uz